Замондошларимга маддоҳликдан воз кечганим ҳақида – 9

Замондошларимга маддоҳликдан воз кечганим ҳақида – 9
100 views
19 June 2018 - 9:00

9. ЗАМОНДОШЛАРИМГА МАДДОҲЛИКДАН ВОЗ КЕЧГАНИМ ҲАҚИДА

Публицистика шундай жанрки у доим ўз замонаси, атроф-четдаги бўлаётган воқеаларни идрок этмасдан бошқа мавзуни ёзиб бўлмайди деб ҳисоблайман.

Биз камчиликларни танқид қилиш маданиятини билмаймиз. Маданиятсизлик деганда мен камчилик борасидаги фикримизни баён қилишда ё оширворамиз ёки умуман мум тишлаб тураверамиз ёхуд майда-чуйда, кераксиз баҳс ва мунозараларга ўралашиб қоламиз.

Келинг, янгича ёндашувга асос солайлик.

Ўзимизнинг қадриятлардан келиб чиқиб. Бир-биримизга тилимиз билан ҳам, қўлимиз билан ҳам озор бермасдан жиддий, долзарб муаммога самарали ечим топайлик.

Биздаги ҳозирги пайтдаги долзарб муаммо чегараларимиздаги хавфсизлик ва қишлоқ хўжалигимиздаги ғалла ўрим йиғими.

Мана шу икки долзарб муаммога самарали икки ечим таклиф этишга уриниб кўраман. Олдиндан айтиб қўяй мен гапларим билан ҳеч кимнинг жиғига тегмасамда кескин фикр билдиришга ҳаракат қиламан.

Интернетда ўқиб қолдим. Аниқ ёдимда қолмади-ю, лекин мазмуни шундай:

–Тўртта ўрис учрашса ароқхўрлик, тўртта немис учрашса пивохўрлик, тўртта итальян бирлашса квартет (мусиқа назарда тутиляпти), тўртта инглиз бирлашса Парламент.

Мана шу охиргиси ўзбек менталитетига мос ва хос. Лекин бизда тўртта ўзбек бирлашса – ошхўрлик. Аммо, унинг ичида ароғиям бор, пивосиям, ашуласиям бор. Бироқ Парламент йўқ, унинг ўрнига бақир-чақир, ур-йиқит, муштлашув.

Чегарадаги нотинчликнинг илдизи Уммон ортида ечилишини юқорида айтдим. Яъни, АҚШ Конгрессида Ўзбекистонни тарафини оладиган лоббист конгрессменларимиз бўлиши керак. Грузия тажрибаси бунга мисол.

Майли бу ишни қилишга вақт ва маблағ етмади, дейлик. Бу ишнинг яна бир йўли борки, бир ўқ билан икки қуён (чегара ва ғалла ўрими муаммоси)ни урса бўлади!

Қандай қилиб?

Шукурким, дўстларим орасида иймони мустаҳкам кишилар кўп. Шунинг учун менинг таклифимни улар тўғри қабул қилишади деб ўйлайман.

Эсланг. Расули Акрам туғилишларидан етмиш кун олдин Маккага Абраҳа бошлиқ Ҳабаш подшоси хавф солиб келаверади. Улар Маккага яқин қолганларида Макканинг Раиси, Расули Акрамнинг боболари Абдулмуталлиб жуда катта кучга эга Абраҳа бошлиқ қўшин олдидан чиқиб қоладилар. Бу гап тезда Абраҳага етиб боради. Абраҳа Макканинг бошлиғини ҳузурига келтиришларини қўл остидагиларга буюради. Келтиришади.

Ўзаро савол-жавобдан маълум бўладики, Абдулмуталлиб йўқолган туяларини қидириб юрган эканлар. Абраҳа ундай десаям, бундай десаям Абдулмуталлиб хотиржамликни йўқотмайдилар. Ўз душманини вазминликдан чиқаролмаган Абраҳа кибр билан у кишига дейдилар:

–Сен мендан бирон илтимосинг борми?

–Агар туяларимни аскарларингиз топиб берса хурсанд бўлардим,-дейдилар Абдулмуталлиб бамайлихотир.

