Адвокат нутқи

Адвокат нутқи
25 views
02 May 2018 - 16:04

Тошкент шаҳар судида чоршанба куни бўлиб ўтган томонлар музокарасида давлат айбловчиси Баҳром Қобилов журналист Бобомурод Абдуллаевга 5 йил қамоқ жазоси тайинлаш, қолган уч нафар айбланувчини эса суд залидан озод қилишни сўраган.

Прокурор “Жатва”-“Ўрим” номи берилган давлат тўнтариши режаси ўз исботини топмагани важидан уни айбловдан олиб ташлаган ва Бобомурод Абдуллаевга нисбатан ЖКнинг 159-модда, 4-банди эмас, балки 3-бандини қўллашни сўраган.

Давлат қораловчиси Бобомурод Абдуллаев қамоқ жазосини умумий тартибдаги колонияда ўташи мақсадга мувофиқ эканини айтган.

Суд 4 май, жума куни соат 17:30да ҳукм чиқариши кутилмоқда.

ЎХҲ хабарлар бўлими

* * *

Бобомурод Абдуллаев (Усмон Ҳақназаров) ҳимоясига

Адвокат С.А.Майоров нутқи

Ҳурматли суд.

Суд тергови ниҳоясига етди.

Мен ўз нутқимни Қуръоннинг 4- (Нисо) сураси 58-оятидан бошламоқчиман.

Бу: Албатта, Аллоҳ сизларга омонатларни ўз аҳлига эриштиришни ва агар одамлар орасида ҳукм қилсангиз, адолат ила ҳукм қилишни амр қилади. Аллоҳ сизларга қандай ҳам яхши ваъз қилур! Албатта, Аллоҳ эшитувчи ва кўрувчи зотдир.

Мен судда Исломни тарғиб қилиш билан шуғулланишдан йироқман. Қолаверса, туғилганимда православ ликка чўқинтирилганман, ва бугун ҳам ўзимни шунга тегишли деб ҳисоблайман.

Аммо бошқа динга эътиқод қилиш, менинг Ўзбекистон халқнинг донолигига, айниқса Аллоҳ томонидан Муҳаммад пайғамбарга юборилган доноликка мурожаат қилишимга ҳалақит қилмайди.

Қуръонда айтиладики, энг ёмон гуноҳкорлар пайғамбарни тан олмаганлар эмас, балки ердаги ҳаётлари давомида иккиюзламачи ва ёлғончи бўлганлардир. Энг ёмон гуноҳкорлар бу – ҳақиқатни била туриб уни юзага чиқармасдан, ноқонуний тарзда, иккиюзламачилик билан уни ўзларида сақлаганлардир. Энг ёмон гуноҳкорлар бу – омонатни қабул қилиб, уни эгасига қайтармай, ўзларида олиб қолганлардир.

Савол туғилади, нега мен “ноқонуний” тарзда сақлаш сўзидан фойдаландим. Чунки, ҳақиқат, сўз, маълумот бу – унга эга бўлганларнинг хусусий мулки эмас. Ва шу ерда мен яна ўзбек халқининг қадимий маданиятининг қисқа номга эга бир жиҳатига мурожаат қиламан – ОМОНАТ. Бу сўз араб илдизларига эга ва буюк эҳтимолла бизнинг ерларга Ислом билан кириб келган. Аммо бу сўзнинг маъноси ҳақиқат, маълумот, сўз шахсий мулк эмаслигидан иборатдир. Ва ҳақиқатга эга инсон, омонатга кўра, уни ўзида сақлаши мумкин эмас. У ҳақиқатни халққа етказишга мажбур. Лекин у ҳақиқатни ўзида сақлаб қолса, омонатга ҳиёнат қилса, у ҳолда у инсон Қуръон энг ёмон гуноҳкорлар деб атаган ёлғончи ва иккиюзламачи – мунофиққа айланади.

Ва менинг ҳимоям остидаги Бобомурод Қодирович Абдуллаев, 2003 йилдан буён қилиб келган иши, шу жумладан УСМОН ҲАҚНАЗАРОВ тахаллуси остида, бу – ўзида сақлаб қолиши мумкин  бўлмаган ҳақиқатни халққа, жамоатчиликка, жаҳон жамоатчилигига, аниқ бир давлат амалдорларига етказиш бўлган. У ўз бўйнидаги омонат қонунига асосан иш кўрган.

Айтганча, христиан динига эътиқод қилувчи Америка Қўшма Штатларидаги, Гарвард университетининг юридик факултети биносининг марказий кириши ёнида тошга Қуръондан (“Нисо” (“Аёллар”) сурасининг 135-ояти, адолат ҳақида) келтирилган сура ўйиб ёзилган:

“Эй иймон келтирганлар! Адолат ила туринг ҳамда агар ўзингиз, ота-онангиз ва қариндошларингиз зиддига бўлса ҳам, Аллоҳ учун тўғри шувоҳлик берувчи бўлинг. Агар у бой бўлса ҳам, камбағал бўлса ҳам, Аллоҳ унга яқинроқдир. Ҳақои нафсга эргашиб, адолатсизлик қилманг. Агар тилингизни бурсангиз ёки юз ўгириб кетсангиз, албатта, Аллоҳ нима қилаётганингиздан хабардордир.”

Менинг ҳимоям остидаги Бобомурод Қодирович Абдуллаев, ўзига ишониб берилган нарсани (омонатни) қайтариш, уни мақсадга мувофиқ ишлатиш тушунчасига ва Қуръонда ёзилганидек адолат тушунчасига риоя қилган ва қилиб келмоқда.

Аммо, рус мақолида айтилганидек “кўзни ўювчи” ҳақиқат ҳаммага ҳам ёқмайди.

Афсуски, Усмон Ҳақназаровнинг ҳақиқати кўзларини ўйганларнинг бир қисми, ўзлари эга бўлган ҳокимиятларидан журналист Бобомурод Абдуллаевни жиноятчи қилиб кўрсатиш йўлида ишлатдилар.

Ва мустақил журналист Бобомурод Абдуллаевнинг фаолияти, аслида эса – омонат, асоссиз равишда конституцион тузумни ағдаришга қаратилган фаолият дея малакаланди.

Бу ёлғон. Бобомурод Абдуллаев ҳозирда унга қўйилаётган айбларнинг ҳеч бирини қилмаган.

Бобомурод Абдуллаев оммавий тарзда:

-мавжуд давлат тузумини конституцияга хилоф равишда ўзгартиришга.

-қонуний тарзда сайланган ёки тайинланган давлат вакилларини четлатиш ёки ҳукуматни қўлга олишга.

-Ўзбекистон Республикаси ҳудуди яхлитлигини конституцияга хилоф равишда бузишга.

чақирмаган.

Бобомурод Абдуллаев:

-конституциявий тузумни ағдаришга қаратилган материалларни тайёрламаган, тарқатиш мақсадида сақламаган ва тарқатмаган.

Бобомурод Абдуллаев:

-Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумини ағдариш ёки ҳокимиятни қўлга олиш мақсадида тил бириктиришда

иштирок этмаган.

