“Каламушлар қуёш чиқишини исташмайди”

“Каламушлар қуёш чиқишини исташмайди”
91 views
30 April 2018 - 9:00

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Миромонович Мирзиёевга

Судланувчи Абдуллаев Бобомурод Қодировичдан

АРИЗА
(“Каламушлар қуёш чиқишини исташмайди”)

Мени шу кунга етказган ва Сизга ушбу ариза билан мурожаат қилиш имконини берган Аллоҳга ҳамду-санолар бўлсин! Аллоҳнинг охирги расули Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламга, расули акрамнинг оиласига ва саҳобаларига саловат ҳамда саломалар бўлсин!

Ўзбекистон халқининг оғирини енгил қилиш, унинг фаровонлигини ошириш ҳамда ҳуқуқ-эркинликларини чинакамига тиклаш йўлидаги ислоҳотларингизга Аллоҳ самара берсин! Ўзингизга ва яқинларингизга соғлик-омонлик берсин!

Ҳурматли Президент!

Ўзбекистон МХХ ходимлари томонидан бошимга қоп кийдирилиб, ўғирлаб кетилганим кун,  2017 йил 27 сентябрдан то шу кунгача тирик қолганимга тўрт марта чинакамига хурсанд бўлганман. Биринчи марта қувонишимга МХХ ходимлари мени ўлдириб юбормай, ўз “контора”сига тегишли ертўлаларидан бирига олиб бориб, қийноққа сола бошлашлари сабаб бўлди. Иккинчи маротаба қийноқлардан ва ертўладан терговга омон чиққанимга севинганман. Учинчисида эса тергов давомидаги қийноқлардан, ҳақорат ва таҳдидлардан судга омон чиққанимга қувондим. Мана ҳозир сизга ушбу мурожаатни ёзаётганимга ҳам xурсанд бўляпман.

Шу кунгача омон етиб келишим аввало Аллоҳнинг иродаси туфайли содир бўлди. Қолаверса, бугунги омонлигим негизида Сиз томонингиздан бошланган эркинлаштириш йўлидаги ислоҳотлар ҳам ётибди.

Очиғни айтаман: агар мен Ислом Каримов даврида қўлга олинганимда на МХХ ертўласидан на терговдан тирик ёки соғ чиқишим даргумон эди. Каримов даврида менга ўхшаганларни ертўлада ўлдириб, асфалт йўлнинг тагига кўмиб юбориш ёки майиб-мажруҳ қилиш урфга кирган эди. Бу ҳолатга бошқалар қатори шунчалик кўниккан эканман-ки, ўтган йили мамлакат парламентига қилган мурожаатингизни, унда қийноқларга қарши кескин танқидий қарашларингизни ўқиб, тўғриси, кўзларимга ёш келган.

Ҳурматли Шавкат Миромонович!

Аллоҳ Қуръони Каримнинг “Моида” сураси 8-оятида: “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳ учун (тўғриликда) собит турувчи, одиллик билан гувоҳлик берувчи бўлингизлар: бирор қавм (кишилари)ни ёқтирмаслик сизларни адолатсизлик қилишга ундамасин! Одил бўлингиз!”, деган.

Мен МХХ ходимларини ёмон кўраман. Лекин шунга қарамасдан гувоҳлик бераман-ки, ёмон кўрганим МХХ ходимлари ичидан уч нафаригина (Мажид, Қобил ва Элмурод) мени қийноққа солишди. Бу ходимлар МХХнинг тезкор бошқармаси ёки ички хавфсизлик бошқармаси тезкор ходимларидир. Тергов давомида менга рўбарў келган бошқа ходимлар – Тимур Якубов (тезкор ходим), Нодир Тўрақулов (терговчи), Нодир Муҳиддинов (терговчи), Александр Веселов (терговчи), Константин Серазетдинов (терговчи), Володя (ички хавфсизлик бошқармаси ходими) ва Ўлмас (ички хавфсизлик бошқармаси ходими) мени, яқинларимни ва оиламни ўлдириб юбориш билан таҳдид қилиб, шаънимга ҳақорат сўзларни айтишди холос.

МХХнинг мана шу ходимлари билан юзма-юз келганимда улар Ўзбекистонда Сизнинг ташаббусингиз билан бошланган эркинлаштириш сиёсатига тиш-тирноқлари билан қарши эканликларини ўз кўзим билан кўрдим ҳамда шу ҳолат ҳақида 2017 йилда ёзган мақолаларим (“Усмон Ҳақназаров” тахаллуси остида ёзган мақолаларим) тўғри эканлигига яна бир бор амин бўлдим.

Ўрта асрларда яшаган форс шоири ва мутафаккири Саъди Шерозий: “Каламушлар қуёш чиқишини исташмайди”, деган. Чунки қоронғуда одамларни тунаш, уларни ўғирлаб кетиб, қийноққа солиш, ўлдириб юбориш осондир. Қуёшнинг чиқиши эса атрофни ёритиб, каламушларнинг кирдикорларини фош қилади.

