Ким бўлсанг ҳам маддоҳ, хоин ва биз каби қўрқоқ бўлмайсан…

Ким бўлсанг ҳам маддоҳ, хоин ва биз каби қўрқоқ бўлмайсан…
59 views
20 May 2018 - 12:26

Масжид остонасида катталарга умид назари билан қараб турган ўғлим, бардам бўл! Сенга катталар ёрдам бермаса, Аллоҳ албатта ёрдам беради. Сенинг кўзларингдаги иймон нурини, шижоатингни, мелиса ҳайдаса ҳам катталардан фарқли ўлароқ қўрқмай сабот билан туришингни албатта самараси бўлади. Эй, ўғлим, ноумид бўлма. Сенга қаршилик қилганлар ўлиб кетади. Келажакни эса сен ва сен каби масжидга йўл топа олмай, Аллоҳни чақириғига “лаббай”, деганлар қуради.

Эй, ўғлим, сен ҳали набираларинга қанчалик зулм тузум остида яшаганингни гапириб берасан. Малъунлардан қай тариқа қочганинг, деворлардан ошганинг, катталардан ялинганинг ҳақида ривоятлар айтасан. Сени қўлтиғингдан ушлаб, масжидга киришинга қаршилик қилганлар тақдири қанчалик ҳорликда ўтганини ўз кўзларинг билан кўрасан (инша Аллоҳ).

Эй, ўғлим, сен бир кун келиб Имом бўласан. Бу хоин Имомлар каби Аллоҳ билан урушмайсан. Меҳробга, минбарга ҳиёнат қилмайсан. Зулмни, куфрни қўллаб қувватламайсан. Чунки сен бугун жажжигина жасадинг, мурғаккина қалбинг билан ноҳақликни кўриб, кичиклигингдан англаб катта бўляпсан.

Эй, ўғлим, сен бир кун келиб амалдор бўласан. Масжидга келишдан ор қилмайсан. Сажда қилишдан малолланмайсан. Сенинг амалингдан мусулмонларга наф тегади. Исломга қувват бўлади.

Эй, ўғлим, сен бир кун келиб мелитсия ходими бўласан. Масжидга келган болаларга табассум қилиб, ширинликлар улашиб, уларни ҳавфсизлигини таъминлайсан. Зулм қилмайсан. Ноҳақ ҳеч кимни қамамайсан, туҳмат қилмайсан.

Эй, ўғлим, сен кун келиб депутат бўласан. Ислом шиорларини парламент биноларидан туриб ҳимоя қиласан. Ислом ва мусулмонлар зарари учун чиқаётган қонунларни қўлламайсан. Исломга ва мусулмонларга манфаатли қонунлар қабул қиласан.

Эй, ўғлим, сен бир кун келиб академик, профессор, доктор бўласан. Давлат мукофотини олганингда “Аллоҳу акбар” дея оладиган илм аҳли бўласан. Илмингни золимлар олдида зое қилмайсан.

Эй, ўғлим, сен балки, фаррош бўларсан, балки, сартарош, балки, амалдор, ёки оддий бир мардикор. Ким бўлсанг ҳам Ислом ва мусулмонлар душмани бўлмайсан. Аллоҳга уруш очмайсан. Чунки сенинг хотирангда масжид остонасида куфр минглаб мусулмонлар устидан ғолиб бўлгани абадий муҳрланиб қолади.

Эй, ўғлим, сен кун келиб…

Ким бўлсанг ҳам маддоҳ, хоин ва биз каби қўрқоқ бўлмайсан.

Саййид Ислом 

facebook.com