Лев Толстой мактуби

Лев Толстой мактуби
96 views
27 May 2018 - 11:20

Лев Толстой мактуби
НИКОЛАЙ II ГА
1902 йил 16 январь, Ғаспира.

Марҳаматли биродар!

Сизга мурожаат қилишимнинг боиси – Сизни нафақат шоҳ деб билганим, балки Сизни ўзимга биродар бир инсон деб билганимдандир. Қолаверса, мен сизга баайни нариги дунёдан ёзмоқдаман, чунки қазойим яқин қолди.

Аммо Сизнинг бугунги кунда қилиб турган ишларингиз, яъни ижтимоий фаолиятингиз ҳақида, бу фаолият қанақа бўлиши мумкин эди: миллионлаб инсонларга қанчалар фойдали бўлур эди ва ушбу фаолиятингиз шу тарзда давом этаверса, ўша миллионлаб инсонларга ва шахсан ўзингизга қанчалар зиён етказиши мумкинлигини айтмасдан ўлишни истамайман, биродар.

Русиянинг учдан бир қисми қонунга зид ўлароқ бамисоли қамал ҳолатида яшайди. Полиция қўшинларингиз – ошкора ва хуфияларингиз кундан-кун кўпаймоқда. Қамоқхоналар ва сургун қилинадиган жойларингиз шу қадар тўлиб кетганки, уларнинг асосий қисмиини сиёсий маҳбуслар ташкил этади; энди улар сафига оддий ишчилар ҳам қўшила бошлади.

Цензура шу қадар аҳмоқона таъқиқлар чегарасига етиб келдики, энг қора кунларимиз саналмиш – 40-йиллар даражасидан ҳам ўтиб кетди. Диний тазйиқлар ҳеч қачон бу қадар шафқатсизлик билан олиб борилмаган эди… Шаҳарларда – завод ва фабрикалар қошида қўшинларингиз ҳаргиз тайёр турадики, қайси бир жойда халқ андак норозилик билдирса, милтиқларига ажал ўқларини жойлаб югуришади. Жуда кўп жойларда бродаркушлик бўлди ва янги-янги қон тўкилишига ҳозирлик кўрилмоқда.

Давлатнинг мана шундай муттасил амалга ошираётган кескин ва шафқатсиз хатти-ҳаракатлари сабабли 100 миллионли деҳқон халқ – ҳа, Русиянинг қудратини таъминловчи деҳқонлар – давлат бюджети муттасил ортиб бораётганига ёки, аниқроғи, айни ортиб бориши оқибатида кундан-кунга камбағаллашиб бораётир, очлик одатдаги ҳолга айланиб қолди. Ва, табиий, жамиятнинг барча қатламларида давлат сиёсатига нисбатан қаршилик кўрсатиш, унга душманларча муносабатда бўлиш ҳам одатий ҳолга айланиб қолди.

Буларнинг барчасини сабаби, ҳеч шубҳасиз, битта: гап шундаки, сизнинг маслаҳатчиларингиз халқ ҳаётидаги исталган илгари силжишни тўхтатиб, айни шу йўл билан халқнинг фаровонлигини ҳамда сизнинг хотиржамлигингиз ва хавфсизлигингизни таъминлаяпмиз, дея сизни ишонтирмоқда. Бироқ Тангри таоло йўл берган инсониятнинг доимий олдинга интилишини тўхтатишдан кўра дарёнинг оқимини тўсиш осон. Муайян одамлар ҳаётнинг ҳозиргидек кечишини хоҳлайди, улар “apres nous le deluge” (французча) “биздан кейин дунёни сув босиб кетмайдими” деган ақида билан яшайдилар; бинобарин бунга сизни ҳам ишонтира оладилар ва бу уларнинг вазифаси ҳисобланади – хуллас, уларни тушунса бўлади. Бироқ, во дариғки, сиздай эркин, ҳеч вақога муҳтож бўлмаган одам, оқил ва бағрикенг инсон қандай уларга ишонишингиз; уларнинг даҳшатли йўл-йўриқларига амал қилиб, инсониятнинг ёвузликдан эзгуликка, зулматдан ёруғликка абадий талпинишини тўхтатишдек бемаъни муддао йўлида шунчалик ёвузликлар қилишингиз ёки ёвузликлар қилиниши учун имконият яратишингизни асло тушуниб бўлмайди.

