Эрдўғон: Бухорога ташрифим катта аҳамиятга эга

Эрдўғон: Бухорога ташрифим катта аҳамиятга эга
40 views
30 April 2018 - 11:51

“Озодлик” радиосининг хабар беришича, Тошкентга 29 апрелда давлат ташрифи билан келган Туркия президенти Ражаб Тойип Эрдўғонни 30 апрель куни эрталаб Кўксаройда расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтган.

Айни пайтда президент Шавкат Мирзиев ва Ражаб Тойип Эрдўғон ўртасида тор доирадаги музокаралари бўлиб ўтмоқда.

“Учрашувда асосан савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Президент Шавкат Мирзиёевнинг Туркияга ўтган йилги давлат ташрифи икки мамлакат ўртасидаги сиёсий ишончни мустаҳкамлаб, барча соҳалардаги алоқаларга кенг йўл очган эди. Ўзбекистон ва Туркия халқи бу галги музокаралардан ҳам катта натижалар кутмоқда”, дейилади Ўзбекистон президентининг расмий сайтида эълон қилинган хабарда.

Туркия президенти Ражаб Тойип Эрдўғон Ўзбекистонга давлат ташрифи доирасида 1 май куни ҳамкасби Шавкат Мирзиёев билан музокаралар ўтказганидан сўнг Олий Мажлис палаталарининг қўшма йиғилишида чиқиш қилади.

Шундан сўнг президентлар биргаликда икки давлат етакчи банклари ҳамда ширкатлари раҳбарлари иштирокида ўтадиган бизнес-форумида қатнашади.

Ташриф давомида турк президенти Бухорога боришни ҳам режалаштирган. Эрдўғон Тошкентга сафари арафасида журналистларга берган интервьюсида:

-Бухорога ташриф катта аҳамиятга эга. Туркия Ўзбекистонда Имом Ал-Бухорий номидаги Халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Имом Мотурудий номидаги ислом тадқиқотлари марказини ишга туширишни режалаштирмоқда. Бу масалада ўзаро англашувга эришганмиз. Ташриф давомида барча масалалар ишлаб чиқилади,– деб айтган.

Эрдўғон Тошкентга 29 апрель куни келди. Уни Тошкент аэропортида бош вазир Абдулла Арипов кутиб олди.

ЎХҲ хабарлар бўлими