Муҳаммад Солиҳ: Мирзиёевнинг АҚШ сафари мухолифатга умид бермади

Муҳаммад Солиҳ: Мирзиёевнинг АҚШ сафари мухолифатга умид бермади
25 views
18 May 2018 - 23:12

Ўзбек мухолифати АҚШ-Ўзбекистон ҳамкорлигининг янги даври Каримов пайтидаги хатоларга асосланишидан хавотирда. “АҚШга расмий сафари давомида сиёсий ислоҳотлар ҳақида баёнот бермаган жаноб Мирзиёевдан ўзгаришлар кутиш қийин кўринади”, – деб ҳисоблайди мухолифат етакчиси Муҳаммад Солиҳ.

АҚШга ташрифи давомида Президент Доналд Трамп билан музокаралар ўтказган Шавкат Мирзиёев ислоҳотлар йўлида содиқлигини билдирди, томонлар ўртасидаги мавжуд стратегик шериклик битимида янги давр бошланганига доир қўшма баёнот имзоланди.

Расмий музокаралар жараёнида Трамп ҳам, Мирзиёев ҳам жамоатчилик томонидан кутилган сиёсий ислоҳотларга доир бирор очиқ баёнот қилишгани йўқ.

Туркияда сиёсий қочқинликда яшаётган ўзбек мухолифати етакчиси, “Эрк” демократик партияси раҳбари Муҳаммад Солиҳга кўра, Америкага ташриф Мирзиёевни жамоатчиликка сиёсий ислоҳотларга қодир лидер сифатида кўрсатувчи яхши имконият эди, аммо Ўзбекистон раҳбари бундан фойдаланмади.

“Мирзиёев АҚШга сафари давомида сиёсий ислоҳотлар ҳақида гапиришга журъат топмаган экан, унинг бошқа бир жойда сиёсий ислоҳотлар ҳақида гапиришини кутиш жуда қийин. Мен шахсан, у АҚШ сафарида қисман бўлса-да шундай баёнот қилади деб кутган эдим, афсуски, ҳеч нарса дейилмади, бу хавотирли”, – дейди Солиҳ.

Вашингтон-Тошкент ҳамкорлигида янги давр бошлангани ҳақида маълумот тарқатган Ўзбекистон президенти матбуот хизматига кўра, Мирзиёевнинг инсон ҳуқуқлари бўйича амалга ошираётган ислоҳотлари Президент Трамп томонидан мамнуният билан қаршиланган.

Мирзиёев Трампга Ўзбекистондаги ислоҳотлар орқага қайтмаслик хусусиятига эгалиги, диний эркинликни таъминлаш учун “йўл харитаси” татбиқ этилаётгани ҳақида айтган. Томонлар Афғонистон масаласида, халқаро терроризм, диний экстремизмга қарши курашда яқиндан ҳамкорлик қилишга келишган.

Келишувлар Каримов даврида эришилган стратегик шериклик битимидаги муносабатларни ифодалайди, сиёсий таранглик боис турғунлашган ҳамкорлик тикланаётганини кўрсатади.

“Каримов 1999-йили Тошкентда кузатилган портлашларни халқаро жамоатчиликка, АҚШга ҳам экстремистларни иши деб кўрсатишни уддасидан чиқди. Бу ўйинга АҚШ ҳам кўнди, ислом фундаментализмига қарши курашаётган давлат лидери билан стратегик ҳамкорлик битимини имзолади. Шу орқали Афғонистондаги сиёсатини қўллади, Ўзбекистондан фойдаланди. Бу вазият бугун ҳам ўзгаргани йўқ, Ўзбекистонни геосиёсий қўними ўз жойида. Фақат бир ўзгариш бор, бугун минтақада Россияни, Хитойни қудрати ошиб бормоқда. Бундай вазиятда Трампнинг инсон ҳуқуқларига, демократик қадриятларга кўз юмишига сабаб бўлган нарса яна ўша геосиёсий манфаатлар бўлиши мумкин. Чунки муносабатлар қурилишида янги бир ўлчамлар кўринаётгани йўқ”, – деб ҳисоблайди Муҳаммад Солиҳ.

Мирзиёев сафари давомида диққатни иқтисодий алоқаларга, мамлакатнинг мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлашга қаратди. Беш миллиард долларга яқин шартномалар имзоланди. АҚШмудофаа вазири билан ҳарбий-техник ҳамкорликни кучайтириш юзасидан муҳокамалар ўтди. АҚШ Ўзбекистон учун мамлакат иқтисодиётини янгилашдаги устувор ҳамкор.

“АҚШ, Ғарб томонидан Ўзбекистон раҳбарини тан олиниши Ўзбекистон халқи учун ҳам яхши, аммо асосий масала АҚШ Ўзбекистондаги сиёсий ислоҳотларга туртки бўла оладими, йўқми? Бу учрашувлардан бундай хулоса қилиш қийин. Трамп Мирзиёевни яхши қабул қилди, аммо янги бир сиёсий ислоҳотлар, инсон ҳуқуқларида кескин ўзгаришлар кутаётганига ишора ҳам қилгани йўқ. Эҳтимол ёпиқ эшиклар ортида муҳокама боргандир, аммо шуниси аниқки, бу сафар Каримов ўлимидан кейин сиёсий ўзгаришларни интиқлик билан кутган мухолифатга бирор умид бермади. Тошкент бизни АҚШ қабул қилди, энди инсон ҳуқуқларини ҳа деб гапиравермасак ҳам бўлади деган хулосага бориши ҳақидаги ҳадик ҳам бор”, – дейди Муҳаммад Солиҳ.

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати Шавкат Мирзиёев Тошкентга қайтгани, тарихий деб баҳоланган АҚШ сафари ўта самарали ўтгани, натижалари узоқ йиллар халқ манфаатига хизмат қилиши ҳақида хабар тарқатди.

Манба: amerikaovozi.com