Ўзбекистон халқининг истаги билан Сиз бошлаган эркинлаштириш сиёсати эса МХХ қавми учун xудди шундай қуёшдир. Лекин мен бу қавмни фақат эркинлаштиришга қаршилиги боис эмас, бошқа сабабларга кўра ҳам ёқтирмайман. Демак…

“Хизмат” қавмининг ғоявий “маъбуд”лари

Тергов ҳаракатлари давомида менинг баъзи терговчиларнинг хизмат хоналарида жирканч плакатларга кўзим тушди. Масалан, терговчи Александр Веселов хонасида собиқ СССР НКВДси раҳбарларидан бири Феликс Дзержинскийнинг сурати ва “қизил чекист”га тегишли ибора туширилган тақвим осилиб турар эди. Ахир, бутун Иттифоқ бўйлаб, шу жумладан, Ўзбекистонда ҳам болшевик босқинчиларга қарши курашган уламою фидоийларни, бою камбағалларни қатағон қилиш ишларнинг бошида Дзержинский турган эмасмиди? Ўзбекистон мустақиллигига чорак асрдан кўп вақт тўлган бўлса-да, республика махсус хизмати ходимлари ҳанузгача “қизил”ларнинг давлат террори сиёсати етакчисига топинишини қандай тушуниш мумкин?

МХХнинг бошқа ходимларига тегишли хоналарда Абдулла Қодирий, Абдурауф Фитрат ва Абдулҳамид Чўлпон каби аждодларимизни оттирган Лаврентий Берия ёки собиқ Иттифоқнинг атеистик ва аксилмиллий сиёсатига қарши бўлган одамларни жиннихоналарда чиритган Юрий Андроповнинг суратларию иборалари осилиб турган бўлса, ажабланмайман.

МХХнинг бошқа бир терговчиси Константин Серазитдиновнинг хизмат хонасида эса собиқ СССР КГБси хоналарида машҳур бўлган “Болтун – находка для врага!” (“Вайсақи душман учун топилмадир!”) деган плакат ҳалигача осилиб турган бўлса ҳам, хайрон қолмайман.

МХХ ходимларининг коммунистик дунёқараши фақат бояги плакатлардан эмас, балки уларнинг гап-сўзларидан ҳам яққол намоён бўлар эди. Тергов ҳаракатлари давомида мен уларнинг аксилдиний ва аксилдемократик қарашларига гувоҳ бўлдим. 2017 йил давомида Сиз бошлаган ислоҳотларни қўллаб, ёзган мақолаларим (“Усмон Ҳақназаров” тахаллуси остида ёзган мақолаларим) учун мени кўп маломат ва ҳақорат қилишди. Хусусан, Володя, Ўлмас, Қобил, Элмурод ва Мажид менга: “Сен ёқтирган президентингнинг либерал сиёсати Ўзбекистонни хаос ва тартибсизликларга олиб келади”, дейишдан чарчамадилар.

Шу билан бирга улар МХХ ва ўзларини мустақил Ўзбекистондаги давлатчиликнинг асосий устуни ва таянчи эканлигини бот-бот такрорлаб, мақтанишар эди. Лекин улар ўзларини қанчалик мақташмасин, мен уларнинг асл профессионал даражасини мақтагулик эмаслигига ҳам гувоҳ бўлдим. Демак…

“Профессионал”ларнинг нопрофессионаллиги ҳақида

Тергов жараёнида МХХ тезкор ходимлари ва суриштирувчилари бир-бирининг хизмат лақаблари қолиб, асл исмларини ва ҳаттоки фамилияларини оғизларидан “гуллаб” қўйишар эди. Терговчи Константин Серазитдинов эса ўз ходимларидан бирига телефон орқали топшириқ бераётиб, МХХ тергов изоляторида собиқ МХХчи, узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилинган Жавдат Шарифхўжаев сақланаётганлигини билдириб қўйган эди. Афтидан, унинг хонасидаги “Болтун-нахотка для врага”, деган плакат унга заррача ҳам таъсир қилмаган. Мен билан бўлган суҳбатларда МХХни бир ходими “контора”да “положение о внутрикамерной разработке лиц, заключенных в СИЗО СНБ” (“МХХ ҳибсхоналаридаги камераларда маҳбусларга ишлов бериш”) деган йўриқнома борлигини айтиб қўрқитса, бошқа бири “Муҳаммад Солиҳни Туркиядан Ўзбекистонга ўғирлаб, олиб келамиз ва суд қиламиз!”, деб мақтанар эди. МХХ тезкор ходими Тимур Якубов эса мен билан яккама-якка қолганида Володя ва Ўлмас (МХХнинг ички хавфсизлик бошқармаси – энг юксак бошқармаси – ходимлари)га қараганда билағонлигини айтиб, мақтанган эди. Бир зобит бир айбланувчи олдида, қўлларига кишан солинган бир маҳбус олдида ўз ҳамкасбларини камситиши шартми?

Шахсан мен ўзим билан суҳбатлашган МХХ зобитлари ичида ителлектуал ва билимлилик, маданият ва профессионаллик нуқтаи назаридан Володя ва Ўлмас қолган зобитлардан, айниқса Тимур Якубовдан анча устун эканликларига ишонч ҳосил қилдим. Терговчилар ичида эса энг одобли ва маданиятлиси Мансур Эргашев эди.

