МАХДУМҚУЛИ
Пайдо этар
Кимёни тупроққа сочсанг,
Тупроқдан зар пайдо этар –
Ҳар нарсани ерга сепсанг,
Йўқдан борни пайдо этар.
Яхши-ёмон бўлмас маълум,
Ҳар ким ўзича бир олим,
Бунда навбат сурса золим,
Йил-йилдан шўр пайдо этар.
Яхши йигит йўл йитирмас,
Кўнглига қайғу келтирмас,
Минг қайғу бир иш битирмас,
Таваккал – нар пайдо этар.
Бераринг бўлса қўлингда,
Кўрган сенга бўлар банда,
Хулқсизнинг ёви ёнинда,
Яхшилик – ёр пайдо этар.
Махтумқули, жонлар сўзда,
Ғайрат – ўтда, ҳаё – кўзда,
Йилдан-йилга бу ўлкада,
Зулм ортиб, зўр пайдо этар.
*****
(давоми бор)
Туркманчадан Ислом Холбой ўзбекчалаштирди