ЕХҲТ журналистларнинг озод этилишини олқишлади

ЕХҲТ журналистларнинг озод этилишини олқишлади
43 views
08 May 2018 - 14:03

“Озодлик” радиосининг хабар беришича, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Матбуот эркинлиги бўйича намояндаси Ҳарлем Десир (Harlem Désir) Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг журналист Бобомурод Абдуллаев ва Ҳаëт Насриддиновларни озодликка чиқарганини олқишлаган.

“Бу жуда муҳим ва интиқиб кутилган ҳодиса. Эндиликда уларга қўйилган бошқа айбловлар олиб ташланиши керак¸” дейилади ЕХҲТ расмийси баëнотида.

2017 йил сентябрида ўшандаги МХХ зобитлари томонидан ҳибсга олинган 45 яшар Бобомурод Абдуллаев Жиноят Кодексининг 159- моддаси, 1- қисми, “б” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор топилиб, унга иш ҳақининг 20 фоизини давлатга ўтказиш ва 3 йилга ахлоқ тузатиш ишларига жалб этиш жазоси тайинланди.

Абдуллаев иши бўйича ушланиб¸ маҳкамага тортилган Насриддинов ва яна икки судланувчи айбсиз деб топилди ва суд залидан озод этилди.

Маҳкама давомида Бобомурод Абдуллаев ўзининг Усмон Ҳақназаров тахаллуси остидаги мақолаларнинг аксарияти муаллифи эканини тан олди.

Абдуллаев ва бошқа уч судланувчининг озод этилиши халқаро ҳуқуқ ташкилотлари томонидан олқишланмоқда.

ЎХҲ хабарлар бўлими