Аъзам Турғунов: “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”

Аъзам Турғунов: “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”
107 views
03 May 2018 - 13:48

Ҳурматли Шавкат Миромонович !

Сизнинг “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонунингизда, “Олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш сифатини оширишда иқтисодиёт соҳалари ва тармоқларининг иштирокини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 28.07.2017 й. Қарорингизда, 04.08.2017 йилдаги Ўзбекистон ижодкор зиёлилари вакиллари билан учрашувлардаги маърузангизда, 2016 йил 30 декабрь куни мамлакатимизнинг етакчи илм-фан намоёндалари билан, шунингдек, суд ва прокуратура органлари билан бўлган учрашувлардаги таъкидларингиз, кўп йиллардан бери кутилаётган ИИВ,МХХ тўғрисидаги қонунларни қабул қилиниши, умуман ёшларга, зиёлиларга, илм-фан намоёндаларига бўлган эътиборингиз алоҳида таҳсинга лойиқ.

Айниқса, (иқтибос келтираман)

“Шу сабабли, мазкур соҳадаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш мақсадида қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг“Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонуни бугунги давр талабларига мос равишда ҳар томонлама баркамол, мустақил фикрлайдиган, мамлакатимиз истиқболи учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир, ташаббускор, халқ манфаати йўлида бор салоҳиятини сафарбар қиладиган, шижоатли ёшларни тарбиялаш, уларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш учун мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор яратди”.

“Мамлакатимизда юқори салоҳиятга эга, жаҳон миқёсида эътироф этилган олимлар кўп. Улар ўз мактабларини яратиши, шогирдлар тарбиялаши лозим.”

“Жойларда, авваламбор чекка ҳудудларда истиқомат қилаётган кўп сонли ёшларнинг ўз иқтидор ва истеъдодини рўёбга чиқаришлари, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишлари учун кенг шароитлар яратиш…”,

…демократик давлат қуриш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш борасидаги ислоҳотларда ёшлар фаоллигини ошириш, юксак маънавиятли, мустақил фикрлайдиган, қатъий ҳаётий позиция, кенг дунёқараш ва чуқур билимларга эга ташаббускор, шижоатли, эл-юрт манфаати йўлида бор куч-ғайрати, билим ва салоҳиятини сафарбар қиладиган, мамлакат истиқболи учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир ёшлар сафини кенгайтириш;

….мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларда фаол иштирок этадиган, халқ манфаатларига садоқат билан хизмат қиладиган билимли, ташаббускор, ишбилармон, ҳалол ва фидойи ёш раҳбар кадрларни тарбиялаш, захирасини яратиш ва уларни давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг масъул лавозимларига тавсия этиш;

“Олий таълим – илм-фан – ишлаб чиқариш ўртасида узилишлар мавжуд, интеграция таъминланмаган. Илмий-тадқиқот институтлари олий таълимда кадрлар тайёрлаш жараёнига зарур даражада жалб этилмаган, уларда илмий изланишлар иқтисодиёт соҳаларининг реал эҳтиёжларидан келиб чиқмасдан амалга оширилмоқда. Олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрларнинг тизимли тайёрланмаслиги олий таълим муассасалари илмий салоҳиятининг пасайишига олиб келмоқда.”

“Бугунги замон барча соҳалар қаторида илм-фанни ҳам янги босқичга кўтаришни талаб қилмоқда. Зотан, жамият олдида турган долзарб масалаларни илм-фансиз ечиш қийин. Мазкур соҳани ва олимларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш давлатимизнинг устувор вазифаларидандир”.

деган таъкидларингиз замон талаблари билан қанчалар ҳамоҳанг эканлигини кўрсатиб турибди.

“Лекин табиий бир савол туғилади.Мамлакатимизда олиб борилаётган бугунги кенг кўламли ислоҳотлар, янгиланиш ва ўзгаришлар жараёнида ижодкор зиёлиларимизнинг ўрни ва ҳиссаси қандай бўлмоқда?”

Мен бунга, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи (ИИВ,МХХ,суд ва прокуратура ) органларининг Сизнинг олиб бораётган сиёсатингизга ва ислоҳотларга бўлган муносабати қандай бўлмоқда, деб қўшимча қилмоқчиман. Ана шу “муносабат”нинг ёрқин намунасини жиноят ишлари бўйича Тошкент шахар ва Тошкент вилояти судларида деярли бир вақтда бўлиб ўтган суд жараёнларига қаратмоқчиман.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шахар суди биноси

2017 йил 13 январ куни жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судида раислик қилувчи М.Ходжаева, Н.Маматовнинг котиблигида, Тошкент вилоят прокурорининг катта ёрдамчиси О.Исмоилов, адвокат Н.Камолованинг иштирокида Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 159-моддаси 3-қисмининг “а,б”бандлари, 2441-моддаси 3-қисмининг “а,в,г” банд-лари, 2442-моддасининг 1-қисми назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланиб,жиноий жавобгарликка тортилган Маликов Акрам Абдуҳамидовичнинг иши кўрилди ва унга 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

2018 йил 23 феврал куни жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди кассация инстанцияси хукмни ўзгаришсиз қолдирган.

2016 йил 6 августдан қамоқда;

АКРАМ МАЛИК (Маликов Акрам Абуҳамидович) – 1990 йил 19 сентябр куни Тошкент вилояти Пскент туманида туғилган, миллати ўзбек, маълумоти олий, уйланмаган, муқаддам судланмаган, Алишер Навоий номидаги Тошкент Давлат ўзбек тили ва адабиёти университети 2-курс магистранти.

