Эрдўғоннинг Ўзбекистонга ташрифи: муҳокамадаги асосий масалалар

Эрдўғоннинг Ўзбекистонга ташрифи: муҳокамадаги асосий масалалар
60 views
30 April 2018 - 18:11

Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон Ўзбекистонга расмий давлат ташрифини бошлади. У Тошкентда Президент Шавкат Мирзиёев билан икки томонлама ҳамкорликни янги босқичга кўтаришга доир мулоқот ўтказган.

Туркия раҳбари Кўксаройда давлат ташрифига мувофиқ тантанали кутиб олиниши ортидан президентларнинг тор доирадаги учрашуви, ҳукуматлар доирасида икки томонлама кенгайтирилган тартибда музокаралар ўтган. Томонлар ўзаро ҳамкорликни стратегик шериклик даражасига кўтариш қарорида.

Мирзиёев ва Эрдўғон ўртасидаги тор доирадаги юзма-юз мулоқот ёпиқ эшиклар ортида икки соатча давом этган.

Учрашувда савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда, деб хабар беради Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати дастлабки музокаралар ҳақида.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг Туркия президенти давлат ташрифи муносабати билан тарқатган маълумотида президентлар музокараларида халқаро майдондаги ва минтақадаги вазият муҳокамасига алоҳида диққат қаратилгани, минтақавий хавфсизлик масаласи муҳокама қилингани таъдикланган.

Туркия Президентининг ташрифи 29- апрел куни бошланди, аеропортда уни Бош вазир Абдулла Арипов кутиб олган.

Мирзиёев ва Эрдўғон ўртасидаги тор доирадаги учрашувлар ортидан кенгайтирилган тартибдаги музокаралар ўтди. Ташриф давомида Туркия Президенти Ўзбекистон Олий Мажлиси депутатларига ҳам мурожаат қилган.

Эрдўғон Ўзбекистонга 150 га яқин тадбиркорлар ҳамроҳлигида келган, Тошкентда ўзбек-турк бизнес форуми ўтмоқда. Давлат раҳбарлари иштирок этадиган бизнес форум доирасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган ўнлаб шартномалар имзоланиши кутилмоқда.

Эрдўғон Ўзбекистонда сўнгги бор 2016-йилда бўлган. Ислом Каримов вафоти ортидан кузатилган бу сафарда Туркия президенти Самарқандни зиёрат қилган эди. Туркия Президентининг навбатдаги сафари сўнгги 20 йил давомида Туркия томонидан кузатилаётган дастлабки давлат ташрифи эканлиги билан ҳам аҳамиятли кўрилмоқда. Туркия раҳбарининг бу ўлкага охирги давлат ташрифи 2000-йилда Аҳмет Сезар президентлиги даврида кузатилган.

Ўзбекистонда ҳокимият янгиланиши ортидан, Туркия билан муносабатлар стратегик шериклик даражасига кўтарилиши режалаштирилаётгани хабар қилинмоқда. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев ўтган йилнинг октабр ойида Туркияга қилган давлат ташрифи давомида айтган эди.

“Музокаралар якунида кенг кўламли ҳамкорлигимизни янги, энг катта стратегик босқичга кўтаришга замин яратган қўшма баёнот имзоланди. Бу тарихимизда биринчи марта, шундай йўналиш, шундай замин яратилаётгани”, – деган эди Мирзиёев Туркияга амалга оширган давлат ташрифи давомида.

Эрдўғоннинг Ўзбекистонга сафари давомида томонлар ўртасида икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган 24 та ҳужжатга имзо чекилган. Бу ҳужжатлар сирасида стратегик шериклик ҳақида битим имзоланиши юзасидан гап ё`қ, аммо муносабатларни стратегик ҳамкорликка ҳозирлашга доир ҳукуматлараро комиссия тузилгани маълум қилинмоқда.

Ўзбекистон ва Туркия Президентларнинг оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашуви

Встреча Президентов Узбекистана и Турции с представителями средств массовой информации

Шавкат Мирзиёев – Shavkat Mirziyoyev paylaştı: 30 Nisan 2018 Pazartesi

Ўзбекистон томони Туркияга йирик иқтисодий ҳамкор сифатида қарайди. Каримов вафоти ортидан мамлакатда ҳокимият алмашар экан, Мирзиёев савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантиришни, сармоялар жалб қилинишини истаган дастлабки давлатлардан бири Туркия эди. Ўша пайтда ҳукуматда бўлган Рустам Азимов бошчилигидаги ўзбек делегацияси Истанбулда музокаралар ўтказган, турк бизнесининг Ўзбекистонга шиддат билан қайтиши кутилаётган эди. Аммо бу музокаралар Ўзбекистон ҳукумати кутган даражада турк сармоясини жалб этмади. Туркия Ўзбекистондаги асосий сармоядорлардан бўлишига умид эса ҳали сўнмаган.

2017-йилда ўзаро савдо айланмаси 30 фоизга ортиб, 1, 5 млрд. долларни ташкил этган. Яқин йилларда бу кўрсаткични 5 миллиард долларга етказиш мақсад қилинмоқда, деди Шавкат Мирзиёев учрашувдан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида.

Туркияда яшаётган ўзбек мухолифати етакчиси Муҳаммад Солиҳга кўра, Ўзбекистон Туркияга асосан иқтисодий ҳамкор сифатида қарамоқда? Туркия эса Ўзбекистонни минтақадаги асосий стратегик, сиёсий ҳамкор сифатида кўришни истайди.

“Туркияни биринчи навбатда сиёсий алоқалар ривожи қизиқтиради, чунки Каримовнинг 27 йиллик бошқаруви даврида Туркия Марказий Осиёдан ажратиб қўйилди. Бу Каримовнинг туркий давлатлар муносабтлари ривожига берган энг катта зарбаси, таъбир жоиз бўлса, жинояти эди. Туркия энди мана йўқотилган вақтни, бу даврда бой берилган имкониятларни тиклашни истайди. Бунинг учун, албатта, биринчи навбатда Ўзбекистон билан сиёсий, стратегик алоқалар тўлиқ тикланиши керак”, – дейди Муҳаммад Солиҳ.

Эрдўғоннинг Ўзбекистонга уч кунлик давлат ташрифи Бухоро шаҳрини зиёрат қилиш билан якунланиши кутилмоқда.

Манба: amerikaovozi.com