Ҳар ерни қилма орзу… ёхуд «Туркия ҳам бедарвоза эмас»

Ҳар ерни қилма орзу… ёхуд «Туркия ҳам бедарвоза эмас»
19 views
04 May 2018 - 10:14

Дўстларим, таниш-билишлару қариндош-уруғлар орасида иш топишда ёрдам беришни сўраб, менга мурожаат қилувчилар талайгина. “Сен Туркияда юрибсан-ку, иш топишвор”, – дейишади. Айтишим керакки, шу пайтгача ҳеч ким учун иш топмадим ва бундан кейин ҳам топиш ниятим йўқ. Чунки мен ҳеч кимнинг ўзга юртда қийин аҳволга тушиб қолишини истамайман.

Менга мурожаат қиладиганларнинг бирортаси ҳам турк тилини билмайди, ҳолбуки, бошқа мамлакатда тил билмаслик оёқ-қўлсиз қолишдай гап. Кўпчилиги турк тили осон, боришим билан ўрганиб кетаман деб ўйлайди. Ахир, Туркия – ўзимизнинг Хоразм эмас. Қолаверса, ишлашни ният қилганларнинг аксари муайян касбнинг эгаси – профессионал эмас, бундай тоифадагилар Туркиянинг ўзида ҳам тиқилиб ётибди.

Унутмаслик керакки, Туркия – бу мутлақо бошқа давлат, ўзининг қонун-қоидалари бор, модомики, бу ерга келмоқчисиз, ана шу қонун-қоидаларга риоя қилишга мажбурсиз.

Туркияда ҳозир қанча ўзбекистонлик ишлаётганини ҳеч ким аниқ билмаса керак. Туркия меҳнат ва ижтимоий ҳимоя вазирлигининг жорий йил бошидаги маълумотига кўра, мазкур мамлакатда қонунан ишлаётган Ўзбекистон фуқаролари сони атиги 2465 нафар. Ишлаш учун рухсатнома олиш жараёни осон эмас, бундай рухсатнома ҳаммага ҳам берилавермайди, чунки давлат биринчи навбатда ўз фуқароларини ҳимоя қилиши керак.

Юртдошларимиздан айримлари туристлар учун бериладиган яшаш учун рухсатномани олиб, ишлаб юраверишади. Ваҳоланки, бу Туркия қонунларига кўра тақиқланган. Мабодо бундай ҳолат аниқланса, иш берувчи ҳам, ишлаган ҳам каттагина жаримага тортилади.

Ишончим комилки, ишлаётган аксарият ўзбекистонликларнинг ҳеч қандай ҳужжати йўқ. Ўзбекистон фуқаролари Туркияда бир ойгача визасиз қолиши мумкин, бизникилар нафақат ойлаб, балки йиллаб визасиз қолиб кетади.

Ўзга юртда ноқонуний ишлаш ҳар қандай ҳақ-ҳуқуқдан маҳрум бўлишни англатади. Иш берувчи маошингизни тўламаса, додингизни ҳеч кимга айта олмайсиз. Маошимни ололмадим деб ҳуқуқ-тартибот органларига шикоят қилсангиз, Туркияда ноқонуний юрганингиз учун ўзингизнинг ковушингизни тўғрилаб қўйишади. Шунинг учун юртдошларимиз тез-тез иш алмаштириб туришади. Ҳатто иш берувчиси билан чиқиша олмай, унинг жонига қасд қилган ўзбекистонликлар ҳам бўлди.

Худо кўрсатмасин, касал бўлиб қолсангиз, даволана олмайсиз, чунки соғлиқ суғуртангиз йўқ. Ноилож шифохонага мурожаат қилсангиз, отнинг калласидай пул тўлайсиз. Бу ерда тиббиёт тизими бизникидан фарқ қилади. Ҳатто таниш-билиш билан шифокор топсангиз ҳам, у сизга рецепт билан сотиладиган дори ёза олмайди.

Кўчада полициянинг кўзига кўринмаслик учун эмин-эркин юра олмайсиз, рейдларда қўлга тушиб қолсангиз, депортация қилиб юборишлари мумкин.

Мана шундай шароитларда ҳам ишлашга рози бўлсангиз, марҳамат, келаверинг.

Убайдуллоҳ Адҳамов

Манба: azon.uz