Пскент тумани, Бобур кўчаси 102-уй 10-ҳонадон, Ҳасти Бузрук кўчаси 5-уйда яшаган;

2011 йилда Ўзбекистон Миллий университети ўзбек филология факультетига ўқишга қабул қилинган; 2015 йилда ўқишни тамомлаб, ушбу факультетни магистратура босқич

2016 йил 22 июн куни соат 930ларда Тошкент вилоят паспорт бўлимига борганида унга бир нотаниш аёл ёпишиб, жанжал кўтарган ва бирданига 10-15 киши пайдо бўлиб, уни ушлаб Қибрай ИИБга олиб келишган. Чўнтагидан 7000 сўм пул, Нокиа-2323 телефони ва қандайдир флешка чиққан.

2016 йил 28 июл кунидаги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги экспертлари берган ҳулосага кўра, Акрам Маликдан олинган “transcend” флешкаси хотирасидаги матнлар барчаси Ўзбекистон Республикасидаги мавжуд конституцион тузумга қарши фаолият олиб борувчи , ўзларини мухолиф деб сановчи “Ўзбекистон Халқ Ҳаракати”нинг расмий сайтидан кўчириб олинган ва унинг лидери Муҳаммад Солиҳ (Салай Мадаминов) иштирокидаги видеоматериаллардан иборат бўлган.

2016 йил 23 сентябр кунидаги суд-адабиётшуносликэкспертизасининг ИК-1364-сонли ҳулосасига кўра, маълумотлар тадқиқот қисмининг 2-бандида кўрсатилган файлдаги ИШИД (Ироқ ва Шом ислом давлати) байроғи акс эттирилган. Бу эса мазкур ташкилотга нисбатан хайриҳоҳлик кайфиятини уйғотиш мумкин.

Таҳминан, 2002 йилларда, яъни 12 яшар пайтида Пскент тумани болалар кутубҳонасида Собир Мирвалиевнинг “Ўзбек шоирлари октологияси” деб номланган китобни олиб ўқиган ва илк маротаба шоир Муҳаммад Солиҳ ижоди билан танишган.

2012-2013 йилларда Интернет тармоғи орқали Муҳаммад Солиҳ билан танишган, суҳбатлашиб турган. Муҳаммад Солиҳ таниқли шоир ва сиёсатчи сифатида унга маслаҳатлар берган, шунингдек, моддий ёрдам кўрсатган.

2015 йил 1 август Ўзбекистонда барча Олий ўқув юртларида тест имтиҳонлари бўлиб ўтган. Акрам Малик имтиҳонларга кириб чиққан абитуриентларнинг фикр-мулоҳаза-лари, шикоятлари, эътирозлари асносида таъсирланиб, “Тест имтиҳонларини тартибга солиш мумкин эмасми?” деган кичик бир мақола ёзиб, “fasebook” да эълон қилган.

Суднинг экспертлар, терговчилар ва суд муҳокамасига кўра берган ҳулосаси :

– Ўзбекистондаги сиёсий вазият одамларнинг норозилик кайфиятини уйғотувчи…
– Ўзбекистонда пораҳўрлик – коррупция авж олган, коррупцияни бартараф этиш керак, коррупция жамият тараққиётига ғов……деган мазмунда;

– Олий ўқув юртларига кириш имтиҳонлари 1 август куни ўта бетартиб ўтказилиши, бункер, поров кабилар уюштирилиши, уяли телефонлар, шпаргалкалар, қораланмалар олиб кирилиши……
– Мамлакат тепасида бир раҳбарнинг муттасил, сурункали узоқ вақт ўтиришини танқид қилган мазмунда………
– Давлат идораларида кадрлар сифати яхши эмас, деган мазмунда……
– Мамлакатда мухолифат расман фаолият кўрсатмаслиги танқид қилинганлиги хақида………..
– Давлат бошқарувида муайян вақт оралиғида хокимият сайлов йўли билан алмашиб турса фойдали бўлишини, бундай бўлишига эса ҳозирги хукумат йўл қўймаётганлиги хақида…….
– МҲХнинг қулоқлари бутун мамлакатни қамраб олганлиги, бу эса одамлар орасида қўрқув ҳиссиётини туғдиришини…..
– Одамлар эркин яшаши кераклиги, барча камчиликларни, хақиқатни қўрқмай ошкора айтиши кераклиги хақида, чунки, тақиқлов зўрайса, яширин шаклдаги норозиликлар кўпайиши, бу эса яхши эмаслиги хақида…….
– Куч ишлатар тизимини танқид қилган мазмунда…..
– Истеъдодли ўзбек ёшлари чет элда ўқишни маъқул кўришяпти, кейин эса хорижда ишлаб, бегона юртларда қолиб кетишяпти ва ўшаларга хизмат қилишяпти, чунки, бизда таълим сифати яхши эмас, сабаби, бугунги сиёсат тўғри эмаслиги, деган мазмунда………
– Тизимлардаги турли ҳисобот ва маълумотларда кўзбўямачилик, соҳталик бор, деган мазмунда…….
– Муҳаммад Солиҳ шеърларини адабий таҳлил қилган, деган мазмунда…..
Ана шу юқорида санаб ўтилган ва Акрам Маликка, Рустам Абдуманнопга, Бобомурод Абдуллага қўйилган айблар аслида таъкид-ку! Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилган ҳамда маъсул мансабдор шахслар зиммасига юклатилган вазифалар-ку!

