Замондошларимга маддоҳликдан воз кечганим ҳақида – 5

Замондошларимга маддоҳликдан воз кечганим ҳақида – 5
95 views
30 May 2018 - 10:25

5. Замондошларимга маддоҳликдан воз кечганим ҳақида

Ўзбек халқи жуда истеъдодли, тинчлик-хотиржамликни севувчи, ижодий меҳнатни қадрловчи халқ. Мол-мулк учун талашадиган халқ эмас. Юртимиз ҳақида маълумотлар қолдирган юнон тарихчилари ҳам бу ҳақда айтишади.

Масалан, бундан 2400 йил олдин яшаган юнон тарихчиси Эфор (м.а. 405-330 й.й.) бундай дейди:

«Қўйбоқар саклар – скиф қабилаларидан биридир. Улар дон кони бўлмиш Осиёда яшаб, ҳақиқатпарвар чорвачиларга мансубдирлар. Скифлар бойлик кетидан қувмайдилар, бир-бирларига ҳалол муносабатдалар, мол-мулк, аёллар, болалар, бутун оила уларда умумийдир (бу ерда бир оила, баъзида бутун қишлоқ – ақлли, доно киши бошчилигига ихтиёрий бўйсуниши назарда тутилиши керак – А.Ш.). Уларга ташқаридан тажовуз хавф солмайди, чунки босиб оладиган нарсалари йўқ. Араваларда кўчиб юрадилар ва сут билан озиқланадилар. Шахсий мулк орттиришга йўл қўймайдилар, мол-мулк ва бошқа нарсаларга умумлашиб эгалик қиладилар. Улардан баъзилари Осиёга кўчиб жойлашган, у ерда уларни саклар деб аташади («Қадимги тарихчилар Ўрта Осиё ҳақида» терма парчалар «YURIST-VEDIA MARKAZI» нашриёти, 2008 й.58-бет)».

Лекин, туркийлар адолатсизликни ёмон кўрадилар. Адолатсизликка дуч келсалар бош кўтарадилар. «Қурбақани боссанг, у ҳам ваққиллайди-ку»-дейди оддий одамлар ноҳақликка, адолатсизликка, хўрликка дуч келганларида.

Гапираётган гапини ҳам эплай олмайдиган бир фермернинг ишини кўряпман. Бечоранинг беш гектар ерини Ҳокимият бошқа фермерга олиб берган. Айни шу беш гектар ерда фермернинг дони экилган ва ана, мана дегунча ҳосилни териб олиши керак. Бу ёқда эса Ҳоким айни шу беш гектар ерни бошқа бировга олиб берган. Ҳоким бу бечорани ерини олаётганлиги ҳақида огоҳлантирмаган ҳам. Менимча қишлоқдошлар уни уялтирган «замон зўрникими? Сен ҳам бор тегишли жойларга. Оғзингдаги ошни бировларга олдириб ўтирасанми?»-дейишган бўлса керак. Даъво аризаси ёзиб Ҳокимнинг зўравонлигига қарши бош кўтариб чиққан. Ҳокимнинг орқадан зарб бериб олиб қўйиш ҳақидаги Қарорини ҳақиқий эмас деб топдим. Фермер донини ўриб олди. Аммо, туман Ҳокимияти вакиллари, ер тузувчилари Хўжалик суди Ҳал қилув қарорини писанд қилмасдан фермерга ерни қайтармади. Ер экувсиз бир йил қолиб кетди.

Ўша пайтларда Хўжалик судларига бузилган ҳақ-ҳуқуқларини Суд тиклаганлиги ҳақида «Ахборот» кўрсатувида лавҳалар бериб бориш вазифаси юклатилганди. Ана шу телевидение гуруҳини ўша далага олиб бориб ерини берган ва олган фермерларни таклиф қилдим. Ҳокимиятнинг манманлиги туфайли ер қаровсиз ётарди. Мухбир даъвогардан, жавобгардан интервью олди. Ҳокимият вакили огоҳлантирилса-да келмаганди. Бир пайт телекамеранинг батареяси ўчиб қолди. Уни қувват олдириш керак эди. Суд мажлиси котиби билан оператор ва мухбир электр энергияси нуқтаси излаб кетдилар.

