Замондошларимга маддоҳликдан воз кечганим ҳақида – 4

Замондошларимга маддоҳликдан воз кечганим ҳақида – 4
65 views
28 May 2018 - 13:08

4. Замондошларимга маддоҳликдан воз кечганим ҳақида

Хўжалик судида ўн йил, икки муддат ишладим. Ишлагандаям фақат қонунга бўйсунган ҳолда, ҳеч кимнинг ноқонуний илтимоси, босими, таъсирини писанд қилмасдан, вилоятдаги барча мураккаб ишларни қонуний ҳал этишда ўз сўзимга эга бўлиб ишладим.

Ишлаган давримда хоҳлаган кунимда раҳбариятга ариза ёзиб беришим мумкинлигини кўрсатган ҳолда ишлаганман. Хўжалик судига ишга келишга унчалик рўйхуш бермаганимни, отамни хафа қилиб қўймаслик учун ўтганимни юқорида айтдим.

Ўн йил ҳам иқтисодий, молиявий қийинчиликлар туфайли «шу ишдан барибир кетаман»-деган фикр мени тарк этмаган. Биз 1995 йилдаёқ судьяларнинг ойлик маошини кўтариш, уй-жой бериш, туманларда Хўжалик судининг бўлимларини очиш таклифини берганмиз. Орадан йигирма икки йил ўтиб 2017 йилда, кейинги Президент – Ш.М.Мирзиёев даврида бу иш яшин тезлигида амалга оширилди. Президентга минг раҳмат! Тўғриси, ҳозирги кун талабидан келиб чиқиб судьяларнинг ойлик маоши ҳеч бўлмаса бир минг АҚШ доллари миқдорида бўлиши керак. Шунда судья фақат қонунга бўйсуниб ишлайди, деб ўйлайман. Судьянинг ҳалол ишлашига шароит яратиш давлат ва жамият учун кони фойда. Айнан судья! Прокурор, тергов, суриштирув органи ходими эмас. Бу менинг фикрим эмас, бу бутун ривожланган мамлакатлар тажрибаси. Акс ҳолда менга ўхшаб, судья бўлгач ичган қасамимга содиқ қоламан, Судья деган номни обрўсини туширмаслик учун ишлайман,-дейди-ю, аммо, моддий ҳеч нарса орттира олмайди. Чунки, судьяга бериладиган ойлик маош унинг коммунал тўловларига ва озиқ-овқатига етарди, холос (бу ердан кетиб Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Депутат бўлганимдаям, афсуски, аҳвол шу эди).

Бир қариндошимиз менинг Хўжалик судида ишлаган ўн йиллик фаолиятимга баҳо бериб шундай деган: – У Хўжалик судига теракдай келиб, теракдай чиқиб кетди.

Лекин, шу билан бирга жуда катта бойлик ҳам орттирдим. Бу бойлик – НОМ, мартабам юқорига кўтарилиши эди. Хўжалик судида судья бўлиб ишлаб кетишим осонлик билан амалга ошган йўқ.

Ҳакамлик суди атамаси 1993 йилги қонунга мувофиқ Хўжалик суди номланди ва Ҳакамлик судида ишлаган судьялар Президентнинг битта фармойишига кўра Хўжалик суди судьяси бўлиб қолдилар.

Қолганлар эса Президент томонидан ташкил этилган Малака Комиссиясидан суҳбатдан ўтгач, алоҳида Президент Фармойиши чиққач ишлаган.

Бу янги тартиб бўйича вилоят Хўжалик судига Қашқадарёдан ўтувчилар ичида биринчиси мен эдим. Бу воқеа 1994 йил 29-30 декабрь кунлари бўлган. Қашқадарёдан яна бир киши Жиноят судига ишга ўтаётганди.

