Матназар АБДУЛҲАКИМ
ТАНЛАНГАН АСАРЛАР
1 – жилд
«Манглайимнинг шўри ҳарбу зарб,
Кеча — уруш, кундуз ҳам — уруш.
Кеча-кундуз дўсту душманнинг
Юрагида ғазаб ва хуруж.
Фурсат йўқдир қинга солмоққа
Ҳар бир лаҳза тинчликка хилоф.
Қиличимга кечаю кундуз
Фақатгина қон бўлди ғилоф».
* * *
«Сўзларида — эзгу бир ният
Кўзларида мусаффо матлаб.
Қашшоқликни алқаб куйлар у,
Куйлар у бойликни лаънатлаб.
Юрагимга босай дейману,
Ҳар каломи дардга дорунинг…
Қўшиғига ишонолмайман,
Овозида шира бор унинг».
* * *
«Бутун умрим вафодор дўстлар
Билан ўхшар маҳкам боғлиққа…
Улар нималари биландир
Ўхшаброқ кетишар соғлиққа.
Яъни улар ёнимда бўлса,
Оғринмайман, ўртаниб дардда.
Бир кун кўздан қочирсам борми,
Йўқликлари билинар шартта».
* * *
«Ҳаёт билан қўшиб бизларга
Кўп чарчоқлар қилинган тортиқ.
Асли ўлим — чинакам қурол.
Асли ўлим — чинакам ҳордиқ.
Бошқа изоҳ, бошқача талқин
Мантиқлардан мутлақ ташқидир.
Уйғонмоқ бу — тирилмоқ демак,
Уйқу эса — ўлим машқидир».
* * *
«Илм-ҳикматни бошқага берсанг,
ўзингда ҳам кўпаяр —
Ажаб —
бу тақводор, бу олимники
тамом бўлак, тамом бошқача.
Бир қарасанг, —
фазилатдан сўз.
Бир қарасанг —
илмдан нафаслар.
Хаёлидан чиқариш учун
сенга фазилатларни
ваъзлар.
Жоҳиллашар,
илм ўргатиб,
ахлоқсизлашар
чорлаб хулққа.
Кунда шу ҳол.
Яқин ўртада
айланади тамом махлуққа».
(давоми бор)