Гувоҳлар:
1. А.Каримов – Тошкент вилояти Пскент тумани “Мўминобод”МФЙ раиси;
2. Р.Заҳидов – Тошкент Давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида кафедра мудири, Акрам Маликнинг илмий раҳбари;
3. О.Давлатов – “Тамаддун”нашриётида директор, Акрам Маликнинг 107 та мақоласи, 20.000 варақдан иборат диссертациясини ўқиб чиққанлигини;
4. А.Тилавов – Акрам Маликнинг устози, Тошкент Давлат ўзбек тили ва адабиёти университети доценти;

2. Абдуманнопов Рустам Равшанович
– Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг 2017 йил 20 январ кунидаги хукмига кўра Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 159-моддаси 3-қисмининг “б” банди, 2441-моддаси 3-қисмининг “а,в,г” бандалари, 168-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланиб, 9 (тўққиз) йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган;

2016 йил 6 августдан қамоқда деб кўрсатилган.

АБДУМАННАПОВ РУСТАМ РАВШАНОВИЧ – 1982 йил 19 декабр куни Тошкент шаҳрида туғилган.туғилган.Олий маълумотли, муқаддам судланмаган, оилали, қарамоғида уч нафар фарзанди бор.Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳ.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси Марказида хужжатлар криминалистик экспертизаси лабораториясининг эксперти вазифасида ишлаган.

Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманидаги “Шаҳриобод” МФЙ Жаҳон Обидова кўчаси 10-уй 18-хонадонда истиқомат қилган;

2016 йилнинг 22 июл кунида ОВИР га кетаётганида Муқумий кўчасида унга нотаниш бўлган аёл уюштирилган ҳолда у билан жанжал қилган, шу пайтда 10 га яқин фуқаролик кийимидаги шахслар етиб келиб уни ушлашган ва Чилонзор туман ИИБ га олиб боришган ва тинтув қилиб чўнтагидан “Gruzer Blade” 4 GB флеш-карта олишган, аммо бу флеш-карта унга тегишли бўлмаган.

Р.Р.Абдуманнаповга қўйилган айбловлар худди Акрам Маликка қўйилган айбловлар каби шу қадар абсурдки, беиҳтиёр мана шундай уйдирмаларни ёзаётган шахслардан жирканасан,киши. Мақсадинг кимнидир ёмон отлиққа чиқариш ёки қандай бўлмасин уни қамаш бўлса, жиноят иши материалларини ҳам ўхшатиб қўйиш керакда.

Жумладан, дастлабки тергов айблов ҳулосасида ва кейинчалик жиноят судлов терговида суд шундоққина айблов ҳулосасидан кўчириб олиб ёзади:

– Абдуманнапов Р.Р. 2014 йилнинг апрель ойи бошларида Туркиянинг Истанбул шахрига бориб, у ерда фаолият олиб бораётган “Ўзбекистон халқ ҳаракати” (ЎХҲ) ноқонуний ташкилоти лидери Муҳаммад Солиҳ(Салай Мадаминов) билан учрашиб, у билан ҳамфикр бўлиб, М.Солиҳ ва у раҳбарлик қилаётган ташкилотнинг Ўзбекистон халқи ичига кириб бориб, аҳоли ижтимоий қатламининг амалдаги давлат тузумига нисбатан норозилик кайфиятини шакллантириш ва улардан фойдаланган ҳолда амалдаги давлат тузумини Конституцияга хилоф тарзда ўзгартириш, агар сиёсий йўл билан бу мақсадга эриша олмасалар, қуролли тўқнашувлар уюштириб хокимиятни босиб олиш, қонуний равишда сайлаб қўйилган ҳамда тайинланган хокимият вакилларини хокимиятдан четлатишда ифодаланган ғоялари билан йўғрилган даъватларини ўзлаштириб келиб, мазкур ташкилот мақсади йўлида фаолият юритишни бошлаган;

– Р.Р.Абдуманнапов қидирувда бўлган уюшган гурух раҳбари М.Солиҳ билан олдиндан жиноий тил бириктириб, унинг раҳнамолиги остида, М.Солиҳ раҳбарлик қилиб келаётган уюшган гурух манфаатларини кўзлаган ҳолда Ўзбекистон Республикаси амалдаги давлат тузумини Конституцияга хилоф тарзда ўзгартиришга,хокимиятни босиб олишга,сайлаб қўйилган Ўзбекистон президентини хокимиятдан четлатишга,Ўзбекистон республикаси худудий яхлитлигини Конституцияга хилоф тарзда бузишга очиқдан-очиқ даъват қилишни ўзаро келишиб олиб, М.Солиҳ ва у раҳбарлик қилаётган ташкилотнинг ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган, аҳоли орасида ваҳима чиқаришга қаратилган, фуқароларнинг тотувлигини бузиш, тухматона, вазиятни беқарорлаштирувчи уйдирма-ларни тарқатишдаги фаолиятини қўллаб-қувватлаб, бу ташкилот таркибига мухолифатчи сифатида аъзо бўлиб, ўз жиноий мақсадларига эришиш йўлида ЎХҲ норасмий тузилмаси тарафдорларининг сонини янада кўпайтириш ҳамда ташкилот раҳбарига керакли маълумотларни етказиб бериш мақсадида 2014 йил апрель ойи охирларида Тошкент шахрига қайтиб келади;