Умуман олганда, МХХ суриштирувчиларию терговчилари гумонланувчи ёки айбланувчининг айбини қийноқларсиз бўйнига қўя олмаслиги аввалдан маълум. Ўз “конторa”си, айниқса унинг раҳбариятига керакли кўрсатмаларни ҳам фақат қийноқлар ёрдамида олиб ўрганган МХХчилар шу далилларни бошқа, қонуний ва профессионал усуллар ёрдамида олишдан анча узоқлашиб қолганлар. Буни тушунса бўлади: айб учун керак далилларни қийноқларсиз, тер тўкиб, ишлаб топгандан кўра, одамни уриб иқрор қилдириш анча енгил-да!

МХХнинг устидан узоқ йиллар давомида назорат бўлмаганлиги, МХХнинг мушугига “пишт” дейдиган бирон идора йўқлиги “контора” ходимларининг қўлларини ечибгина қолмасдан, уларни қип-қизил ялқовларга айлантириб қўйган.

Бунинг натижасида ялқовлар “контора”си одамларни тўқима айблар билан қамаш, талон-тарож қилиш йўлига ўтиб олган эди. “Контора” айнан шу йўналишда ишлаётгани ўзимнинг терговимда ҳам ўз аксини топди. Демак…

Ўзимга ва ўзгаларга қарши кўрсатмалар ҳақида

Даҳрийлар доҳийси Владимир Ленин: “Итоатсиз халқларни очлик ва оммавий қирғинлар ёрдамида бўйсундириш мумкин”, деган. Унинг шу сўзлари болшевикларнинг давлат террори стратегиясига ғоявий асос бўлган. Шу сиёсатни биринчилардан бўлиб амалга оширишга бел боғлаган НКВД раиси Феликс Дзержинский: “Гумонланувчи ёки айбланувчининг ўз иқрори – исботларнинг маликаси”, деган машҳур ибораси бор.

Мустақил Ўзбекистоннинг МХХси ҳам айнан шу тамойилларга асосланиб ишлаб келди. Тергов жараёнида МХХ ходимлари мендан нафақат ўзимга қарши тўқима кўрсатмалар, балки ўзгаларга қарши ҳам тўқима кўрсатмалар олишди. Улар мени қийноққа солиб, мендан Муҳаммад Солиҳ, Ихтиёр Абдуллаев, Пўлат Бобожонов, Галима Бухарбаева, Маркус Бенсман, Надежда Атаева, Нигора Хидоятова, Сирожиддин Толипов, Паҳлавон Турғунов, Шуҳрат Бобожонов, Алишер Таксанов, Мўътабар Тожибоева, Улуғбек Хайдаров ва бошқаларга қарши кўрсатмалар олишди.

МХХ раҳбарияти “Усмон Ҳақназаров” иши орқали қанча одамга зарба беришни кўзлаганини юқоридаги исм-шарифларидан билса бўлади. Юқорида исми келтирилганларнинг аксарияти чет эллардаги муҳожиротдан ватанга қайтиш орзусида юрганини, Сизнинг янги сиёсатингиз туфайли Ўзбекистонга қайтишга умид қила бошлаганини эътиборга олса, “Усмон Ҳақназаров” иши орқали МХХ уларни ҳам чув туширишни (келиши биланоқ янги жиноий ишлар бўйича ҳибсга олишни) режалаштирганини пайқаш қийин эмас. Улар Ўзбекистонга келишгач, МХХ тарафидан ҳибсга олинишса, Сизнинг эркинлаштириш сиёсатингизга ишонч йўқолиши, тўғрироғи шу ишончни сунъий равишда йўқотиш режалаштирилган бўлиши ҳам мумкин.

Мавзу осилган экан, пайтдан фойдаланиб, шуни таъкидламоқчиманки, инсонни ватанидан жудо қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Бу менинг шахсий фикрим. Хуллас, қийноқлар ва таҳдидлар остида ўзимга ва ўзгаларга қарши кўрсатмалар бердим. Терговнинг айблови айнан шу кўрсатмалар асосида яратилди, аниқроғи, тўқилди. Демак…

МХХнинг тўқима айблови ҳақида

Менга қўйилган айб Жиноят Кодексининг 159-моддаси 4-қисмида келтирилган ва “Конституцион тузумни ағдариш учун тил бириктириш”, деб таърифланган. Мендан бошқа яна уч кишига ҳам xудди шу айб қўйилмоқда.

Ҳолбуки,мен билан бирга судланаётган Равшан Салаев, Шавкат Оллоёров ва Ҳаётхон Насриддиновлар бир-бирларини умуман танимайдилар. Ҳаётхон Насриддинов билан атиги бир марта, 2013 йилда унинг уйида таҳминан 1,5 соат гаплашиб ўтирганман (интернет блокировкасини айланиб ўтиш ҳақида суҳбатлашганман) холос. МХХ қўяётган айб тўғри бўлса, дейлик, мен ва Ҳаётхон Насриддинов ростдан ҳам тил бириктирган бўлсак, ортда қолган 4-5 йил давомида камида беш маротаба (йилига ҳеч бўлмаса бир мартадан) кўришиб туришимиз керак эмасмиди?

Лекин шу ва шунга ўхшаш мантиқсизликлар бўлса-да, МХХ терговчилари туҳмат айбни катталаштириб, жиноий ишни ҳатто кулгили ҳолатга олиб келиб қўйганлар.

