Замондошларимга маддоҳликдан воз кечганим ҳақида – 3

Замондошларимга маддоҳликдан воз кечганим ҳақида – 3
60 views
21 May 2018 - 13:19

3. Замондошларимга маддоҳликдан воз кечганим ҳақида

Бу бир йил давомида отам раҳматлик учун жуда қувонарли воқеа юз берди. Тўсатдан мени Хўжалик судига судьяликка таклиф қилиб қолишди. Бу ишга раҳматлик устозим Халил Тоштемиров отам билан биргаликда ҳаракат қилишди. Отам учун «жуда қувонарли» дея урғу бераётганимнинг боиси, мен учун бу тадбир, айниқса молиявий ишларимда кризис келтириб чиқарди.

Гап шундаки «Шўртангаз» газ конлари бошқармасида ҳуқуқшунос бўлиш билан бирга «Шўртан» футбол клубининг ҳам техник директори эдим. Икки жойдан каттагина маош олардим. Бундан ташқари «Шўртангаз»да 3000 дан ортиқ киши ишларди. Бу кунига 8 кишининг туғилган куни, тўйи, байрами дегани бўлиб кунларим маишатда ўтарди. Устига устак Москвада, ўша пайтдаги СССР Арбитраж судида иккита, корхона учун зарур низода ғалаба қилиб келиб обрўйим зўр эди. Футбол клуби Уставини ўзим ёзиб Адлия бошқармасига олиб борганимда улар ҳеч қачон бунақа Уставни рўйхатга олмаганликлари айтишган. Улар Тошкент билан маслаҳатлашгач клуб рўйхатга олинган. Хотирам панд бермаса ўша пайтда Ўзбекистонда фақатгина Тошкентнинг «Трактор» жамоасининг Устави алоҳида юридик шахс сифатида рўйхатга олинган эди.

Футбол клуби менинг талқинимда ўзини ўзи молиявий жиҳатдан таъминлайдиган тадбиркорлик субъекти. Уставга кўра футбол клуби Президентлигига раҳматли Наим Ҳаққуловни тайинлаб, вилоят Адлия бошқармасидан рўйхатдан ўтказдим. Наим ака ўша пайтдаги Нефть, газ, геология соҳасини бошқарувчи Қаюм Ҳаққуловнинг кенжа укаси бўлиб, қатиқни ҳам пуфлаб ичар, акасининг Республика миқёсидаги обрўсига соя солишдан ҳайиқарди. Уларнинг отаси раҳматлик Жалил Ҳаққулов ўзининг ғирт коммунистлиги, мансабдорнинг моддий неъматларга берилишини том маънода инкор қилиб ўтган раҳбарнинг яққол тимсоли сифатида қашқадарёликлар ёдида қолган.

Шунинг учун футбол клуби Президентлигини Наим ака оғриқли равишда қабул қилди. Клубга корхона пул ажратар ойлик маошни Президент, Ижрочи директор, ҳисобчи ва бир, икки йўриқчи, футболчилар, мураббий оларди. «Шўртангаз» газ конлари бошқармасида бошлиқ ўринбосари бўлиб ишлаётган Наим ака эса олган ойлик маошини клуб ғазнасига қайтарар эди.

Устав ўша пайтдаги ёйила бошлаган тадбиркорликни энг зўр соҳаларини қамраб олган (сабабини пастда айтаман)ди. Шу сабабдан Футбол клубида тадбиркорликни авж олдириб унда лимонарий, сомсахона, мантихона ташкил қилдирдим ҳамда уни кенгайтириш режаларим кўп эди.. Бу савдо нуқталаридан ҳам фойдаланиб турардим. Тадбиркорларга Устав ёзиб бериш ҳам яна бир қўшимча даромад манбаим эди. Республикада кооперативлар, хусусий фирмалар, кичик корхоналар очилгани ҳамон уларни ташкил этиш ҳуқуқий механизмини ўрганиб олгандим. Тумандаги тадбиркорларга, кичик корхона, фирма очишлари учун Устав ёзиб берардим. Чунки, ўша пайтларда ҳали компьютерлар туман ҳокимияти, корхона, ташкилотларида йўқ ҳисоби эди. Барча ишлар СССР пайтида ишлаб чиқарилган ёзув машинкаларда бажариларди. Туман комиссиясида Уставдан ўн нусха сўраларди. Бу дегани беш нусха қоғоз билан икки марта ёзув машинкасида бир хил матнни териш керак эди. Табиийки матн бир хил терилишига кафолат йўқ эди. Туман комиссияси раиси ва аъзолари эса ҳар бир Уставни ҳижжалаб ўқишлари шарт эди. Мабодо биронта хато кетиб қолгундек бўлса борми? Шунинг учун улар менга компьютерда Устав ёзишим учун тадбиркорларни жўнатар, мен эса компьютерчи шеригим билан бирга ишдан кейин Устав ёзардим. Хуллас, еганим олдимда, емаганим кетимда деганларидек маишатим зўр эди.