Ахир, Сиз ушбу ҳолни билмаслигингиз мумкин эмас, яъни инсоният тараққиётида ҳаётнинг шакллари, жумладан, иқтисодий, сиёсий, ижтимоий ва диний шакллари тўхтовсиз ўзгариб, қўпол шакллари юмшоқроқ шаклларга, аҳмоқона бошқарувлар оқилона бошқарув усулларига ўрнини бўшатиб бераётир.

Бутун дунё тараққиётида шу ҳол кузатилаётир.

Сизнинг маҳрам-маслаҳатчиларингиз эса Сизга, йўқ, бу – ёлғон ақида, дейишади, рус халқи учун праволслав дини ва яккаҳокимлик илгари қандай қимматга эга бўлса, ҳамон шундай – бу ҳол унинг табиатига хосдир ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади, дейишади ва бир-бири билан боғлиқ бу икки бошқарув шаклини нима қилиб бўлса-да қуллаб-қувватлаш ва мустаҳкамлашни маслаҳат беришади. Ахир, бу икки томонлама хато-ку. Биринчидан, православлик рус халқига бир замонлар қанчалик қадрли – табиатига хосдек бўлган эса, эндиликда бундай эмас. Синоддаги оберпрокурорнинг ҳисоботларидан билишингиз мумкинки, Русиядаги руҳан ва ақлан камол топган кўпдан-кўп зиёлилар бошларига ёғилажак хавф-хатарларни яхши билганлари ҳолда православликдан йироқлашмоқда, эзгу ҳақиқатларни тан олгувчи мазҳабларга кирмоқда. Иккинчидан, башарти рус халқига православлик шу қадар хос – миллий туйғуси каби бўлар экан, бу ақиданинг бунчалар ҳимоя қилинишининг ҳамда уни инкор этадиганларни шафқатсизларча таъқиб қилинишининг сира ҳожати йўқ.

Энди яккаҳокимликка келсак, бу ҳам рус ҳалқига хос эътиқоддир дейиш хато экани кўриниб қолди: илгари замонларда шоҳ – гуноҳсиз, ердаги худодир, унинг ёлғиз ўзи халқни – давлатни бошқаради, деб ишонишган бўлса, ҳозир ишонишмайди. Биринчидан, андаккина саводхон одам ҳам биладики, яхши шоҳ, французлар таъбири билан айтганда: “un heureux hasard”, камдан-кам учрайдиган бахтли тасодиф, қолаверса, шоҳлар нодон ва жоҳил бўлишлари ҳам мумкин экан – худди Иоан Тўртинчи ва Павелга ўхшаб; иккинчидан; шоҳ қанчалик яхши бўлмасин, 130 миллиондан иборат аҳолини якка ўзи бошқара олмайди, халқни – давлатни шоҳга яқин турган кимсалар, халқ манфаатидан кўра ўзларининг нафини кўпрок ўйлайдиган кимсалар бошқаради, бу мансабдорлар эса халқ фаровонлигини ўйламайди, аксинча асосан ўзларининг манфаатлари ҳақида қайғуради. Сиз менга шоҳлар ҳалол ва ишчан ўғлонларни ёнига олиши мумкин, дейишингиз мумкин. Афсуски, шоҳ бундай қила олмайди, у тасодифан ёки турли йўллар билан пинжига кириб олган бир неча ўнлаб кимсаларнигина билади, бу кимсалар сидқидилдан хизмат қилиши мумкин бўлган виждонли одамларни қора тоғдай шоҳдан тўсиб туради. Бинобарин, серғайрат, чинакамига маърифатли, ҳалол, ижтимоий фаолиятга ташна минглаб ҳалол одамлардан эмас, Бомарше айтгандек, шоҳ “қулларча ўртамиёна феъл-атвори билан жамики ниятларига эришадиган” тоифалардан хизматчиларни танлаб олади. Кўплаб руслар шоҳга итоат қилишга тайёр, бироқ рус халқи ўз орасидан чиққан мансабдорларга ҳақорат қилмасдан бўйинсина олмайди, чунки шоҳ номидан халқни бошқараётган бу кимсалардан нафратланади.

