Муҳаммад Солиҳ расмини ушлаб суратга тушганлар прокуратурага чақирилди

Муҳаммад Солиҳ расмини ушлаб суратга тушганлар прокуратурага чақирилди
70 views
30 May 2018 - 20:09

Хоразмлик шоир Маҳмуд Ражаб ва яна уч нафар шахс 29 май куни вилоят прокуратурасига чақирилди. Махмуд Ражаб «Элтуз» мухбири билан суҳбатида, прокуратурага чақириқ сабабини Муҳаммад Солиҳни ватанга қайтариш ташаббуси ва унинг расмини ушлаб тушган суратларини фейсбукка қўйишлари билан боғлайди.

«Бобомурод озод этилган куни тўртталамиз Муҳаммад Солиҳ расмини ушлаб тушган суратимизни интернетга қўйгандик. Шунинг учун дарров сездик нима учун чақирилганимизни. Ойбек Султонов деган йигит бизни битта биттадан қабул қилди» дейди Маҳмуд Ражаб.

Прокуратурага телефон орқали чақирилганини айтган, Маҳмуд Ражаб шунингдек, икки соатдан ортиқ чўзилган суҳбат, кўпроқ жиноят иши терговига ўхшаганини билдиради.

Прокуратурадаги сўроқ ва огоҳлантиришдан унга маълум бўлишича, сал аввалроқ Маҳмуд Ражаб билан яқин алоқада бўлган урганчлик икки талаба билан ҳам прокуратура шундай «дўстона суҳбат» ўтказилган.

«Бу йигитлар билан ўртамизда ижодий муносабат бўлган. Улар Муҳаммад Солиҳ бадиий ижодини ўрганишган. Лекин мен уларга сиёсатга аралашмаслик, ҳатто Муҳаммад Солиҳни қайтариш мурожаатига қўл қўймасликни маслаҳат берганман. Лекин, менга кўрсатилган огоҳлантиришда бунинг мутлақо тескариси акс этган», дейди Маҳмуд Ражаб.

Унинг билдиришича, йигитлар билан ўтказилган «суҳбат» ҳам гўёки уларнинг Муҳаммад Солиҳ билан «жиноий» алоқалари, Ўзбекистонда «Эрк» демократик партиясини қайта тиклаш ҳаракатларига оид бўлган. Маҳмуд Ражабнинг ҳавотирича, бу ҳудди ўтган йилнинг сентябрида ҳибсга олинган Бобомурод Абдулла ва уч нафар шахс устидан ўтган тергов мотивларини эслатади.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг январида Маҳмуд Ражаб ва бошқа бир қанча ўзбек зиёлилари «Эрк» Демократик партияси лидери Муҳаммад Солиҳни ватанга қайтаришни сўраб президент Шавкат Мирзиёевга мурожаат билан чиқишган эди.

Манба: Eltuz.com