Кун иссиқ ғалла ўрими пайти эди. Икки соатча даладаги дарахт бор жойда сояладим. Чамаси икки соатлардан кейин учта енгил машина биз ўтирган жойга кириб келди. Уларнинг бири суднинг Тикоси, қолган иккисини танимадим. Уларнинг ичидагилар машинадан тушмай нарироғда тўхташди.

Маълум бўлишича, мухбир ва оператор электр токи қидириб туман марказига боришган. У ерда эса «электр токи фаыат туман Дон маҳсулотлари қабул қилиш» корхонасида борлигини айтишади. Улар камера «Ахборот» микрофонини кўтариб ўшаёққа боришади. У ерда эса Ҳоким тумандаги фермерлар топшираётган ғаллани назорат қилиш учун борган бўлади. «Ахборот» мухбирларини кўргач Ҳокимнинг тепа сочи тикка бўлади. Мухбирни чақириб, гап нимадалигини сўрайди. Воқеа тафсилотларини билгач «фермерга эллик гектар ер бераман, репортажни телевидениега узатманг»-дейди. Табиийки мухбир кўнмайди. Ҳоким ўзининг иккита шотирини мухбирнинг кетидан жўнатади. Бу шотирлар бизни Қаршигача кузатиб, кейин мухбирни орқасидан кетишди. Лекин, мухбир виждонли йигит эди. Лавҳа «Ахборот» юзини кўрди.

Ўзбекистонда мулкий, иқтисодий низоларда тарафларни келиштирса бўлади. Ўзбек, туркийлари кўп Қорақалпоғистон, Хоразм вилоятларида Хўжалик низолари бўйича камдан-кам шикоятлар Олий Хўжалик судигача боради. Судьялар тарафларни ўша ёқдаёқ келиштириб юборишади.

Қашқадарё, Сурхондарёда ҳам мулкий низоларда тарафларни келиштирса бўлади. Бу ерлик одамларда, миллатидан қатъи назар адолатлилик даражаси юқори. Менимча, бунинг асосий сабаби уларнинг қўйбоқарлигида бўлса керак. Киши қўй боқса характери мулойим бўлади. Барча Пайғамбарлар ҳам қўй боққанлиги бежиз эмас, ахир.

Биринчи муддатим тугайдиган йили ишдан роса чарчадим. Энди таътилга чиқаман деб турувдим Олий Хўжалик судидан Сурхондарё вилоятида икки ой ишласин деган буйруқ келиб қолди. Бу воқеа 1999 йил май ойларида бўляпти.

Ноилождан хизмат сафарига кетдим. Ўша пайтларда Сурхондарё вилоят Хўжалик суди Республикадаги энг хавфли участка эди. Шу ўтган тўрт йилнинг ичида икки таркиб судьялар пора билан қўлга тушганди. Бу аламли анъана, афсуски кейин ҳам давом этди.

Суд биносини бир бало қилиб топиб бордим. У ерда эса автомат таққан соқчилар бинони қўриқлар экан. «Катталардан ким бор?» – десам, битта самарқандлик судья ака бор, аммо, у киши ҳам суд процессида,-дейишди. Олий Хўжалик судининг Буйруғини кўрсатсам ҳам ичкарига киритмай туришибди. Мен эса, посбонларга: – киритмасаларинг, ундан ҳам яхши, қайтиб кетавераман,-деб ҳазиллашиб турсам, ичкаридан Ўткир ака Баҳриев, гарчи биринчи кўришаётган бўлсак-да қучоқ очиб мен билан кўришиб, посбонларга «нимага шундай азиз меҳмонни киритмаяпсанлар» – дея танбеҳ берди.

Шундай қилиб, тақдир мени ажойиб инсон билан учраштирди. Ўткир ака асли Самарқанд шаҳридан, хушмуомала, кўпни кўрган, донишманд, ҳар қандай хўжалик, иқтисодий низода тўғри йўлни танлайдиган одам. Кейинчалик, Суд тизимидан ишдан кетсаям Ўзбекистоннинг нозик низоларини бартараф этишда жуда ажойиб ишлар қилди.

