“Қора рўйхат”лар қачон тугайди?

“Қора рўйхат”лар қачон тугайди?
58 views
28 May 2018 - 18:42

Би-Би-Си радиосининг хабар беришича, 100 ёшни қаршилаётган Ўзбекистон Халқ шоири Шукруллонинг ҳаёти ва ижодига бағишланган махсус кўрсатув “Менинг юртим” (MY5) телеканалидан олиб ташланган.

Бу ҳақда журналист Карим Баҳриев Фэйсбук саҳифасида ёзди.

Аввалроқ давлат телевидениеси-МТРК ҳам адиб билан суҳбатни эфирга узатмаган.

Карим Баҳриевга кўра, Сталин қатағонларидан омон қолган ёзувчи ҳамон “қора рўйхат”да.

“100 ёшли инсон қай тарзда давлатга хавф солади?” деб ёзди журналист Фэйсбукдаги саҳифасида.

Аввалроқ таниқли драматург Шароф Бошбеков ҳам телевидениенинг “қора рўйхати”да экани ҳақида ёзганди.

97 ёшли Шукрулло қатор давлат мукофотлари соҳиби.

1951-1954 йилларда миллатчиликда айбланиб, Сибирга сургун қилинган.

Сталин қатағонлари ҳақидаги “Кафансиз кўмилганлар” романи муаллифи.

1990-йиллар бошида президент Ислом Каримовга маслаҳатчилик қилган.

2000-йил ўрталаридан буён давлат матбуотида Шукруллога норасмий тақиқ қўйилган.

Каримовнинг вафоти ортидан қатор ижодкорларга қўйилган тақиқ олиб ташланган.

Жумладан, Ўзбекистон Халқ шоираси Ҳалима Худойбердиева Би-би-сига ўзининг “қора рўйхат”дан чиқарилганини айтган.

Аммо бошқа ижодкорларга нисбатан норасмий тақиқ сақланиб қолаётгани айтилади.

“Мени табрикланг, дўстлар! “Ўзтелерадиокомпания”нинг “Қора рўйхати”га тушибман”, – деб ёзган 11 май куни ўзининг Фэйсбукдаги саҳифасида таниқли драматург Шароф Бошбеков.

“Илгари мендан Совет тузумини ҳимоя қилишар эди, энди Мустақилликни ҳимоя қилишяпти. Наҳотки шунчалик ёмон одам бўлсам?”, – дея истеҳзо қилган адиб.

МТРК вакили Би-би-сига телевидениеда ҳеч қандай “қора рўйхат” йўқлигини айтди.

ЎХҲ хабарлар бўлими