Ўзбекистон қайта Россиянинг таъсир доирасига тушиб қолиши мумкинми?

Ўзбекистон қайта Россиянинг таъсир доирасига тушиб қолиши мумкинми?
22 views
20 April 2018 - 15:23

Расмий Тошкентнинг сўнгги йилларда Россия билан энергетика соҳасида ҳамкорликни янада кучайтириш саъй-ҳаракатлари ва режалари таҳлилчилар орасида худди шу каби фикрларни пайдо қилмай қўймаган.

Жумладан, президент Шавкат Мирзиёев ўзининг расмий нутқида кеча Бухорода ишга тушган “Қандим газни қайта ишлаш мажмуаси Ўзбекистон билан Россия ҳамкорлигининг ёрқин намунаси” эканини қайд этган.

Мажмуа Ўзбекистоннинг “Ўзбекнефтгаз” ва Россиянинг “Лукойл” компаниялари ҳамкорлигида барпо этилган.

Ушбу саноат комплексида йилига 8.1 миллиард куб метр газнинг қайта ишланиши айтилган.

“Қандим мажумаси қурилиши якунланиши муносабати билан тарқатилган расмий билдирув”га таяниб тарқатилган айрим хабарларга кўра, Россиянинг “Лукойл” ширкати 2010 йилгача Ўзбекистон ҳудудида йилига 16 миллиард кубометр газни қайта ишлашга эришишни режалаштирмоқда.

Мамлакат раҳбарининг Бухородаги тантанали очилиш маросими чоғида қилган нутқи тафсилотларидан маълум бўлишича, Ўзбекистон жорий йилда Россия билан атом электр станцияси қурилиши бўйича келишувни имзолашга ҳам умид қилмоқда.

Ўзбекистондаги podrobno.uz интернет нашрининг президентдан, деб иқтибос келтиришича, “Путин билан нимаики имзоланса ва нимагаки келишилса, у ўз кучида қолади ва алоҳида назорат остига олинади”.

Акс-садо

Айрим сиёсий таҳлилчиларга кўра, Россия Федерацияси Украина инқирозидан кейин ўзининг постсовет ҳудудидаги сиёсатини бошқа бир ўзанга йўналтиришга ҳаракат қилаяпти.

“Бу эса, имконқадар босимлар сиёсатини чеклаб, иқтисодий боғлиқликни кучайтириш”, – дейди, жумладан, Франциядан сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов.

“Энергетик империя, деган лойиҳани, менимча, Россия бугунги кунда янада юқорироқ бир даражага кўтаришга ҳаракат қилаяпти. Демакки, Россия Ўзбекистондаги ҳокимият алмашинувини сиёсий бир фурсат сифатида кўраяпти”.

Ўзбекистонни чорак асрдан ортиқроқ вақт давомида бошқарган ва ҳозирда марҳум президенти Ислом Каримов “Россияга, умуман, Россиянинг ҳар қандай иштирокига жудаям шубҳа билан қараб келган.

Россия етакчилиги остидаги сиёсий-иқтисодий ташкилот ва блокларга қўшилишга ҳам рўйхушлик бермаган.

Марҳум президенти даврида Ўзбекистон ҳукумати юритган ташқи сиёсат аксарият халқаро таҳлилчилар томонидан “беқарор” эканликда баҳо топиб келган.

Сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимовнинг айтишича, Каримов вафоти ортидан, ўтган йил январь ойида расман қудратга келган Ўзбекистоннинг янги президенти “Шавкат Мирзиёев геосиёсий эмас, геоиқтисодий ҳамкорликни йўлга қўйишга ҳаракат қилаяпти”.

“У Россиядан жудаям кучли қўрқаётгани йўқ. Яъни, Каримовга ўхшаб унинг тафаккури Россияга нисбатан қўрқувларга тўйинмаган”.

“Шавкат Мирзиёевнинг тафаккуридаги ёндашув шундан иборатки, биз маҳрум қилиш орқали, яъни ташқи дунёдаги хавотирларимизни алоқалар узишга эмас, алоқаларни баланслаш орқали ҳамкорликни давом этдиришга қаратамиз, деган бир мужда йўлланаяпти”.

Шавкат Мирзиёев ҳали муваққат президент экан, Ислом Каримов вафотидан бир ҳафта ўтиб, ташқи сиёсатда Ўзбекистон марҳум раҳбарининг “концепциясига содиқ қолишлари”ни баён қилган. Қўшилмаслик сиёсатини давом этдиришга ваъда берган.

Россия билан ҳар икки мамлакат манфаатларига жавоб берувчи ва минтақа хавфсизлигига хизмат қилувчи икки томонлама шартнома ва келишувлар асосида ўзаро алоқаларини изчиллик билан тараққий топтириш ва мустаҳкамлаш ташқи сиёсатларидаги муҳим қирралардан бири бўлиб қолаверишини урғулаган.

Лекин, ўз ўрнида, Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Олий Мажлиси палаталарининг қўшма мажлисида қилган ўша пайтдаги чиқишидан АҚШ билан ҳар томонлама манфаатли ва конструктив ҳамкорлик масаласи ҳам Ўзбекистон ташқи сиёсатида муҳим аҳамият касб этиб қолавериши маълум бўлган.

“Ўйлайманки, Ўзбекистон бир таркибли давлат. Ўзбекистон, агар, Россиядан узоқлашишни хоҳласа, буни амалга ошириши ҳеч қачон қийин бўлмайди, кейинчалик ҳам…”, – дейди суҳбатимиз якунида таҳлилчи Камолиддин Раббимов.

Россия дунёнинг энг катта сондаги Ўзбекистон фуқаролари меҳнат муҳожирлигида банд давлати бўлади.

Биргина расмий рақамларда Россиядаги ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг сони бир миллиондан ортиши айтилади.

Манба: BBCUZBEK.COM