Бобомурод маҳкамаси бирданига ЎХҲ  маҳкамасига айланди

Бобомурод маҳкамаси бирданига ЎХҲ  маҳкамасига айланди
59 views
18 April 2018 - 18:22

Қизиқ вокелар бўлаяпти!…

Бугун, 2018 йилнинг 18 апрел куни Жиноят Ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида журналист Бобомурод Абдуллаев, блогер Ҳаётхон Насриддинов, тадбиркорлар Равшан Салаев ва Шавкат Оллоёровлар иши бўйича навбатдаги суд мажлиси бўлиб ўтди.

Маҳкама соат 14:00 га белгиланган бўлсада, бир ярим соатга кечикиб, 15:30 да бошланди. Бугунги суд мажлисига компютер технологиялари бўйича мутахассис Жамшид Қаландаров таклиф қилинган экан. Қаландаров Ахборот технологиялари институти қошидаги ахборот технологиялар марказининг бўлим бошлиғи лавозимида ишлар экан.

Мутахассис Ж.Қаландаров ҳозирда прокси дастурлари ёрдамида uzxalqharakati.com (ЎХҲ) сайтидан Усмон Ҳақназаров тахаллуси остидаги мақолаларини кўчириб олиб, уларни принтердан чоп этиш масалалари билан шуғулланмоқда.

Маҳкамада давлат қораловчиси, прокурор Баҳром Қобиловнинг ҳатти-ҳаракатлари менинг эътиборимни тортди.

Судда прокурор Қобилов сўз олиб, баъзи фактларни келтириб ўтди.

“Ҳурматли судя, Бобомурод Абдуллаев судни чўзиб, жамоатчиликни, судни боши берк кўчага киритишга, чалғитишга уринаяпти. Судни бекордан бекорга чўзишнинг нима кераги бор? Бундан ташқари мен ўша uzxalqharakati.com сайтига кирдим, у ердаги 2014 йилнинг 14 январ кунги “Сирийские уроки и ответы “миролюбам” сарлавҳаси остидаги мақолада айрим конституциявий тузимни куч билан ағдаришга даъват қилувчи сўзлар ўзгартирилганлигига гувоҳ бўлдим. Масалан, шу мақоланинг бир абзацидаги “военный” сўзи “активный” сўзига алмаштирилган. Ва яна бир жойида “свергнет” сўзи “избавиться” сўзи билан алмаштириб қўйилган экан. Мен буни uzxalqharakati.com сайтидаги мақоланинг фейсбук саҳифаларидаги ўзгартирилмаган, эски ҳолидаги вариантини топганимда билиб қолдим. Фейсбукда мақоладаги ўша сўзлар ўзгартирилмаган ҳолда турибди.”, дея кўрсатма берди прокурор Қобилов.

Шундан кейин судя Зафар Нурматов ва прокурор Қобиловлар компютер мутахассиси Ж.Қаландаровга, “Ҳақиқатдан ҳам сайтдаги ўша мақолаларга ўзгартириш киритиш мумкинми? Агар ўзгартириш киритиш мумкин бўлса ким томонидан ўзгартириш киритиш мумкин”, дея савол беришди.

Мутахассис, “Сайтга қўйилган мақолаларни ўзгартириш мумкин. Бир неча йилдан кейин ҳам ўзгартириш мумкин. Фақатгина ўша мақолани қўйган шахс томонидан, яъни сайтга кириш парол-логини кимда бўлса ўша шахс томонидан ўзгартирилиши мумкин. Бизнинг тилимизда бу админстратор деб аталади”, деди.

Ҳозирда суд залида компютер ва проектор ўрнатилган ҳолда, uzxalqharakati.com сайтини очиб, у ердан Усмон Ҳақназаров тахаллуси остида ёзилган мақолаларни бирма-бир очиб принтердан чиқаришмоқда. Йўл-йўлакай Бобомурод Абдуллаев бу мақолаларни у ёзган ёки ёзмаганлиги ҳақида кўрсатма бермоқда.

