Сурхондарё: Шўрчи туман ҳокими Алимов Ботир Тўраевич “Озодлик” радиосида чиққан аёл билан аёвсиз олишмоқда…

Сурхондарё: Шўрчи туман ҳокими Алимов Ботир Тўраевич “Озодлик” радиосида чиққан аёл билан аёвсиз олишмоқда…
63 views
01 May 2018 - 21:57

I – қисм

Бу аёл Машъал Паянова.

У 3 нафар фарзандини ёлғиз ўзи катта қилган.

Паянова 22 йилдирки Шўрчи туманининг Хайробод маҳалласида истиқомат қилади.

Айни кунларда Паянованинг боши балолардан чиқмай қолди….

Қахрамонимизнинг бошига қулфат қаредан келди дерсиз?

Халқимиз “Бошидан ўтганнинг қошидан ўтма” дейишади. Яхшиси, бу ҳақда Паянованинг ўзидан эшитганимиз маъқул:

Ҳа, ҳаммаси Шўрчи бозорининг бузилишидан бошланди.

Чопондўзлик билан шуғулланадиган Машъал Паянованинг бозор ичидаги ҳунармандлик дўкон ҳам, 2 қаватли савдо мажмуаси ҳам ўзга дўконлар қатори кунпоя-кун қилинди.

Энг муҳими, қонуний қурилган дўконларга ҳеч қандай компинцасия тўланмади.

3 нафар фарзанидни тарбиялаб вояга етказаётган ёлғиз она яксон бўлган дўконларининг ноқонуний вайрон этилгани хусусида 2017 йилнинг июль ойида “Озодлик” радиоси орқали арз қилди, Президент виртуал қабулхонасига, Бош прокуратурага саноқсиз шикоятлар йўллади…

Тадбиркор аёлнинг “Ҳаққимни беринг, бой ота!” деган ҳақли талабига жавобан Шўрчи ҳамда Сурхондарё вилоят ҳокимлиги Машъал Паяновани таъқиб қилишга тушиб кетди.

Мақсад, яксон этилган дўконларнинг зарарни қопламаслик, тадбиркорнинг овозини батамом ўчиришга уринишдан иборат эди.

Бу ҳаракатни халқона тилда айтгнада маҳаллий ҳокимият томонидан қилинаётган “ҳам ғарлик, ҳам пешгирлик” дейиш мумкин….

Паянова иддао қилаётган босиму таъқиблар нималардан иборат эди?

Машъал Паянова 3 нафар қизи билан 22 йилдирки Хайробод маҳалласидаги қад кўтарганига 70 йил бўлган мана бу 2 қаватли уйлардан бирида истиқомат қилади.

Эслатиб ўтамиз, бу 2 қаватли уйларда иситиш тизими, “санузел”, иссиқ-совуқ сув трубалари йўқ, табиийки, ювиниш учун шароит ҳам мавжуд эмас.

Шу боис ҳам ушбу харобаларда истиқомат қилаётган аҳоли 2 қаватли “дом”ларининг олд қисмидан мана шу тарзда қўлбола ҳожатхона бунёд қилишга мажбур.

Аҳоли ярим тунда ҳожатини равон қилиши учун 2-қаватдан тушиб, ташқарига равона бўлади… Нима қилсин шўрлик халқ? Емаса яшай олмаса, ҳожатга чиқмаса бўлмаса?

Дарвоқе, қурби етганлар “дом”лари қаршисидан мана бунингдек “ҳаммом” ҳам “ихтиро” қилишади. Чунки, кунда ювинмасанг, битлаб кетсанг, нима қилиш керак? Тўрисиям шу-да!

Бир сўз билан айтганда Шўрчи туманидаги Хайробод маҳалласида истиқомта қилаётган аҳолининг яшаш тарзи шу: “Ит ётиш, мирза туриш!”….

Аммо бизнинг қахрамонимиз Машъал Паянова бунингдек ғарибона тақдирга тан бермади.

Паянова, энг аввало, ўзи истиқомат қилаётган 2 қаватли уйнинг ташқи томонини 9 миллион сўмдан ортиқ харажат тортиб таъмирлади.

Қолаверса, Машъал қўни-қўшниларидан фарқли ўлароқ салмоқлигина сармоя сарфлаб ўз уйида ҳавас қилгулик қурилиш қилди: у бунёд қилган ҳаммом, ҳоржатхона қўшниларники каби хароба аҳволда эмас эди…

Маккорликни қарангки, Шўрчи туман ҳоркими Ботир Алимов Президент порталига тинимсиз арз қилаётган Паяновага молиявий зарба бериш истагида унинг обод қилиб қўйган уйини барбод қилишга киришиб кетди.