Аммо, отам раҳматлик мени феълимни айнита бошлади:

-Ўғлим бутун умр оддий юрист бўлиб юраверасанми?

– Юравераман, ахир халқ хўжалигида ҳам кимдир ишлаши керак-ку.

– Ўғлим, ҳозир еб тўймайдиган, ишлаб чарчамайдиган пайтинг, ҳаётнинг қийинчиликларини кўриш керак.

Юристлик ҳеч қаёққа қочиб кетгани йўқ. Ёшинг қирқдан ўтганидан кейин юристлик қилаверасан. Ҳозир Хўжалик судига ишга ўтсанг маъқул бўларди.

Ўқишни битирганимдан буён отам раҳматлик мени бирон-бир ҳуқуқни муҳофаза қилиш органида ишлашимни истарди. Прокуратура, Ички ишлардаги отамнинг саъйи-ҳаракатлари бесамар кетди. Энди Хўжалик судидан ҳам қайтсам отам хафа бўларди. Ҳужжатларни топширдим.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларида ишлаш бўйича ўша давр шароитидан келиб чиқсак менда ҳеч қандай шанс йўқ эди десаям бўларди. Чунки, бобом Ғузор тўралигида Амин лавозимида ишлаган ва унинг исми Шукур Амин бўлган. Совет даврида қулоқ сифатида мол-мулки мусодара қилиниб ўзи қамалган. Қамоқдан чиққанда отам олти ёш бўлган. Отам ўн уч ёшидан онасидан ҳам айрилиб, ғирт етим ўсган. Устига устак отам савдо ходими бўлиб совет замони раҳбарияти ўз яқинига йўлатмайдиган касб эгаси эди. Аслида бутун умр юрист-консультант бўлиб қолишим ҳам мумкин эди. Аслида юрист-консультантлик лавозими ҳам машаққатлар билан забт этилганди.

Мен 1986 йил ТошДУнинг юридик факультетини битириб Университет йўлланмаси билан Вилоят Матлуботсавдо Уюшмасига ишга юборилдим. Бу пайтда кўпинча унинг номи русчасига Облпотребсоюз деб юритилар ва бу вилоятдаги барча қишлоқ туманлари савдо ходимларини бирлаштириб турадиган идора бўлиб, бу ерда ишлаш катта обрў эди. Фақат ҳуқуқшунос сифатида эмас. Ўша пайтларда (балким ҳозир ҳам) ҳуқуқшуносларга нисбатан ёвқараш мавжуд эди. Бу ғоянинг муаллифи Никита Хрушчев бўлиб у ҳуқуқшуносларга нисбатан «биз яқинда коммунизм қурамиз, шунда юристларнинг умуман кераги бўлмайди»-деганди. Хрушчев кетсада унинг башорати ҳамон ҳаракатда эди.

Йўлланмани олиб вилоят Матлубот уюшмасига борганимда, айни шу пайтда иккита туманда юрист-консультант лавозими бўш экан. Ғузор ва Нишон туманлари. Табиийки мен ўз юртим Ғузорни танладим. Отам «Нишон туманига олганингда бўларди»-деди.

Йўлланмани олиб Ғузор туман матлубот жамияти Раисининг ёнига кирсам раис менга қараб «бизда иш йўқ ука»-деди. Мен ҳеч нарса демасдан уйга келдим. Юмшоққина рози бўлиб раиснинг ёнидан чиққаним йўқ. Гердайиб «ҳали кўрамиз, Университет йўлланмаси бўйича ишга олмаслик оқибатини»-дегандай чиқиб кетдим. Бўлган воқеани отамга айтдим, отам кечқурун менга «бош ҳисобчи – Кенжа акангни ёнига бор»,- дедилар.

