«ШАФФОФ УЙ» КИТОБИДАН
САЙЁҲГА
1
Тўрт уфққа қара –
Ўзбекистон, Ўзбекистон, Ўзбекистон, Ўзбекистон.
Атроф дала, дала, дала, дала.
Далада – пахта, пахта, пахта, пахта…
Энди бир зум нафас ростлаб ол.
2
Қуёш чиқар… Тўрт оёғин кериб ер узра,
Майсадаги шабнамларни ялаб олади.
Подачи вақт олдида у сигирдай сўнгра
Кенг яйловга – мовийликка ўрлаб қолади.
О, нақадар тўйимлидир мовий майсалар,
Энгашади кечқурун у сувга ҳарсиллаб.
Тушиб олар дарёга қоқ белига қадар,
Сув ичади, елинлари кетар лорсиллаб…
Кўрдингми сен уни? Дўстим, тонгни кут,
Тонгда сут булади! Бир осмон сут!
3
Мана, Ўзбекистон
Миллионлаб тонна
Оппок кузагини тарозига қўйди.
Энди, машиналар
Гаражга кириб,
Мудраса бўлади май қўнғизидай.
Энди, арзийди Ер
Ортга ўгирилиб –
Ўзига ўраниб, бир зум кўз юмса.
Энди, айни пайти,
Шараф ўқисак,
Хуррак отаётган деҳқон шаънига…
4
Қийин.
Нима десам экан…
Йиғласам – кўз ёшга ажабланмайсан.
Куласан – овозинг эшитилмас.
Севасан, лекин хат ёзмайсан Унга.
Вужудингда оғриқ.
Оролга ўхшаган бир оғриқ.
Ўша орол – Ватандир сен яшаётган.
5
У зарур одамга.
Айниқса, қайгадир жўнаётган бўлсанг.
Хайрлашиб,
Хўрсинишга керакдир Ватан.
У керак бўлади
Ненидир ўртаниб соғингинг келса,
Узоқда Ватанинг бўлса йиғлайсан.
Сенга Ватан керак
Қайтишинг учун –
Қувoнчдан
Юрагинг «паққа» ёрилиб,
Ўлишингга керак ҳеч бўлмаганда.
Сўра, уни!
Керак бўлади.
1973
(192)
Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Вал-Фажр” китобидан. (118-саҳифа.)
(давоми бор)