Олий Хўжалик Судининг Раиси ўша пайтда ўзбек тилини жуда яхши биладиган Хачатуров деган арман киши эди. Мен Президент девонига суҳбатга кетишимдан олдин у кишининг ёнига кириб, суҳбатдан ўтдим. Раиснинг ёрдамчиси Талатынов деган фронт қатнашчисининг ҳам суҳбатидан ўтдим. Айниқса, Талатынов Президент девонидаги суҳбат чоғида ўзимни қандай тутишим лозимлиги ҳақида керакли маслаҳатларни берди. Унинг фикрича Давлат маслаҳатчиси Темур Алимов ёки Бахтиёр Ғуломовларнинг ёнига кирганимда уларнинг ёнида жой эгаллашим, кўзига тик қараб саволларга жавоб беришим керак эди. Бу кўникма ёшликдан менда борлиги учун менга бу таклиф мойдай ёқиб тушди. Шундай қилдим ҳам. Икки кун мобайнида жиноят судига судьяликка ўтаётган қашқадарёлик шеригим билан савол-жавоблардан ўтдик. Қизиғи шеригимнинг иккита курсдоши биздан имтиҳон олди. Имтиҳонларнинг охирида Президентнинг Давлат маслаҳатчилари Темур Алимов, Бахтиёр Ғуломовлар бизни муваффақият билан табриклаб оқ йўл тиладилар. Ташқарига чиққанимизда ҳаммаёқ қоп-қоронғу эди. Иккита курсдоши имтиҳон олган шеригимни «судья бўлиб тайинлагани билан чин дилдан табриклаб» унга ҳавас қилиб хайрлашдим.

Нима учундир эртаси эрталаб йўлга чиқмасдан олдин яна Олий Хўжалик судига бордим. Талатыновга ҳарбийча ҳисобот бердим. Хачатуровнинг ёнига киришга чоғланиб тургандим Олий Хўжалик Суди Раиси ўринбосари устоз Мирзоҳид Собирович Умаров йўлакка чиқиб қолдилар.

Менинг довдираб (бир ишни қойиллатган кишидай) турган башарамни кўриб мени четга тортдилар ва савол-жавоблар ҳақида обдон суриштирдилар. Бўлган воқеаларни айтиб бердим. У киши мана шу ерда олтин-у гавҳарга тенг маслаҳат бердилар.

–Суҳбатдан ўтганингиз жуда яхши бўпти. Хурсандман, табриклайман. Аммо, Президент Фармойиши чиқмагунча бу гапни ҳеч кимга айтманг. Хўжалик судида ҳам кўринманг. Яқинда менинг бир курсдошим Фалон вилоят Ички Ишлар Бошқармаси Бошлиқлигига суҳбатдан ўтиб кетувди. Ишга жойига борибди-ю, катта зиёфат берибди. Бир икки кун ўтгач, бошқа киши Бошлиқ бўлиб келибди. Ана шунақа.

Бу гаплардан кейин Хачатуровнинг ёнига кириб бир-икки оғиз гапирдим-у, уйга равона бўлдим.

Орадан ўн кун ўтсаям ҳеч қандай янгилик рўй бермади, хабар келмади. Жиноят судига судья этиб тайинланган кишини орқаваротдан суриштирсам унгаям Фармойиш чиқмаган.

Ҳар эҳтимолга қарши «Шўртангаз»нинг бошлиғи, раҳматли Абдулла акага шипшитиб қўйдим:

–Абдулла ака, мабодо мен тўғримда Тошкентдан бирон-бир хат келиб қолса, менга айтмовдинг, -деб хафа бўлмайсиз.

Орадан икки ҳафта ўтди. Жимжитлик. Раҳматлик устозим Халил ака, телефон қилиб «иш ўрганиб туриш»имни таклиф қилди. Мен мулойимлик билан рад этдим.

Яна бир ҳафта ўтгач, менга фармойиш чиққанлигини, ишга келишим лозимлигини айтишди.