– шунингдек, Р.Абдуманнапов ўзининг жиноий ҳаракатларини давом эттириб, Ўзбекистондаги мавжуд конституцион тузумга қарши маълумотлар тарқатишга иҳтисос-лашган ЎХҲ нинг Интернетдаги www.uzxalqxarakati.com номли расмий сайтларида ўзини мухолиф деб санаб, “Саид Али” тахаллусида мақолалар чоп этиб, шунингдек, ЎХҲ ташкилоти томонидан тайёрланган бошқа материалларни Интернет тармоғи орқали тарқатиб келганлиги аниқланган;

– Р.Абдуманнапов ҳонадонидан олинган бир дона “M.Plus” номли компьютер процессори хотирасидаги материалларда Ўзбекистон Республикасида фаолияти тақиқланган “Ўзбекистон Ислом ҳаракати” террорчи ташкилот ҳақидаги, фуқароларда ушбу террористик ташкилотга нисбатан ижобий фикр уйғотишга, уларга нисбатан ҳайриҳоҳлик кайфиятини шакллантиришгаолиб келиши мумкин бўлган ҳамда ҳақиқатга мувофиқ бўлмаган, жамоат тартибини бузилишига, фуқаролар ўртасида Ўзбекистон хукуматининг олиб борган сиёсатига нисбатан ишончсизлик ҳиссини туғдиришга олиб келиши мумкин бўлган сепаратизм ғоялари билан йўғрилган қарашлар мавжудлиги аниқланган;

– Бундан ташқари, Р.Абдуманнапов 2015 йилнинг август ойи охирларида ЎХҲ ноқонуний ташкилотининг расмий сайтида Оҳангарон туманида жойлашган “Сарвар Азиз Умирзода рамзи” фермер хўжалигининг раиси Умирзаков Шункар Умарович ва бир неча давлат идоралари раҳбар ходимларига нисбатан туҳматона ёзилган “Оҳангарон бўрилари ёхуд кўринмас хокимият МХХнинг жиноятлари” сарлавҳали мақолани чоп этилишига эришган…….;

Юқоридаги айбловлар юзасидан саволлар туғилади:

1. Жиноят иши материалларида “Ўзбекистон Халқ ҳаракати” ташкилоти уюшган гуруҳ деб эътироф этилган. Уюшган жиноий гуруҳдан ва жиноий уюшмадан фарқли ўлароқ, уюшган гуруҳ аъзоларини жиноятчи деб эътироф этиш мумкин эмас. ЎХҲ ташкилоти Ўзбекистонда расмий рўйхатдан ўтмаган, бинобарин ушбу ташкилот-нинг фаолияти Ўзбекистонда тақиқланган, аммо бу ҳолат уни жиноятчи дейишга асос бўлолмайди. Агар гап М.Солиҳ ҳақида бўлса,у ҳолда Халқаро қонунлар ва давлатлараро келишувларга мувофиқ мазкур ташкилотнинг террористик ташкилот эканлигини ёки уюшган жиноий гурух эканлигини тасдиқловчи хужжатлар билан бирга уюшган жиноий гурух ёки террористик ташкилотнинг фаолиятига чек қўйиш ва унинг лидерини қамоққа олиб, Ўзбекистонга экстрадиция қилиш ҳақида Туркия давлатига ёки мазкур ташкилот расмий рўйхатдан ўтган давлатга ёхуд Интерполга тегишли тартибда нота бериш лозим бўлади;

2. Модомики, ЎХҲ уюшган гурух сифатида жиноий ташкилот деб эътироф этилган экан, у ҳолда минглаб ўзбекистонлик ёшларни уюштирган Ўзбекистон Ёшлар иттифоқини ҳам жиноий ташкилот сифатида эътироф этиш лозим бўлади;

3. Агар шу йўналишда фикрлашни давом эттирадиган бўлсак, хозирги кунда қамоққа олинган, судланган ёки тергов ҳаракатлари олиб борилаётган генерал Ш.Гулямов, генерал А.Аҳмедбаев, генерал Р.Қодиров ва шу каби юқори мансабдор шахслар раҳбарлик қилган ташкилотларни жиноий уюшма сифатида, вилоят ва туманлар-даги бўлимларини эса жиноий гурух сифатида эътироф этиш керак бўлади;

4.
Р.Абдуманнапов ҳам, Акрам Малик ҳам, шунингдек, қидирувда бўлган М.Солиҳ билан учрашганлиги учун ёки у билан Интернет саҳифаларида мулоқотга кириш-ганлиги учун ҳар йили ўнлаб ўзбекистонлик ёш йигит-қизлар жиноий жавобгар-ликка тортилади, аммо бирон марта бўлса ҳам ана шу “жиноий ташкилот”га ёки унинг “лидери”га нисбатан ҳусусий ажрим (частное определение) берилмаган. Бундан ташқари ўша “жиноий ташкилот” Ўзбекистондан ташқарида ўз фаолиятини бемалол давом эттиряпти, қандайдир демократик ташкилотлар унга грант ажратаяпти, унинг “лидер”и эса дунё бўйлаб бемалол ҳаракатланаяпти, Халқаро анжуманларда қатнашаяпти. Лекин нима учун М.Солиҳ ҳақиқатдан ҳам жиноятчи бўлса, шунга мутасадди ташкилотлар уни ушлаш ва қамоққа олиш чораларини кўрмаган. Ёки ЎХҲ билан МХҲ бу ҳақида ўзаро битимга келганми ёхуд жиноий тил бириктирганми;

