“Аллоҳ олдида нима деб жавоб бераман?”

“Аллоҳ олдида нима деб жавоб бераман?”
25 views
19 May 2018 - 13:24

Йўлим тушиб энг яқин акамни олдиларига бордим. Бир жойга кетаётган эканлар. Келганимни кўриб, “юринг, бир жойга бориб келамиз”, дедилар. У кишига эргашдим. Бозорга кириб, ҳаражат қилдик. Кимнидир йўқлашимизни тушундим. Шаҳардан анча чеккада бўлган бир қишлоқ томон йўлга чиқдик. Бир ҳонадон эшиги остига келиб тўҳтадик.

Эшикни бир болакай очди. Бир оз ўтиб, ёши етмишдан ўтган, соч соқоли оппоқ, нуроний ва каматаргина бир отахон эшик қаршисига келди. Бир оз қараб туриб таниди-да, уйга бошлади. Суҳбат давомида отани ўғиллари қамоқдалигини, Акам билан курсдош бўлишганини англадим.

Ҳол-аҳвол сўрашилгандан сўнг Акам: “янгилик борми?” – деб гап бошладилар.

– Ҳозирча тинчлик. Биз ҳам кутяпмиз. Шериклари колонкага чиқибди. Бизни ўғил бир-оз қайсарлик қилиб авфномага қўл қўймаётган экан. Каримов давридаги каби жуда кечирим сўраш ҳам шарт эмас экан. Бир нозик жойи “чиқганингдан кейин бизга ишлайсан” дейишаётган эмиш. Мана шу учун порталга, прокуратурага, халқ қабулхонасига хат ёздим. Ҳеч қандай шартсиз озод қилишларини сўрадим. Биз ҳаракатни қилдик, натижаси Аллоҳдан. Эрта-индин келин олдига кетяпти. Қани, кўрамиз, бирор янгилик бўлиб қолар, – дедилар.

Бироз суҳбатлашган бўлдик. Кетар чоғимизда акам отага “йўл кирога ишлатарсизлар”, деб пул бердилар. Ота дуо қилганча қолди.

Машинада кетар эканмиз, анчагача жимлик ҳукм сурди. “Яқин дўстингиз эдими?”, деб савол бердим.

“Энг қизиғи яқин эмас эдик. Мен институтда ҳаммага ҳукмимни ўтказар эдим. Бу йигит эгилмас эди. Шу учунми, ҳеч гапимиз гапимизга қовушмас эди. Бу ерга келиб, уни ҳолидан хабар олишимни сабаби бошқа…” деб тўхтаб қолдилар. Озгина жимликдан сўнг давом этдилар.

“3- курсда Шоҳимардонга айлангани бордик. Мен уни биринчи марта намоз ўқиганини ўша ерда кўрдим. Шом намозини ўқиётган экан. У вақтларда йигитлар ичида ҳеч ким намоз ўқимас эди. Ошхона олдида бир қоп пиёз турган экан. Жоҳиллигим тутиб, ўша пиёзни кўтариб, саждада турган биродарим устига қўйиб қўйдим. Роса кулгу бўлди. Ўзимизча зўр иш қилдик. У эса ҳеч нима демай намозини давом эттирди. Намозни ўқиб тугатди ҳам-ки, ҳеч нима демади.

Мана шу воқеани ўйласам ичларим оғдарилиб кетади. Виждоним бир лаҳзага бўлсада тинчимайди. Ҳар доим бу хонадон эшиги остига мени олиб келадиган нарса ана ўша виждоним. Эҳтимол, у йигит мени ҳозир танимас. Эҳтимол, ўша вақтдаёқ кечириб юборгандир. Эҳтимол, ўша кунги намозида чин дилдан дуо қилиб, менга ҳидоят сўрагандир. Мана шундай эҳтимоллар билан қалбимга ўзимча малҳам қўяман…”

Воқеа қаттиқ таъсирлантирди. Бир нима деб тасалли бериш учун “мана, шунча йилдан бери келар экансиз. Уйидагилари сиз келиб, хабар олиб туришингизни айтади. Инша Аллоҳ у кечириб юборган”, дедим. Акам эса: “Уни кечиришига шубҳа қилмайман. Лекин Аллоҳ олдида нима деб жавоб бераман?”, дедилар. Уёғига тинчликда кетдик. Иккимизда ҳам жўяли гап қолмаган эди.

Мийямда фикрлар яшин тезлигида айлана бошлади. Зулм режими энг юқори чўққисига етган маҳалда арзимаган сабаблар билан қамалиб кетган йигитлардан ота-оналари, ака-укалари, қариндош-уруғлари воз кечиб юборганини кўп марта гувоҳи бўлганман. Ортидан хабар олгани борганлар ҳам “чорний спискага” киритилар эди.

Аллоҳ у қамалган йигитни нақадар яхши кўрар эканки, бегона, номигагина алоқада бўлган инсон қўли билан уни уйига ризқ жўнатиб турибди. Кўплаб қамоқдаги биродарларимизни яқинлари кечиб юборган маҳал, бир бегонани унинг остонасига жўнатиб турган зотнинг мўжизаси эмасми бу?

Бу дин нақадар гўзалки, бир инсон ўн беш йил аввал қилган “гуноҳи” учун ўша вақтда ҳеч ким бўлган, дин сабаб, Аллоҳ мусулмонларни ака-ука дегани сабаб, биродари ҳолидан хабар олиб турса.

Ислом мисли йўқ буюк динки, ўртада ҳусумати борларни эт билан тирноқ каби бир-бирига яқин қилиб қўяди. Бири қамоқда туриб биродари ҳақига дуо қилса, бошқаси уни аҳли ҳолидан хабар олса.

Ё, Аллоҳ, мени мусулмон қилиб, ислом билан шарафлантириб, атрофимдаги яхши инсонларга йўлиқтирганинг учун чексиз ҳамду-сано айтаман.

P.S Акамни ҳақларига дуо қилишларингни илтимос қиламан. Аллоҳ қалбларидаги ғамгинликни кўтарсин. Қамоқдаги биродарлари ҳақига ҳам алоҳида дуо сўрайман. Шу қатори қолган маҳбусларга ҳам Аллоҳ нажот берсин. Дуодан бошқа қўлидан иш келмайдиган биз кабиларни ўзи кечирсин.

Саййид Ислом

facebook.com