Хусусан, устимдан қўзғатилган жиноий иш материаллари ичида тўртта қалбаки ва икки шубҳали ҳужжат бор. Қалбаки ҳужжатлардан биринчиси 2017 йил 28 сентябрда тузилган, интернет сайтларини кўздан кечириш баённомаси бўлиб, унга МХХ тезкор ходими Тимур Якубов, мутахассис К.Саидалиев, холислар Жавлон Исаев ва Беҳзод Эгамбердиевлар имзо чекишган. Ушбу ҳужжатга кўра, Тимур Якубов ва қолганлар 2017 йил 28 сентябр (!!!) куни шу йил октябр (!!!) ойида менинг ҳибсга олинганим ҳақидаги мақолаларни интернетдан юклаб олишган экан.

Қалбаки ҳужжатларнинг иккинчиси эса 2017 йил 14 октябрда тузилган, интернет сайтларни кўздан кечириш баённомаси бўлиб, унга МХХ терговчиси Александр Веселов, мутахасис К.Саидалиев, холислар Жавлон Исаев ва Умарбек Жўраевлар имзо чекишган.

Ушбу ҳужжатга кўра Александр Веселов ва қолганлар 14 (!!!) октябр куни шу йил 18 (!!!) октябр кунида эълон қилинган мақолани юклаб олишибди.

Қалбаки ҳужжатларнинг учинчиси 2017 йилнинг 15 октябрида тузилган бўлиб, мутахассис К.Саидалиевни сўроқ қилиш баённомасидир. Ҳужжатга кўра, сўроқни терговчи Александр Веселов ўтказган, мутахассис К.Саидалиев эса 2017 йил 15 (!!!) октябр куни шу йил 18 (!!!) октябр куни чиққан мақолани интернетдан юклаб олганини тасдиқлаган.

Қалбаки ҳужжатларнинг тўртинчиси 2017 йил 16 октябрда тузилган бўлиб, суд-муаллифлик экспертизасини тайинлаш ҳақидаги қарор. Ушбу ҳужжатга терговчи Александр Веселов имзо чеккан ва 2017 йил 16 (!!!) октябр куни интернетда шу йил 18 (!!!) октябр куни чиққан мақолани жўнатган.

Мана шу ҳужжатларни кўрганимда менда “МХХнинг келажакдан мақола юклаш “санъати” – деган сарлавҳали мақола ёзиш орзуси пайдо бўлди.

Жиноий иш материаллари ичидаги икки шубҳали ҳужжатларга келсак, улардан биринчиси терговчи Нодир Тўрақулов имзолаган, 2017 йил 30 сентябрдаги алоҳида топшириқдир. Унда 02616-сонли ҳарбий қисмга текшириш учун берилган, менинг ёнимдан чиқган 2 гегабайтли флешкада конституцион тузумни ағдаришга қаратилган “ЖАТВА” номли лойиҳа борлиги, бу лойиҳа қатор босқичлардан иборат эканлиги батафсил ёзилган. Ваҳолангки, ўша лойиҳа расмий баённома бўйича 2017 йил 30 сентябрда эмас, 4 октябрда (!!!) топилганлиги ёзилган. Яъни, Нодир Тўрақулов ҳали топилмаган лойиҳа ҳақида олдиндан хабардор бўлган. “Терговчи бу лойиҳани қаердан, кимдан олган?”, деган савол туғилади.

Шубҳали ҳужжатларнинг иккинчиси эса 2017 йилнинг 14 октябрида тузилган сўроқ баённомаси бўлиб, унда менга нотаниш ва менга алоқаси йўқ бўлган “МАЪЛУМОТ” ҳамда “SPECIAL” номли ҳужжатлар (файллар) ҳақида гап кетган. Ваҳолангки, бу файллар МХХ тергов бошқармасига 02616-сонли ҳарбий қисмдан 14 октябрда (баённома тузилган кунда) эмас, балки орадан олти кун ўтиб, яъни 20 октябрда (!!!) етиб келган.

Қисқаси, бу ҳужжатлар ҳам терговчиларнинг қўлларида аввалдан бўлган. Бу  ҳужжатларни топиш ҳақидаги топшириқ 02616-сонли ҳарбий қисмга расмиятчилик учун юбoрилган холос.

Менга қарши қўзғатилган жиноий ишни юритган терговчи, ходим ва мутахассислар шунчалик ялқов ва бепарво ишлашган-ки, баъзи ҳужжатларнинг жиноий иш материаллари орасига тикиб қўйилганини кўриб, ёқамни ушладим. Масалан, жиноий ишнинг биринчи томида Равшан Салаевнинг 2017 йил 5 октябрдаги сўроқ баённомаси бор. Терговчи Нодир Тўрақуловнинг саволларига жавоб берган Равшан Салаев: “МХХ ходими “Шуҳрат” 2010 йилда “Тошкент” меҳмонхонасининг 3-қаватида менга текстил соҳасидаги қонунбузарликлар ҳақида МХХга хабар бериб туришимни сўради. Мен рози бўлдим. “Шуҳрат” менга “тоға” деб лақаб қўйди ва МХХ раиси Рустам Иноятов номига ариза ёздириб олди”, деб айтган. Баённоманинг кейинги абзацларида Р.Салаев Туркиялик бир тадбиркордан МХХнинг “Шуҳрат” исмли ходимига 30 минг доллар пора олиб бориб берганини айтган. Бу гаплар 1-томнинг 165-166 варақларида акс этган. Бу кўрсатмаларнинг мазкур жиноий ишга нима алоқаси бор? Р.Салаевнинг бу кўрсатмалари МХХнинг “қулоқ”лар билан ишлаш бўлимида туриши керак эмасми?