5. Р.Абдуманнапов ушбу ташкилотга аъзо бўлиш ҳақида ариза берганми ёки унга қандайдир аъзолик гувоҳномаси берилганми;

6. Р.Абдуманнаповнинг “Саид Али” таҳаллуси билан ёзган мақолаларида экстремизм, терроризм ёки сепаратизм ғоялари айнан нималарда намоён бўлган. Бу ҳақда экспертлар ҳам, терговчи-прокурорлар ҳам, ҳаттоки, судья ҳам аниқ ва ишончли далил келтирмаган. Фақат бозордаги шаллақи хотинларнинг “деди-деди”си каби иш юритган. Агар “Оҳангарон бўрилари ёҳуд кўринмас ҳокимият МХХнинг жиноятлари” мақоласи суд таъкидлаганидек туҳматона ёзилган бўлса, нима учун “жабрланувчи” Ш.У.Умирзаков Р.Абдуманнаповни қонунда белгиланган тартибда туҳмат қилганлиги учун судга бермаган?! Р.Абдуманнапов ўзи сўрамасада, Ш.Умирзаков мақолани сайтдан олиб ташлаш учун ўзи илтимос қилиб, 100$ берган.

7. Ахир Акрам Малик ҳам, Рустам Абдуманнопов ҳам ўзларининг “Тест имтиҳонларини тартибга солиш мумкин эмасми?”, “Ўзбек аҳолиси қора валюта бозоридан жабр кўрмоқда”, “Оҳангарон бўрилари ёҳуд кўринмас ҳокимият МХХнинг жиноятлари” каби мақолалари билан айнан юртимизда кенг илдиз отган коррупцияга қарши курашмаганми?! Ижтимоий адолатни тиклаш,ҳақиқатни юзага чиқариш учун имкон қадар ҳаракат қилмаганми?! Ахир, буларнинг саъйи ҳаракатлари Президентимизнинг юқорида мен иқтибос келтирган директиваларига муносиб, мувофиқ мос келади-ку!! )

8. Айблов ҳулосасида ва айблов хукмида кўрсатилганидек, Р.Абдуманнапов ЎХҲ материалларини Интернет тармоғида тарқатмаган ва тарқата олмайди ҳам. Аксинча, ЎХҲ ўз сайтида Р.Абдуманнаповнинг мақолаларини чоп этиши мумкин. Лекин, агар мақолаларда жиноят таркибини келтириб чиқарадиган жумлалар аниқланмаса, у айблаш учун асос бўлолмайди.

9.
Экспертлар “флешкадаги ИШИД байроғи мазкур ташкилотга нисбатан ҳайриҳоҳлик кайфиятини уйғотиши мумкин” деган ҳулосани беришган.Ҳулоса шубҳа,таҳмин,гумон кўринишида берилган, ахир, ушбу байроқ баъзиларда нафрат ҳисларини ҳам уйғотиши мумкин-ку.

Қуйида Акрам Маликка ва Рустам Абдуманноповга қўйилган айбловлардан кўчирма келтираман:

1. Амалдаги давлат тузумини Конституцияга хилоф равишда ўзгартиришга…
(Амалдаги давлат тузуми бу ўзининг худудига, давлат чегараларига, қуролли кучларига, хуқуқни мухофаза қилувчи органларига,банк-молия тизимига, моддий-техника базасига ва бошқа жамоатчилик институтларига эга бўлган яхлит ижтимоий, иқтисоди, сиёсий устқурма. Ахир, дастлабки терговда ҳам, ҳар иккала инстанция судларида ҳам Акрам Маликни ёки Рустам Абдуманноповни ортида қанча куч бор, молиявий томондан қандай таъминланган, айтайлик, тузумни хилоф равишда ўзгартиргандан сўнг вазифалар кимларга тақсимланган ва у қандай амалга оширилади, жиноий жавобгарликка тортиш учун асос бўладиган жиноят таркибини шакллантиришда муҳим аҳамиятга эга бўлган шу ва шу каби бошқа ҳолатлар аниқланмаган. Фақат “деди-деди”лардан иборат.)

2. Ўзбекистон Республикаси худудий яхлитлигини Конституцияга хилоф тарзда бузишга…….

3. Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ташкилотларда иштирок этиш…..

4. Ўзбекистон президентини хақоратлаш ва тухмат қилиш….

5. Вазиятни беқарорлаштирувчи уйдирмалар…
– (Нима учун Ўзбекистонда “қонундан ташқари” деб тан олинган уюшган гурух ва унинг лидерига нисбатан шу вақтга қадар қонунда белгиланган тартибда чора кўрилмаган; Лоақал,сиртдан бўлса-да,суднинг ҳусусий ажрими чиқарилмаган;
– Ўзбекистон Республикаси президентини хақорат қилиш ва унга тухмат қилиш аслида нималарда намоён бўлган;
– Экстремизм, сепаратизм, фундаментализм аломатлари нималарда намоён бўлган;
– Айблов ҳулосасида ҳам,ҳар иккала инстанция суди ҳулосаларида ҳам булар сепаратизм ғоялари билан кимларни, қачон ва қаерда даъват қилганлиги,Ўзбекистон президентини ҳақорат қилганлиги ёки унга туҳмат қилганлиги ҳақида аниқ ва ишончли далиллар келтирилмаган ;
– “ Ижтимоий ҳимоя таъминланмаган юртда экстремизм пайдо бўлади…” деган социологик аксиома ушбу ҳолатда қандай тадбиқ қилинади. Агар ижтимоий ҳимояни хукумат таъминлаши шарт бўлса, у ҳолда юзлаб айбсиз йигит-қизларни сохталаштирилган жиноят иши билан экстремизм, терроризм, сепаратизмда айблагандан кўра, ўша омилларни келтириб чиқараётган ўчоғни тубдан тозалаш керакмасмикан.