Аксинча, Бобомурод Абдуллаев, ўз ватанининг ҳақиқий ватанпарвари сифатида, ватанидаги вазиятни яхшилашга уринди. Ҳа, у жамоатчиликдаги етишмовчиликлар ҳақида ёзди. Биринчидан, у жамоатчиликка расмий оммавий ахборот воситаларида умуман гапирилмаган фактлар ҳақида маълумот берган. Иккинчидан, у жамоатчиликка, халққа турли кишиларнинг Ўзбекистонда бўлаётган у ёки бу воқеалар, фактларга нисбатан фикрларини етказган. Менимча, ҳокимиятга янги президентнинг келишига қадар расмий оммавий ахборот воситалари ўз вазифаларини лозим даражада тўлиқ бажараолмаганликларини исботлашга ҳожат йўқ: бизнинг ва жамоатчилигимизнинг ҳаётидаги қатор етишмовчиликлар қисман ёритиларди ёки умуман ёритилмас эди.

Аввал ЖАТВА лойиҳаси ҳақида тўхталиб ўтмоқчиман.

Ушбу “ҳужжат” билан Бобомурод Абдуллаев биринчи маротаба 2018 йилнинг 19 март куни мен билан Ўзбекистон Республикаси МХХ тергов изоляторида учрашган пайтида танишди. Мен жиноят иши материалларидан ЖАТВАнинг нусхасини олдим ва ўша пайтдаги МХХнинг, ҳозирда эса ДХХнинг тергов изоляторига олиб бордим.

Ҳа, биринчи маротаба. Чунки терговчи Н. Мухитдинов Бобомурод Абдуллаевга жиноят ишлари материаллари билан тўлиқ таниш учун имконият бермаган, аммо иш материаллари билан танишганлиги ҳақидаги баённомани имзолашга “кўндирган.

Айтганча, ЖАТВА лойиҳасининг муаллифи Бобомурод Абдуллаев эмаслигини, судда сўроқ қилинган экспертлар ҳам тасдиқлашди.

Терговчиларнинг Бобомурод Абдуллаевнинг ЖАТВА лойиҳасига алоқадорлигини қай тариқа исботлашга уринишлари, улар тарафидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал Кодексини қўпол равишда бузганликлари ҳақида гувоҳлик беради.

МХХ ходими, Бобомурод Абдуллаев уйидан ва ўзидан маълумот ташувчиларни олиб қўйиб, уларнинг олиб қўйилганини тегишли равишда расмийлаштирмаган: олиб қўйилган ашёлар муҳрланмаган. Кейинчалик текшириш жараёнида, гўёки ЖАТВА лойиҳаси сақланган D-33193 сонли флеш картани (кейинчалик матнда – D-33193 сонли флеш карта) 29.09.2017 йилда конвоирлар шунчаки терговчи Веселов А.А.га беришган (Веселовнинг ўзи судда шундай деди). 02616-сонли ҳарбий қисмда Бобомурод Абдуллаевдан олиб қўйилган ашёлар унинг ва холисларнинг иштирокисиз тадқиқ қилинган. Терговчилар ЖАТВА лойиҳаси билан чалкашиб кетишган, кўплаб процессуал қонунбузарликларга йўл қўйишган, натижада мантиқсизлик ҳамда сабаб-оқибат алоқаси йўқлигидан фош бўлишди. Мен, суд мажлисларида муҳокама мавзусига айланган вазиятларни эслатиб ўтаман.

Бобомурод Абдуллаевдан олиб қўйилган D-33193 сонли флеш карта билан боғлиқ ҳолатлар хронологияси шундай.

-терговчилар версиясига кўра 2017 йилнинг 26 сентябр куни Бобомурод Абдуллаев ўз хоҳиши билан МХХга келган ва ихтиёрий равишда ўзининг Усмон Ҳақназаров тахаллуси остида ёзилган мақолалар муаллифи эканлигини, ҳамда Муҳаммад Солиҳнинг топшириғи билан ёзилган ЖАТВА лойиҳаси муаллифи ҳам ўзи эканлигини айтиб берган. ЖАТВА лойиҳаси ҳақидаги тушунтириш хатида у шундай деган:

“Бундан ташқари, мен Муҳаммад Солиҳнинг буюртмаси билан, Ислом Каримов ҳокимиятини қуролли ағдаришни ва Ўзбекистонда “рангли” революцияни амалга оширишни кўзда тутувчи “Жатва” лойиҳасини ёздим.”

26.09.2017 йилги тушунтириш хатида Бобомурод Абдуллаев ЖАТВА ҳақида айтган бор-йўқ гап шу.

Кейин, терговчи версияси бўйича, Бобомурод Абдуллаев бемалол МХХни тарк этган ва ўз уйига кетган. Кейинчалик, 2017 йилнинг 29 сентябр куни 9708-сонли жиноят иши қўзғатилган. Судда сўроқ қилинган терговчилар Мухитдинов ва Веселовларнинг айтишича, шу куниёқ терговчининг ажрими билан Бобомурод Абдуллаев ўз хонадони жойлашган уй олдида қўлга олинган, ва шу куниёқ шахсий тинтув пайтида ундан D-33193 сонли флеш карта олиб қўйилган. Иш материалларида 29.09.2017 йилги Бобомурод Абдуллаевдан МХХ конвоирлари томонидан ашёларни, шу жумладан қандайдир флеш карта олиб қўйилганлиги ҳақидаги баённома мавжуд. Ашёларни олиб қўйиш холислар иштирокисиз ва олиб қўйилган ашёларни муҳрлашларсиз амалга оширилган. Фақатгина 30.09.2017 йили, эрталаб, Бобомурод Абдуллаев терговчи Веселов томонидан биринчи марта сўроқ қилинган.

Бу сафар ЖАТВА лойиҳаси ҳақида батафсил баён қилинган:

-ЖАТВА лойиҳаси Муҳаммад Солиҳнинг топшириғи билан тузилган. Муҳаммад Солиҳ томонидан кўрсатма таҳминан 2015-2016 йилларда берилган.

-ЖАТВА лойиҳаси Каримов ҳокимиятини рангли революциялар қоидаси бўйича ағдаришни кўзда тутган, ҳамда унга кўра президент қароргоҳини, амалдор шахслар ва баъзи давлат обектларини қўлга олиш мўлжалланган.

Энди эса, терговчи Мухитдинов томонидан тайёрланган ва терговчи Тўрақулов томонидан имзоланган 30.09.2017 йилги, 02616-ҳарбий қисмга алоҳида топшириқда ЖАТВА лойиҳаси қандай таърифланганлигини кўриб чиқайлик. У ерда, ЖАТВА лойиҳаси конституциявий тузумнинг, вилоят марказларида (Тошкент, Навоий, Урганч, Фарғона) ҳарбий амалиётларни амалга ошириб, уч босқичда куч билан ағдарилиши кўзда тутилганлиги айтилган. Лойиҳага алоҳида вазирликлар ва органлар раҳбарлари, қўлга олиниши керак бўлган маълум сондаги шахслар яшайдиган ерлар схемаси ва суратлари, ҳамда жиноий мақсадни амалга ошириш учун керак бўладиган ҳаражатлар ҳисоб-китоби илова қилинган. Яъни, Бобомурод Абдуллаев на тушунтириш хатида ва на тергов пайтида айтмаган кўплаб маълумотлар мавжуд. Судда терговчилар Веселов ва Мухитдиновлар, ёлғон кўрсатма бериш жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирилганликларига қарамай, ЖАТВА лойиҳасини нафақат 2017 йилнинг 30 сентябр куни, балки бутун дастлабки тергов жараёнида ҳам ўқимаганликларини таъкидлашди. Қандай қилиб ЖАТВА лойиҳасини ўқимай туриб, ушбу лойиҳа юзасидан тергов олиб бориш мумкин, бу жиноят ишлари билан шуғулланувчи ҳар бир юристга тушунарсиз ҳолатдир. Алоҳида топшириқ матнининг охирида Алоҳида топшириқ ҳақида маълумот берилган, унга кўра Алоҳида топшириқ муаллифи сифатида терговчи Мухитдинов кўрсатилган. (1-жилд, 112 бетнинг орқа тарафи)