–Сен мендан Маккага ҳужум қилмасликни сўрамайсанми? – ҳайрон бўлиб сўрайди Абраҳа.

–Йўқ. Чунки, Макканинг ўз Эгаси бор, Ўзи ҳимоя қилади,-дейдилар Абдулмуталлиб.

–Ким, у?

–Аллоҳ,-дейдилар Абдулмуталлиб.

Кейинги нима воқеа содир бўлганини, яъни, Абраҳанинг бутун қўшини осмондан пайдо бўлган темир қушлар ёғдирган оловли тошлардан ҳалок этилганини биламиз.

Хўш Абдулмуталлиб бобомиз каби Аллоҳга мурожаат қила оламизми? Мурожаат қилсак Аллоҳ бизнинг дуоимизни ижобат қилишига ишонамизми? Ҳа, чегарадаги зийракликни унутмаган ҳолда агар бир тан-у, бир жон бўлиб дуога қўл очсак. Бу энди мантиқий фикр. Аллоҳдан сўрашдан олдин унинг бошқа, қишлоқларда яшаётган бандаларини норози қилиб, Аллоҳнинг ғазабини келтириб қўймаяпмизми?

Охирги жумлани ётиғи билан тушунтиришга уриниб кўраман. Ривоят қилинишича, аммо, мантиқан асосга молик бир ҳикоя айтай.

Исо пайғамбар умматлари билан келаётса, шаҳарнинг бир четида битта одам бошқаларни ҳақорат қилиб ётган экан. «Устоз ҳозир бу аҳмоқни боплайдилар»-дея умматлари бир-бирларига шивирлашиб турсалар. Исо пайғамбар ҳақорат гаплар отилаётган жойдан қоча бошлабдилар.

Умматлари ҳайрон бўлиб, анча олисга бориб, сўрабдилар:

–Ҳазрат, Сиз сўқирни кўзини очганингизни кўрганмиз, песга шифо ато этганингизга гувоҳмиз, ҳатто, ўликни тирилтирганингизга шоҳидмиз, наҳотки ана шу сўконғич – фосиққа кучингиз етмаса?

–Ҳой биродарлар, мен сўқирни тузатган бўлсам у Аллоҳнинг суюкли иложсиз қули эди, мен песни тузатган бўлсам уям қаттиқ синов тушган, аммо сабр қилаётган суюкли қули эди, мен ўликни тирилтирган бўлсам уям зулмга дуч келган Аллоҳнинг суюкли бандаси бўлиб, уларни тузатишни Аллоҳдан сўраб илтижо қилганман, Унинг розилиги билан мазкур ишлар амалга ошган. Лекин бу Фосиққа Аллоҳнинг қаҳри (лаънати) тушган. Мен Аллоҳдан фосиққа туширган жазосини қайтариб олишни сўролмайман!

Афсуски, фосиқ амалдорлар Тошкентда бўлмаслиги мумкин, аммо, вилоятларда, жойларда етарли. Ҳозирги амалиётда бунинг учун нима таклифлар бор, дейсизми?

Чегарада. Амир Темур тажрибасидан келиб чиқиб, чегара қўшинлари таркиби туб миллат аҳолисидан ташкил этилишига амал қилинсин.

Ғалла ўримига ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг биронтаси аралашмасин. Бу иқтисод. Иқтисоддаги тарафларнинг тенглигига асосан тузилган шартномавий муносабатларга маъмурий идораларнинг аралашуви тенгсизликни келтириб чиқаради.

Дейлик ғалла режаси бажарилмади. Тезда давлатлараро битимга асосан Қозоғистондаги ғалла ўримида амакиларга ёрдамга ўтиб, уларнинг бепоён далаларидаги ғаллани бир бошоғини ҳам қолдирмай, уларга ёрдамга ўтиш керак. Россия билан ҳам худди шундай шартнома имзоласа бўлади. Бўлмаса савдогарларимизга имконият яратиш керак.

Ана шунда тўртта ўзбек йиғилса Парламент бўлиши мумкин.

Давоми бор.

Анвар Шукуров

facebook.com