Ҳарбий судда бухоролик мххчилар устидан суд бормоқда

Ҳарбий судда бухоролик мххчилар устидан суд бормоқда
52 views
27 April 2018 - 15:13

“Озодлик” радиосининг хабар беришича, 23 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судида 11 нафар шахс устидан суднинг ёпиқ мажлислари бошланган.

08/26616-18-сонли мазкур жиноят иши Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг тергов гуруҳи томонидан Президент Шавкат Мирзиёевнинг кўрсатмаси асосида очилган ва тергов ҳаракатлари гуруҳ томонидан олиб борилган.

Бу ҳақда “Озодлик” радиосига жараëнда бевосита қатнашаëтган жиноят иши жабрланувчилари хабар қилди.

Ҳарбий прокуратура томонидан Ибодовлар оиласига юборилган билдиришнома.
Ҳарбий прокуратура томонидан Ибодовлар оиласига юборилган билдиришнома.

Суднинг қора курсисида Миллий хавфсизлик хизмати (ҳозирги Давлат хавфсизлик хизмати) Бухоро вилояти бошқармаси собиқ бошлиғи, полковник Рустам Азимов, бошлиқнинг ички хавфсизлик бўйича ўринбосари, полковник Азим Юнусов, тезкор вакиллар Инъом Маърупов ҳамда Баҳодир Ҳошимовлар ўтирибди.

Шунингдек, жиноий гуруҳ аъзолари қаторида Республика Бош прокуратураси қошидаги солиқ, валютага оид жиноятлар ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши кураш Департаментининг Бухоро вилояти бўлими бошлиғи Равшан Ражабов, Бухоро вилояти прокуратураси терговчиси Расул Юлдашев, Бухоро вилояти ИИБ терроризм ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўлими бошлиғи ўринбосари Умид Бобомуродовлар ҳам бор.

Жиноят ишида Бухородаги Қоровулбозор қамоқхонаси “лохмач”лари сифатида таснифланган Рустам Жумаев, Умид Иноғомов, Жамшид Сафаров ҳамда Александр Ивановлар ҳам жиноятчилари қаторида сўроққа тортилган.

Жиноий гуруҳ вакиллари Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 301-моддаси (Ҳокимиятни суиистеъмол қилиш, ҳокимият ваколатидан ташқарига чиқиш ёки ҳокимият ҳаракатсизлиги ) ва 235-моддаси (Қийноқ) билан жавобгарликка тортилган.

Мазкур жиноий гуруҳнинг президент Шавкат Мирзиёев нутқидан сўнг бирма-бир ҳибсга олингани айтилмоқда.

-Бухородан менда жуда кўп манба бор. Тадбиркорларни айбсиз қамагани, қандай қийнагани, расмлари ҳам бор менда. Ўша ишни қилган терговчиларнинг ҳаммасининг фамилияси бор. Худо хоҳласа, соғ-саломат юрсак, вақт келади, телевизорда кўрасизлар. Уларни ҳам худди шу куйга солдираман. Нима учун, адолат бўлиши керак. Йигирма йил бўлса, йигирма йил қамалади, — деган эди президент жорий йилнинг 16 февраль куни Пешкў тумани фаоллари билан учрашувда.

Жиноят ишининг жамоатчиликка маълум қисми бухоролик тадбиркор ака-ука Раҳим ва Илҳом Ибодовлар иши бўлиб, бу ҳақда “Озодлик” радиоси туркум материаллар берган.​

ЎХҲ хабарлар бўлими