Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида Абдуллаев иши бўйича навбатдаги маҳкама бўлиб ўтди

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида Абдуллаев иши бўйича навбатдаги маҳкама бўлиб ўтди
50 views
25 April 2018 - 19:35

Бугун, 2018 йилнинг 25 апрел куни Жиноят ишлар бўйича Тошкент шаҳар судида журналист Бобомурод Абдуллаев ва бошқалар иши бўйича навбатдаги суд мажлиси бўлиб ўтди.

Бугунги маҳкамада Б.Абдуллаевнинг адвокати Сергей Майоровнинг ўтган мажлисда берган илтимосномасига кўра, суддан 2017 йилнинг 25, 26, 27 сентябр кунлари МХХнинг қабулхонасига келиб кетувчиларни қайд қилиш китобини талаб қилишни сўраган эди, бунга сабаб Чарос Абдуллаева ҳақиқатдан ўз ихтиёри билан келиб ариза берганми ёки йўқ, ҳамда Бобомуроднинг келгани қайд қилинганми ёки йўқ аниқлик киритиш эди. Эслатиб ўтамиз, МХХ тергов бўлимининг дастлабки тергов материалларида, гўёки Бобомурод Абдуллаев 2017 йилнинг 26 сентябр куни ўз хоҳиши билан МХХ биносига бориб, «Мен Усмон Ҳақназаровман. Муҳаммад Солиҳнинг буйруғи билан Ўзбекистондаги конституциявий тузимни ағдариш бўйича Жатва лойиҳасини тузган шахсман», деб ахборот берган, кейин уни қўйиб юборишган ва уч кун ўтиб ҳибсга олинганлиги айтилган.

Аммо шу пайтгача бу ҳолатга аниқлик киритиши мумкин бўлган МХХ хатлар бўлими қайд қилиш китоби судга тақдим қилинмади. Адвокатнинг ушбу илтимосномасига эътироз билдирган прокурор Қобилов судяга, «Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизматининг ҳар қандай китоби давлат сири ҳисобланади», деди. Судя прокурор раддиясини инобатга олиб, илтимосномани рад қилди ва бу хусусида: «Маслаҳат хонасига кирганда бу ҳолатни ҳам эътиборга оламиз», деб изоҳ берди.

Шунингдек, дастлабки тергов ишлари расман 2017 йилнинг 27 декабр куни тугатилганига қармасдан, иш жилдига 4, 6, 22 январ кунлари қўшимча маълумотлар киритилганлиги аниқланган, ваҳолангки қонунга кўра тергов тугатилган иш жилдлари муҳрланади ва унга ўзгартиришлар киритиш мумкин эмас.

Бугунги маҳкамада Адвокат Майоров томонидан яна учта илтимоснома киритилди. Илтимосномалар билан ушбу линк бўйича  (http://uzxalqharakati.com/archives/53826) танишиб чиқишингиз мумкин.

Суд мажлиси 30 апрел куни соат 15:00да давом эттирилади.

Қуйида бугунги суд тафсилотлари ҳақидаги мустақил Журналист Малоҳат Эшонқулова ва ҳуқуқ фаоли Аъзам Турғунов аудио суҳбатини эътиборингизга ҳавола қиламиз:

ЎХҲ хабарлар бўлими