Ўткир Ўлмасович «мени Олий Хўжалик суди Раҳбарияти танлаб Сурхондарёга юборди» -деган ҳавойи фикримдан заминга тушириб қўйди. Маълум бўлишича Сурхондарё вилояти Олий Хўжалик суди тизимининг Жарима полигони бўлиб, бу ерга вилоят Раҳбарларига ёқмайдиган судьялар жўнатилар экан. Ҳакамлик суди Хўжалик суди бўлганидан кейин ўтган олти йил ичида, адашмасам икки таркиб суд Раиси ва судьялар қамалгандилар.

Бунинг сабабини кўп ўтмай билдим. Гап шундаки, қўнғирот полвонлари яшайдиган бу юртда одамларининг гаплари ҳам полвон экан. Табиийки, даъво қилгандаям полвон суммалар айтилади, ундирилгандаям шу. Оқибатда зиддият келиб чиқади. Менга ўша ерда ишлайдиган ходимлардан бири кўраётган ишим бўйича асосий қарздан икки уч баравар кўп миқдорда жарима ундириш таклифи билан кирди. Қонун бўйича бундай ҳолат бўлиши мумкин, аммо, адолат бузилади. Биз Қашқадарёда жарима ва пенялар миқдорини асосий қарзнинг эллик фоизидан оширмасдик. Жуда адолатсизлик бўлиб, жавобгар даъвогарни роса куйдирган пайтлар бўлса, асосий қарз миқдорида жарима ундириларди. Қайтариб айтаман, қонунчилик бунга йўл қўяди.

Шунинг учун мен билдирилган таклифга эътироз билдирдим. Эсимда шунда менга бу таклифни берган сурхондарёлик киши шундай деганди: – Ака, шу ишни қилинг, қашқадарёга битта «Нексия» миниб кетасиз. Мен хушмуомалалик билан рад қилдим «менга шу «Нексия» керак, аммо, мен бу ишни қилолмайман».

Икки ой ичида Сурхондарё вилоятида 98 та иш кўрдим. Шунинг иккитаси бўйича тарафларни муросага келтира олмадим. Яъни, менинг қабул қилган Ҳал қилув қарорим устидан апелляция тартибида шикоят берилди. Аммо, қарорлар ўз кучида қолдирилганди.

Термез шаҳрининг ёздаги иссиғига совет конденционерлари ҳам чидаш бермайди. Икки ойлик хизмат сафаримни тугатгач яна ишга шўнғиб кетдим. Орадан кўп ўтмай Ўзбекистоннинг энг баланд чўққиси ва зиёратгоҳи Ҳазрати Султон ота тоғ чўққисига чиқиб келдим.

Зиёратгоҳдан қайтгач бир ажойиб туш кўрдим. Мен оқ-қора чиройли мармар зинада устозим билан юқоридан пастга тушиб келяпмиз. Бу тушни мен иккинчи муддатга сайланишимга йўйдим.

Адашган эканман. Бу туш Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ичидаги оқ қора зина бўлиб, ўша устозим билан айнан шу ерда, шу зина устида 2005 йил 27 (балким 28) январь куни учрашдик. Барча ишлардан хабардор Зот – Аллоҳим 1999 йилдаёқ мени Қонунчилик палатаси депутатлигига танлаб қўйган экан. Бу қандай содир бўлганлигини бироздан сўнг ин ша Аллоҳ бошлайман.

Аллоҳнинг ишларини қаранг. Сизнинг машаққат чекиб қилган меҳнатингизни Ул Зот ҳеч қачон ерда қолдириб қўймас экан. Ахир, бу ўн йил ичида бошимга озмунча иғво, туҳматлар, юмалоқ хатлар ёзилмадими? Энг қийин паллаларда, иғво-туҳматларга қолиб турган пайтларимда ҳам энг яқинларимга «таниш-билиш масаласида энг кучли Таниш меники»-деб Аллоҳимни назарда тутиб унга таваккул қилган ҳолда воқеалар ривожини жим кузатардим. Аллоҳим эса менга Меҳрибон ва Раҳмли эди! Бу ҳақиқатларни бугун айтмасам ғирт ношукрлик қилган бўламан.

Давоми бор

Анвар Шукуров

facebook.com