Таъкидлаб ўтилган зиддиятларга, 25.04.2018 йили судга берилган, D-33193 сонли флеш картадан олинган ЖАТВА лойиҳасини ишончсиз ва қўллаш мумкин бўлмаган далил деб топиш ҳаидаги адвокат илтимосномаси билан суднинг эътибори қаратилган эди. Суд илтимосномани рад қилди. Аммо жаноб давлат қораловчиси – Б. Қобилов ўзининг адвокат илтимосномасига эътирозида бу зиддиятни бартараф қилувчи тушунтириш берди: прокурор Б.Қобилов, терговчи ашёни (флеш картани) тадқиқ учун юборишдан аввал одатда унинг ичидагиларни кўздан кечиришини тушунтирди. Шунинг учун терговчи, флеш карта ичидагилар билан танишгач, Алоҳида топшириқда, флеш картани очиш натижасида унга аён бўлган маълумотларни кўрсатган. Бу айнан, ҳимоя тарафи суд тергов жараёни пайтида исботлаган нарсадир. Яъни, тергов органи D-33193  сонли флеш картага ўзига керакли бўлган ҳар қандай файлни, ўзларининг версияларига мос келувчи исталган сана билан яратиб, ёзиб қўйиш имконига эга бўлган. Ва шуни қилган ҳам. Эслатиб ўтаман, 02616-ҳарбий қисм D-33193  сонли флеш картани терговчиларга 16.10.2017 йилги 1/25-сонли маълумотнома билан биргаликда фақатгина 19.10.2017 йилда қатарган (2-жилд, 8-бет). Аммо жиноят ишлари материалларида ЖАТВА лойиҳасининг чоп этилган матнининг пайдо бўлгани борасида қандайдир тушунтириш бериш мақсадида Н.Мухитдинов фирибгарликка қўл урган: Мухитдинов кўздан кечириш баённомасини тўқиб ёзади, уни 2017 йилнинг 4 октябри билан қайд қилади ва шу вақтдан бошлаб тергов органи расман ЖАТВА лойиҳаси текстига эга деб ҳисобланади. Келинг ушбу кўздан кечириш баённомасига кўз ташлайлик. Кўздан кечириш баённомаси қоғозга санаси ёзилмаган ҳолда ва холислар ҳақида маълумотлар киритилмасдан чоп қилинган. Кейин “қўлдан” “04” (октябр) санаси ва иккита холис ҳақидаги маълумотлар: Жумаев Умарбек ва Эгамбердиев Бекзод, қўшиб ёзилган. Айтганча, холис Жумаев Умарбек, уни судда сўроқ қилишган пайтда ушбу баённома борасида аниқ бир маълумотни эслашга ҳам маваффақ бўлолмади. ЖПКнинг 92-моддасига асосан, баённомага қўшимча тарзда ёзилган сўзлар ёки бошқа тузатишлар киритилганлиги ҳақида баённома охирида имзолардан  олдин изоҳ берилиши таъкидланган. Ушбу баённоманинг охирида бундай изоҳ борми? Йўқ. Шу сабабли, 04.10.2017 йилги ушбу баённома далил бўлаолмайди, аниқроғи бу ишончсиз далилдир. Бу соҳта ва қўллаш мумкин бўлмаган далилдир. Бу ҳақда ЖПКнинг 95-1-моддасида очиқ-ойдин кўрсатиб қўйилган. (ушбу моддани ЖПКга киритиш ҳақидаги Қонун Президент томонидан 04.04.2018 йилда имзоланган.)

Демак, D-33193 сонли флеш картадаги «JTV-polniy» файли ушбу флеш картага Бобомурод Абдуллаев томонидан эмас, балки бошқа бир шахс томонидан ёзилганлиги ҳақидаги ҳимоя тарафининг тахмини ва Бобомурод Абдуллаевнинг таъкидлаши жиддий асосларга эга ва Б.Абдуллаевнинг ушбу ЖАТВА лойиҳасига алоқаси йўқлигини исботлайди.

Келинг, ЖАТВА лойиҳаси матнига кўз ташлайлик. КИРИШ бўлимида, лойиҳани амалга ошириш 2014 йилнинг 1 сентябридан бошланган муддатга режалаштирилганлиги кўрсатилган. У ҳолда, лойиҳани тузиш кўп вақт олишини ҳисобга олган ҳолда, лойиҳанинг 2014 йилнинг сентябри ойидан анча аввал тузилганини тахмин қилиш мантиққа тўғри келарди. Аммо, негадир терговда Бобомурод Абдуллаев, унга лойиҳани тайёрлаш 2015 ёки 2016 йилда топширилганлигини айтаяпти. Бобомурод Абдуллаевга расман эълон қилинган айбловда эса, Муҳаммад Солиҳ Бобомурод Абдуллаевга ЖАТВА лойиҳасини 2015 йилда “диктоват” қилиб турган, деб аниқ сана кўрсатилган. Балки терговчилар ЖАТВА лойиҳасини ростдан ҳам ўқишмагандир? Тергов органи ЖАТВА лойиҳасини яратилиш вақти ва усулидаги зиддиятларни бартараф қилмаган: лойиҳа Муҳаммад Солиҳнинг “диктовка”си билан ёзилганми ёки Бобомурод Абдуллаевнинг шахсий фантазияси маҳсулими.

Мана, Б.Абдуллаевнинг айтишича унга терговчи томонидан айтиб туриб ёздирилган кўрсатмаси:

Жиноят иши материалларида (1-жилд, 144-бет.) 33193-сонли флеш карта ичидагиларни кўздан кечириш натижаси сифатида, «JTV-polniy» файлидан қоғозга чоп этилган ЖАТВА лойиҳаси матни келтирилган. Шу тарзда, жиноят иши материалларини тузган терговчилар мантиғига кўра, ЖАТВА лойиҳаси матни тергов органига фақатгина 04.10.2017 йилда маълум бўлган. Лекин жиноят иши ҳужжатлари хронологиясига кўра ЖАТВА лойиҳаси ҳақида “биринчи маротаба” тезкор ходим Т.Якубовга Бобомурод Абдуллаевнинг, гўёки у Якубовга 26.09.2017 йилда берган ёзма тушунтириш хатидан маълум бўлган. Аммо, Б.Абдуллаевнинг 26.09.2017 йилги тушунтириш хатида ЖАТВА лойиҳаси ҳақида МХХ ходимларининг айтиб турган гапларини, яъни фақатгина ЖАТВА лойиҳасининг мавжудлигини, ва унинг Муҳаммад Солиҳнинг топшириғи билан ёзилганлигини ёзган, бу ҳақда мен юқорида таъкидлаб ўтдим.

