Прокурор Бобомурод Абдуллаевга 5 йил қамоқ жазоси сўради, “Жатва” исботланмади

Прокурор Бобомурод Абдуллаевга 5 йил қамоқ жазоси сўради, “Жатва” исботланмади
28 views
02 May 2018 - 18:13

Тошкент шаҳар судида чоршанба куни бўлиб ўтган томонлар музокарасида давлат айбловчиси Баҳром Қобилов журналист Бобомурод Абдуллаевга 5 йил қамоқ жазоси тайинлаш, қолган уч нафар айбланувчини эса суд залидан озод қилишни сўраган.

Прокурор “Жатва”-“Ўрим” номи берилган давлат тўнтариши режаси ўз исботини топмагани важидан уни айбловдан олиб ташлаш ва Бобомурод Абдуллаевга нисбатан Жиноят Кодексининг 159-модда (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш) 4-бандидаги айбни (Ҳокимиятни босиб олиш ёки Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумини ағдариб ташлаш мақсадида фитна уюштириш – ) айни модданинг 3-банди (Ўзбекистон Республикасининг амалдаги давлат тузумини Конституцияга хилоф тарзда ўзгартиришга, ҳокимиятни босиб олишга ёхуд қонуний равишда сайлаб қўйилган ёки тайинланган ҳокимият вакилларини ҳокимиятдан четлатишга ёхуд Ўзбекистон Республикаси ҳудудий яхлитлигини Конституцияга хилоф тарзда бузишга очиқдан-очиқ даъват қилиш, шунингдек бундай мазмундаги материалларни тарқатиш мақсадида тайёрлаш, сақлаш ёки тарқатиш- ) билан қайта малакалашни сўраган.

Давлат қораловчиси Бобомурод Абдуллаев қамоқ жазосини умумий тартибдаги колонияда ўташи мақсадга мувофиқ эканини айтган.

Суд 4 май, жума куни ҳукм чиқариши кутилмоқда.

“Омонат”

Адвокат Сергей Майоров ўз сўзини Қуръондан оят билан бошлаган.

“Мен ўз нутқимни Қуръоннинг 4- (Нисо) сураси 58-оятидан бошламоқчиман.

Бу: Албатта, Аллоҳ сизларга омонатларни ўз аҳлига эриштиришни ва агар одамлар орасида ҳукм қилсангиз, адолат ила ҳукм қилишни амр қилади. Аллоҳ сизларга қандай ҳам яхши ваъз қилур! Албатта, Аллоҳ эшитувчи ва кўрувчи зотдир”.

Майоровга кўра, унинг ҳимояси остидаги журналист Бобомурод Абдуллаев Усмон Ҳақназаров тахаллуси остида “ўзида сақлаб қолиши мумкин бўлмаган ҳақиқатни халққа, жамоатчиликка, жаҳон жамоатчилигига, аниқ бир давлат амалдорларига етказиш” билан шуғулланган.

“Менинг ҳимоям остидаги Бобомурод Қодирович Абдуллаев, ўзига ишониб берилган нарсани (омонатни) қайтариш, уни мақсадга мувофиқ ишлатиш тушунчасига ва Қуръонда ёзилганидек адолат тушунчасига риоя қилган ва қилиб келмоқда.

Аммо, рус мақолида айтилганидек “кўзни ўювчи” ҳақиқат ҳаммага ҳам ёқмайди”, – деб айтган адвокат.

Майоровнинг сўзларига кўра, “Усмон Ҳақназаровнинг ҳақиқати кўзларини ўйганларнинг бир қисми, ўзлари эга бўлган ҳокимиятларидан журналист Бобомурод Абдуллаевни жиноятчи қилиб кўрсатиш йўлида ишлатганлар” ва унинг фаолияти “конституцион тузумни ағдаришга қаратилган фаолият дея малакаланган”.

Ҳимоячи Бобомурод Абдуллаев мавжуд давлат тузумини конституцияга хилоф равишда ўзгартиришга, қонуний тарзда сайланган ёки тайинланган давлат вакилларини четлатиш ёки ҳукуматни қўлга олишга ва Ўзбекистон Республикаси ҳудуди яхлитлигини конституцияга хилоф равишда бузишга чақирмагани”ни таъкидлаган.

“Биринчидан, у (Бобомурод Абдуллаев-таҳр.) жамоатчиликка расмий оммавий ахборот воситаларида умуман гапирилмаган фактлар ҳақида маълумот берган. Иккинчидан, у жамоатчиликка, халққа турли кишиларнинг Ўзбекистонда бўлаётган у ёки бу воқеалар, фактларга нисбатан фикрларини етказган. Менимча, ҳокимиятга янги президентнинг келишига қадар расмий оммавий ахборот воситалари ўз вазифаларини лозим даражада тўлиқ бажараолмаганликларини исботлашга ҳожат йўқ: бизнинг ва жамоатчилигимизнинг ҳаётидаги қатор етишмовчиликлар қисман ёритиларди ёки умуман ёритилмас эди”, – деб айтган адвокат Майоров Тошкент шаҳар судидаги нутқида.