Авомнинг шоҳга, яъни Сизга ва Сизнинг корчалонларга кўрсатаётган севгиси Сизни адаштираётир, биродар. Москва ва бошқа шаҳар кўчаларида Сизни ва ёрдамчиларингизни кўришганда, халқнинг “ура!” деб аюҳаннос солишига ишонманг. Булар асосан – полиция томонидан ҳайдаб келинган ва саф тортиб қўйилган, халқнинг сизга садоқатини хўжакўрсинга намойиш қилувчи оломондан бошқа нарса эмас. Эслайсизми, бобонгиз Харьковда бўлганида, ибодатхона майдонини тўлдирган минг-минглаб халқ – кийими ўзгартирилган полициячилардан иборат эди.

Башарти сиз, шоҳона ташрифларингиз чоғида бутун темир йўл бўйлаб саф тортган аскарлар ортига тизиб қўйилган деҳқонлар томонига мен сингари ўта олганингизда; қўшни қишлоқлардан ҳайдаб келинган ҳамда совуқда ва тиззагача лойга ботган ҳолда сизнинг келишингизни бирон-бир манфаат кўрмасдан бир неча кун кутган бу деҳқонлар: оқсоқоллар, юзбошилар, ўнбошиларнинг дардларини тинглаганингизда эди, халқнинг чинакам вакиллари, оддий деҳқонлардан яккаҳокимлик ва унинг вакилига муҳаббатга тамомила зид фикрларни эшитар эдингиз. Агар 50 йил муқаддам Николай I даврида Чор подшоси ҳокимиятининг обрўйи юқори бўлган бўлса, кейинги 30 йил мобайнида унинг ҳурмати тўхтовсиз пасайиб, сўнгги пайтда шу даражада тушиб кетдики, эндиликда барча тоифаларга мансуб исталган одам ҳукумат фармойишларини нафақат тортинмас дадил қораламоқда, балки шоҳнинг ўзига ҳам маломатлар ёғдирмоқда, ошкора масхаралаб устидан кулмоқда.

Яккаҳокимлик – давлат бошқарувининг эскирган, умрини ўтаб бўлган шаклидир. Тўғри, бу бошқарув усули Африканинг қайсидир бурчакларидаги қабилаларга маъқул тушар, аммо рус халқига маъқул тушмай қолганига анча вақт бўлди: рус саводли, маданий бўлгани сари бу масалаларда ҳам кўзи очилаётир. Бинобарин, бошқарувнинг бу шакли ва у билан боғлиқ православияни фақат ҳозиргидек хилма-хил зўравонликлар: кучайтирилган соқчилар, сургунлар, қатллар, диний таъқиблар, китоблар ва газеталарни таъқиқлаш, сийқаси чиққан таълим тизими ҳамда умуман ақлбовар қилмас бемаъниликлар ва шафқатсизликлар ҳисобига сақлаб туриш мумкин.

