Мирзиёев даврида ҳам қамоқ муддатига қўшиб беришлар давом этадими?

Мирзиёев даврида ҳам қамоқ муддатига қўшиб беришлар давом этадими?
24 views
04 June 2018 - 10:11

Би-Би-Си радиосининг хабар беришича, 18 йиллик қамоқ жазосини ўтаб бўлган Саидаҳрор Атаходжаев “Жаслиқ”да мунтазам тартибни бузди, деган айб билан судланмоқда. 31 май кунги суд жараёнида прокурор ва қамоқхонадан келган нозир-гувоҳлар Атаходжаевнинг тартибни бузгани ҳақида далил келтира олмаган.

Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳнинг маълум қилишича, 42 ёшли Саидаҳрор Атаходжаев 23 апрель куни 18 йиллик жазони ўтаб қамоқдан чиқиши керак бўлган. Бироқ озодликка чиқишидан бир кун олдин унга Жиноят кодексининг 221-моддаси бўйича жиноий иш очилиб, иши судга оширилади.

71-жазони ижро этиш муассасаси – “Жаслиқ” назоратчилари Саидаҳрор Атаходжаев мунтазам тартибни бузганини даъво қилмоқда.

31 май куни Мўйноқ туман судида бўлиб ўтган жараёнга “Жаслиқ” нозирларидан иборат 4 киши судланувчига қарши кўрсатма бериш учун келган.

Саидаҳрор Атаходжаев айблов хулосасида ёзилган гаплар туҳматлигини, у унда ёзилганидек тартибни бузиб карцерга кирмаганини айтган.

“Турмуш ўртоғим тартибни бузмаганлигига ҳозир манзил колонияларига чиқариб юборилган камерадошлари гувоҳлик бериши мумкинлигини айтди. Ундан ташқари карцерга тушмаганини қамоқхона бўйлаб ўрнатилган кузатув камералари тасвирлари ҳам тасдиқлатишини билдирди. Адвокатимиз Дилшод Жабборов суд Темирнияз Абиниязовга гувоҳ сифатида камерадошлари ва кузатув камералари тасвирларини судга келтирилишини сўраб илтимоснома киритди. Бироқ судя ушбу илтимосномани рад қилди”, дейди судланувчининг рафиқаси Гулчеҳра Атаходжаева.

Айблов хулосасида Атаходжаев “Ҳизбут таҳрир” аъзоси бўлганлиги ва бу ғоялардан ҳали ҳам қайтмагани ёзилган.

Бироқ ўша кунги судга Саидаҳор Атаходжаев “Ҳизбут таҳрир” ғоясидан воз кечганини, энди озодликда тинч ҳаётини давом эттиришни истаётганини билдириб ёзма мурожаат қилган.

“Адвокат Дилшод Жаббаров “Жаслиқ” назоратчилари эримнинг гапига ишонмагани учун 221-моддани ўзлари уюштирганини исботлаб қўйди. Назоратчи гувоҳлардан эримнинг “Ҳизбут таҳрир”дан қайтганига ишонасизларми, деб сўради. Улар йўқ ишонмаймиз, оғизда айтаверади, дейишди. Бу гапни прокурор ҳам такрорлади. Шунда адвокат сизлар Саидаҳрор Атаходжаевга ишонмаганларинг учун бу ишни уюштирган бўлиб чиқяпсиз, ўзларинг ҳозир билмаган ҳолда бу нарсани тасдиқлаб қўйдинглар, деди. Назоратчилар кейин жим бўлиб қолишди”, дейди Гулчеҳра Атаходжаева.

Адвокат Дилшод Жаббаров жазони ижро этиш муассасаси томонидан судланувчига қўйилаётган айблар ўз исботини топмагани учун уни суд залидан озод қилишни сўраган.

Прокурор Давлат Елмуродов музокараларга тайёр эмаслигини рўкач қилиб судни кейинга қолдиришни сўраган.

Саидаҳрор Атаходжаев иши бўйича суд 5 июнга қолдирилган.

18 йил қамоқда ўтирган маҳкумнинг онаси 84 ёшли Қумрихон ая қамоқ жазосини ўтаб бўлган ўғлини озодликка чиқишини кутиб қўзлари кўр бўлганини айтиб, Мирзиёевга мурожаат қилган эди.

Ўзбекистонда жазор муддатини ўтаб бўлган диний ва сиёсий маҳкумларга Жиноят кодексининг 221-моддасини қўйиш орқали жазос муддатини узайтириш Ислом Каримов даврида авж олгани айтилади.

Президент Шавкат Мирзиёев ҳукумат тепасига келгач бу модда билан айбланувчи маҳкумлар сони кескин қисқарган.

Ўзбек расмийлари халқаро ташкилот вакиллари билан учрашувда 221-модда билан сохта айблов қўллаб қамоқ муддатини узайтиришга барҳам берилганини айтишади.

ЎХҲ хабарлар бўлими