Айнан ана шундай ғаразли мақсадда Шўрчи туман ҳокимияти фуқаролик судига Паянованинг кадастр ҳужжатларини ҳақиқий эмас деб топиш ва қўшимча иморатларини бузиш тўғрисида даъво ариза билан чиқди. Шўрчи туман ҳокимлигининг асл мақсади Машъал ва уч қизини ҳожатхона, ҳаммомсиз қолдиришдан иборат эди, афтидан…

Шўрчи туман ҳокимлиги киритган даъво аризасига асосан фуқаролик ишлари бўйича Денов туманлараро суди судьяси Мамадиев Шўрчи туман прокурор ўринбосари, терговчилар ҳамда видеотасвирга олувчи операторлар ҳамроҳлигида 2017 йилнинг 13 сентябр куни Машъал Паянованинг уйида сайёр суд ўтказади ва даъвогарлар талабини қисман қаноатлантириш, яъни сиз тасвирда кўриб турган мана бу ҳожатхона ва ҳамммомни мажбурий тарзда бузиш тўғрисида қарор қабул қилади…

Судья Мамадиевнинг мазкур ҳалқ қилув қарори сиз тасвирларда кўриб турган мана бу рисоладагидек ҳожатхона ва ҳамомни атрофдаги қўни-қўшниларники каби ғариб ва харобага айлантириш борасидаги фатвоси эди, аслида…

Шу ўринда қўшимча тарзда яна бир муҳим масалада қарор қабул қилиш судья Мамадиевнинг хаёлидан форомуш бўлган кўринади: Модомики, судья “санузели”, “котёли”, “паравой”лари бўлмаган 2- қаватли хароба “дом” учун 22 йилдирки мол мулк ва ер солиғини мунтазам равшида тўлаб келинаётган Паянованинг ўзи ва болаларига шароит қилиш илинжида барпо қилган ҳожатхона ва ҳаммомини мажбурий тарзда бузиш борасида қарор қабул қилар экан, шу ўринда Машъал ва 3 қизининг оғзини тикиб қўйиш, ҳожатга бориши ва ювинишларини ҳам таъқиқлаш борасида махсус ажрим чиқариб қўйганида нур устига аъло нур бўлур эди…

Бунингдек ноқонуний қарори ортидан судья Мамадиев “Сенга шаҳар андозасидаги ҳаммом, ҳожатхона нимага керак? Мана, қўшниларинг хом ғиштдан қад кўтарган ҳаммому ҳожатхонада ҳожатларини равон қилиб, ўлаётгани йўғ-у?” демоқчи бўлган, афтидан.

Қувончли томони шундаки, кўп ўтмай ҳақ қарор топди.

Фуқаролик ишлари бўйича Сурхондарё вилоят суди аппелация инстанциясининг судлов ҳайъати 2017 йилнинг 19 декабрь куни Паянованинг хонадонида сайёр суд ўтказди ва фуқаролик ишлари бўйича Денов тумналараро судининг судьяси Мамадиевнинг 2017 йлининг 13 сентябрь кундаги ҳал қилув қарорини бутунлай бекор қилиш хусусида ажрим чиқарди.

Кошки энди шу билан Шўрчи туман ҳокими Ботир Тўраевич деганлари тинчиб қўя қолса!

Йўқ, биз кутгандек бўлмади.

Аппелация судининг ажримидан қониқмаган Шўрчи туман ҳокимлиги 2018 йилнинг 15 февраль куни “Озодлик” радиосига интервью берган, Президент порталига шикоят қилган аёлнинг қўшимча иморатини мажбурий тарзда бузиш тўғрисида қарор беришларини сўраб фуқаролик судига такрорий тарзда даъво киритди.

“Йиқилган курашга тўймас” деганлари шу бўлса керак-да!

Мамлакат Президенти Шавкат Мирзиёев олиб бораётган ислоҳатлар шарофати билан судлар маълум маънода мустақли ва адолатли бўлган кўринади.

2018 йилнинг 24 апрель куни фуқаролик суди Шўрчи туман ҳокимлигининг даъва талабларини такрор тарзда рад этди.

Қизиқ-да, Шўрчи туман ҳокими Ботир Тўраевичнинг юмуши борини бузиш, бироқ камчиликларини тўлдириш эмас, афтидан….

Шўрчи туманининг қоқ киндигидаги, Хайробод маҳалласидаги “дом”лар оралиғидаги ўқувчилар юрадиган мана бу кўчанинг ҳолини кўринг… Бу кўлмакдан ўтишлари учун, ўқувчиларга қайиқ керак бўллади, афтидан, шундай эмасми?

Шўрчи туман ҳокими Ботир Тўраевич “Озодлик” радиосига интервью берган Президент порталига арз қилган аёлга босим ўтказгандан кўра, мана бу “ҳовуз” бўлиб кетган кўчага “Титаник” кемасини келтириб қўйса бўларкин, нима дедингиз?…

Ҳа, кўриб турганингиздек, бугунги кунда фуқаро Машъал Паянованинг қўли маҳаллий ҳокимиятдан баланд келиб турибди. Бироқ бу ҳозирча холос…

Гап шундаки, Шўрчи туман ҳокими Ботир Тўраевичнинг таъқиблари шу билан тугаб қолган эмас.

Айтиш мумкинки, суддаги мағлубият Шўрчи туман ҳокими Ботир Алимовни қутиртириб юборди.

Оқибатда ҳокимият томонидан ҳақсизлик хуружи авжга чиқди.

Машъал Паяновага нисбатан қўлланилган босимлар кўлами ҳақидаги ҳикоямизнинг давоми бор…

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА
мустақли журналитс, ҳуқуқ ҳимоячиси