Гувоҳлар:
1. Пулатов Жамолиддин Зайниддин ўғли;
2. Умирзаков Шункар Умарович – 2006 йилдан Оҳангарон туманидаги “Сарвар Азиз Умарзода” фермер хўжалиги раиси, Тошкент вилоят халқ депутатлар кенгашининг аъзоси; Оҳангарон ва Ангреннинг норасмий раҳбари,
З.Ҳайдаров, Ботир Ражапович орқали барча давлат идораларидаги кадрлар масаласига таъсир кўрсатиши мумкин,жумладан:
– Ҳошим Набиев Оҳангарон тумани собиқ прокурори ;
– Олимхўжа Набиев-Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ходими;
– Аъзамхўжа Набиев- Ўзбекистон Республикаси Олий суди аъзоси;
– Жияни Умаров Шерзод- Ангрен шаҳар МХХ бўлим бошлиғи;
– Шерзод Умаровнинг танишлари Шеранов Нурқанот;
– Оҳангарон туман МХХбошлиғи Акабаев Алишер;
– Куёви, илгари МХХда ишлаган Султанов Баҳодир;
– Қудаси Файзиев Икром – Оҳангарон туман хокимининг ўринбосари;
– Қудаси Эгамбердиев Баҳром – “Оҳангарон” АЖ раиси;
– Абдураҳим Абдунабиев – Ангрен шаҳар прокурори;
– Шунингдек, прокуратура қошидаги департамент бошлиғини, туман ИИБ бошлиғини, таниш-билишчилик орқали ушбу лавозимларга тайинлашга эришган.
– Бундан ташқари, кўпгина даромадли фермер хўжаликларини сунъий равишда банкротликка учратиб, уларнинг балансидаги мулкларини ўзлаштирган, унга қарши чиққан рақибларини МХХдаги қариндошлари ва танишлари орқали қаматиб юборган.
(2015 йилда uzxalqharakati.com сайтида “Оҳангарон бўрилари ёҳуд кўринмас ҳокимият МХХнинг жиноятлари” номли мақолада ўша тумандаги ҳокимиятнинг ваколатли органлари томонидан содир этилаётган қинғир ишлар ёзилган)

– Ўзбекистон Республикаси президентига йўналтирилган мурожаатлар;
– Ижтимоий жараёнларга дахлдор маълумотлар;
– Оиласи томондан ёлланган ҳимоячи билан учраша олмаган;
– Тергов якунлангач, терговчи унга жиноят иши хужжатлари билан тўла танишиб чиқишга ва керакли маълумотларни ёзиб олишга имкон бермаган;
– Халқ таълимига таалуқли мақолаларни Интернет орқали чоп этган;
– Ш.Умирзаков 100$ ни фуқаро К.Мухтаровага нисбатан мақола чиқаришда фойдаланиш учун “3G” модеми олиш учун берганлигини, лекин ўзи буни фирибгарлик мақсадида олмаганлигини;

Ҳурматли Шавкат Миромонович!

Юқоридаги иккита ишдаги ўхшашликларга эътибор беринг:

Ҳар иккаласини ҳам ОВИРга чақиришган, ўша ердан қайтиб келаётганида,қаршисидан бир аёл чиқиб келиб, унинг ёқасига ёпишиб, дод-вой қила бошлаган. Шунда қаердандир 10-15 чоғли фуқаро кийимидаги шахслар пайдо бўлиб, уларнинг қўлини қайириб, биринчи-сини Қибрай туман ИИБга, иккинчисини Чилонзор туман ИИБга олиб боришган. Шахсий тинтув ўтказилганида, унисининг ҳам, бунисининг ҳам чўнтагидан флеш-карта чиққан, унда эса ИШИДнинг қора байроғи туширилган кадр бўлган.

Акрам Малик 2016 йил 22 июнда ушланган;
Рустам Абдуманнопов 2016 йил 22 июлда ушланган;
Хукмда ҳар иккаласигаям 2016 йил 6 августда ушланган деб ёзилган;
Демак, Акрам Маликни 1,5 ой, Рустам Абдуманноповни 24 кун қаердадир сақлашган, қийноқлар қўллашган

Биттасини 2017 йил 13 январ куни жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди ЖКнинг 159-моддаси 3-қисмининг “а,б”бандалари, 2441- моддаси 3-қисми “а,в,г”, 2442-моддаси 1-қисми билан айблаб, 6 йил муддатга, иккинчисини эса жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг 2017 йил 20 январ кунидаги хукмига кўра Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 159-моддаси 3-қисмининг “а,б” банди, 2441-моддаси 3-қисмининг “а,в,г” бандалари, 168-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланиб, 9 (тўққиз) йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган;

Хукмдан келиб чиққан фикрлар:

