Йўқдир даҳшатлироқ фожианг…

Йўқдир даҳшатлироқ фожианг…
14 views
01 June 2018 - 6:00

Матназар АБДУЛҲАКИМ

ТАНЛАНГАН АСАРЛАР
1 – жилд

 

«Сен ҳайвонсан. Қорнинг тўйса бас.
Сен ҳайвонсан. Бас — тўйса қорнинг,
Қадрин билармидинг ғурурнинг,
Қадрин билармидинг виқорнинг?
То боғлиқсан — ювошгинасан,
Ипни узсанг — пишламоғинг бор.
Чиранганча омочни судраб,
То ўлгунча ишламоғинг бор.
Йўқдир даҳшатлироқ фожианг
Адлу инсоф, виждон баҳсидан.
Ирғишлайсан, ликиллатиб дум,
Фаровонлик васвасасидан.
Ўз йўлинг, ўз йўриғинг йўқдир,
Нася олдинг ирганч йўриқни.
Жонингдан ҳам азиз кўрасан
Халачўпни, бўйинтуруқни.
На-да ўкинч қийнайди сени,
На-да қийнар энди пушаймон.
Чеки борми бу даҳшатларнинг,
Қачон одам бўласан, ҳайвон?
Узр… сенга гап қотиб қўйдим,
Ёд-хаёлинг охурда пайтинг.
Қорнинг мешдек қаппайиб тўйган,
Қутлуғ бўлсин катта ҳайитинг!»

* * *

«Кўзларингда ёшлар кунидир,
Юрагингда тошлар кунидир.
Иккимизнинг бу ҳолни кўриб,
Рақиб хандон ташлар кунидир.
Висол боғин заъфарон куни,
Фироқ, боғин сўлим кунидир.
Сен Урганчдан кетадиган кун,
Яъни бугун… ўлим кунидир».

* * *

«Каллаварамликда чекинг йўқ,
Поён йўқдир нодонлигингга.
Қандай изоҳ бўлиши мумкин
Мотам куни шодонлигингга.
Қутуртириб юборар сени
Оз-моз танқид ёхуд сал таъна.
Золимдирсан бунинг устига,
Эй шармисор, шўрлик салтанат.
Тупургандир мазлум фуқаро
Қоғозларда қолган адлингга.
Эгов қилиб тош юрагингни
Қиличини қайрар қатлингга.
Ўз мадҳингга сарфлаётирсан
Ҳайқириқ, сас, товуш, унингни.
Мангулик деб этдинг овоза
Аллақачон битган кунингни».

* * *

«Қирон тилаб зурёдларимга,
Қовжиратдинг майсаларимни,
Кўзларимни ёдингда тут, ёв,
Унутсанг ҳам найзаларимни.
Нафсинг сенинг ўпқон очгандир,
Ютоққансан, юҳофеъл мечкай.
Заминдаги жирканч чигалсан,
Сен чигални ҳалокат ечгай.
Наслинг — очкўзлигингга ворис,
Ютгансизлар наҳру баҳримни.
Фарзандларга мерос қолдирдим
Сенга бўлган чексиз қаҳримни».

(давоми бор)