Устимдан қўзғатилган жиноий иш материаллари ичида xудди шундай яна бир ҳужжат бор. Жиноят ишининг 2-томи 28-30 варақларида Ҳаётхон Насриддиновнинг МХХ раиси Рустам Иноятовнинг номига ёзган тушунтириш хати тикилган. Ушбу номада Ҳаётхон Насриддинов МХХга ҳуфия информатор бўлиб ишлаш нияти борлигини, Муҳаммад Солиҳ, Нигорв Хидоятова ва Санжар Умаровларнинг ишончига кириб, улардан МХХга керак ахборотларни олиб, етказиб туриш режаларини баён этган.

Ўзини Ўзбекистон кучишлатар идоралар ичида энг интизомлиси, энг ҳалоли ва профессионали ҳисоблайдиган МХХ ходимларига: “Бу хат аслида “контора”нинг xуфия “қулоқ”лар билан ишлайдиган бўлимида туриши керак эмасми?”, дегим келади.

“Чекист” дегани шунчалик ҳам лоқайд ва бепарво бўладими?

Мана шу аҳволни кўриб, ақл ва билим инсонга МХХ ходимлари ҳамда гувоҳномалари билан қўшиб берилмаслигига амин бўлдим.

Одам ҳавоси айниган хонада кўп муддат қолиб кетса, у ернинг ҳавоси айниганини сезмай қолади. Бу ернинг ҳавоси айниганини фақат ташқаридан келганларгина сезишади.

Xудди шундай, МХХчилар ҳам “контора”нинг ичида ҳаво айниганини сезишмайди. Буни ташқаридан кирганлар ёки келганлар сезишлари мумкин.

Менга қарши тўқима айблов эълон қилган МХХ расмий қалбакиликдан ташқари, қатор техник қалбакиликларга ҳам йўл қўйган. Демак…

“ЖАТВА” лойиҳаси мен МХХ ҳибсхонасидалигимда ёзилган

Ҳа, ушбу лойиҳа айнан мен МХХнинг тергов ҳибсхонасида ўтирган пайтимда, аниқроғи, 2017 йил 14 октябрда “JTV-polniy” деган файл шаклида яратилганлиги судга тақдим қилинган электрон ахборот дискларидан бирида акс этган. Бундан ташқари, бу файлдаги атрибутлар МХХ кўздан кечиришни амалга оширган интернет-кафедаги компютер атрибутлари билан бир хил эканлиги маълум бўлди.

МХХ ижоди бўлмиш “JTV-polniy” файли бир флешкада 2014 йил 20 сентябр куни яратилган, деган маълумотни кўрсатса, бошқа бир флешкада 2017 йил 6 апрел санасини кўрсатади. Бундан ташқари, бу файл терговчиларнинг қўлига қаердан келганлиги ҳам мавҳум. Бу ҳақда бирон бир расмий ҳужжат ёки маълумот йўқ.

Қаллоблик шу даражага етган-ки, МХХ терговчилари “Бобомурод Абдуллаевнинг “Усмон Ҳақназаров” тахаллуси остида ёзган мақолалари рўйхати”га “Би-Би-Си”, “Озодлик” радиоларининг материаллари, ҳаттоки Хуршида Жўрабоева деган аёлнинг интервюсини ҳам киритишган ва муаллифшунослик экспертизасига жўнатишган.

Менинг қаламимга мансуб мақолалар рўйхатига ҳаттоки “Журналист Бобомурод Абдуллаев МХХ тергов ҳибсхонасида сақланмоқда” деган интернет хабар ҳам қўшилган ва экспертизага жўнатилган. Бирон марта бирор терговчи мендан қайси мақолалар меники, қайсилари эса бошқаларники эканлиги ҳақида қизиқиб ҳам сўрамади. Демак…

“Усмон Ҳақназаров” тахаллуси остида ёзган ва ёзмаган мақолаларим ҳақида

Мен “Усмон Ҳақназаров” тахаллуси остида тергов ҳужжатларида ёзилганидек 2012 йилдан бошлаб эмас, 2003 йилнинг январидан эътиборан мақолалар ёза бошлаганман. Бу ишни пул топиш, бирон бир моддий манфаат орттириш ёки шуҳрат қозониш учун эмас, ўзим эшитиб, билганларимни халқ ҳам билишини истаганим учун қилганман.

Мақолаларим интернет тармоқларида кенг тарқала бошлагач, менга нотаниш бўлган баъзи одамлар ҳам онда-сонда айнан “Усмон Ҳақназаров” ва ҳаттоки “Ҳақназар Усмонов” деб ҳам мақолалар эълон қила бошлашди. Бундай соxта “Усмон Ҳақназаров”ларга қарши мен ҳеч қачон раддия билдирмаганман. Чунки шундай раддиялар менинг шахсимни фош қилиб қўйиши мумкин эди. Бундан ташқари, мен “Усмон Ҳақназаров” тахаллусини ҳеч қачон қаттиқ қизғанмаганман.

Ҳаттоки, Ўзбекистон Халқ Ҳаракати веб-сайтида эълон қилинган баъзи мақолаларни (“Усмон Ҳақназаров” тахаллуси остидаги баъзи мақолаларни) ҳам мен ёзмаганман.

