Емиш ва яхши яшашдан бошқа ғамларинг йўқми?

Емиш ва яхши яшашдан бошқа ғамларинг йўқми?
19 views
24 May 2018 - 12:20

Охирги вақтларда қамоқлардан кўплаб диний маҳбуслар озод этиляпти. Ичкаридан чиқаётганлар ичида танишларимиз, яқинларимиз ва биз кичик бўлганимизда шаҳарда ном қозонган устозларимиз ҳам бор.

У инсонларни баъзилари “синган”, баъзилари эса янада тобланиб, мустаҳкам бўлиб чиққан. Ҳар қандай зулм ҳам букилмайдиган инсонни синдира олмас экан. Шундай инсонлардан бири бизнинг ҳолимизга ажабланиб “сизларга ҳукм бошқами? Шу аҳволга келиб қолдиларингми? Емиш ва яхши яшашдан бошқа ғамларинг борми?”, деди. Ҳукм ва ҳозирги ҳолатимиз ҳақидаги гаплар алоҳида мавзу. Бу ҳақда бошқа тўхталарман… Ўша суҳбат давомида ичкаридаги ҳолат ҳақида бир оз гапириб бердилар.

“Баъзи биродарларни еган калтакларини кўриб, бу инсонлар калтакдан лаззатланадими, деб ажабланар эдим. Бошқа биродарни қилган айбини, бошқаси бўйнига олиб, итдек калтак ер эди. Ҳозиргина ўласи қилиб калтакни ейди. Зарбалар таъсирида юзини кўрса таниб бўлмас даражага келиб қолади. Калтакни еб келиб, бошқани чақирса “сен нимжонсан. Жим ўтиравер. Барибир улар танимайди”, деб шеригини номидан яна калтак егани чиқиб кетар эди.

Ташқаридагига ўхшаб мансаб, пул, мол-дунё, таниш-билишчилик деган нарсалар йўқ. Ўртамизда валлоҳи фақатгина иймоний биродарлик бор. Яхши ҳаёт инсонларни бузар экан…”

Ўша акани бу сўзларини эшитиб, ичим эзилди. Дарҳақиқат биз ҳам мусулмонмизми? Уммати Муҳаммадга келган ҳукм бошқа, бизга келган ҳукм бошқами? Ҳаётдаги ҳолатимиз ҳаммага маълум. Шу оддийгина фб ҳам реал ҳаётимизни акс эттиради. Арзимаган нарсалар устида баҳслашиб, ҳақоратлаб, бир-биримизни кофир ва мунофиқликда айблаймиз. Мана, юз йилларки соқолни размери, пайпоққа масх тортиш, таҳорат одобларидан нарига ўтмаймиз. Намозда “омин”ни жаҳрий айтадими маҳфийми деб талашишдан чарчамаймиз.

Мавсумга қараб баҳсларимиз ҳам айланиб келаверади. Йил бошланиши билан Валентин куни, Бобурдей, 8 – март, Наврўз, 9- май, рамазоннинг қайси куни кириши, ҳайитдаги иҳтилоф ва янги йил устидаги баҳслар билан йил тугайди. Янги йил яна эски ҳаммом эски тос. Ора-орада янги мавзулар қўшилиб, бизни чарчатмай туради. Баъзиларни ўзини тутишини кўриб, шу одамдан бошқаси адашиб кетганми, деб ўйлаб қоламан.

Биродаримиз учун калтак ейиш уёқда турсин, уни сотиб беришдан тоймаймиз. Бенамоз аҳлимизга ўтказа олмаган ҳукмимизни аҳли қибла дўстимизга ўткизиб, уни жаннатий ёки дўзаҳий эканлигини аниқлашга сарф қиламиз.

Фаластинликлар кетмон сопи ва тошлар билан Ақсони ҳимоя қиляпти. Биз эса улар учун охлар чекамиз. Лаънати Исроилни қарғаймиз. Аммо масжид эшиги остидан қайтарилаётган болаларни кўрмай, эътибор қилмай ўтиб кетамиз. Аслида Фаластинликлар бизга ачинса керак.

Умрида намоз ўқимаган, пешонаси сажда кўрмаган қариндош, дўст, улфатлар билан гапимиз роса қовушади. Аммо аҳли қибла биродар билан қовушмайди. Уни айблашда бенамоз улфатни аламлари ҳам қўшилиб кетади.

Кимдирни бошига дўппи кийгазишга етган ақлимиз, аҳлимизга рўмол кийгазишга етмайди. Фиқҳий масалаларда келишмай, бошқаларни фалоний деб айблаган фаросатимиз, юрт ширкхонага тўлиб кетганини кўрмайди.

Қўрқоқлигимизни эҳтиёткорлик, мутаассиблигмизни динга хизмат деймиз. Фитнани чиқариб, қолганларни фитнада айблаймиз. Муаммо қолиб, муаммони олиб чиққанни гўрига ғишт қалаймиз. Муаммо ҳал бўлса, шукримиз сабаб ҳал бўлди, деб ўзимизни овутамиз.

Ўзимиз гапирмаймиз, гапирганни оғзига урамиз. Гапирмай, гапиртирмай муаммоларни дуо билан ҳал қилишга ҳаракат қиламиз. Бизга ёқмаган ҳар қандай фикрни “фитна” деймиз. Биз хоҳлагандай яшамаган одамга ҳукм тайин. Қарор – қатъий. Шикоятга ўрин йўқ.

Салафлар “Мени йўлим тўғри, лекин нотўғри бўлиши ҳам мумкин. Уни йўли нотўғри, лекин тўғри бўлиши ҳам мумкин” – деган бўлса, биз мени йўлим тўғри, нотўғри бўлиши мумкинмас. Сени йўлинг нотўғри, тўғри бўлиши мумкин эмас” деб қараймиз. Атеист, агност, фосиқ, беибодат, ароқҳўрларга етган тоқатимиз мусулмонга етмайди. Мессини гол урганда крест ишорасини қилиб қўлини юқорига кўтарганда, Роналдуни балдоқ таққан башарасини кўриб қувонган қалбларимизга мусулмон биродаримиз сиғмайди.

Мени ҳар қанча ёмон кўрсангиз ҳам, динга очиқ душман бўлмагунингизча мен сизни яхши кўравераман.

Саййид Ислом

facebook.com