Бу эса, МХХ ходимларининг Б.Абдуллаев иштирокисиз 33193-сонли флеш картага ҳар қандай маълумотни ёзиш имконига эга бўлганликларини англатади, шу жумладан қуйидаги кўрсаткичларга эга бўлган ЖАТВА лойиҳаси файлини ҳам:

Опция: «Создан» 20.09.2014

Опция: «Изменен» 20.09.2014

Опция: «Открыт» 04.10.2017.

Эътиборингизни 02616-ҳарбий қисмнинг 16.10.2017 йилги Маълумотномасига кўра «JTV-polniy» файли ташиш мумкин бўлган қаттиқ дискка кўчириб ёзилганлигига қаратаман. Аммо бу ташувчидаги айни «JTV-polniy» файли энди бошқа кўрсаткичларга эга:

Опция: «Создан» 14.04.2017

Опция: «Изменен» 06.04.2017

Опция: «Открыт» 14.10.2017.

Бу қандай бўлиши мумкин? Судда Компютер технологиялари бўйича мутахассис Оқназаровнинг берган кўрсатмасига кўра: файлнинг «Изменен» кўрсаткичи бошқа магнитли ташувчига кўчирилганда ўзгармасдан қолиши керак. Демак, қаттиқ дискдаги файлнинг «Изменен» кўрсаткичи 20.09.2014 йил бўлиши лозим. Лекин, у ердаги кўрсаткич бошқа санага эга – 06.04.2017. Хулоса: қаттиқ дискка D-33193-сонли флеш картадан олинган эмас,  бошқа номаълум ташувчидан олинган «JTV-polniy» файли кўчирилган. Бу нарса қандай процессуал муҳим хулосаларга олиб келиши керак, дейсизми? Мана бундай: D-33193-сонли флеш картада «JTV-polniy» файлининг пайдо бўлиши, ушбу файлнинг Б.Абдуллаев томонидан ёзилганлигига далил сифатида қабул қилинмаслиги ва шунга мос равишда бу ҳолатда у томонидан жиноят содир қилинган дея қаралмаслиги керак.

Ва яна. Терговчиларнинг версиясига кўра жиноят иши қўзғатилгунга қадар ЖАТВА лойиҳаси мавжудлиги ҳақида фақатгина Бобомурод Абдуллаев ва Муҳаммад Солиҳга аён бўлган. Муҳаммад Солиҳ борасида терговчиларда далиллар йўқ. Муҳаммад Солиҳнинг ўзи ЖАТВА лойиҳасига алоқадорлигини рад қилмоқда. Келинг бир фантастик фикрни тасаввур қилиб қўрайлик: Бобомурод Абдуллаев ЖАТВА лойиҳасини ёзди. У ҳолда савол туғилади: Ўзбекистонда компютер файлида баён қилинган фикр ёки фикрлар учун жавобгарлик борми? Бундай жавобгарлик йўқ. Айтганча, терговчилар ҳали ҳам аниқлик киритаолишмади: Б.Абдуллаев ЖАТВАни Муҳаммад Солиҳ топшириғи билан ёздими ёки унинг «диктовка»си остида ёздими. Бу борада терговчиларда, қийноқлар остида олинган Б.Абдуллаевнинг кўрсатмаларидан бошқа ҳеч нарса йўқ. Терговчилар 29.09.2017 йилга қадар ЖАТВА лойиҳаси билан таниш бўлган битта ҳам одамни топаолмадилар.

20-асрнинг буюк фантасти Ж.Оруэл 1949 йилги ўзининг «1984» номли фантастик романида, давлат ўз фуқароларини уларнинг бошларига келган фикрлари учун маҳкамага тортиши ва озодликдан маҳрум қилиш мумкинлиги ҳолатини таърифлаган. Ж.Оруэл бу ҳақда ёзган ва инсониятни шу тарзда эркин фикрлашни йўқ қилиш сценарийси ҳақида огоҳлантирган. Наҳотки, Ж.Оруэл Ўзбекистон учун ҳақиқатни айтган бўлса? Йўқ, деб умид қиламан. Ишонаман-ки йўқ.

Ўрта асрларда бошқа тарихий шахс ҳам бўлган: Томаззо Кампанелла. У «Қуёш шаҳри» утопик рисоласини ёзган ва унда янги давлат тузумини таърифлаган. Ҳокимиятга бу лойиҳа ёқмаган. Томаззо Кампанелла бир неча ўн йилни қамоқда ўтказган. Аммо биз ўрта асрда яшамаяпмиз-ку!

Бобомурод Абдуллаевнинг айбсиз эканлиги асосларини судга тушунтириш учун шунча кўп вақт йўқотганим, менинг ўзимга, маъжозий маънодаайтганда «Очиқ эшикка уриб кириш» ҳолатини эслатмоқда. Б.Абдуллаевга эълон қилинган айблов шу даражада абсурд, шу даражада исботсиз ва шу даражада уюштирилгандир.

Аммо, афсуски, суд бир неча маротаба адвокатнинг «JTV-polniy» файли билан боғлиқ ҳужжатларни, «JTV-polniy» файли мавжуд бўлган 33193-сонли флеш картани қўллаш мумкин бўлмаган далил, деб топиш ҳақидаги илтимосномаларини рад қилди. Суд ўзининг ЖПКнинг 95-1-моддасида кўрсатилган, далилни қўллаш мумкин эмас деб топиш ҳақидаги  ҳуқуқидан фойдаланмади ва суд жараёни давомида ЖАТВА лойиҳаси масаласида нуқта қўймади.

Энди, терговчилар Б.Абдуллаев айбини исботлашга урунган иккинчи мавзуга тўхталиб ўтаман. Бу, ЎХҲ веб-саҳифасида Усмон Ҳақназаров тахаллуси остида эълон қилинган 142 та интернет мақолалари.

1.Ўша, гўёки 28.09.2017 йилда интернет кафедан тезкор ходим Т. Якубов топган 142 та интернет мақолалар, соҳта бўлиб чиқди. Эслатиб ўтаман, Т.Якубовнинг “топилмаси”га 28.09.2017 йилдан кейин ёзилган 9 та мақола киритилган.

2.2017 йилнинг 14 октябр куни терговчи Веселов ўз ҳамкасби Якубовнинг “жасорат”ини қайтариб, у ҳам ЎХҲ веб саҳифасида эълон қилинган Усмон Ҳақназаров тахаллуси остидаги ўша 142 та мақолаларни “топди”. Аммо яна соҳта: топилган мақолалардан бирининг санаси 2017 йилнинг 18 октябри билан қайд қилинган.

3.Суд ЖПКнинг 95-1-моддасини қўлламади ва 28.09.2017 ва 14.10.2017 йилги ЎХҲ веб-саҳифасида Усмон Ҳақназаров тахаллуси остида эълон қилинган интернет мақолаларини кўздан кечириш баённомаларини қўллаш мумкин бўлмаган далиллар деб тан олмади. Суд 2017 йилнинг 15 октябрида, қандай қилиб у 14.10.2017 йилда интернетда фақатгина 18.10.2017 йилда пайдо бўлган мақолани кўчириб олгани ҳақида гувоҳ сифатида сўроқ қилинган К.Сайдалиевнинг тергов баённомасини қўллаш мумкин бўлмаган далил деб тан олмади. Аммо суд Якубов ва Веселов томонидан амалга оширилган сохтакорликларнинг оқибатини тузатди: суд маҳкама жараёнларида, ЖПКга риоя қилган ҳолда ЎХҲ веб-саҳифаси (архиви) да Усмон Ҳақназаров тахаллуси остида эълонқилинган 142 та мақолани интернетдан кўчириб олди. Ва айнан шуларга кўра суд тергов органи хатоларини тузатди, мақолаларнинг муаллифини ва уларда конституцион тузумни ағдаришга чақириқлар мавжудлигини аниқлаштириш учун экспертиза тайинлади.