Қуйидаги мақолалар ана шундай материаллар сирасига киради:

1.Усман Хакназаров: Правда о Сарымайской трагедии.

2.О Причинах журналистского траура, или почему Бухарбаева “скорбит” по отмене визита Каримова в Прагу?

3.Как организовывали естественную смерть Ислама Каримова?

4.Сирийские уроки или ответ миролюбам.

5.Ислам Каримов решил пожизненно остаться у власти.

6.О подписантах в узбекской оппозиции.

7.Ответы на вопросы зарубежной радиостанции.

Шуни ҳам айтишим керак-ки, мен томондан “Усмон Ҳақназаров” тахаллуси остида ёзилган баъзи мақолаларга менга номаълум шахслар ўзгартириш киритганига гувоҳ бўлдим. Буни мен суд жараёнида мақолаларим билан танишгандагина кўрдим.

Ҳурматли Шавкат Миромонович!

Гарвард университетининг юридик факултети марказий киришида мусулмонларнинг муқаддас китоби Қуръони Каримдаги “Нисо” (Аёллар) сураси 135-оятидаги мана бу сўзлар зар ҳарфлар билан мармар тошга ёзиб қўйилган: “Эй, иймон келтирганлар! Адолатда барқарор туриб, ўзларингизнинг, ота-оналарингизнинг ва қариндошларингизнинг зарарига бўлса-да, Аллоҳ учун (тўғри) гувоҳлик беринглар!”.

Шундай экан, мен “Усмон Ҳақназаров” тахаллуси остида ёзган мақолаларим хато маълумотлардан ҳоли, деб айтаолмайман. Масалан, 2017 йилда эълон қилинган “Рустам Иноятов бутун умрга фалаж бўлиб қолди” деган сарлавҳали мақоламда хато маълумот кетган.

Лекин мен бу хатоларни қасддан эмас, келган маълумотни қайта текшириб кўриш имконияти умуман бўлмаганидан, ноиложликдан ўтказиб юборганман. Ўз тасдиғини топган қанчадан қанча мақолаларим бор бўлиши билан бирга, нотўғри хабарни ўз ичига олган мақолаларим оз бўлса ҳам ўтиб кетган. Бундай материаллар учун қанча керак бўлса, шунча узр сўрашга тайёрман ва узр сўрайман ҳам.

Лекин мен ҳеч қачон Ўзбекистондаги конституцион тузумни ағдаришга чақирмаганман ҳам, бу йўлда бирон бир ҳаракат ҳам қилмаганман, биров билан тил ҳам бириктирмаганман.

Мен оммани огоҳлантириб қўйиш мақсадида, халқни талон-тарож қилаётган қароқчиларнинг кирдикорларини фош қилиш мақсадида мақолалар ёзганман холос. Демак…

“Усмон Ҳақназаров” бўлиб мақолалар ёзишимга нималар туртки бўлди?

Пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в. мунофиқ (иккиюзламачи) кимсаларнинг белгиларини санаётиб, мунофиқлар омонатга хиёнат қилишларини айтиб ўтганлар. Бошқа бир ҳадисларида мунофиқлар дўзаҳнинг энг тубида ёнишлари ҳақида гапирганлар.

Мен ўзимга етиб келган хабарларга доим омонат деб, халққа етказиб қўйишим лозим бўлган омонат деб қараганман. Бир журналист ўлароқ шундай йўл тутганман. Бир мусулмон ўлароқ шундай йўл тутганман.

Савдогар бундай маълумотларни пуллаб, бойлик орттиради. Разведчик бундай маълумотларни раҳбариятга етказиб, юлдузчалар ва амалга эришади. Журналист эса бундай маълумотларни халққа етказиб, ўзига сон-саноқсиз душман орттиради.

Бу касб эгалари ичида журналистни савдогар билан бирлаштирадиган омиллар йўқ. Журналистнинг иши разведчикнинг ишига сал ўхшаб кетади: иккала касб эгаси ҳам машҳур бўлишга ҳаққи йўқ!

Мен бир мусулмон ўлароқ, атрофимда халққа қарши қабиҳ ишлар қилинаётган пайтда жим туришим мумкин эмас. Чунки расулуллоҳ с.а.в.: “Зулмга сабр қилманглар!”, деганлар. Бошқа бир ҳадисларида расули акрам саҳобаларига қарата: “Биродарингиз мазлум бўлса ҳам, золим бўлса ҳам, унга ёрдам беринглар!”, деганлар. Шунда саҳобалар: “Ё расулуллоҳ. Мазлумга ёрдам беришни тушунамиз. Лекин золимга қандай ёрдам берамиз?”, деб сўрашган. Шунда Муҳаммад с.а.в.: “Золим биродарингизни зулмдан тийиб қўйинглар. Ана шу сизнинг унга берган ёрдамингиз бўлади”, деб марҳамат қилганлар.

“Усмон Ҳақназар” тахаллуси остида мақолалар ёзганимда золимларни озгина бўлса-да, фикран бўлса-да тийиб қўйишни мақсад қилганман.

