Рустам Иноятов қаерда?

Рустам Иноятов қаерда?
25 views
30 May 2018 - 13:54

Шу йилнинг 31 январида Ўзбекистоннинг энг қудратли, таъбир жоиз бўлса, республикани кўринмас бошқарувчилигидан кетган генерал-полковник Рустам Иноятов тақдири кўпчилик учун қизиқарли. Хўш, у аслида ким эди? Унинг тақдири истиқболлари қандай бўлиши мумкин?

Ҳаётда кимдир ўзи учун ишлайди, кимдир тизим учун ишлайди, яна кимдир тизимни ўзи учун ишлатади. Ташқи разведка офицери, мутахассислиги шарқшунос бўлган Рустам Иноятов 1995 йилда 51 ёшида Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати раислиги курсисига келганида мамлакатдаги вазият бутунлай бошқача эди. Қўшни Тожикистон ва Афғонистонда уруш борар, бошқа ҳамсоялар ичида иқтисодий-ижтимоий аҳвол таранг бўлиб, Ўзбекистон ичида радикализм кайфияти ўсиб бораётган эди.

Бу муаммоларни ечишда Ислом Каримов билан бирга ёнма-ён юргани ҳолда Иноятов етакчининг ишончига тўлиқ кириб борди. 1999 йилдаги портлашлардан кейин позицияси муттасил кучаяверди.

Ички ишлар вазири, мамлакатда ўша вақтдаги “иккинчи одам” деб қаралган генерал Зокир Алматовни “Андижон-2005 йилда” шахмат тахтасилаги ўйиндан чиқариб юборилиши Иноятовга Ўзбекистон элитасида мислсиз имкониятлар эшигини очди ва “шеф” тахаллусини олди. Шундан сўнг 11 йил давомида ўзбек сиёсатида “соядаги бошқарувчи”га айланди. У иқтисодиёт, ижтимоий-сиёсий ҳаёт, хуллас давлат ва жамиятнинг барча тармоқларини ўзига тўла бўйсунтирди.

Президент Девони, Олий Мажлис палаталари, Вазирлар Маҳкамаси, Миллий хавфсизлик кенгаши, Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Бош прокуратура, Давлат божхона қўмитаси, Молия вазирлиги, Ташқи савдо вазирлиги, Марказий банк, Солиқ қўмитаси, Нефт-газ миллий холдинг компанияси, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиакомпанияси, “Ўзбекистон темир йўллари” компаниялари, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси, олтин ишлаб чиқарувчи гигантлардан ортиб, вилоят ҳокимликлари, қўйингчи барча кўзга кўринган-кўринмаган ташкилотгача унинг измида эди.

Президентнинг хавфсизлик хизмати орқали (бу мустақил ташкилот раҳбари МХХ раисининг биринчи ўринбосари саналар, гарчи қоғозларда бевосита Президентга бўйсунади дейилса, амалда айнан Иноятов қарамоғида эди) Президент Девонидаги оддий ходимдан Давлат маслаҳатчиларигача унинг назорати остида эди.

Президентнинг Ишлар бошқарувчиси, ёзилмаган қоидага кўра Девон раҳбари Зелимхон Ҳайдаров билан зимдан адоватда бўлиб келгани айтилади. Аммо Ҳайдаров президент И.Каримовнинг саройдаги энг яқин ва узоқ йиллик маслакдош мулозими бўлгани боис Президентнинг юзидан ўтиб, унга таъсир қила олмаган. Аммо охирги йилларда бир неча ўринбосарларини яқинда Божхона қўмитасидан ишдан кетган, лекин ўша пайтда Президентнинг хавфсизлик хизмати раҳбари бўлган Муиджон Тоҳирий орқали қамашга урунган эди.

Фақат Вазирлар Маҳкамасини бош вазир Шавкат Мирзиёев мустақил идора қилишга урунар, бироқ хавфсизликнинг қудрати олдида у ҳам тийилишга, Иноятов билан муносабатларни бузмасликка мажбур эди. Президент яқинда Олий Мажлисга мурожаати чоғида “бу бош не-не мураккабликларга, синовларга гувоҳ бўлмади, вақти келса уларнинг ҳаммасини бирма-бир айтиб бераман” деганида айрим экспертлар айнан Иноятов билан бўлган зиддиятли вазиятни назарда тутганини тахмин қилишади.

Шу тариқа Президент Девонидан тортиб, энг қуйидаги туман ҳокимигача хавфсизлик идорасига сўзсиз бўйсунтирар, унинг олдида ҳисобдор эди.

Иноятов даврида Миллий хавфсизлик хизматининг айрим оёғи ердан узилган валломатлари ҳатто гапини икки қилгани учун, мошинасини қувиб ўтгани ёки қўнғироғига жавоб қайтармагани каби арзимас сабаблар туфайли ҳам ҳар қандай амалдорларни белини синдириши билан танилганди.