4.Эксперт хулосаларида асосан, улар дастлабки тергов жараёнида сохта материаллар асосида қилган хулосалари қайтарилган. Биз бу хулосаларга қўшилмадик ва бу ҳақда суд жараёни давомида баён қилдик. Келинг шу хулосаларни таҳлил қилиб кўрайлик.

5.3852/24-сонли суд филологик (муаллифлик) экспертизасида эксперт О.Е.Питиримова Усмон Ҳақназаров тахаллуси остида ёзилган рус тилидаги 66 та мақола Бобомурод Абдуллаев томонидан Муҳаммад Солиҳ билан биргаликда ёзилганлигини таъкидлади. Шу жумладан, Усмон Ҳақназаров учинчи шахс сифатида эслатиб ўтган мақолаларда ҳам. Булар: «Узбекская беженка подтвердила факты У.Хакназарова», «АПОЛОГИЯ У.Х. или что пишут сегодня…», «АПОЛОГИЯ У.Х. или что писали 10 лет назад…», «Прогнозы политолога Усмана Хакназарова подтверждаются», «Последняя статья Усмана Хакназарова в народном обсуждении», «Сенсация: узбекские сайты опубликовали одну из последних статей Усмана Хакназарова!».

66 та мақоланинг муаллифлигини исботлашда эксперт Питиримова асосий аргументи сифатида, тадқиқ қилинган матнлардаги стилистик, граматик ва синтактик хатолар ўхшашлиги кўрсатилган. Бироқ айни пайтда О.Е.Питиримова бу ўхшашликни шундай тушунтиради: Б.Абдуллаев ва Муҳаммад Солиҳ учун рус тили она тили эмас. Аммо рус тили, ўзбек тили билан биргаликда рус тилини ҳам биладиган ва рус тилида ёзадиган ўзбекларнинг мутлоқ кўпчилигининг она тили эмас. Шу сабабдан тадқиқ қилинаётган матнларни айни хатолар билан ёзиши мумкин бўлган ўзбеклар доираси жуда катта. Аммо эксперт тақдим қилинган 66 матннинг муаллифлари айнан Бобомурод Абдуллаев ва Муҳаммад Солиҳ, дея асоссиз, тушунарси ва хато хулоса қилмоқда. Мен О.Е.Питиримовага савол бердим: Ушбу мақолаларнинг (биргаликда ёзилган) қайси қисмини Б.Абдуллаев ёзган ва қайси қисмини Муҳаммад Солиҳ ёзган? О.Питиримованинг жавоби: Экспертиза тарафидан, экспертизага тақдим қилинган мақолалардан 66 таси биргаликда, Абдуллаев ва Солиҳ томонидан ёзилгани аниқланди. Ҳар бир мақола бўйича, қайси қисмини Абдуллаев ёзганлигин ва қайси қисмини Солиҳ ёзганлигини аниқлашнинг имкони йўқ. Менинг саволим: Ҳокимиятни куч билан ағдаришга чақириқ ва/ёки фикрларни ўз ичига олувчи абзацлар Абдуллаев томонидан ёзилганини тасдиқлай оласизми? О.Питиримова жавоби: Йўқ, мен буни тасдиқлай олмайман. Экспертиза томонидан ушбу мақолаларнинг биргаликда ёзилгани  аниқланди, бироқ айнан қайси абзацлар ушбу муаллифлардан – Абдуллаев ёки М.Солиҳ нинг қай бири тарафидан ёзилганини аниқлаш мумкин эмас.

Кейин мен риторик савол бердим: АГАРДА УШБУ МАҚОЛАЛАРНИНГ ҚАЙСИ ҚИСМИНИ СОЛИҲ ВА ҚАЙСИ ҚИСМИНИ АБДУЛЛАЕВ ЁЗГАНИНИ АНИҚЛАШ МУМКИН БЎЛМАСА, У ҲОЛДА ҚАНДАЙ ҚИЛИБ МАҚОЛАЛАРНИ СОЛИҲ ВА АБДУЛЛАЕВ БИРГАЛИКДА ЁЗИШГАНИНИ АНИҚЛАШ МУМКИН?

Ўз-ўзимга жавоб бераман: БУ АБСУРД-КУ!

Суддан ушбу саволни ўзларига бериб кўришни сўрайман.

Судда қилинган сўроқ пайтида О.Питиримова, тадқиқ қилинган 66 мақоланинг қайси қисми, жумла ва абзацларини Б.Абдуллаев ёзгани ва қайсиларини Муҳаммад Солиҳ ёзганини аниқлаш ИМКОНСИЗ эканлигини тан олди.

6.3850/23-сонли суд политологик-лингвистик экспертизаси хулосасида экспертлар О.Е.Питиримова ваН.У. Ғуломовалар, Усмон Ҳақназаров тахаллуси остидаги еттита мақолада мавжуд тузумни конституцияга хилоф равишда ўзгартиришга, ҳокимиятни босиб олишга, ҳокимият вакилларини ҳукуматдан четлатишга ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудий яхлитлигини бузишга қаратилган фикрлар мавжудлигини таъкидлашган. Экспертлар Усмон Ҳақназаров тахаллуси остида ёзилган еттита мақоланинг айнан қайси абзацларида ушбу фикрлар белгилари борлигига аниқлик киритишди. Судда О.Е.Питиримовага, Б.Абдуллаев юқорида таъкидлиаб ўтилган фикрларни ўз ичига олган абзацлар муаллифими, деган савол берилди. О.Питиримованинг жавоби шундай бўлди: йўқ, у буни тасдиқлай олмайди. О.Питиримова, мавжуд тузумни конституцияга хилоф равишда ўзгартиришга, ҳокимиятни босиб олишга, ҳокимият вакилларини ҳукуматдан четлатишга ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудий яхлитлигини бузишга қаратилган фикрларни ўз ичига олган бошқа барча абзацлар бўйича ҳам худди шундай жавоб берди.

7.Экспертлар О.Е.Питиримова ва Н.У.Ғуломованинг таъкидлашича Усмон Ҳақназаров тахаллуси остидаги (еттитадан) тўртта мақолада ноқонуний қуролли тузилмалар тузишни ва мавжуд тузумни конституцияга хилоф равишда ўзгартиришга, ҳокимиятни босиб олишга, ҳокимият вакилларини ҳукуматдан четлатишга ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудий яхлитлигини бузишга қаратилган оммавий тартибсизликларни уюштиришни тарғиб қилади. Экспертлар Усмон Ҳақназаров тахаллуси остида ёзилган тўртта мақоланинг айнан қайси абзацларида ушбу фикрлар белгилари борлигига аниқлик киритишган. Судда О.Е.Питиримовага, Б.Абдуллаев юқорида таъкидлиаб ўтилган тарғиботларни ўз ичига олган абзацлар муаллифими, деган савол берилди. О.Питиримованинг жавоби шундай бўлди: йўқ, у буни тасдиқлай олмайди. О.Питиримова, ноқонуний қуролли тузилмалар тузишни ва оммавий тартибсизликларни уюштиришни тарғиб қилувчи фикрларни ўз ичига олган бошқа барча абзацлар бўйича ҳам худди шундай жавоб берди.