Сизнинг ижтимоий фаолиятингиз ушбу кунларгача шу тарзда кечди. Дастлаб Тверь депутатларига жавобан, одамларнинг қонуний истакларини “бемаъни хомхаёллар” (Николай II земствалар ва дворянларнинг вакиллари олдида сўзлаган нутқида “ички бошқарув ишларида қатнашиш таклифларидан “бемаъни хомхаёллар” сифатида огоҳлантирган ҳамда “яккаҳокимлик негизларини бундан буён ҳам ҳимоя қилишини” баён қилганди – Абдуҳамид Пардаев) деб атаганингиз бутун рус жамиятининг норозилигини келтириб чиқарди. Финландия хусусидаги буйруғингиз (Чор ҳукумати Финландияни руслаштириш мақсадида қаттиқ сиёсат юритади. 1900 йили Финландияда “Давлат тили – рус тили” деб эълон қилинади; 29 июнда чиқарилган янги қонунга кўра эса финлар Рус армиясида ҳарбий хизмат ўташи шарт қилиб қўйилади), Хитойга босқин (1901-1902 йилларда Германия, АҚШ, Англия, Франция ва ҳоказо давлатлар томонидан қилинган интервенцияга Русия ҳам қўшилган эди – Шукур Холмирзаев), Гаага конференциясига тақдим этган дастурингиз ва амалда унинг аксини қилганингиз (1899 йили Русиянинг ташаббуси билан Гаагада Тинчлик конференцияси очилган, айни чоғда чоризм Узоқ Шарқни батамом босиб олиш учун тайёргарлик хусусида буйруқ чиқарган эди – Шукур Холмирзаев), вилоятларда ўзини-ўзи бошқарувни сусайтириб, тўраларча бошқарув усулларини қўллаб-қувватлашингиз ва кучайтиришингиз – бу аксилинсоний қилиқларингиз бўлмаслиги мумкин эди.

Зўравонлик чора-тадбирлари билан халқни фақат эзиш мумкин, бироқ уни бошқариб бўлмайди. Бизнинг давримизда халқни чинакамига бошқаришнинг ягона усули халқнинг ёвузликдан эзгулик, зулматдан ёруғлик сари интилишларига раҳбарлик қилиб, бу мақсадга энг яқин йўл билан олиб боришдан иборат. Буни амалга ошириш учун эса биринчи галда халққа ўз истаклари ва шикоятларини айтиш имконини яратиш керак ҳамда мана шу истаклар ва шикоятларга қулоқ тутиб, улардан битта синф ёки тоифанинг эмас, балки аксарият кўпчилик аҳолининг, меҳнаткашлар оммасининг талабларига жавоб берадиганларини амалга ошириш зарур.

Башарти, рус халқига ўз истакларини баён қилиш имконияти бериладиган бўлса, менинг назаримда улар қуйидагилардан иборат бўлади:

Меҳнаткаш халқ биринчи галда ўзини бошқа барча фуқаролар ҳуқуқларидан фойланишга имкон бермайдиган, ҳамма ҳақ-ҳуқуқлардан маҳрум жабрдийда аҳволига солиб қўядиган махсус қонунлардан халос қилишни сўрайди; кейин ўзининг маънавий эҳтиёжларига хос ва мос таълим ва эътиқод эркинлигини, бемалол кўчиб юриш эркинлигини хоҳлашини айтади; ва, энг муҳими, бутун 100 миллионли халқ ердан эркин фойдаланишни, яъни ерга хусусий мулкчилик ҳуқуқи бекор қилинишини хоҳлашини бир овоздан баралла талаб қилади.

Айни мана шу – ерга хусусий эгалик қилиш ҳуқуқининг йўқотилиши, менимча, Русия ҳукумати бизнинг давримизда амалга ошириши керак бўлган дастлабки вазифа ҳисобланади.

Инсоният ҳамиша афзал ҳаёт тарзига талпинади, бинобарин ҳаётининг ҳар бир даврида афзал ҳаёт тарзини амалга оширишнинг давр талабларига мос энг яқин вазифаси мавжуд. Эллик йил муқаддам Русия учун қулликка барҳам бериш ана шундай энг яқин ва муҳим вазифа бўлганди. Бизнинг давримиздаги асосий вазифа меҳнаткашлар оммасини бир ҳовуч ҳукмронлар тоифасидан озод қилишдан иборат, бугунги кундаги амалий вазифа мана шу.

Ғарбий Европада бу мақсадга завод ва фабрикаларни ишчиларга умумий фойдаланиш учун бериш йўли билан эришиш мумкин дейишади. Мазкур муаммонинг Ғарб халқлари учун шу тарзда ҳал қилиниши тўғрими ёки нотўғрими, буни қилса бўладими ёки бўлмайдими, бундан қатъий назар ҳозирги аҳволдаги Россияда бундай қилиб бўлмаслиги шубҳасиз. Аҳолисининг аксарияти қишлоқларда яшайдиган ва ҳаёти йирик заминдорларга тўла боғлиқ бўлган Россияда фабрика ва заводлардан умумий фойдаланишга ўтиш йўли билан меҳнаткашларни озод қилишнинг имкони йўқ. Рус халқини фақат ерга хусусий мулкчиликни йўл қилиш ва ерни умумхалқ мулки деб эълон қилиш орқали озод қилиш мумкин, бу рус халқининг азалий ардоқли орзуси бўлиб, Русия ҳукуматидан ҳали ҳамон шундай қилишни кутаётир.

