Мусиқа сендан бошланади…

Мусиқа сендан бошланади…
35 views
18 June 2018 - 22:42

“Қўлингни қўлига берма, Гул тутса бўлмагин хурсанд…”. Китоб варақланади, варақланган каби юрак. Беихтиёр хотира ўчоғига ўт қалаб, бир исмга такрор дуч келавераман, кўзимни юмаман, кўрмай дейман-у ихтиёрсиз кўйда бу истакнинг аксини қиламан. Бахтиёр лаҳзаларнинг қадрини кеч англаган ақлнинг тушуниксиз товуши сукутни қирқади.

Энди бу сукутдан хотиржамлик ясаса бўлади.

Ясай оладиган одамни топсанг бас.

Тарқоқ ўйларни жамлаш мушкул эканини беш қўлимдек биламан. Ўзимни алдайман, бу алдовга ишонганимдан завқланиб куламан, бу кулгу сенинг табассумингни эслатади.

Эшик ортида мени ҳаёт кутиб турибди, уни атай куттираман.

Бу машғулотни топиб олганимдан бери мен ҳаётдан шундай қасд оламан. “У сенинг қошингда тўнка, Кел, менинг ёнимга ўлтир”… Ўзимга ўзим ўқиган мисралар одам шамойилига кириб қаршимда пайдо бўлади.

Сен ғалати одамсан, дейман ўзимга ўзим.

Рўпарамдаги мисралар – одамларга эса парво қилмасликка тиришаман.

Дилафзо бир оқшомнинг сокин мусиқаси бўлиб, борлиқни унутаман, сени эса унутмайман.

Мусиқа ичига сен “до” нота бўлиб кирасан.

Қайдан пайдо бўлганинг зарра қизиқ эмас, муҳими менинг мусиқам сендан бошланади…

Вақтнинг ёвуз сояси ёпирилиб кела бошлайди.

Бўтақул Болта

facebook.com