У Бобомурод Абдуллаев мухолифатдаги Эрк партияси раҳбари Муҳаммад Солиҳнинг кўрсатмасига биноан ишлаб чиққани даъво қилинган ҳокимиятни босиб олишга қаратилган “Жатва” – “Ўрим” лойиҳасини “абсурд” деб атаган.

Адвокатга кўра, лойиҳа муаллифи Бобомурод Абдуллаев эмаслигини судда сўроқ қилинган экспертлар ҳам тасдиқлашган.

Сергей Майоров Бобомурод Абдуллаевни тўлиқ оқлаш ва уни суд залидан озод қилиш, шунингдек, терговнинг Муҳаммад Солиҳга нисбатан жиноят иши қўзғатиш ҳақидаги қарорини бекор қилишни сўраган.

“Очиқ маҳкама”

Бобомурод Абдуллаев ўтган йил 27 сентябрида бедарак кетган ва орадан икки кун ўтиб, унинг Тошкентдаги МХХ тергов ҳибсхонасида экани ўртага чиққанди.

Бобомурод Абдуллаев¸ блогер Ҳаëт Насриддинов¸ тадбиркорлар Равшан Салаев ва Шавкат Оллоëровлар Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 159-моддаси бўйича айбланган.

Маҳкамада Бобомурод Абдуллаев ўзига қўйилган айбларни рад этган, блогер Ҳаëт Насриддинов ва тадбиркор Равшан Салаев айбларга иқрор экани, тадбиркор Шавкат Оллоëров эса қисман иқрорлигини билдирган.

Бобомурод Абдуллаев маҳкамада терговдаги кўрсатмаларидан воз кечган ва ўзининг аёвсиз қийноқларга тутилганини айтган.

У 2003 йилдан бошлаб Усмон Ҳақназаров тахаллуси остида мақолалар ёзгани, аммо тергов материалларида келтирилган барча мақолалар ҳам унинг қаламига мансуб эмаслигини айтган.

Маҳкама Усмон Ҳақназаров мақолалари юзасидан икки марта экспертиза ўтказган ва 142 мақоладан 66 тасини Бобомурод Абдуллаев Муҳаммад Солиҳ билан ҳаммуаллифликда ёзгани ҳақидаги хулосани тақдим этган.

Экспертлар айрим материалларда ҳокимиятни куч билан ағдаришга оид чақириқлар мавжудлиги, аммо диний ва ирқий низо қўзғаш йўқлини айтганлар.

Бобомурод Абдуллаев интернетдаги мақолалари учун ҳеч кимдан пул олмагани, уларни ўз эътиқоди ва касбий этикасидан келиб чиқиб ёзганини таъкидлаган.

У тергов жараёнида собиқ Бош прокурор ва жорий ДХХ раҳбари Ихтиёр Абдуллаев, Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов каби расмийлар ва шунингдек, хориждаги қатор ўзбек журналистлари ва фуқаро жамияти вакилларига қарши қийноқлар остида ёлғон кўрсатма беришга мажбурланганини айтган.

Ҳакам адвокат Майоровнинг Туркияда муҳожиротда яшаётган мухолифатдаги Эрк партияси ва Ўзбекистон Халқ Ҳаракати раҳбари Муҳаммад Солиҳдан кўрсатма олиш ҳақидаги сўровини қондирмаган.

Муҳаммад Солиҳнинг ўзи Ислом Каримов даврида ҳокимиятни куч ишлатиш йўли билан босиб олиш ва рангли инқилоб қилишга урингани ҳақидаги айбларни рад этган.

Ўзбекистон Олий Суди 2000 йилда ўхшаш айблар билан Муҳаммад Солиҳни сиртдан 16,5 йиллик қамоқ жазосига маҳкум этган.

Инсон ҳақлари ташкилотлари айбловлар ортида сиёсий сабаблар турганини айтишади.

Бобомурод Абдуллаев ва бошқалар устидан суд жараёни Ўзбекистон суд тизимида мисли кўрилмаган очиқликни намойиш этган.

Ҳакам биринчи марта қийноқлар юзасидан суд-тиббиёт экспертизаси тайинлаган.

Аммо экспертиза Бобомурод Абдуллаевга нисбатан қийноқ қўлланмаган, деган хулосани берган.

Судда чет эллик дипломатлар, маҳаллий ва хорижий журналистлар иштирок этган.

Қатор халқаро инсон ҳақлари ва матбуот ташкилотлари Бобомурод Абдуллаевни дарҳол ва шартсиз озод қилишга чақирганлар.

Жиноят ишини тергов қилган МХХ тергов бўлими ходими Нодир Тўрақулов шу йил бошида мансаб ваколатларини суистеъмол қилиш ва бошқа айблар билан ҳибсга олинган.

Манба: bbc.com/uzbek