8.Эслатиб ўтаман, Б.Абдуллаев ўз кўрсатмаларида ўзининг қайси мақолалр муаллифи эканлигини батафсил кўрсатган. Экспертлар жиноий таркибни “топган” Усмон Ҳақназаров тахаллуси остидаги мақолалардан фақатгина баттаси бўйича ўз муаллифлигини тан олди. Ва ушбу мақолада экспертлар жиноий таркибга эга деб кўрсатган абзацлар унга тегишли эмаслигини айтди. Бу – «Каримов и США готовят для узбекистанцев «ЖАРУ-2013» номли мақола.

Усмон Ҳақназаров тахаллуси остида ёзилган ўзбек тилидаги матнлар бўйича ўтказилган экспертизаларга қисқа тўхталиб ўтаман. Булар 3851/23-сонли (лингвистик-политологик) ва 3853/24-сонли (филологик-муаллифлик) экспертизалар. Хулосалар, Усмон Ҳақназаров тахаллуси остидаги русча матнлар экспертизаси хулосалари билан ўхшаш. Аммо фарқлар ҳам бор. Бу сафар эксперт Н.А.Солиева ўзбек тилидаги 66 та мақолаларнинг барчасини Бобомурод Абдуллаевнинг ўзи, Муҳамад Солиҳ иштирокисиз, ёзганини таъкидлаган.

Сиз буни қандай тасаввур қиласиз? Б.Абдуллаев судга ўзи муаллифи бўлган мақолаларни эълон қилиш механизмини жуда ҳам батафсил таърифлаб берди. Б.Абдуллаев нима деганини эслатиб ўтаман. Одатда, мақолаларни ёзиш бир ўтиришда амалга оширилган. Яъни, мақолани ёзгач Б.Абдуллаев дарров электрон почта орқали уни эълон қилишга тайёрлаш учун муҳаррирга юборган. Файлни юборгандан кейин Б.Абдуллаев уни ўз компютеридан ўчириб ташлаган. Сиз бундай конспирация шароитида Б.Абдуллаевнинг ўз мақолаларини ўзбекчага таржима қилишга вақт кетқазиб ўтиришини тасаввур қилаоласизми? Албатта, йўқ. Б.Абдуллаев ўз мақолаларини фақат рус тилида ёзиб жўнатганлиги, шунингдек Муҳаммад Солиҳ берган маълумотлардан ҳам маълум. Лекин суд уни интерактив режимда сўроқ қилишга ҳожат йўқ деб топди. Тасаввур қилайлик, Усмон Ҳақназаров мақолалари инглиз тилида эълон қилинган, Б.Абдуллаев эса инглиз тилини билади. У ҳолда, экспертнинг мантиғига риоя қиладиган бўлсак Б.Абдуллаев ким томонидандир инглиз тилига таржима қилинган мақолалар билан ҳокимиятни қўлга олиш ёки Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумини ағдаришга тил бириктирганликда қатнашган бўлади.

Б.Абдуллаев 2003 йидан буён конспирация қоидаларига риоя қилган, яъни Усмон Ҳақназаров тахаллуси остида мақолалар ёза бошлаган вақтдан буён. Ҳаттоки унга яқин одамлар ҳам Усмон Ҳақназаровнинг ҳақиқий исми Бобомурод Абдуллаев эканлигини билишмаган. Буни 2017 йилнинг ёзи охиригача Салаев ва Оллоёровлар ҳам билишмаган. Буни 2017 йилнинг октябрида ҳибсга олинмагунча Насриддинов ҳам билмаган.

Ва, фош қилиниш хавфи борлигини билган одам, ЖАТВА лойиҳаси файли ёзилган флеш картани ўзи билан олиб юрадими? Албатта, йўқ. ЖАТВА лойиҳаси бу – махсус хизматлар фантазияси махсули, ЖАТВА лойиҳасининг ташувчига ёзиб қўйилиши эса бу – ўта оғир жиноят иши бўйича жиноят иши далилларинини (ЖК 230-1-модда) соҳталаштиришдир.

Аммо сиз бунга ишонмасангиз, у ҳолда юқорида айтиб ўтилганлар, ҳеч бўлмаганда, Б.Абдуллаевнинг муаллифлиги борасида шубҳа туғдирмоғи лозим.

Суд экспертизалари хулосаларини таҳлил қилар эканман, яна ЖАТВА лойиҳаси масаласига қайтишга мажбурман.

Эслатиб ўтаман, ушбу матн бўйича иш материалларида фақатгина битта, ЖАТВА лойиҳасида мавжуд давлат тузумини конституцияга хилоф равишда ўзгартиришга қаратилган 18.12.2017 йилги 1042/23-сонли  хулоса мавжуд.

Эслатиб ўтман, ушбу экспертиза ЖПК ва “Суд экспертизаси тўғриси” ги қонунни қўпол равишда бузган ҳолатда ўтказилган:

-экспертлардан экспертиза бошланишидан олдин билиб туриб ёлғон хулоса бериш учун жавобгарликка тортилиши мумкинлиги тўғрисида тилхат ёздириб олинмаган

-экспертларга тадқиқ учун берилган материалларнинг келиб чиқиш манбаси ноаниқ қолган

-терговчининг экспертиза тайинлаш ҳақидаги 19.10.2017 йилги ажрими иш материалларида йўқ.

Суд менинг 18.12.2017 йилги 1024/23-сонли эксперт хулосасини қўллаш мумкин бўлмаган далил деб топиш ҳақидаги илтимосномамни рад қилган бўлсада, ЖПКнинг 95-1-моддасида суднинг қарор қабул қилиш жараёнида ушбу ҳужжатга риоя қилмаслиги лозимлиги кўрсатилган. Ўйлайманки, суд худди шундай қилади ҳам.

Б.Абдуллаевга қарши жиноят ишининг «тайёрловчилари» ҳақида махсус тўхталиб ўтмоқчиман. Бу Нодир Тўрақулов. У лавозимини суистеъмол қилиш ва лавозимидан фойдаланган ҳолда амалга оширилган жиноятлари учун ҳибсга олинган. Айни шу сабабдан ҳам унинг ушбу жиноят иши бўйича тузган ва имзолаган ҳужжатлари ўзининг тозалиги ва холислигига шубҳа уйғотади. Жиноят ишининг қолган учта тузувчиси: Веселов, Мухитдинов ва Якубовлар сохта ҳужжатлар тузганликлари ва судда ёлғон кўрсатмалар берганликлари билан ўзларини бутунлай обрўсизлантирдилар.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят Процессуал Кодексининг 23-моддасида, Айбдорликка оид барча шубҳалар, башарти уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши лозим. Қонун қўлланилаётганда келиб чиқадиган шубҳалар ҳам гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши керак.

Шубҳалар эса жуда кўп йиғилиб қолди:

-Б.Абдуллаев аслида қачон қўлга олинган. 2017 йилнинг 27 сентябридами ёки 29 сентябрида.