Ҳақиқатда эса воқеа бошқачароқ бўлган экан. Фармойиш 1995 йил 11 январь кунида имзоланган ва вилоят Ҳокимлигига юборилган. Вилоят Ҳокимиятидагилар эса «нега бизнинг рухсатимизсиз ўтиб кетди»-дея яна бир ҳафта фармойишни эълон қилишмаган экан. Ўша пайтларда Ҳакамлик суди – Хўжалик суди мустақил суд сифатида фаолият юритишини Ҳокимиятдагилар истамаганди. Ҳокимиятдагилар нимадандир хавотир олганликлари тўғри бўлиб чиқди. Кейинчалик мен ўз фаолиятим давомида Вилоят Ҳокимлигининг ноқонуний бир неча қарорларини ҳақиқий эмас деб деб топдим. Қонун қандай бўлиши мумкинлигини вилоят Ҳокимининг бир неча ўринбосарларига амалда исботлаб берганман.

Яна бир ҳангома «Қашқадарё ҳақиқати» газетасининг навбатдаги сони эълон қилингач рўй берган. Газетанинг биринчи бети вилоятдаги суд-прокуратура тизими фаолиятига бағишланган катта-катта расмлар билан безатилган ва атайин мени камситиш учун биринчи бетнинг энг пасти ўнг томонида Шукуров Анвар Йўлдошевич Қашқадарё вилоят Хўжалик суди судьяси лавозимига тайинланди деган маълумотча берилган. Бу хабарни вилоят телевидение Ахборот дастуридаги диктор мени судья эмас, Суд Раиси деб эълон қилиб юборган!

Ўн йил! Айтишга осон. Ҳозир ўйлаб қарасам, ўн йил лезвиянинг устида юрганман. Фейсбукдаги дўстларим орасида мен Хўжалик судида судья бўлиб ишлаган пайтимда фаолиятим билан таниш дўстларим бор. Улар мақолаларимни кузатиб келишаётгани менга масъулият юклайди.

Вилоят ҳокимлиги, туман ҳокимликларининг ноқонуний қарорлари, ноқонуний тортиб олинган ер участкалари, бинолар, иншоотлар бўйича кўрилган низоларда зулмга учраган, ҳақ-ҳуқуқи поймол бўлган тадбиркорларнинг ҳуқуқларини тиклаш, Кимошди савдолари, ноқонуний берилган хусусийлаштириш ордерлари, солиқ инспекцияларнинг ноқонуний қўллаган жарималари, банкларнинг, молия органларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари юзасидан қабул қилган қарорларимиз эвазига охир-оқибат вилоят аҳли, раҳбарлари, тадбиркорлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларининг соғлом фикрли раҳбарлари ҳурмат ва эътиборига созовор бўлганмиз.

Вилоят Ички Ишлар Бошқармаси жавобгар сифатида қатнашган, вилоят туман прокуратураларидан бири жавобгар сифатида қатнашган низоларни кўрганман. Бир туманнинг Ҳокими Миллий хавфсизлик хизмати туман бўлимига тадбиркорлик субъектининг биносини олиб бериш ҳақидаги Қарорини Ҳақиқий эмас деб топган ишим Республика бўйича судьялар орасида шов-шув бўлиб кетган. Гарчи менинг Ҳал қилув қароримни юқори инстанция судлари бекор қилган бўлса-да Хўжалик судининг Мустақил суд сифатида шаклланганлигининг эътирофидир бу мисол. Бундай ишни Республикада ҳеч ким қилмаган.

Битта фермерниннг ўн гектар пахтазоридаги пахта ҳосили ва толасидан олган ҳосили учун битта «Тико» автомашинаси олишга эришган. Аммо, бу шов-шувли ишдан кейин Пахтасаноатсотиш Вазирлиги толани пулини бериш схемасини ўзгартириб юборди. Молия, банкирлар ҳам Хўжалик судида мағлубиятга учраганларидан кейин Қонундан устун бўлиш учун турли туман маккорона режалар тузар, тез-тез инструкциялар чиқаришлари ёрдамида ўз манфаатларини сақлаб қолар. Алалхусус иқтисодимиз ўзининг башоратлилик кўрсаткичини йўқотди, ҳамма жойда корпаратив манфаатлар устунлик қилиб, тадбиркор, ишбилармон деганлар синиб кетдилар. Оқибатда иқтисод пастга тушиб кетди.