6. Ўзбекистон Республикаси худудида тақиқланган “Ўзбекистон халқ ҳаракати” лидери Муҳаммад Солиҳ билан уюшган гуруҳ манфаатларини кўзлаган ҳолда…
(Қўйилаётган айбларга эътибор беринг-а, маним Президентим! Барчаси мавҳум, мужмал ва стандарт айблар. Биргина Акрам Маликка эмас, бошқаларга ҳам худди шундай. Агар бу ҳаракат зиёли инсонларнинг уюшган гурухи бўлса, дунёқараши бир ҳил бўлган ёшларни уюштираётган бўлса уни маъқуллаш лозим, чунки биздаги Ёшлар Иттифоқининг вазифаси билан уйқаш экан. Агар уюшган жиноий гурух бўлса, у ҳолда дипломатик каналлар орқали Халқаро қонунлар асосида ўша “уюшган жиноий гурух” расмий рўйхатдан ўтган давлатлар билан ўрнатилган тартиб-қоидаларга биноан ўша ҳаракат фаолиятига чек қўйиш ва “уюшган жиноий гуруҳ раҳбари”ни қамоққа олиш ва Ўзбекистонга экстрадиция қилиш ҳақида расмий сўровнома бериш лозим бўлади. Агар бир таниқли ва тажрибали шоир иккинчи бир шоирга маслаҳатлар ва амалий ёрдам берса, уни кимларнингдир ғаразли мақсадлари йўлида жиноий қилмишга айлантириш керакми!? Энг ачинарли томони, ҳуқуқни мухофаза қилувчи органлари худди мазах қилгандек, айнан Навоий бобомизни туғилган куни арафасида ёш навоийшунос олимга, бўлғуси академикка хукм ўқишган.

3. Бобомурод Абдуллаев– 1973 йил 1 апрел куни Қўшкўпир туманида туғилган.Шу туман-даги Островский номли русийзабон мактабнинг 6-синфини тугатган,сўнгра ўзбек тилида Ҳамид Олимжон номидаги 25-мактабда ўқишни давом эттирган.У барча фанлардан аъло баҳоларга ўқиган, 8-синфдан бошлаб фан олимпиадаларида иштирок этиб келган ва бир неча марта туман, вилоят ва Республика олимпиадаларида ғолиб чиққан.Шунингдек, мактабни олтин медалга битирган.

1990-1995 йилларда Тошкент Давлат Университети(хозирги Миллий Университет)нинг рус тили филологияси факультетини имтиёзли диплом билан тугатган. Профессор Ғайбулла ас-Саломнинг энг сўнгги аспиранти сифатида Бобораҳим Машраб ғазалларини рус тилига таржима қилиш ва таҳлил қилиш юзасидан илмий иш олиб борган.

2004 йилда иккинчи мутаҳассислик сифатида халқ хўжалиги институтини ҳам тугатган.

Икки қиз ва бир ўғилнинг отаси, катта қизи Россия университетларининг бирида таҳсил олади, қолганлари колледж ва лицей ўқувчилари.

Бобомурод Абдуллаевнинг спорт мусобақаларида, фан олимпиадаларида қўлга киритган ютуқлври, диплом, гувоҳнома ва сертификатлари

Отаси-олий маълумотли, бухгалтер бўлиб ишлаган.

Онаси – олий маълумотли педагог, бошланғич синфларга дарс берган, хозирги кунда 11 та набиранинг бувиси.

Бобоси Рўзимов Мадамин ва холаси Худойберганова Ўғилжонлар ҳам олий маълумотли педагоглар, бири тарих фанидан, иккинчиси математикадан дарс бериш билан бирга, ҳар иккаласи ҳам мактаб директори бўлган.

Укаси ва икки синглиси ҳам икки карра олий маълумот соҳиблари, имтиёзли диплом эгалари, Навоий стипендияси лауреати.

2017 йил 26 сентябр куни Бобомурод Абдуллаевни ўз уйи олдида номаълум кимсалар бошига қоп кийдириб ўғирлаб кетишган.

(“Илм-фан билан шуғулланиш, янги кашфиёт ва ихтиролар қилиш игна билан қудуқ қазишдек гап,. Шундай экан, бу машаққатли соҳада фидокорона меҳнат қилаётган олимларимиз меҳнати таҳсин ва рағбатга муносиб.”
“Хорижнинг етакчи ўқув ва илмий муассасаларида таълим ва илмий даража олган юртдошларимиз учун мамлакатимизда қулай шарт-шароитлар яратиб бериш, уларни рағбатлантириш чораларини кўриш керак”.( Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Янги йил арафасида – 2016 йил 30 декабрь куни мамлакатимизнинг етакчи илм-фан намояндалари билан учрашувдаги маърузасидан.))”

“ одамлар очликка, муҳтожликка чидаши мумкин, одамлар ёзнинг жазирама иссиғига, қишнинг қаҳратон совуғига чидаши мумкин, лекин адолатсизликка асло чидай олмайдилар. Айниқса, адолат ўрнатиши керак бўлган маъсул мансабдор шахслар ўзлари адолатсизликка йўл қўйсалар, бундай ҳолатни асло кечириб бўлмайди. Энг хавфлиси шундаки, одамлар тақдирига бепарволик, лоқайдлик, номақбул иш усуллари оқибатида, биз оддий, умуман олганда қонунларга итоат этувчи фуқароларни нотўғри жазолаб, улардан хукуматга ҳам, қонунларимизга ҳам ишонмайдиган норози одамлар тоифасини ўз қўлимиз билан яратамиз. Бу эса, кўп ҳолларда тузатиб бўлмайдиган вазиятларни келтириб чиқариши мумкин. Яна шуни афсус билан тан олишимиз керакки, ҳали-бери қонунчилигимизда ҳам, қонунларни қўллаш фаолияти-мизда ҳам кўриниб турибдики, суд-тергов тажрибасида баъзан умуман тоқат қилиб бўлмайдиган мантиқсизликларга йўл қўйилмоқда”, ……..

