AI делегацияси 14 йилдан сўнг илк бор Ўзбекистонга келмоқда

AI делегацияси 14 йилдан сўнг илк бор Ўзбекистонга келмоқда
20 views
22 May 2018 - 10:14

“Озодлик” радиосининг хабар беришича, Amnesty International халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти делегацияси 22-25 май кунлари Ўзбекистонда бўлиб, қатор расмийлар билан учрашади.

Ташкилот матбуот хизмати тарқатган маълумотга кўра, Ўзбекистон Ташқи ишлар ва Адлия вазирликлари таркибига AIнинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича директори Мари Стразерс ҳамда унинг муовини Денис Кривошеев кирган делегацияни қабул қилишга ҳозир эканини билдирган.

Ўзбек расмийларининг халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари билан мулоқотга тайёрлигини олқишлаган Стразерс ҳали бу мамлакатда инсон ҳуқуқлари вазиятини ўнглаш бўйича кўп иш қилиниши лозимлигини урғулаган.

“Биз ўзбек расмийлари учун тавсиялар рўйхатини ҳозирладик ва Тошкентдаги масъуллар уни жиддий ўрганиб чиқишига умид қиляпмиз. Бу ерда гап, хусусан, сиёсий сабабларга кўра таъқиб қилинганларга қарши жиноят ишларини тўхтатиш ҳамда уларнинг барчасини оқлаш, шунингдек, ўтмишда инсон ҳақларига қарши содир этилган жиноятлар юзасидан холис ва самарали суриштирув ўтказиш ҳақида бормоқда”, дейди Мари Стразерс.

Amnesty International делегацияси Ўзбекистонда сўнгги бор 2004 йилда бўлган. Ўшанда AI Тошкентда “Оналар ўлим жазоси ва қийноқларга қарши” ташкилоти билан биргаликда халқаро анжуман уюштирганди.

Ўзбекистон хориждаги ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари билан ҳамкорлик қилишга тайёрлиги ҳақида илк бор 2017 йил июлида ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов гапирганди. Орадан икки ой ўтар-ўтмас Тошкентга Human Rights Watch ташкилоти делегацияси ташриф буюрган.

ЎХҲ хабарлар бўлими