Ишдан кетган амалдорларнинг қариндошлари қочиш тараддудида

Ишдан кетган амалдорларнинг қариндошлари қочиш тараддудида
59 views
04 June 2018 - 14:37

Солиқ қўмитаси раиси Ботир Парпиевнинг ишдан олиниши унга алоқадор кимсаларни кемадан қочишга уринаётган каламушларга айлантирган кўринади.

Қудратли солиқчининг катта-катта амалларни эгаллаб келган яқин қариндошлари бир вақтнинг ўзида лавозимларидан мосуво этилгани ортида ҳам шу сабаб ётгани айтилмоқда.

Тошкентда тарқалган хабарларга кўра, ўтган ҳафтада Ботир Парпиевнинг юқори лавозимли икки қариндоши мамлакатдан чиқиб кетишга уринган вақтда ушлангани ортидан бошқалари ҳам ишдан бўшатилиб, кучайтирилган назоратга олинган.

Мустақил ОАВ эса бир вақтлар Давлат солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари бўлган Абдусалом Йўлдошев ва унинг ўғли Жавлонбек қўшни давлатлардан бирида ушланиб, Ўзбекистонга қайтариб берилганини ёзди.

Айни пайтда улар Давлат хавфсизлик хизматининг “Гвардейский” номи билан танилган изоляторига жойлаштирилгани хабар қилинмоқда.

Бу маълумотлар кўпчилик томонидан Ўзбекистоннинг энг йирик коррупционерларидан бири сифатида кўриладиган Ботир Парпиев устидаги қора булутлар янада қуюқлашаётганини англатади.

29 май куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида президент Шавкат Мирзиёев солиқ тизимидаги коррупцияга боғлиқ жиноятлар кўлами жуда кенглигига ишора қилган эди.
“Солиқда ҳам кўп ўйинлар бўлгани, раҳбарияти қандай ишлар билан шуғулланганидан ҳайрон қолдим. Ҳали уни ҳам халқимизга етказамиз “… 70 фоизи коррупция билан боғлиқ, мана шуни ҳамма билиши керак”, деганди ўша йиғилишда давлат раҳбари.

Бу ёқда 15 йил давомида “дунёнинг устуни” бўлган собиқ бош прокурор Рашид Қодировнинг ҳам аҳволи анча чатоқ.

Айрим манбалар ҳибсдаги бу шахс соғлиғи ёмонлашгани сабабли “сангородок”ка ётқизилганини хабар берганди.

Тошкентдаги сўнгги гап-сўзларга қараганда, собиқ бош прокурорнинг “томи кетиб”, ақли кирди-чиқди бўлиб қолган. Ҳозир у барча йиққан-тиққанини давлатга қайтаришга тайёр ҳолатга келган, демоқда вазиятдан хабардор айримлар.

Лекин кўпчилик президентнинг яна бир шов-шувли қадамига интиқ. Бу ҳам бўлса, собиқ Миллий хавфсизлик хизматининг собиқ раиси Рустам Иноятов билан боғлиқ.

Одамлар “энди навбат Рустам Иноятовники, президент қачон бу ҳақда бир қарорга келар экан”, деб кутмоқда.

Қачон қўйилар экан бу қадам? Қўйилармикин?!

Баҳодир Шариф

Манба: Eltuz.com