Матназар АБДУЛҲАКИМ
ТАНЛАНГАН АСАРЛАР
1 – жилд
“ОЙДИНЛИК” КИТОБИДАН
«Керак бўлса, шартта чиқариб
Керак жойга мардона санчар.
Бошқа вақтда пинҳон сақланар
Мард йигитда ҳамиша ханжар.
Иккита қин бўлар ханжарда,
Билмоқ бўлса агар тилагинг —
Бир қин бу — ўз қинидир унинг,
Иккинчиси ёвнинг — юраги…»
* * *
«Ватанимдан хабарлар келди,
Ватанимда қаҳат, тақчиллик.
Икки дарё қуриб боряпти,
Келаётир бир қурғоқчилик.
Икки кўзим икки дарёни
Изтироблар билан этар ёд…
Ватанни тарк этиб кўзимга
Кўчмакдами ё икки дарё».
* * *
«Яхшилар ҳамиша яхшидир,
Улар мангу. Биз — бир замонлик.
Кўникканмиз уларга лекин,
Улардан ҳеч келмас ёмонлик.
Улар хурсанд қилмайди бизни,
Бу не кулфат, бу не ваҳшийлик —
Биз миннатдор бўламиз фақат
Ёмонлардан келса яхшилик».
(давоми бор)