Ҳар қандай “муҳим ахборот” фақат Р.Иноятов виза қўйгачгина Ислом Каримовга киритилар, бу маълумот эса исталган одамнинг бошини еб кетиши мумкин эди. Шундай ҳам бўлди. Муттаҳам бўлмаган республиканинг бирорта вилоят ҳокими қолмади. Мирзиеёв ҳукумат раҳбари сифатида уларнинг ёнини олиб қилган айрим ҳаракатлари эса МХХ раҳбари томонидан кучли босимга учради. Ўзбекистондаги барча катта-кичик даражадаги раҳбарлар устидан салбий маълумотлар базаси изчил шакллантирилиб борилди.

Рустам Иноятов унинг мавжудлиги Ислом Каримовни ҳокимиятни сақлаб қолишнинг ягона ишончли кафолати эканлигини раҳнамонинг қулоғига қуйиб келди ва бунга ишонтира олди. Шу сабабли Бош прокурор Рашид Қодиров бошчилигида президентнинг катта қизи Гулнора Каримовага қарши барча далилларни тўплаб, Отага тақдим этганида Ислом Каримов жигарбанддининг ёнини олиши учун ҳеч қандай имконият қолмаган эди.

Ваҳоланки, хавфсизлик хизматининг энг биринчи вазифаси Биринчи раҳбарга ва унинг оиласига қарши “компрамат” йиғиш эмас, аксинча унга йўл қўйилмаслик чораларини барча воситалар билан кўриш эканлигини билишмасмиди?! Катта қизига суд ҳукмини раво кўрган Ислом Каримовнинг ич-ичидан Р.Иноятовдан ҳафсаласи пир бўлгани, аниқроғи ранжигани аниқ эди. Гап бу ўринда қизнинг хулқи, унинг жиноят содир этгани ёки этмаганлиги ҳақида эмас, балки бир жамоада бўла туриб Президентнинг фарзандига қарши унга қарши йиллар давомида материаллар йиғиб борилганида бўлди.

Каримов бундай ноҳуш воқеалардан кейин садоқатли шогирди Шавкат Мирзиёевни доимий равишда Оқсаройга чақириб, соатлаб музокаралар ўтказиб боргани, унинг уй-фикрлари билан қизиққани кенг жамоатчиликдан ортиқ яширадиган сир эмас. Шундан кейин бош прокурор Р.Қодиров жаноблари ўрнини тезлик билан Ш.Мирзиеёвга хайрихоҳ Ихтиёр Абдуллаев эгаллади.

Р.Иноятов саъй-ҳаракатлари билан охирги йилларда хавфсизлик тузилмаси штати ва ваколатлари шу қадар кенгайиб ва бошқарилмайдиган идорага айланиб қолдики, ҳатто раиснинг ўринбосарлари бир-бири билан ёвлашди, тузилма ич-ичидан гуруҳларга бўлиниб кетди. Разведка, контразведка, терроризм билан курашиш бош вазифаси бўлган обрўли ташкилотнинг нуфузи пасайиб борди.

Шавкат Мирзиеёв ҳокимиятга келгач, дастлабки йилда арқонни жуда узун ташлаб қўйди. Позициясини мустаҳкамлаб олгунича қадар ўта вазминлик билан хавфсизлик хизмати раҳбари ва идора ҳақида лол-лим демади. Вақти етилгача бир ҳамла билан барчасига якун ясади. “Иноятовнинг олтин даври” тугади, бунга шубҳа қилмаса ҳам бўлади. Эндиликда эса тузилмада рўй бераётган ислоҳотлардан ва янги раҳбариятга қўйилган вазифалардан барчанинг эса хабари бор.

Президент Шавкат Мирзиеёв Иноятовни мансабидан олиб, Давлат маслаҳатчисидек мўътабар лавозимни бериши ва Сенатнинг аъзоси сифатида дахлсизлик ҳуқуқини тақдим этиши вақтинчалик тусга эга бўлиши ҳам мумкин. Аввало етакчининг жамоаси ғайратли ва шижоатли ёшлар билан тўлган. Улар орасида Иноятовга узоқ муддатга жой топилармикан? Боз устига, кўплаб президент қарор ва фармонлари ижроси ўзи мутасадди бўлган Иноятовга топширилмай, унинг ўринбосарларига юклатилаётганида ҳам қандайдир рамзий маъно бордай туюлади.

Амалдаги раҳбар 13 йиллик бош вазирлиги давомида Каримов атрофида юриб, унга ҳақиқий садоқат камарини боғлаган киму, ким унинг ишончидан ўзининг ҳокимиятини мустаҳкамлаш ва фойда топиш учун фойдаланганини тўққиз пулдай яхши билади.