Раҳматлик Кенжа ака Раиснинг ёнига кириб, мени ишга олиш ҳақида Университет йўлланмаси устига устхат ёздириб чиқди. Юрист-консультант сифатида ишни бошлаб юбордим. Кўп ўтмай комсомол котиблигиниям қўшиб беришди. Бу иш ҳам отамнинг ҳайрихоҳлигида бўлди. Чунки, отам менинг Коммунистик партия сафига ўтишимни истардилар. Коммунист дегани эса мансаб пиллапояси дегани эди ўшанда.

Ўша йили баҳор яхши бўлмаганмиди, ҳарқалай бутун идора ходимлари биргаликда янтоқ чопишга чиққанимиз ёдимда. Кейинроқ РайПО дўкондорлари ходимларидан иборат гуруҳни олиб ётолоқ тарзида пахтага кетдим. Мен гуруҳ бошлиғи эдим. Отам Олий маълумотли ҳуқуқшуноснинг ётолоқ билан пахтага чиқишини норозилик билан қабул қилди. Она кўнгли болада, бола кўнгли далада деганларидек, комсомол котиби сифатида менинг четда туришим мумкин эмаслигидан пахта мавсумида магазинчи комсомол ёшлар иштирокида Ярғунчи қишлоғида жавлон уриб пахта тердик. Ёзда ягана, кузда пахта ишларида жонбозлик кўрсатардик. Кооперативлар ташкил бўп қолди. Қонунларни таҳлил қилиб РайПО Раиси ёнига кириб алоҳида кооператив ошхона очайлик десам, у устимдан кулди. Аммо, бу иш бошқа жойларда авж ола бошлади.

Юридик факультетда суд-прокуратура мутахассислиги бўйича ўқиганим учун халқ хўжалиги соҳасида қонунларни ўзлаштириш осон кечмади. Бир қизиқ одатим – қаерда юридик адабиёт кўрсам сотиб олардим. Кунларнинг бирида ўзимизнинг туман китоб дўконида «Поставка товаров народного потребления» деган журналсимон китобни топиб ўргана бошладим. Билдимки, бу китоб айнан менинг соҳамга тааллуқли китоб экан. Рус тилини ёшлигимдан яхши билардим. Отам раҳматли мен рус тилини ўрганишим учун Москвада чоп этиладиган «Правда», «Известия», «Труд», «Советский спорт» газеталарига обуна бўларди. Мен қўшимча равишда «Футбол Хоккей» ойлик газетасини «подприлавка» газета киоскларидан олиб турардим. Талабалик давримда «Огни Болгарии» журнали жуда қизиқарли ахборот манбаи эди. Юридик адабиётлар факультетда деярли ҳаммаси рус тилида эди. Ўзбекча юридик китоблар йўқ ҳисоби бўлиб, русчани билишга ҳамма мажбур эди.

Матлубот жамиятида ҳуқуқшунос сифатидаям баъзи ҳолатларда ўз сўзимни айтадиган бўлдим. Красноярск Ўлкасидан келган тахта масаласидаги низода ғалаба қилдим. Кейин ҳангомали иш Тошкент пиво заводи билан низода ҳам ғалаба қилдим. Ҳангомали деганим улар бизнинг дўкончидан қабул қилиб олган 245 та полиэтилен яшикни брак (тегишли далолатномалар расмийлаштирилган) қилишибди-ю, аммо, унинг ичидаги биронта шиша синмабди. Агар яшик брак бўлса шишалар ҳам синиши керак эди-ку?! Мана шу мантиқий элементни судьяга етказа билганимдан кейин ғалаба қилганман.

Яна бир куни Раис билан савдо қоидалари масаласида бир нарсада тортишиб қолдик, у дарҳол вилоятдаги юрист акасига телефон қилди, гўшак нарёғидаги одам менинг ҳақлигимни айтар, раис эса қизаргандан қизарарди. Кейин мен айтган нарсамни Фуқаролик Кодексини олиб келиб кўрсатиб исботлаб бердим.

Аммо, отам мени партияга ўтишимни истарди. Партияга ўтиш учун озод этилган комсомол ташкилоти котиби бўлишим керак эди. Отам раҳматлик вилоят Комсомол Қўмитасига бориб иккинчи котиб бўлиб ишлайдиган ғузорлик, ота қадрдонининг ўғли Ёқуб Ҳожиевни бу ишда ёрдам беришни сўрагани ёдимда.