-Нега ЖАТВА лойиҳаси ичида бўлган «JTV-polniy» файли турли саналарга эга: бир ташувчида 20.09.2014, иккинчисида эса 06.04.2017.

– Нега D-33193-сонли флеш картада қайта тикланган ЖАТВА лойиҳаси файлларидан из ҳам қолмаган.

-Нега қора рангли флеш картани (D-33193-сонли бўлса керак) Б.Абдуллаевдан конвоирлар олиб қўйишган МХХ тезкор ходимлари эмас.

-Нега Мухитдинов 30.09.2017 йилги,ЖАТВА лойиҳасини ўқимай туриб ЖАТВА лойиҳасини батафсил таърифлаган Алоҳида топшириқни тузган.

-Нега Б.Абдуллаев ЖАТВА лойиҳаси матни бўйича унинг келиб чиқиш вақти ҳақида сўроққа тутилмаган Ваҳолангки ЖАТВА лойиҳасини амалга ошириш 2014 йилнинг 1 сентябрига мўлжалланган, уни ёзган вақти эса гўёки 2015 йил ёки 2016 йилга тўғри келмоқда.

-Нега тергов органи 2017 йилнинг сентябр ойига қадар ЖАТВА лойиҳаси мавжудлиги ҳақида хабари бўлган битта ҳам одам топа олмаган.

-Нега ЖАТВА лойиҳасини амалга ошириши керак бўлган шахслар аниқланмаган: жанговорлар, функционерлар, идеологлар.

-Нега ЖАТВА лойиҳасининг амалга оширилиши учун алоқа тизими, инфраструктураси аниқланмаган.

-Нега дастлабки тергов жараёни расман 2017 йилнинг 27 декбрида тугатилганига қарамасдан, тергов 2017 йилнинг 27 декбридан кейин ҳам давом этган

-Нега 2017 йилнинг 26 декбр куни Б.Абдуллаев адвокат С.Майоровнинг ҳимоясидан “воз кечганида”, унга ЖПКга асосан берилган ҳуқуқига кўра, адвокат билан яккама-якка учрашувга рухсат берилмади.

-Нега иш материалларида магнитли ташувчиларни, икки маротаба Тергов бошқармасидан 02616-ҳарбий қисмга ва икки марта ҳарбий қисмдан қатариш вақтида тегишли равишда муҳрлаш ҳақида кўрсатма йўқ.

-Нега иш материалларида, баъзи магнитли ташувчиларнинг 04.10.2017 йилда 02616-ҳарбий қисмдан МХХ Тергов бошқармасига қайтарилганлиги ва, кейинчалик, қачонлиги номаълум, яна 02616-ҳарбий қисмга юборилганлигини ҳақидаги ҳужжатлар йўқ. Ва нега ташиш пайтида магнитли ташувчиларнинг тегишли равишда муҳрланганлик ҳақидаги терговчи Мухитдиновнинг гапларига ишониш керак.

-Нега конспирация тажрибасига эга Б.Абдуллаев ихтиёрий равишда 26.09.2017 йилда МХХга келган ва ўз хоҳиши билан ўзининг “айблари” ҳақида МХХга айтиб берган. Ва нега уни дарров қўлга олишмаган, фақатгина уч кун ўтиб қўлга олишган ва нега Б.Абдуллаев ёнида, ЖАТВА лойиҳаси ёзилган флеш карта каби жиддий далил бўлган.

-Нега тергов органи қайта тикланган файллар ичида ЖАТВА лойиҳасига тегишли қоралама файллардан из ҳам йўқ.

-Нега иш материалларида МХХ ходимларининг “диктовкаси” остида ёзилган Б.Абдуллаевнинг Президентга қарши, Бош прокурорга қарши, ИИВ вазирига қарши, И.Каримов бошқарувидаги республика раҳбариятига мухолифатда бўлган шахсларга қарши берган кўрсатмалари мавжуд эмас.

Б.Абдуллаевга қарши жиноят ишининг “тайёрловчилар”и ҳақидаги мавзуимнинг давомида уларнинг бизнинг судимизга, ва умуман суд тизимимизга бўлган ҳурматсизлик даражасининги юқорилигини таъкидламай иложим йўқ. Жиноят ишини бунча сохтакорлик билан тўлдириш, ишни очиқ-ойдин зиддиятлардан тозаламаслик, Қонуннинг аниқ талабларини эътиборга олмаслик, ҳибсга олинганларга ва ҳибсга олинмаганларга ҳеч қўрқмасдан босим ўтказиш, тергов қилиш ва ҳибсда сақлаш процессуал муддатларини бузиш учун судни қай даражада менсимаслик керак. 2017 йилнинг 27 декбрида иш бўйича тергов тугатилмагани бу муддатлар бўйича сўнгги тезис ва 27.12.2017 йилда айбланувчи ва уларнинг адвокатларига тўрт жилдли тикилган ва рақамланган иш материаллари тақдим қилинмади. Гўёки айбланувчилар ўз адвокатлари билан биргаликда 27.12.2017 йилдан 06.02.2018 йилга қадар жадвал бўйича иш материаллари билан танишганликлари ҳақидаги гап эса ғирт ёлғондир. Иш билан танишиш жадвали, деярли бир ярим ой давомида мунтазам равишда эмас, балки бир ўтиришда тузилганини осонгина пайқаш мумкин. Фақатгина уятсиз ва виждонсиз, энг муҳими ўзларининг жизосиз қолишлари ва қусрсизликларига ишончлари комил бўлган шахсларгина бундай қилишлари мумкин. Ва уларда бундай ўйлаш учун, афсуски, асослари бўлган. Шу жумладан, айнан шу ҳақда, Усмон Ҳақназаров ўз танқидий мақолаларида ёзган. Аминманки, бу виждонсиз, шарафсиз одамларнинг вақти ўтаяпти ва Ўзбекистонинг – руҳан кучли ва эркин журналист Бобомурод Қолдирович Абдуллаев каби ҳақиқий ватанпарварлари вақти келаяпти.

Агар бугун Б.Абдуллаев озодликда бўлганида ушбу  суд мажлиси ва даслабки тергов пайтида бошидан ўтказганлари ҳақида ўткир ажойиб мақола берган бўлар эди, ва бу билан бизнинг жамиятимизни яна бир бор қонунийликка ва адолатга тарҳиб қилган бўларди. Бироқ, жамиятимиз учун буюк бахтсизлик ўлароқ ҳибсда сақланмоқд.

Б.Абдуллаевга қарши жиноят ишининг “тайёрловчилар”ининг судга нисбатан менсимасликлари яна бир муҳим ҳолатда кўзга ташланади. Ўзбекистон Республикаси Жиноят Коедексининг 159-моддаси 1-қисми ва 4-қисмида кўзда тутилган жиноятлар таркиби бошқа-бошқадир. Тайёрловчилар бундан бехабар бўлишим мумкин деб ўйлайман.

1-қисм бу мавжуд давлат тузумини конституцияга хилоф равишда ўзгартиришга, ҳокимиятни қўлга олиш ва бошқаларга оммавий тарғиб қилиш.

4-қисм бу  Ўзбекистон Республикаси конституцион режимини ағдариш ёки ҳокимиятни босиб олиш мақсадида тил бириктириш.