Судя, “Биз ҳозир бу мақоларни кўчириб оламиз ва кейинроқ бу мақолалар кимга тегишли эканлигини батафсил муҳокама қиламиз”, деди Б.Абдуллаевга.

Судя яна мутахассис Ж.Қаландаровга савол берди: “Мана ҳозир компютерда uzxalqharakati.com сайтидан бир мақолани очдингиз. Шу мақоланинг ўзгартирилган ёки ўзгартирилмаганлиги билса бўладими?

Мутахассис Қаландаров: “Ҳа, бўлади. 2013 йилнинг 1 феврал кунидаги мақолани кўрсатиб, мана бу ҳозирги варианти. Яна “архив.уз” деган сайт бор, у ерда асл варианти ҳамиша сақланиб қолади”, деб “архив.уз” сайтидан 2013 йилнинг 1 феврал кунги ўша мақоланинг архив вариантини кўчириб, принтердан чиқариб олишди.

Шунда Бобомурод Абдуллаев: “Кечирасизлар, мана мутахассис тўғри яйтаяпти, бу мақолаларни 30 йилдан кейин ҳам ўзгартириш мумкин, фақат ўша сайтнинг парол ва логинини билган шахс томонидан ўзгартириш мумкин. Менинг шахсан бу мақолаларнинг ўзгартирилишига мутлақо алоқам йўқ. Қолаверса мен бошидан таъкидлаб келаяпман, ҳурматли прокурор яйтган ўша “Сирийские уроки и ответы “миролюбам” номли мақола менга тегишли эмас”, деди.

Прокурор Қобилов, “Сизга тегишли бўлмаса, сизнинг жиноий шерикларингизга тегишли ўзгартириб қўйиш”, деди.

“Жиноий шерикларингиз”,  бу жумлага эътибор қилинг!!!

Бобоурод Абдулла: “Ким менинг жиноий шерикларим? Мана буларми? Ахир булар мен билан панжара ортида ўтирибди-ку”, дея Насриддинов, Салаев ва Оллоёровларни кўрсатди.

Прокурор, “Бошқа жиноий шерикларингиз”, деди кутилмаганда!

Ким бу бошка шериклар дейиши мумкин парда орқасини билмаган одамлар.

Аммо биз парда орқасида нималар жараён этаётганини аллақачон билдик:

Мана, Прокурор ўзи билмасдан ёки билиб, бу етти ой давом этаётган “Жатва” ҳангомасининг АСЛ мақсади фақат Бобомурод Абдулланигина айблаш эмас, балки ЎХҲ  наздида мухолифатни  ва унинг лидери Муҳаммад Солиҳни ҳам айблаш эканини фош этиб қўйди!

Эътиборни тортадиган жойи шундаки – Қобилов нима бўлганда ҳам прокурор, у буни билиши керак – суд ҳали ўз ҳукмини ўқигани йўқ. Айбсизлик презумпциясига кўра на Бобомуродни, на Муҳаммад Солиҳ ва ёки бошқа судланувчиларни биз жиноятчи, деб айтишга ҳеч қандай асос йўқ.

Прокурор Қобиловнинг бундай дейишга ҳаққи йўқ эди.

Суд мажлиси давомида компютердан мақолалар кўчириб олинаётган вақтда, прокурор Қобилов тахминан 10 дақиқача мобил телефонини стол тагига олиб, у ерда “смс” ёзиш билан шуғулланди, кейин зерикканидан бошини столга қўйганча ухлаб қолди!

Ана сизга манзара!!!

Бугунги маҳкама, суд залида мутахассис иштирокида uzxalqharakati.com сайтидан Усмон Ҳақназаров тахаллуси остидаги мақолаларни принтердан чиқариб олиш жараёни билан ҳамон давом этмоқда.

Аммо судя вақт кеч бўлиб қолгани туфайли Тошкент вақти билан 20:00 дан ўтганда тингловчиларга жавоб бериб юборди.

Кейинги суд мажлиси душанба, 23 апрел куни соат 14:00 га белгиланди.

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА
Мустақил журналист, ҳуқуқ ҳимоячиси

facebook.com