Озод этилган комсомол ташкилоти тузиб, юрист-консультантликни вақтинча ташлаб кичик сиёсий арбоб сифатида, довдираб, фаол ишлай бошладим. Ўша пайтда туманда комсомол бадалини топширишда етакчи ўринларга чиқиб олдим. Баъзида минглаб аъзоси бор колхўз ва совхоз комсомолларидан кўра кўпроқ бадал топширардим. Сабаби Ғузор азалдан савдо макони бўлганидан, комсомол ёшлар яхшигина маош олардилар. Ташкилотни молиявий жиҳатдан «тилини қисиқ» қилгандан кейин мажлисларда менинг тилим бурро бўла бошлади.

М.Горбачев бошлаган «Қайта қуриш», «Ошкоралик», «Плюрализм (фикрлар хилма-хиллиги)» бутун советлар мамлакатида кенг ёйила бошлади. Айниқса Партиянинг XIX Конференцияси СССР давлати ва жамиятида катта шов-шувга сабаб бўлди. Адашмасам бу воқеа 1989 йил май ойида рўй берганди. Ана шу партконференцияда Москва шаҳар ҳокими Б.Н.Ельциннинг маърузаси совет тоталитар тизимини ёриб ташлаганди.

Ана ўша партконференциянинг жаҳоншумул аҳамияти ҳақида Райижроқўм мажлислар залида йиғилиш бўлиб ўтди. Вилоятдан меҳмонлар келган, институтдан домлалар ҳам ташриф буюришганди. Уларнинг ҳаммаси М.Горбачевни мақтаб Ельцинни ерга уришарди. Ўша конференциядан кейин, кўп ўтмай Б.Ельцин Москва шаҳар ҳокимлигидан ишдан олиниб, Россия Парламентидаги архитектура қўмитаси аъзосига айланганди, менимча.

Райкўм биринчи котиби эса зални фаолликка чақирар, ҳеч ким Райкўм котиби юзидан ўтолмасдан жим турарди. Мен сўз сўраб варақча жўнатдим. Аммо, хатимни Президиумга олдинги қатордагилар беришмади. Йиғилиш якунланишидан олдин Райкўм биринчи котиби сўз олиб, нега ҳеч ким сўз олмаётганини тилга олиб, самимий гапиргандай бўлди. Шу пайт олдиндагилар менинг таклифимни юқорига узатиб юборишди.

Райкўм котиби хурсанд бўлиб, мени минбарга таклиф этди. У мендан Партиянинг олиб бораётган курсини мақтайди деб ўйлаганди. Мен эса бошқача фикрда эдим. Шу сабабдан минбарга чиққач, менинг сўз сўраш ҳақидаги тилхатим анча олдин берилгани, лекин ўша пайтда тилхат тепага берилмаганлигини таъкидлаб, Борис Ельцинни ёқлаб гапириб кетдим. Сўзимнинг охирида Борис Ельциннинг кимлигини вақт кўрсатади, у келажакда ўз сўзини айтади, -деганга ўхшаш гап билан якунладим. Зал сув сепгандай жимиб қолди. Райкўм котиби яна сўз олиб менга танбеҳ беришга чоғланиб гапира бошлади. Қандайдир бир лаҳзада кўзларимиз тўқнаш келди. Менинг важоҳатим эса яна сўзга чиқишим мумкинлигини кўрсатиб турарди. Райкўм котиби гапни калта қилиб маърузасини тугатди.

Ҳамма тарқалди. Кўчага чиқсам ҳамма таниш-билишларим мендан қочишаётгандек туюлди. Шунда 37-йиллардаги ҳолатлар ҳақида журналлардан ўқиган воқеалар ёдимга тушди. Орадан бир ой ўтар ўтмас, савдо ходимлари болаларини Москвага саёҳатга олиб борганимда Борис Ельцин билан учрашиш ва расмга тушиш учун Москва шаҳар Советига боргандик. Шунда миршаб «Борис Ельцинни қидириб келаётганларнинг ичида сизлар биринчи ҳам, охиргиси ҳам эмас. Унинг хонаси таъмирланяпти. Россия Олий Советига боринглар»-деганди. Олий Советга бориб ҳам уни тополмаганмиз. Биз Москвадан келгач эса Борис Ельциннинг катта интервьюси «Известия» ёки «Правда» газетасида босилган. У ўша интервьюда ҳозирги пайтда «Россия» меҳмонхонасида яшаётганлиги телефон рақамларини ҳам эълон қилганди. Телефонининг охирги рақамлари 73-74 ёки 77-78 билан якунланарди. Биринчи учта рақами ёдимда қолмаган.