Уларнинг – “тайёрловчиларнинг” ёлғон тушунчасига кўра, агарда суд Б.Абдуллаевни тил бириктиришда (159-4) айбламаса, у ҳолда бемалол ЖКнинг 159-моддаси 1-қисмини қўллаши мумкин. Ҳа, суд шундай йўл тутиши мумкин.

Аммо, тергов органининг бундай тактикаси:

-иш “тайёрловчилари”нинг паст малакали мутахассислигидан

-инсон ҳуқуқларига дахлдор ҳибсга олинган шахсга нисбатан яна бир кенг тарқалган усул НОҚОНУНИЙ кучли психологик босим ўтказилишидан

-иш “тайёрловчилари”дан кейинги аҳлатни тозалашга мажбур бўлган, судга нисбатан ҳурматсизлик.

ҳақида дарак беради.

“Тайёрловчилар”нинг саводсизлигидан мана бу ҳолат ҳам гувоҳлик беради. ЖКнинг 159-моддаси 4-қисми диспозицияси  Ўзбекистон Республикаси конституцион режимини ағдариш ЁКИ ҳокимиятни босиб олиш мақсадида тил бириктиришни кўзда тутади. Уларнинг бунинг иккита турли ҳолат эканлигини тушунишмайди: ҳокимиятни босиб олишга қаратилган тил бириктириш, шу билан биргаликда конституциявий тузум сақлаб қолинади ва ҳокимиятни ағдариш, бу ҳолатда конституциявий тузум сақланмайди. Яъни, булар ўзаро қарама-қарши ҳолатлар. Буни тушунмаган ҳолда улар айбни шакллантиришган: Абдуллаев ҳокимиятни босиб олиш ВА конституциявий ҳукуматни ағдариш мақсадида тил бириктирган. “ВА” ва “ЁКИ” уюшмалари айбловнинг юридик моҳиятини алмаштиради.

Менинг ҳимоямдаги шундай аталувчи, “шериклари”нинг: Салаев, Оллоёров ва Насриддиновларнинг позициялари борасида ҳам махсус тўхталиб ўтмоқчиман.

Мен уларнинг ҳимоячиси эмасман. Аммо уларга ҳам айни Б.Абдуллаевга нисбатан қўйилган айблар қўйилган, бундан ташқари, терговчилар бу уч киши ва Б.Абдуллаев ўртасида тил бириктирилган, деб ҳисоблашган.

Бунинг устига, “шериклар” менинг ҳимоям остидаги шахснинг ҳолатини оғирлаштиришга урунишди, унга нисбатан асосланмаган, исботланмаган айбловлар қўйишди. Б.Абдуллаев эса уларга, ЖКнинг 159-моддаси 4-қисмида кўрсатилган жиноятларни амалга оширганликда айбланган судланувчиларга нисбатан уларнинг ҳолатини оғирлаштириш мумкин бўлган ҳеч қандай гап айтмади. Ва бу Б.Абдуллаевнинг уларни жавобгарликдан қутқариб қолиш ёки ўзини оқлашга бўлган уруниши эмас эди.

Йўқ, биринчидан, улардан ҳеч бири, на Салаев, на Оллоёров ва на Насриддинов уларга қўйилган айбларнинг ҳеч бирини қилишмаган. Иккинчидан, улар тушган вазият уларни эзди, синдирди ва бузди. Ҳамма одам ҳам Бобомурод Абдуллаев каби руҳан кучли эмас-ку. Кўпчилик одамлар қийинчиликлар олдида заифлар, янада МХХ каби бундай кучли қатағон машинаси олдида. Ҳа, улар руҳан заиф одамлар. Лекин бу улар жиноятчи эканлигини, шерик эканлигини англатмайди. Суд томонидан Салаев, Оллоёров ва Насриддиновларнинг ҳаракатларида ЖКнинг 159-моддаси 4-қисмида назарда тутилган жиноятларнинг таркиби мавжуд эмаслигини тан олиниши, уларга нисбатан адолатли қарор бўлади.

Ўз нутқимни тугатар эканман, эътиборингизга ЖПКнинг 457-моддасида аниқланган саволларга жавобларни ҳавола қиламан.

1ҒБ.Абдуллаев айбли деб топилаётган қилмиш ҳақиқатан содир этилганми; – Ҳокимиятни босиб олиш ёки Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумини ағдариш мақсадида тил бириктириш?

ЖАВОБ: йўқ, бундай қилмиш содир этилмаган.

2) бу қилмиш жиноят деб ҳисобланадими ва у Жиноят кодексининг қайси моддасида назарда тутилган?

ЖАВОБ: Б.Абдуллаев ҳаракатлари жиноят ҳисобланмайди ва ЖКдаги ҳеч бир модда билан баҳоланиши керак эмас.

3) бу қилмишни Б.Абдуллаев содир этганми?

ЖАВОБ: йўқ, Б.Абдуллаев ҳокимиятни босиб олиш ёки Ўзбекистон Республикаси  конституциявий тузумини ағдариш мақсадида тил бириктиришда иштирок этмаган.

4) Б.Абдуллаев жиноят содир этилишида айблими ва, башарти айбли бўлса, унинг айби қандай шаклда?

ЖАВОБ: йўқ, Б.Абдуллаев ҳокимиятни босиб олиш ёки Ўзбекистон Республикаси  конституциявий тузумини ағдариш мақсадида тил бириктиришда айбдор эмас.

5) судланувчининг жавобгарлигини енгиллаштирадиган ва оғирлаштирадиган ҳолатлар борми?

ЖАВОБ: Б.Абдуллаев ҳокимиятни босиб олиш ёки Ўзбекистон Республикаси  конституциявий тузумини ағдариш мақсадида тил бириктиришда айбдор эмас, шу сабабдан Б.Абдуллаевнинг жавобгарлигини енгиллаштирадиган ва оғирлаштирадиган ҳолатлар йўқ.

6) Б.Абдуллаев содир этган жинояти учун жазоланиши керакми?

ЖАВОБ: Б.Абдуллаев содир этмаган жинояти учун жазоланиши керак эмас.

1.Бобомурод Қодирович Абдуллаевни тўлиқ оқлашни, Бобомурод Қодирович Абдуллаевга нибатан оқлаш қарорини қабул қилиш ва уни ҳибсдан озод қилишни.

2.Терговчининг Муҳаммад Солиҳга нисбатан жиноят ишининг бир қисмини ажратиш ва Муҳаммад Солиҳга нисбатан жиноий иш қўзғатиш ҳақидаги ажримини бекор қилишни.

3.Терговчининг, гўёки Салаев ва Оллоёровга Бобомурод Абдуллаевнинг мақолалари учун маълумот етказганликда айбланган аниқланмаган шахсларга нисбатан жиноят ишининг бир қисмини ажратиш ва аниқланмаган шахсларга нисбатан жиноий иш қўзғатиш ҳақидаги ажримини бекор қилишни.

4.Бобомурод Қодирович Абдуллаевга уни шахсий тинтувдан зтказиш ва уйини тинтувдан ўтказиш пайтида олиб қўйилган барча мулкларини қайтаришни.

5.Бобомурод Қодирович Абдуллаевнинг асоссиз ҳибсда ушланиши натижасида унга етказилган моддий ва маънавий зарарни қоплашни.

СЎРАЙМАН.

02 май 2018 йил

Адвокат С.МАЙОРОВ