Ҳали вери одам бўлмаймиз…

Ҳали вери одам бўлмаймиз…
41 views
17 June 2018 - 17:00

Бир икки кун олдин фейсбукда 25 йил Америкада юриб АҚШ фуқаролигини олган бир одамнинг Ўзбекистонга қайтаётганини ёзишганди. АҚШдаги консуллик визасини қилиб беришган экан, демак ҳужжатлари жойида. Бу одам Ўзбекистонга келиши билан бир соатдан сўнг Қарши ГУВДсидан оперлар келиб олиб кетишибди. Бир суткадир дараги чиқмабди. Шу масалани ёзиб чиққан одамга эса бошқаларнинг ёзган маломатли шархларини ўқиб ҳали вери одам бўлмаймиз деган хулосага келдим.

Қанча Америка фуқаролари келади ушлашмайди, агар бу одам миллати рус бўлганда эди ушлашмасди балки, бизнинг менталитетга теккан нарса айнан ўзбеккагина озор бериш. Ҳаттоки дунёни энг кучли давлати бўлган АҚШ фуқароси бўлса ҳам бефойда, чунки ўзбек бўлгани учун ўзбек мелисаси ва ўзбек МХХси барибир ишонмайди.

Шунақа ҳолатлар бўлганда кучли резонанс қилиб бу одамни қуткаришга кўмак бериш ўрнига ватанига тош отгандир деб ўтирганларнинг кўплиги жуда ачинарли ҳолдир. Бир кун бундай ҳолат ўзларининг ҳам бошига тушишини ўйлашмайди. Мана мен Ўзбекистоннинг ит тополмас қишлоғидаман ва тинмай мелисани МХХни танқид қиламан, ноҳақ хибс ва қамашларга тоқат қилолмайман. Демак ватанга тош отган бўламанми? Шуми энди мантиқ? Ватан бошқа, уни бошқараётганлар бошқа. Афсус кўпчилик ҳалиям буни тушинишни исташмайди.

Америкадан келган бу миллатдошимизни мелиса олиб кетган экан нега миллионлаб Россияда юрган гастербайтерларимиз жим ўтиришибди. Уларам йиллаб ташқарида юриб ватанга қайтади барибир. Бугун 25 йил четда юрганни олиб кетса эртага 2 ярим ой юрганни ҳам олиб кетади. Нега ўша зўр деб мақталган блоггерлардан ҳеч бири бу масалани кўтариб чиқмайди? Ахир 5-6 миллион фуқароси четда “дангасалик” қиладиган халқмизку! Мелиса ва МХХни четдан келганларга террорчи деб қараши ва олиб кетиб қамаш амалиёти қачон тўхтайди ўзи? Бу масалани оммавий кўтариб чиқиш вақти келмадими?

Бир икки кунда қўйиб юборади, шунча вакт четда юргани учун текшириш керак дейдиган “авторитар дунёқараш” маҳсулоти бўлган одамларга гапим шуки – сиз айтаётган бундай паскаш нарса Шимолий Кореядан бошқа ҳеч қайси давлатда йўқ. Бундай хабарингиз борми ўзи? Нега бирон қозоқ 10 йил четда юриб ватанга қайтса мелиса чақирмиди, суҳбат қилмайди? Нега айнан ўзбек албатта текширилиши керак? Нега айнан ўзбек доим шубҳа остида бўлиши керак? Бу нарсага тўхта дейиш ўрнига мелиса ёки МХХ тўғри қилади деб ўтирганлар, сизда миллий ғурур деган нарса борми ўзи? Қайси давлатда четдан қайтган фуқаро тиббий кўрикка юборилар экан? Ҳеч қайси! Фақат ўзбекнинг бошида бор бундай хор бўлиш, хўрланиш. Бу ишни қиладиганлар ҳам ўзбек аслида. Ўзини ўзи хор қилади.

Султон Бурхонов

facebook.com