Нотиқлигим сабабми, Ёшлар Иттифоқининг Республика Марказий Қўмитаси аъзолигигача сайланиб бордим. Туман мажлисларида, вилоят конференцияларида, Республика съездидаги тўполонларимни эсласам ҳозир кулгим келади. Комсомолнинг Устави бўйича нима балоларнидир ўзгартириш учун ёқа йиртганимизни қаранг. Ёшлар ташкилоти номидан Ленин (ЛКСМ – Ленинский Коммунистический Союз Молодёжи) номини олиб ташлаш ҳақидаги гапларимдан сўнг, сеъздга боришдан олдин вилоят комсомол фаоллари алоҳида мендан ушбу масалани Тошкентдаги съездда кўтармасликни илтимос қилишганди. Мен майли, дедим. Сеъздда нутқ сўзлашим керак эди. Минбардан сўз беришмади. Зал ўртасида қўйилган «эркин» микрофондан гапирмоқчи бўлганимда микрофонни (кейинчалик Олий Мажлисда ҳам бу ҳол такрорланган) ўчириб қўйишди. «Биз бу ерга комсомол ёшлар муаммоларини гапиргани келганмиз, танаффус пайтида, мусиқа қўймасдан, эркин микрофонни очиқ қолдиринглар!» деб ҳайқирганимдан кейин танаффус пайтида мусиқани ўчириб қўйишгани ёдимда.

Съезд 1990 йилда бўлганди. Ўшанда съезд қатнашчилари Республика раҳбари И.Каримов билан ҳам учрашган. Савол-жавоблар ёзма равишда берилсин деганлари учун мен И.Каримовга «ҳозирги пайтда биз ёшларга қандай шиорни тавсия этасиз» деган қабилида савол бергандим. И.Каримов ўз чиқишларида шиорбозликни қораларди. Шу сабабдан бўлса керак, унинг кайфиятини бузмаслик учун, олдиндаги ақллилар бу сафар ҳам саволим манзилга етиб бормади. Лекин кўп ўтмай «Элим деб, юртим деб ёниб яшаш керак»-деган шиорни И.Каримов мамлакат бўйлаб ёйди.

Ўша 1990 йилда Ўзбекистон Олий Советига сайловлар бўлганди. Ўша сайловларда Ғузор туманида иккита округ бор эди. Мен икки округда иккита депутатга ишончли вакил бўлганман. Ўша альтернатив сайловларда менинг икки депутатим ҳам сайланган эди.

Туман матлубот жамиятида Компартия аъзолигига номзод бўлиб ўтгач, бир ўртоғим билан Хўжалик ҳисобидан Ёшлар ташкилоти очдиг-у, тадбиркорликка қараб кетдим. Айни шу пайтда қишлоқ хўжалигида Ижара пудрати авж олган пайт бўлиб, Москвадан Ижара пудратига оид Қонунлар ва норматив ҳужжатлар пакетини олиб уни Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида қўллашни йўлга қўйиш мақсадида ўзбек тилига таржима қилиб сотишни мўлжалладим. Икки-уч ойда қизғин ишлаб ўзбекча таржима тайёр бўлди. Уни сотиш ҳақида Совет Ўзбекистони газетасига эълон бердик. Менимча минг нусхада чиқаргандик. Ижара қонунлари бизнинг фикримизча қишлоқ хўжалиги учун энг долзарб ҳужжат, шу сабабдан пулнинг тагида қолишимиз керак эди. Афсуски, Ижара тўғрисидаги Қонунлар тўпламидан ўнтами, йигирматами сотдик. Қолган нусхалар анча йилларгача у ёқдан бу ёққа ташилиб, охирида макулатурага айланиб кетди. Мен китоб сотиб бойиш мумкин эмаслигини ўшанда биринчи бор ўз танамда синаб кўргандим.

Мана шу пайтдан бошлаб биринчи бор Қуръон оятларини ўқий бошладим. Аввал таҳоратли юришни ўргандим. «Жиноятчиларнинг охиратини кўринг», «Ғамни ғам кетказади», «дарахтнинг қуриган барги ҳам Аллоҳнинг рухсатисиз тушмайди» деган оятлар мен аввал ҳеч қачон дуч келмаган ҳақиқатларни англатиб турарди. Ўша йили биринчи бор уч кунми рўза тутдим.