Ҳурматли Шавкат Миромонович!

Мен юқорида номларини тилга олган қаҳрамонларим мамлакатимизнинг турли худудларида, камбағал оилада туғилиб ўсган, ўз иқтидори, ўз ҳаракати билан олий маълумотли бўлган, давлат ташкилотларида ишлаган.Муҳими, булар ҳалол, пок, иймонли, эътиқодли инсонлар бўлган.Шунинг учун ҳам буларга қўйилган айбларни абсурд деб биламан.

Акрам Малик Тошкент вилояти Пскент туманида туғилиб ўсган,11-12 ёшларидан кутубҳонага кириб, китоб титкилашни одат қилган.Мана шу ҳолатга эътибор беринг, ҳозирги 10-12 яшар болаларни мажбурлаб, турли-туман рекламалар воситаси билан китобга жалб қилолмаётган бир пайтда бу бола ўз иҳтиёри билан китоб ўқияпти, китобниям дуч келганини эмас, танлаб-танлаб Навоийни, Кафкани, Муҳаммад Солиҳни ўқиган, ўша пайтдаёқ буюк шоирларни ижодини ўрганиб,таҳлил қила бошлаган,чет элда бўлмасаям, ўзимизда олий таълим олган, илмий даражаларга эришган…

Лекин биз шу кунда ана шу навоийшунос олимга қандай “қулай” шароит бердик!? Етти уҳлаб тушига ҳам кирмаган бўлса керак. Аммо, китобҳонлик маданиятини ошириш йўлидаги ҳаракатимиз илк қадамидаёқ обрўсизланишга улгурди,чамамда.

Ўзбекистон ТВси болажонларни китоб ўқишга чорлаб кўрсатаётган рекламалари ҳам мақтовга сазовор. Аммо мен реал воқеликда кўрганим барча рекламаларга “крест” қўйворади. Бир аёл боласини қўлидаги китобни юлқиб олиб, пештахтага қайтариб қўяр экан,“…ўқиб шахар олиб берармидинг, болам. Ана, Навоий бобосини китобларини ўқиб олим бўлган бир одамни қамаб қўйишибди, ундан кўра сен ҳам мактабга бормасдан, мени ёнимга, бозорга чиққин” деганлиги жамиятимиз қаёққа қараб кетаётганлигидан, уни келажакда нима кутаётганлигидан далолат беради.

“Адолатли суд ва ҳақиқат бўлмаган жойда давлат қароқчилар тўдасига айланади”,
( В отсутствии правосудия и справедливости государство преврашается в шайку разбойников ) деган эди IV-асрда яшаган қадимги Рим сенатори ва буюк давлат арбоби Августин Аврелий.

ХI-асрда яшаган буюк юртдошимиз Амир Темур, “ куч зўровонликда эмас, куч-адолатдадир” деб хитоб қилган.

“Адолат эса қонун устиворлигидадир”. Дарҳақиқат, қароқчилар тўдасида адолат эмас, зўровонлик ҳукм суради.Маддоҳлик, ёлғон-яшиқ, фаҳш ҳукм суради.Атрофингизга боқинг, соғлом назар ташланг, ўзингизни ўзингиз алдамасдан қалб кўзи билан кўришга ҳаракат қилинг. Кимларни кўраяпмиз, нималарни кўраяпмиз….. Ана шу кўриб турганимизга ҳолисона ва адолатли баҳо бера оламизми?!

Кўриб турганингиздек, адолат, ҳақиқат ва қонун устиворлиги мавзуси турли маконда ва турли замонда яшаган давлат арбобларининг доимо диққат марказида бўлиб келган. Қонун устиворлигини таъминланиши эса мамлакат президенти зиммасига юклатилган ва Конституциянинг 93-моддаси 1-қисми диспозициясида мустаҳкамлаб қўйилган.

Ҳурматли Шавкат Миромонович!

Вақти келиб ҳақиқат юзага чиқади, адолат қарор топади. Акрам Малик ва Рустам Абдуманнопов, Бобомурод Абдуллаевларнинг ўзига ва оиласига етказилган маънавий зарарни ва руҳий азоб-уқубатларни ҳеч ким, ҳеч қачон ва ҳеч нарса билан қоплаб беролмайди. Аммо, Абдулла Қодирий, Чўлпон каби буларнинг ҳам пок номлари оқланади ва бунга Сиз сабабчи бўлибқолишингизни, Ўзбекистоннинг янги тарихида одил ва реформатор-президент сифатида сақланиб қолишингизни жудаям ҳоҳлар эдим.

Сеҳр ҳаром,юрган жойим сеҳристондир,
Соғинаман-кўрмаганим меҳристондир,
Қалбим совуқ қаҳристондир,
Нафс иймонга қабристондир,
“Алҳамду”дан томиримга қон беряпман,
Илтижога суянганча жон беряпман.

Оёғи йўқ ёлғонларда қанот кўрдим,
Ҳақиқатнинг тилида гунг баёт кўрдим,
Ўз Руҳимда сабот кўрдим,
Бахт,саодат,нажот кўрдим,
“Алҳамду”дан томиримга қон беряпман,
Илтижога суянганча жон беряпман.

(Акрам Малик)

Аъзам Турғунов
мустақил ҳуқуқ ҳимоячиси

27.04.2018 йил