Рус ёзувчиси Антон Павлович Чехов: “Инсон ҳар куни ўзидан томчилаб бўлса ҳам, қулликни чиқариб ташлаши керак”, деган. Унинг гапига қўшимча равишда “Инсон ўзидан қўрқоқликни ҳам оз-оздан чиқариб ташлаши керак”, деса бўлади.

Чунки, баъзи кимсаларнинг, айниқса, журналистларнинг зулмга сабр қилиб, жим туришларига уларнинг қўрқоқликлари сабабдир.

Менимча, ким кимдан қўрқса, шунга қараб ибодат қилиши керак: Аллоҳдан қўрққан – Аллоҳга қараб, бандасидан қўрққан – бандасига ёки бандасининг портретига қараб илтижо қилиши керак.

Инсоннинг қудрати – унинг иймонида, халқнинг қудрати – унинг бирлигида, давлатнинг қудрати эса – унинг адолатидадир.

Зулм, диктатура халқнинг норозилик потенциалини, исён кучини оширади холос. Норози халқ исён қилиб, кўчаларга чиққанда эса халқнинг бу потенциалини ташқи кучлар ўз сиёсий мақсадларига йўналтиришлари мумкин. Ҳаттоки халққа душман бўлган бир золимни ағдарилган золимнинг ўрнига келтириб қўйишлари мумкин. Бунга 1917 йил октябрида Петроградда содир бўлган ғалаёнлар яққол мисол бўлиши мумкин: Николай II ни ағдарганлар ўз бошларига ундан минг чандон золим ва террорист Ленинни кўтаришди.

Шунинг учун зулмга қарши кураш аслида тинчлик учун курашнинг бир шаклидир.

Менимча, ўзини мусулмон, айниқса журналист деб билган ҳар бир инсон ҳақиқатни айтаолмаса, ҳеч бўлмаса ёлғондан ўзини тийиб қўйиши керак. Ваҳоланки, Умар розиаллоҳу анҳу айтганларидек, “ҳақиқатни айтиш ризқни ва умрни қисқартирмайди. Ва, аксинча, ёлғон гапириш ризқни кўпайтирмайди, умрни узайтирмайди”.

Ахборот сувга ўхшайди: ўзига керакли кириш ва чиқиш тешикларини топади. Бу ҳолат журналистнинг дастлабки, хомаки маълумот олиш ишини анча оширади. Ана шундай пайтда фақат қўрқоқ журналистгина жим туради. Улардан баъзилар қўрққанидан ҳаттоки зулмга, диктатурага хизмат қилишга ўтиб кетади.

Бу тоифа одамлар билишмайди-ки, зулм ва диктатура нафақат ўз душманларини, балки ўз тарафдорларини ҳам эзади. Зеро, пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в. айтганларидек: “Зулмга хизмат қилган киши, ўша зулмдан азият чекмасдан қолмайди”.

Зулмга қарши кураш ҳақида гап кетар экан, ўлим масаласи ўртага чиқади. Араблар бизнинг диёрларимизни фатҳ қилишганида бу ердаги туркий халқларнинг ўлимдан қўрқмай жанг қилишларига ҳайрон қолишган. Улар бунинг боисини суриштирганларида туркий халқларда ўлим оққуш, Тангрининг бандасига юборган бир соф қуши, неъмати, деб тасвирланган. Туркий ривоятларга кўра, авваллари одамлар ўлмаган, яшайвериб ҳаётдан (қариликдан, касалликлардан) безиб кетишган ва Тангридан нажот сўрашган. Шунда Тангри одамларга ёрдам тариқасида оққушни, яъни ўлимни юборган.

Бизнинг аждодларимиз исломни тез қабул қилишларига уларнинг аввалги қарашлари янги дин тамойилларига жуда ўхшашлиги асосий туртки бўлган.

Шундай бир ўлкада яшаб туриб, шундай бир халқнинг вакили бўлатуриб, бандасидан ёки ўлимдан қўрқадиган бўлиб яшаш ҳеч бир мантиққа тўғри келмайди.

“Усмон Ҳақназаров” тахаллуси остида мақолалар ёзишимга шу омиллар ва қарашларим туртки бўлган. Фурсатдан фойдаланиб, ўзимнинг сиёсий позициям ҳақида ҳам қисқача тўхталмоқчи эдим. Демак…

Давлат, жамият ва қонунлар ҳақида

Ўрта аср қароқчилари одамларни ўзларининг нафси билан талаганлар, ҳозирги қароқчилар одамларни қонунлар билан талашга ўтишган. Замонавий қароқчилар ўз нафсининг истакларини қонунларга олиб кириб қўйишган.

Тергов жараёнида ўзим бунга яна бир бор амин бўлдим. Конституция ва бошқа қонунларимизда айбсизлик презумпцияси (одамнинг айби суд ҳукми билан тасдиқ топмагунча одамни айбдор, жиноятчи деб аташ мумкин эмаслиги) очиқ ойдин ёзилган бўлишига қарамасдан, Жиноят процессуал Кодексининг 297-моддаси ҳали айби судда исботланмаган одамни маҳаллада муҳокама қилишни талаб қилади.

МХХ тергов бошқармаси айнан шу модда бўйича мени “Тўқимачи” маҳалласида муҳокама қилишни сўраган ва маҳалла аҳли бу топшириқни бажарган.