Менинг бу мулоҳазаларимни, айниқса ерни умумхалқ мулки деб эътироф этишга оид таклифимни сизнинг маслаҳатчиларингиз “давлат бошқарувининг бутун мураккабликларидан бехабар кимсанинг ўтакетган ҳавойи фикрлари ва уқувсизлиги” деб талқин қилишларини биламан; лекин шуни ҳам биламанки, халққа нисбатан тобора кўпроқ шафқатсиз зўравонликлар қилишга мажбур бўлмасликнинг фақат ёлғиз чораси бор, хусусан: халқ истакларидан олдинда юрадиган мақсадни ўз вазифангиз қилиб олишингиз керак. Хуллас, рўпарадан келаётган арава янчиб кетишини кутиб ўтирмасдан унинг жиловини қўлга олиш керак, яъни ҳаётнинг афзал шаклларини жорий қилувчиларнинг олдинги сафларида бориш керак. Бу борада Россиянинг вазифаси фақат ерга хусусий мулкчиликни йўл қилиш саналади. Фақат шундагина Русия ҳукумати завод-фабрикаларнинг ишчилари ёки ўқувчи ёшларга ҳозиргидек номуносиб ва мажбурий ён беришлар қилмасдан, ҳаётидан хавфсирамай ўз халқининг йўлбошчиси бўлиши ва росмана бошқара олиши мумкин.

Маслаҳатчиларингиз сизга ерга хусусий мулкчиликни йўқ қилиш хомхаёл ва амалга ошириб бўлмайдиган иш, дейди. Уларнинг фикрига кўра, 130 миллионли тирик жонлардан иборат халқни ҳаётига ёки ҳаёт белгиларини намоён қилишига барҳам беришга мажбурлаш ҳамда аллақачонлар улғайиб, асло сиғмай қолган қуюшқонга қайта зўрлаб тиқиш, – хомхаёл эмас ва наинки амалга ошириб бўлмайдиган иш, балки энг оқилона ва ҳаётий тадбир. Бироқ андак бош қотирилса, ҳозиргидек амалга ошириш хатарли ишни қилишга зўр беришнинг ҳожати қолмайди, аксинча ҳамон бошланмаган, бироқ айнан қайси долзарб ва зарур вазифани амалга ошириш мумкинлиги ойдинлашади.

Шахсан ўйлашимча, бугунги кунда ерга хусусий эгалик қилиш 50 йил муқаддам крепоснойлик ҳуқуқи сингари чидаб бўлмайдиган ва шубҳасиз адолатсизлик ҳисобланади. Фикримча, ерга хусусий эгаликнинг йўқ қилиниши рус халқини эмин-эркинлик, фаровонлик ва мамнунликнинг юқори поғонасига олиб чиқади. Яна, бу тадбир, ҳеч шубҳасиз, ҳозир ишчилар орасида тобора авж олиб бораётган, халқ учун ҳам, ҳукумат учун ҳам даҳшатли хавф-хатарга айланаётган барча ижтимоий ва инқилобий ғазабланишларга чек қўяди.

Лекин мен янглишган бўлишим мумкин, бинобарин бу масалани ҳал қилиш-қилмасликдан қайси бири афзаллигини ҳам агар имконият берилса, фақат яна халқнинг ўзи танлайди.

Хуллас, нима бўлмасин, айни паллада ҳукумат олдида турган биринчи галдаги вазифа халққа ўз истаклари ва шикоятларини айтишга монелик кўрсатаётган жабр-зулмга чек қўйишдан иборат. Ўз фаровонлигини таъминлайдиган фикрларини айта олмаслиги учун оғзи боғлаб қўйилган одамга яхшилик қилиб бўлмайди. Фақат ўз халқининг ёки унинг аксарият қисмининг истаклари ва эҳтиёжларини билган тақдирдагина халқни бошқариш ва унга яхшилик қилиш мумкин.