«Шўртангаз» ГКБга ҳуқуқшунос бўлиб ишга олиндим. Ўша пайтдаги раҳбар Т.Омонов СССР халқ депутати эди. Мен депутат ёрдамчиси бўлиб ҳам ойлик ола бошладим. Эсимда «Шўртангаз»даги биринчи ўзбек тилидаги Буйруқни мен ёзганман ва яхшигина ғавғо кўтарилган. 1991 йил май ойида шахсан И.Каримовнинг таклифи билан Т.Омонов Ғузор туман Партия ташкилоти биринчи котиби бўлди. Мен депутат ёрдамчиси, райкўм йўриқчиси бўлиб ишга олиндим. Яна тағин ярим ставка «Шўртангаз»да ҳуқуқшунос ҳам эдим. Ўша йили туманда картошка танқислиги бошланди. Бир килограмм картошка 5 сўмга чиқди. Ғузорлик бир йигитнинг таклифи билан Чувашиядан картошка келтирганмиз. У воқеанинг ўзи роса ҳангома бўлган. Бир сўмни олдиндан тўламасдан 90 тонна картошка олиб келганман. Шеригим қрим татар йигити бўлиб акаси Чебоксарда яшарди. Ўшани орқа қилиб борганмиз. Картошкани колхўздан олганмиз. Касаба Қўмитаси Раиси шунда колхўз раисига «Анварга ишонаман-у, шеригига ишонмайман»-дея, картошкани бермоқчи бўлмаган. Мен ўша колхўзчиларга СССР халқ депутати Т.Омоновнинг Депутатлик сўровига биноан КамАЗ машинаси олиб берганман. Ундан ташқари вакилини бир ойча уйда меҳмон қилиб, берилган картошка қийматига мос равишда улар учун зарур текстил маҳсулотлари олиб бериб, ваъдамни бажарганман. Гарчи биз 1991 йил 1 сентябрда Мустақиллик эълон қилган бўлсакда, иқтисодий алоқалар давом этар, Россия билан алоқалар узилмаган эди. Чувашлар чўқинтирилган туркийлар. Лекин улар ўзларини туркий деганини эслолмайман. Биз бир ойча юрган бўлсак бирон марта конфликтга дуч бўлмаганмиз. Чувашлар ҳам биз каби содда, тинчликсевар халқ экан. Қизиғи, кўчада юрсам улар мени чуваш деб, ўз тилларида гапирган ҳолатлари ҳам бўлган. Ана шу ваъдани бажариш юзасидан Мухторхон Эшон бувадан отам дуо олиб берган. Иш шундай тез битганки, мен ҳаётимда биринчи бор дуонинг кучини ўшанда синаб кўрганман. Орадан бир йил ўтгач Т.Омонов ишдан кетди. Мен «Шўртангаз»га ҳуқуқшуносликка кетдим. Футбол клубини очиб юқорида айтганимдек маишатда яшардим.

Лекин, Қуръон ўқиш билан бирга намоз ўқишниям ўрганиб, хушим тутган пайтлари ўқиб юрардим. Амир Темурнинг Темур тузукларида «Қуръон очиб» ҳаракат қилганлиги ҳақидаги тадбирини ўрганиб олиб уни мен ҳам ҳаётда қўллашни ўша 1991 йилдан бошлаганман. Мени нима қийнаб турган бўлса, Қуръон очсам ўша муаммонинг ечими чиқарди. Аста-секин Қуръон оятларини ўзимизнинг Қонунлар билан солиштира бошладим ва Қуръон қонунларининг кўпчилиги Ғарб демократик мамлакатларида амалда эканлигига гувоҳ бўла бошладим.

Мисол учун бировнинг уйига рухсатсиз кирмаслик, бир ёмон ният қилсангиз-у уни амалга оширмасангиз бу жиноят эмаслиги, тарозидан уриб қолмаслик – яъни олаётганда битта тарози, сотаётганда бошқа тарозида ўлчамаслик, далилларни текшириб кўрмасдан ҳукм чиқармаслик, кўр-кўрона Қуръон оятларига эргашиб кетмасдан уни тафаккур қилиш, шалоқ-мазах қилишса сабр қилиш, яъни танқидларни чидам билан тинглаш, адолатли бўлиш, яхшиликларга шошилиш. Бу Китобни ҳижжалаб бир йил давомида мағзини чақиб ўрганиб чиққач, дунёда бу Китобдан Улуғ Китоб йўқлигига амин бўлдим.

Давоми бор

Анвар Шукуров

facebook.com