Кун сени деб чиқади уфқдан…

Кун сени деб чиқади уфқдан…
27 views
29 May 2018 - 6:00

Матназар АБДУЛҲАКИМ

ТАНЛАНГАН АСАРЛАР
1 – жилд

 

«Тантаналар шунчаки боис,
Жўн баҳона кентлар, шаҳарлар.
Оқшомлар ҳам шунчаки сабаб,
Шунчаки бир рўкач саҳарлар.
Асрлар ҳам ашаддий бидъат,
Хурофотдир ҳар бир дақиқа.
Ҳақиқатдир сенинг жамолинг,
Жамолингдан ҳайрат ҳақиқат.
Кун сени деб чиқади уфқдан,
Тонг сени деб ҳар тонг отади,
Раҳми келиб сўнг юлдузларга,
Шўрликлар кўрсин деб ботади.
Мабодо бир келмасмикан деб
Бунёд бўлган Хива, Сайрамлар.
Сени кўриб қувониш учун
Келар ҳайит, келар байрамлар.
Дийдорингдан телбалар бўлиб,
Оламнинг чарх уриб бормоғи,
Ушлай деса, ёқаси йўқдир,
Тишлай деса, йўкдир бармоғи».

* * *

«Қоматингни сарв атайдилар,
Сочларингни атарлар сунбул.
Сенинг жамолингнинг олдида
Ой шунчаки эмиш бир думбул.
Бармоқларинг — ҳусайни узум,
Лабинг — ғунча, яноғинг — гулмиш.
Сенинг оғзинг қошида писта
Ўз оғзини катта деб кулмиш.
Айтилмасди бу гаплар агар
Ҳақиқат ёлғонни енгсайди
Ўхшамайсан, асли, уларга
Асли улар сенга менгзайди.
Мукаммалдир ҳуснинг. Таърифга
Қилади кўп ғўрлик шоирлар.
Улуғлайман деб сени нуқул
Камситади шўрлик шоирлар».

* * *

«Сенинг, ахир, топталган еринг,
Қумлар, саҳроларинг топталди.
Боғингда ёв мевалар еди,
Ўчоғингдан душман тафт олди.
Кўп кеккайма, мағлуб чавандоз,
Ахир, қасос қани? Ўч қани?
…Илк мартаба кўриб туришим
Отни миниб олган чўчқани…»

(давоми бор)