Йўлларингдан адашдингми ё?!..

Йўлларингдан адашдингми ё?!..
19 views
18 June 2018 - 6:00

Матназар АБДУЛҲАКИМ

ТАНЛАНГАН АСАРЛАР
1 – жилд

 

«Тўғри, рубоб товуши нозик,
Тор сеҳрлар, тортилиб таранг.
Ўтга-сувга солар юракни,
Гоҳ янграб, гоҳ инграган жаранг.
Ҳар бир парда афсунлар қилиб
Минг юракка солар сўқмоқни…
…Шу ҳарир бахт учун усталар
Қанча тўқиллатган тўқмоқни».

* * *

«Таҳсин бўлсин донолигингга,
Ақлингга шон-шарафлар бўлсин.
Сенга садқа, йўлингга қурбон
Ҳамма-ҳамма тарафлар бўлсин.
Бизга бугун кўрсатиб бердинг
Бу заминнинг ғарбу шарқини,
Билдик дум ва бош тафовутин,
Жаллод билан жарроҳ фарқини.
Устодликда этсанг гар давом,
Ҳар сўзингдан ёғду сачратиб,
Ажаб эмас осмондан ерни
Ахийр бир кун олсак ажратиб».

* * *

«Тўдаларинг фахрланмасин,
Ифтихорлар этмасин галанг.
Соат сайин қуриб денгизинг,
Заҳарланиб бормоқда даланг.
Иқбол тилаб рўйи заминга
Сажда қилиб турганди бир кун…
Нима топдинг бобогинамни
Қилиб олис ерларга сургун.
Ўзгаларнинг тупроқларини
Еб-ютганинг билан йириксан.
Аслида сен инсониятнинг
Вужудига тушган чириксан».

* * *

«Тақиллади эшик ногаҳон,
Ҳали қуёш тиғ ёрмаган вақт.
Чиқиб дарров эшикни очсам,
Остонада турар эди… бахт!
Дабдурустдан довдираб қолдим,
Қалдиради танглайда сўзим.
Кўзларимга ишонганим йўқ,
Ишонарли эмасди, ўзи.
Турар эди сарвқад, гулюз,
Нигоҳида чароғон зиё…
« — Ие?!.. Қайси шамол учирди,
Йўлларингдан адашдингми ё?!..»

(давоми бор)