Муҳтарам биродар, бу дунёда фақат бир марта яшайсиз, хоҳласангиз уни Тангри таоло томонидан белгилангандек одамзотнинг ёвузликдан эзгуликка, зулматдан ёруғликка талпинишини тўхтатишдек беҳуда уринишга совуришингиз, шунингдек, халқнингорзу-умидларлари ва хоҳиш-истакларини теран англаган ҳолда бутун ҳаётингизни уларни рўёбга чиқаришга бахш этиб, Худога ва халққа хотиржам ҳамда шоду хуррам хизмат қилишга сарфлашингиз мумкин.

Ҳукмронлигингиз йилларида кўпдан-кўп хайрли ишлар ҳам ёки кўплаб ёвуз қилмишлар ҳам қилишингиз мумкинки, бу борада зиммангиздаги масъулият қанчалар улкан бўлмасин, заминдаги ҳаётингиз учун Худонинг олдидаги жавобгарлигингиз ундан ҳам зиёда. Бинобарин, боқий дунёдаги ҳаётингиз фоний дунёдаги савобу гуноҳларингизга боғлиқ. Бу ҳаётни Худо сизга хилма-хил ёвузликлар қилиш ёки уларга йўл қўйиб, иштирок этиш учун эмас, балки илоҳий иродасини адо этишингиз учун берган. Худонинг иродаси, яъни амру фармони эса одамларга ёмонлик эмас, яхшилик қилишни талаб этади.

Бу хусусда одамлар олдида тургандек эмас, Худонинг олдида тургандек мулоҳаза қилиб кўринг ва Худо, яъни виждонингиз буюрган ишни қилинг. Башарти, янги ҳаёт йўлини танласангиз, бу йўлда учрайдиган тўсиқлардан сира ҳам ҳадиксираманг. Агар бу ишга ўткинчи шону шуҳрат учун эмас, балки виждонан, яъни баҳаққи Худо киришсангиз, мазкур йўлда дуч келадиган тўсиқлар ўз-ўзидан ғойиб бўлади, сиз уларни ҳатто пайқамайсиз.

Бу мактубим билан беихтиёр сизнинг ҳамиятингизга теккан ёки ранжитган бўлсам, мени маъзур тутинг. Бу хатни фақат рус халқи ва сизга бахту саодат тилаб ёздим. Бунга эриша олдимми-йўқми, келажак кўрсатади, у кунларни кўришим эса эҳтимолдан йироқ. Мен ўз бурчим ҳисоблаган ишни қилдим.

Сизга чинакам бахту саодат тилаб самимий биродарингиз

Лев Толстой
1902 йил 16 январь

(Шукур Холмирзаев
билан Абдуҳамид Пардаев таржимаси.)

Ўзбекистон халқ ёзувчиси Шукур Холмирзаев мазкур мактубни, янглишмасам, қисман таржима қилиб, уни дастлаб Лев Толстой тўғрисидаги “Танҳолик” ҳикоясида келтиради. Бу ҳикоя дастлаб “Ёзувчи” газетасида 1998 йилда эълон қилинган. Мактубнинг нисбатан тўлароқ шаклини кейинги йили “Тафаккур” журналининг 1-2-сонларида эълон қилинган “Жамиятнинг мақсади” мақоласида келтиради. Ўша йили, яъни 1999 йилда Шукур Холмирзаевга “Меҳнат шуҳрати” ордени берилади. Янглишмасам, бу юқорининг топшириғи билан, буюртма асосида ёзилган мақола бўлган. Бироқ халқ ёзувчиси бўлган Шукур Холмирзаев буюртма мақолада ҳам даврнинг ўта кескин муаммосини (бошини кундага қўйган ҳолда) ошкор қилишнинг, яъни Толстойча ҳақиқатгўйликнинг уддасидан чиқа олган.

facebook.com