Совет тузуми пайтида яшаганлар жуда яхши билишади. СССР иқтисодиётида Ўзбекистон фахрли учинчи ўринда эди. Биринчи Россия, иккинчи Украина, учинчи Ўзбекистон. Баъзи бир кўрсаткичлар бўйича гоҳида халқи жуда меҳнаткаш, уддабурро Белоруссия лўп этиб чиқиб турарди. Қозоғистон умуман бу ўринларга яқинлаша олмасди.

Нега биз орқада қолиб кетдик?

Бу масалада ҳуқуқшунос сифатида таҳлилий ўз фикримни баён этишга уриниб кўраман. Дастлаб, мустақил бўлган пайтимизда майдо, нотўғри (аммо, уни берганлар наздида ўз вақтида берилган тўғри) кўрсатмалар кўпайиб кетди. Бу кўрсатмалар тегераммалар шаклида бўлар ва уларнинг ижро қилиниши Фуқаролик Кодекси, Халқ истеъмоли товарларини етказиб бериш Қоидаларига тўғри ёки нотўғрилиги ўйлаб ўтирилмасди.

Шундай телеграммаларни И.Жўрабеков қишлоқ хўжалик маҳсулотлари бўйича, Қуролов Солиқ ишлари бўйича, банкда Нурмуродов деган амалдорлар пастдагиларга юборар, оқибатда Россия, Қозоғистон, Болтиқбўйи Республикаларига юбориладиган махсулотлар поездга солинган пайтида тўхтаб қолар, пуллар кўчирилмасди. Кейинчалик эса биз чегараларни ёпа бошладик. «Бизда катта бойлар ҳам бўлмайди, камбағаллар ҳам бўлмайди» деган шиор эса тадбиркорларнинг шўрини қуритди. Солиқларнинг пеня ва жарималари катта-катта гигант корхоналарни фалаж қилиб ташлади. Банкларнинг баъзида йиллик 240 фоизгача устама қўйиши корхона, ташкилот, тадбиркорларни йиқитди. Бирон-бир ускуна келтираман деган тадбиркорлар ҳам 200 фоиз устама билан кредит олган ҳолларига дуч келганман. Улардан қарзни ундирганмиз, аммо, жуда оғринганман ҳам. Касса аппаратлари билан қўлланилган жарималар майда савдо ходимларини иқтисоддан чиқиб кетишига олиб келди. Бартер шартномаларининг ижросини назорат қилган прокуратура талаби жуда оғир эди. Асосий ҳуқуқий хато Шартнома интизомига риоя қилмаслик бўлди деб ўйлайман.

Иккинчи хато пул сановчи штатлар, тадбиркорларни текширувчи, терговчилар штати ва ваколатларининг ошиб кетиши деб ўйлайман.

Собиқ СССР таркибида бўлган пайтимизда Ўзбекистонда пул сановчи – молия ва иқтисодчи, солиқчи, банкирларни тайёрловчи битта Халқ хўжалиги институти бор эди.

Мустақилликдан кейин Молия институти, Солиқ Академияси, Божхона институти, ҳар хил институтларда иқтисодчи, молиячиларни тайёрловчи факультетлар иш юрита бошлади. Булар учун янгидан янги штатлар очила бошлади. Тўлов интизоми бузилиб схема, транш деган тўлов интизоми нормал ҳолатини издан чиқарувчи қоидалар ўйлаб топилди.

