Инқирозга юз тутди борлиқ…

Инқирозга юз тутди борлиқ…
54 views
19 May 2018 - 6:00

Матназар АБДУЛҲАКИМ

ТАНЛАНГАН АСАРЛАР
1 – жилд

“ОЙДИНЛИК” КИТОБИДАН

«Заҳарлаб ўлдирдинг Алпомишларни,
Улар ичган сувлар энди оғули.
Иржайиб кулмоғинг энди ортиқча
Муродга етдим деб ўйлаб, доғули.
Хайрият, деб бекор тин олиб юрма,
Сендан ўч олмоқнинг тез етгай гали.
Боқиб турибдурман кўзларингга тик,
Мана, мен қасоснинг тирик ҳайкали.
Шоҳсупада туриб ўч олгич ҳайкал,
Аъло билгич ким дўст — ёғийлигини.
Мангу яшайман деб керилмаёқ қўй,
Унутма умримнинг боқийлигини».

* * *

«Сенинг холинг ажиб афсунгар,
Сенинг холинг — сеҳргар уруғ.
Уруғ эмас, йўқ, у — муҳаббат,
Муҳаббат ҳам эмас, йўқ, у — руҳ.
Кимдир уни яноққинангда
Унутганча ташлаган-кетган.
Билибми ё билмайми, неча
Қаро кўзни ёшлаган-кетган.
Бу тун менинг хаёлимда ҳам
Холинг мижжа қоқмай тунади…
Энди ҳамма юракларда у
Минг изтироб бўлиб унади».

* * *

«Келаман деб ваъда бергандинг,
Туҳфа этиб сонсиз орзулар.
Кўп шамоллар эсди шундан сўнг,
Шундан бери оқди кўп сувлар.
Майсазорлар йўқ эди, мана,
Улар пайдо бўлди ҳар қайда.
Бутун борлиқ ям-яшил эди,
Бутун борлиқ энди сарғайди.
Инқирозга юз тутди борлиқ,
Наф бермади афсус, аттанг ҳам.
Таназзулдан четда қолмади
Келаман деб берган ваъданг ҳам».

 

(давоми бор)