Ҳозир Рустам Иноятов амалда ҳар томондан “шатакка” олинган ва “ортиқча” ҳаракат қилиши қандай оқибатларга олиб келишини яхши тушунади. Бош прокуратура энг яқин шогирди Рашид Қодировни, Тошкент шаҳри прокурорининг собиқ ўринбосари Мираглам Мирзаевни, МХХнинг бир неча юқори мартабали собиқ мулозимларини тергов қилмоқда. Улар сафи дастлабки кўрсатмалардан кейин кенгайиб бормоқда.

Рустам Иноятов Давлат маслаҳатчиси сифатида, аллақачон Мирзиёевга шахсан бўйсунтирилган Президентнинг хавфсизлик хизмати томонидан, шу билан бирга азалий сиёсий рақиби, Девоннинг ишлар бошқарувчи Зелимхон Ҳайдаровнинг қатъий назоратида бўлиб турибди.

“Аппарат”дан ташқарида эса ички ишлар вазирлиги, давлат хавфсизлик хизмати, миллий гвардия, чегараларда божхона хизмати ва чегара қўшинлари кучлари умумий “контроли”да қолади. Барча қўшни давлатлар ва қудратли жаҳон мамлакатлари билан Мирзиёевнинг муносабатлари яхши эканлиги ва уларнинг бу алоқаларни ёмонлаштирмасликка ҳаракат қилиши ҳисобга олинса, ҳеч бир давлат унга бошпана беришга ҳам рози бўлмайди. Шу сабабли четга чиқиб кетиш варианти нолга тенг.

Р.Иноятовни жамоатчилик сўнгги бора Олий Мажлис Сенатининг ялпи йиғилишида кўришган. Ҳозирда Президентнинг Сиёсий-ҳуқуқий масалалар бўйича Давлат маслаҳатчиси саналган Рустам Иноятовнинг ишга чиқаётганини эса ҳеч ким тасдиқламаяпти. Боз устига бу хизмат кутилмаганда қайта ислоҳ қилиниб, бутунлай янги ном олмоқда ва фаолияти ҳам ўзгармоқда. Ҳозирда ушбу вазифаси ҳам норасмий тарзда Президентнинг ҳуқуқ бўйича энг яқин одами, Бош прокурор Отабек Муродов бажариб келинаётгани тахмин қилинаяпти. Шу маънода дахлсизлик ҳуқуқи умрбод кафолатмаган.

Нима бўлганда ҳам охирги сўзни Шавкат Мирзиеёвнинг ўзи айтади. Конституциявий ваколатларидан фойдаланиб, Иноятовни кечириши ёки кечирмаслиги мумкин. Аммо Давлат Раҳбарининг халқпарварлиги ва адолат учун шахти-шиддатидан келиб чиқилса, у халқнинг манфаатларини алоҳида шахсларнинг манфаатидан устун қуйиши аниқ.

Ҳозирда МХХнинг “шонли хизматлари” туфайли қамалган қанча-қанча бегуноҳ одамларнинг озод қилиш жараёнлари кетаётгани эса қачондир бу ишлар тепасида турган “кимдир” жавоб беришинидан дарак беради.

Аммо Давлат раҳбарининг кечиримлилик ва бағрикенглик фазилатлари инобатга олинса, барча гап-сўзларни бир четга суриб, ёши улуғлиги ва саломатлиги туфайли, узоқ йиллар биргаликда ишлагани туфайли Р.Иноятовни пенсияга юбориши, Сенат аъзоси сифатида дахлсизлик ҳуқуқини сақлаб қолдириши ҳам мумкин. Чунки ҳозиргача Мирзиеёв билан узоқ йил бирга фаолият олиб борган бирорта раҳбарнинг бурнини қонатгани фактига гувоҳ бўлмадик. Бу ички маданияти, инсонийлик хислатлари, одамни қадри тушунчалари билан боғлиқдир.

Лекин етакчининг бошқа қирралари ҳам халққа жуда манзур. У мамлакатдаги энг қудратли шахсига айланган ва мислсиз таъсирли Р.Иноятовни лавозимидан четлатиш орқали Ўзбекистонда ягона, халқ сайлаган  бошлиқ ким эканлигини рўй-рост исботлаб берди.

Қудрат марказини МХХдек ҳарбий тузилмадан олиб, фуқаролик ташкилотлари бўлган – Президент Девонига ва қисман Вазирлар Маҳкамасига кўчирди.

Қўшҳокимиятга асосланган давлат идора шаклини инкор қилиб, бошқарув тизимлари ўртасидаги манфаатлар мувозанатини таъминлашга қодирлигини намоён қилди.

Демократик ва очиқ жамият қуришга қарши кучлар билан ўта муросасизлигини, энг асосийси амалдорларнинг ҳаддидан ошиб кетиши оқибатлари қандай якунланишини кўрсатиб берди.

Бу орқали президентликнинг иккинчи йилида аҳоли орасида рейтинггини кескин ошириб, халқаро жамоатчиликни лол қолдиришда давом этмоқда.

Саид Ибрагимов

Манба: tafsilot.uz