Дарҳол шартдир бўлмоғим озод…

Дарҳол шартдир бўлмоғим озод…
57 views
16 June 2018 - 6:00

Матназар АБДУЛҲАКИМ

ТАНЛАНГАН АСАРЛАР
1 – жилд

«Болаликда кўнглим оқ эди,
Сочим эса эди тим қора.
Кўп яхши, кўп ёмонни кўрдим,
Кездим сарсон, кездим оввора.
Нега урди маккорлар нуқси,
Умр деган жуда ғаройиб.
Сочим энди оқариб борар,
Кўнглим эса борар қорайиб».

* * *

«Аламларга ғамим андоза бўлди,
Кўнгил ором киридан тоза бўлди.

Тунаб қолдик ғариб дўстимникида,
Ажиб меҳмоннавозлик роса бўлди.

Чалиб чиқди чибин ғинғиллабон соз,
Бу созга бургалар раққоса бўлди».

* * *

«Айлангандир бошим чарх уриб,
Бошим менинг гир-гир айланган.
Чунки шўх-шаън замонамизга
У бечора маҳкам бойланган.
Чирпирак бир парраклигимга
Ўзга бирон йўқ, шарҳ бу замон.
Фақат… шўх бир мушукваччанинг
Қуйруғига ўхшар бу замон».

* * *

«Мен кетаман. Бу даврда — бир фисқ.
Мен кетаман. Бу даврда фасод.
Ҳамма гаплар жонимга тегди,
Дарҳол шартдир бўлмоғим озод.
Ғазабимни қўзғатар бу ер,
Нафратимни қўзғатар бу жой.
Оёғимга кишандир лекин
Қўлимдаги бир пиёла чой».

* * *

«Оппоқ либос кийган фаришта янглиғ
Келдингиз… кўрдингиз… кетдингиз.
Халос этиб мени биргина дарддан,
Минг-минглаган дардга дучор этдингиз.
Кокиллари узун-узун табибим,
Кўзларида сеҳр, фусун табибим.
Мени бошдан-оёқ ёқмоққа келган
Бошидан оёғи ҳусн табибим!..»

* * *

«Тарож этиб келади фироқ,
Ҳижрон келар шафқатсиз талаб.
Ўкинч келар минг-минг от солиб,
Қилич сермаб, найза ўқталиб.
Ҳамла қилар жонга ғам шўрлик,
Қашшоқлик ҳам қилади ҳужум
Изтироблар ташланиб қолар,
Юрагимни забт этмоқ учун.
Муслимларга қирон солмоқчи
Бўлғон янглиғ қаттол кофирлар,
Ғалабаларимнинг устига
Мағлубият саф-саф ёприлар.
Қасдидадир ҳамма-ҳаммаси
Юракдаги ёлғиз жон қушин…
Билишмайди, пистирмададир
Шароб деган енгилмас қўшин».

(давоми бор)