Пул сановчи молиячи, ревизор, ғазначи, тергов, суриштирув органлари ходимлари кўпайиши билан мамлакатимиз ҳудудида қамоқхоналар ҳам сони кўпая бошлади. Кейин эса ҳар бир идора Қонундан юқори бўлишга интилди, эришди.

Қашқадарё вилоят Хўжалик суди баъзи пайтлари давлат божи топшириш бўйича Республикада биринчи ўринга чиқиб кетарди. Тошкент шаҳри, Тошкент вилояти, Навоий вилоятлари давлат божи тўлашда етакчилик қиларди. Аммо, биздаги судьялар штати уларникидан анча кам бўлса-да биз биринчи ўринга чиқиб турардик. Эсимда битта иш бўйича бюджетга 400.000.000 сўм (ҳозирги нархда бу 40 миллиардлар бўлса керак) давлат божи ундиргандим. Унинг 15 фоизи Хўжалик суди фондига 85 фоизи Республика бюджетига ундирилиши керак эди. Корпоратив манфаатлар устунлик қилиб Узтрансгаздан ундирилиши лозим сумма Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан воз кечиб юборилганди. Шундай ҳолатлар банк соҳасида, нефть маҳсулотлари сотиш соҳасида, молия соҳасида, божхона соҳасида ҳам юз берган. Аммо, Вазирлар Маҳкамаси янги тартиб-қоидалар ишлаб чиқарар ва судларнинг қонуний қарорлари ижро бўлмай қоларди. Кучли Парламент – Қонунчилик Палатаси депутатларига эга бўлиш – замон талаби бўлганлигини Президент И.Каримов англаб етгани ҳам шундан эди, менимча.

Нима учун энг қийин низолар менга бериларди? Аввало, адолатсизликка чидолмаслигимдан. Иккинчидан, Раиснинг зўр баҳонаси бор эди «Мен Олий Хўжалик судидан розилик олганман. Мураккаб ишларни торта оладиган судьяга топшираман»-деб, шунинг учун кўравер».

Мураккаб ишларни кўравериб, тажрибам ортиб, кўзим қотиб кетди. Даъво аризаси менга тушган кунидан бу ариза қайси инстанциягача боришини биладиган бўп қолдим. Кассация инстанцияси Олий Хўжалик судига менинг адолатли, қонуний қарорларим борар, улар эса менинг қароримни бекор қилиб, уни қайтадан кўришга бошқа вилоятга юборар, улар ҳам менинг қароримга ўхшаш қарор қабул қилар, иккинчи тараф шикоят қилар, иш яна қайтадан кўрилар, яна бекор бўлиб, бошқа вилоятга юборилар. Шу билан тарафларнинг низоси Сурхондарёда, Самарқандда, Бухорода, баъзида Тошкент вилоятида қайтадан кўрилаверар, ахийри тарафлар чарчаганларидан сўнг, иш келишув битими билан якунланса,шу билан низо барҳам топар ва ҳамма қутиларди.

Аммо, кассацияда бекор қилинган қарори учун судья Олий Хўжалик Судига интизомий жазо қўллаш учун чақириларди. Ана шундай пайтларда ўз фикримни ўша ернинг ўзида айтишга чоғланардим. Курсдошим Баҳром ака эса мени бундай қилмасликка чақирарди. Унинг далили бундоқ эди:

–Биласанми, русларнинг Тройка отлари ўртасига энг кучлиси қўйилади. Извошчи ҳам айнан ўша отни қамчилайди, у эса шерикларини ҳам тортиб оғир-оғир юкларни ҳам кўтариб кетишаверади.

Пленумда раҳбариятга бетгачопарлик қилмай, умуман Пленумга гап эшитиш учун бормаслик учун каллани ишлатишга тўғри келар, натижада залворли делоларни биринчи кўришдаёқ тинчитиш учун қўшимча маълумотларни ўрганиш ва қўллашга тўғри келарди. Бунда, даъвогар жавобгарларнинг миллати, туғилган йили, ўзбек бўлса қайси уруққа мансублиги бўйича ҳаракат қилардим.

