Абдуллаев иши бўйича судда Муҳаммад Солиҳнинг “Фарғона.ру”га берган интервюси маълумот учун қабул қилинди

Абдуллаев иши бўйича судда Муҳаммад Солиҳнинг “Фарғона.ру”га берган интервюси маълумот учун қабул қилинди
43 views
26 April 2018 - 14:06

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий тузумига тажовузда айбланаётган Бобомурод Абдуллаев, Ҳаётхон Насриддинов, Шавкат Оллаёров ва Равшан Салаевларга нисбатан қўзғатилган жиноят ишини кўриб чиқаётган судя Муҳаммад Солиҳнинг “Фарғона.ру”га берган интервюсини маълумот сифатида қабул қилишга рози бўлди.

“Фарғона.ру” сайтидаги Муҳаммад Солиҳ билан интервюдан парча

Бу ҳақда, суддан яна бир бор Муҳаммад Солиҳни судга гувоҳ сифатида чақиртиришни сўраган Б.Абдуллаевнинг адвокати Сергей Майоров ўз илтимосномасида баён қилди. Гап шундаки, ҳозирда Туркияда истиқомат қилаётган мухолиф сиёсатчи Муҳаммад Солиҳнинг исми айбланувчилар ва қораловчи тарафнинг чиқишларида доим тилга олиниб келди: прокурорни айбланувчиларнинг Солиҳ билан алоқаси ҳамда унинг “Жатва” лойиҳасидаги ўрни, шунингдек, Солиҳ тарафидан бошқариладиган Ўзбекистон Халқ Ҳаракати веб-саҳифасида Абдуллаевнинг мақолалари эълон қилиниши тафсилотлари қизиқтирди.

Аввалги суд мажлисларидан бирида адвокат Майоров барча масалаларга аниқлик киритиш учун Солиҳни сўроқ қилишга чақиртиришни сўраганида, суд бундай илтимоснома киритишга ҳали эрта деб ҳисоблаган эди. Энди эса суд Майоровнинг илтимосномасини рад қилди, аммо, “Фарғона.ру” томонидан ишга алоқадор бўлган ва ҳалигача аниқлик киритилмаган саволлар берилган интервюни маълумот учун қабул қилишга рози бўлди.

Суд ўз сўровномаларига жавоб олган, хусусан Ucell уяли алоқа операторидан ҳам: компаниядан гувоҳ Кенжа Мусанов телефон рақамига кирувчи ва чиқувчи қўнғироқлар рўйхатини тақдим қилиш сўралган. Ўтган суд мажлисларида гувоҳ ҳамда айбланувчилар Абдуллаев ва Насриддиновларнинг, 2013 йилнинг декабр ойида (скайп орқали Солиҳ билан алоқага чиқилганда) ким кимга қўнғироқ қилгани ва учрашувга таклиф қилгани ҳақидаги кўрсатмалар бир-биридан фарқ қилган эди.

Суд Бобомурод Абдуллаевнинг, ўтган суд мажлисларидан бирида ЎХҲ сайтидан юклаб олинган Усмон Ҳақназаров тахаллуси остидаги 142 та мақоладан қайси бири унга тегишли эканлиги ҳақидаги кўрсатмасини олди.

Шунингдек Бобомурод Абдуллаев президент Шавкат Мирзиёев номига мурожаатнома тайёрлаганлигини ва ушбу мурожаатдаги баъзи юридик ҳолатлар тўғрисида ўзининг адвокати билан маслаҳатлашиб олиш истагида эканлигини баён қилди.

Сергей Майоров, шунингдек, ушбу ҳужжатларда тергов органи томонидан материалларни сохталаштириш далиллари мавжудлиги сабабидан, суддан “Жатва” лойиҳаси матнларини Бобомурод Абдуллаев айбини исботлаш учун ишончсиз далиллар деб топишни сўради. Аммо суд ушбу илтимосномани рад қилди ва бу ҳолатда айбсизлик презумпцияси принципидан келиб чиққан ҳолда (барча гумонлар айбланувчилар фойдасига ҳал қилинади) иш тутишини таъкидлади.

Шунингдек суд адвокат Майоровнинг, Бобомурод Абдуллаевнинг ёзма кўрсатмаларини экспертларга тақдим қилиш; суд экспертизаси давомида Абдуллаевга экспертларга тушунтиришлар бериш имконини бериш; Абдуллаевга суд экспертизасини ўтказиш жараёнида иштирок этишга рухсат бериш ва экспертлардан тадқиқотлар методи билан боғлиқ тушунтиришлар талаб қилиш ҳуқуқини бериш ҳақидаги илтимосномасини қаноатлантирди.

Тергов органларининг барча камчиликлари айбланувчиларнинг фойдасига ҳал қилиниши ҳақидаги сўзларига, судя яна бир бор Ҳаётхон Насриддиновнинг 2013 йил декабри ойидаги ўзининг Солиҳ, Абдуллаев ва Мусановлар билан суҳбатининг аудио ёзуви ҳақидаги саволига жавобида тўхталиб ўтди. “Агарда бу аудио ёзув жиноят ишида йўқ бўлса, у ҳолда бу ёзувнинг йўқлиги сизларнинг фойдангизга ҳал қилинади”, деб таъкидлади судя.

Кейинги суд мажлиси душанба, 30 апрел куни соат 15:00 га белгиланди

Манба: “Фарғона” АА

Хабар русчадан таржима қилинди

ЎХҲ хабарлар бўлими