Ҳуқуқий ва демократик давлатда қонунлар фақат МХХ ёки бошқа давлат идораси, бойлар ёки терговчиларнинг эмас, барча одамларнинг манфаатларини инобатга олиши керак, деб ҳисоблайман. Қонунлар турли манфаат ва интилишларни бирлаштира олиш кучига эга бўлиши керак. Акс ҳолда қонунлар фақат маълум бир табақанинг манфаатларини акс эттириб, қароқчиларнинг қонунига айланиб қолади.

Хусусан, қонунлар камчиликларни фош қилиб, танқид этиш ҳуқуқини фақат давлат идораларига эмас, оддий фуқароларга, айниқса, журналистларга ҳам бериш керак, деб ўйлайман. Ана шундагина фикрлар хилма-хиллиги, фикрлар ҳаракати ва кураши юзага келади. Бу эса моддий тараққиётни бошлаб берувчи асосий  омиллардан биридир.

Ҳар қандай моддий турғунликдан олдин албатта фикрий турғунлик келади. Буни собиқ СССРнинг аянчли якунидан ҳам билса бўлади.

Ўз фикрини эркин ифода этиш фақат қоғозларда эмас, амалда ҳам барчага берилса, халқнинг фақат зодогонлари ёки амалдорлари эмас, зиёлилари ва оддий ишчилари ҳам фикрлашига гувоҳ бўлиш мумкин. Шундагина жамиятнинг олди қисми бойлар ёки амалдорлар эмас, фикрлай оладиган ҳар қандай кишидан ташкил топишини кўриш мумкин. Аҳолини айнан фикрлай оладиган қисмигина ижтимоий фикрни ярата олади ҳамда шу жараённинг олдинги сафларида юради. Ижтимоий фикрнинг думида юриб ижтимоий фикрни яратиб ёки юритиб бўлмайди.

Афсуски, нодемократик жамиятда нодемократик қонунлар туфайли ижтимоий фикрнинг думида юрувчилар шу фикрнинг бошида юрганларни идора қилишади.

Ана шу думда юрувчи қатлам мени қийноққа солиб, тергади ва менга қарши тўқима айбларни эълон қилди.

Бу ҳолат инсон энг аввало фикрий ҳаракатда бўлиши, шундан кейингина жисмоний ҳаракатда бўлиши зарурлигини аён этади. Шунинг учун давлат, унинг таълим тизими одамларининг фикрий ҳаракатларини таъқиқламаслиги ёки чекламаслиги керак, деб ҳисоблайман.

Акс ҳолда ақлий ҳаракатдан тўхташ вужудга келади. Бу ҳолат эса ақлий гумроҳликка олиб келади.

Умар розиаллоҳу анҳу жоҳилият давридаги (Исломни қабул қилгунгача бўлган даврдаги) ҳаётини эслаб, бир кулар, бир йиғлар эканлар. Саҳобалар бунинг сабабини сўрашганида Умар р.а. шундай деб жавоб берганлар:

“Бир марта сафарга хурмо меваларидан териб ясалган маъбудимни олиб кетганман. Йўлда шу маъбудга сиғиниб борганман. Лекин қорним оч бўлганида хурмоларнинг ҳаммасини еб қўйганман. Шунга куламан. Йиғлашимга эса ўзимнинг жажжи қизалоғимни тириклайин кўмганим сабаб. Қизимни тириклайин кўмиш учун ер қазиётганимда норасида қизим: Дадажон, соқолларингизга тупроқ сачради, келинг, соқолларингизни артиб қўяман”, дер эди. Ақл юритишдан қолган мен жоҳил, ширк қоидаларига кўр кўрона эргашиб, фарзандимни қиз бўлгани учунгина тириклайин кўмиб келганман”.

Инсоннинг фикр юритишдан тўхташи ана шундай оқибатларга ва ҳаттоки даҳшатли жиноятларга олиб келади. Шунинг учун ҳар қандай инсонпарвар давлат ва ҳукумат фикрсизликка қарши, ғоясизликка қарши, фикрий ва ғоявий монополия ва бир хилликка қарши курашмоғи лозим.

Одамларинг ҳуқуқ ва эркинликларига қарши курашга бел боғлаган ҳар қандай давлат ёки ҳукумат мағлуб бўлишга мубталодир. Чунки эркинликка интилиш инсоннинг фитратида бор. Бу интилишни босиб туриш мумкин, лекин уни йўқ қилиб бўлмайди.

Муҳтарам Президент!

Бугун сиз олиб бораётган эркинлаштириш сиёсати мазлум халқимизнинг эҳтиёжларидан ва шахсан Сизнинг ташаббусингиздан келиб чиққанини бутун дунё кўриб турибди. Буни дунё ҳамжамияти қўллаб турибди. Азал азалдан яхшилик кишиларнинг қалбини забт этиб келган.

Мана шу йўлда Сизга Аллоҳ куч-қувват ва сабр-тоқат, соғлик-саломатлик ва омад-омонлик берсин!

Юртимизда ташаббусингиз билан шундай эзгу ишлар амалга оширилаётган экан, устимдан қўзғатилган жиноий иш судда одилона кўрилади ва менга нисбатан одил ҳукм чиқарилади, деб умид қиламан.

Эҳтиром ила,

Абдуллаев Бобомурод Қодирович

2018 йил 25 апрел

Ўзбекистон Республикаси
Давлат Хавфсизлик Хизмати
Тергов ҳибсхонаси