Мисол учун битта мураккаб низо қўнғирот уруғи вакиллари ўртасида эди. Тарафларнинг фикрларини эшита туриб уларни келиштиришга олиб боратуриб, «сизлар қайси уруғдан?»-деб сўрадим. “Қўнғиротмиз”- дейишди тарафлар. «Шунча йилдан буён судьялик қиламан-у, қўнғирот қўнғиротни судга бергани ҳолатига дуч бўлмовдим. Алпомиш уруғиниям расво қилибсизлар»-дедим. Гапим мўлжалга тегди. «Судья бова, низо бўйича хоҳлагандай қарор чиқаринг, биз розимиз»-деди улар.

Сарой уруғи вакиллари ўртасидаги низода «сизларни келиштирай десам, бунинг иложи йўқ»-дедим маъноли қилиб. –Нега,ундай дейсиз?-сўради жавобгар вакили. Чунки, -дедим мен – сизларнинг уруғларингиз тентак, тентакларни эса келиштириб бўлмайди. -Нега ундай дейсиз?-жаҳли чиқиб сўрайди иккинчиси. –Чунки, ўзим ҳам ўша тентакларга тегишли сарой уруғиданманда!-дейман мен ва уларни келиштираман.

Бир куни Тошкентга «йўл оладиган» битта ишни кўряпман. Тарафларни эшитиб турсам, улар ўзаро қариндош бўлиб чиқяпти.

-Сизлар арабмисизлар? – сўрадим улардан.

Бири «йўқ»-деди. Иккинчи тараф вакили «ҳа, қаердан билдингиз?»-деди.

–Фақат арабларгина қариндошларини судга беради, дедим. Суриштирсам тоғаваччалар – опа-уканинг фарзандлари экан.

–Ҳой, бу ёққа қаранглар, тўйларинг бир бўлса, азаларинг бир бўлса, эртага маросимларда қандай бирга ўтирасизлар?-дедим. – Иккалаларинг ҳам ҳурмат қиладиган инсон борми, ўрталарингда?

–Битта аммамиз бор.

–Сизларга бир ҳафта муддат. Ўша аммаларингни ёнига борингларда ўз даъволарингни айтинглар, кейин менинг ёнимга келасизлар.

Иш сешанба кунида эди. Навбатдаги сешанбада улар келишмади. Чоршанба куни иккалови келишди.

–Хўш, аммаларинг нима деди?-сўрадим мен.

–Аммамиз айтилар-ки. Аввал судья қарорини чиқарсин, кейин мен кўраман, дедилар

–???!!!

Бу даражада камситилишимни кўрмагандим.

-Ҳозир беш минут дедим ва қонунга кўра кеча келмаганликларини инобатга олиб Ишни кўрмасдан қолдириш ҳақида Ажрим қабул қилиб иккаловига тутқаздим. Шу билан улар қайтиб келишмади.

Яна бир мураккаб ишни апелляция босқичида Китобнинг тожиклари яшайдиган Жовуз қишлоғида кўряпмиз.

Ноқонуний дарахт кесилиши муносабати билан қўлланилган жарима бўйича низо кетяпти. Раислик этувчи, судимиз Раиси ҳам тожик йигит. Бутун қишлоқ суд процессига келган. Жанжал, вағ-вуғ бўлиб ётибди.

Мен секингина раисга «кесилган дарахтни бориб кўриш ҳақида Ажрим қилинг»-дедим. Раис Ажрим қабул қилди. Бутун қишлоқ билан кесилган дарахтни кўргани боряпмиз. Раисга яна секин шипшидим «булар билан бир тожик тилида гаплашинг-да». Раис мен айтганимни қилди. Боягина олов олиб турган муҳит сув сепгандай жимиб қолди. Низо ўша ерда ҳал этилди. Тарафлар қарордан норози бўлишмади.

Давоми бор

Анвар Шукуров

facebook.com