Жонга тегар қуруқ сафсата…

Жонга тегар қуруқ сафсата…
27 views
22 June 2018 - 6:00

Матназар АБДУЛҲАКИМ

ТАНЛАНГАН АСАРЛАР
1 – жилд

«Сен тортинчоқ, ғам ҳам тортинчоқ,
Мен биламан бу сирингизни.
Биргаликда зериктирасиз,
Шак-шубҳасиз, бир-бирингизни.
Кўп қалинмиз андуҳ билан биз,
Қил ўтмагудек орамиздан.
Бир-бировни англаб оламиз
Сезилмас бир ишорамиздан.
Ўтирманглар эзилиб бундай,
Ғам мен билан кетаверсин, қўй.
Бир ердан олинган лойимиз,
Шодлик эса… кўпга келган тўй.
Шодлик билан қолсангиз, иков
Муродларга етажаксизлар.
Апоқ-чопоқ бўлиб лаҳзада
Тил топишиб кетажаксизлар».

* * *

«Сен ажойиб бир файласуфсан,
Дўст излайсан — мақтов суймовчи.
Дўст излайсан, нуқсонин айтсанг
Лунжин осиб, қовоқ уймовчи.
Сўнгра мақтов суймовчи дўстга
Лойиқ мурчдек сўзлар ахтариб,
Қаттиқ ёқиб қолмоқчидирсан
Авра-астарини ағдариб.
Етмоқ учун бу бахтли кунга
Тоқати йўқ, сабри йўқ, шайсан…
Бу дунёдан армонлар билан
Ўтиб кетадиганга ўхшайсан».

* * *

«Рухсорингсиз чарақлаб, мени
Қуёш нури қилар ҳақорат.
Билмам, сенсиз нега отди тонг,
Қилмоқчи у кимни зиёрат.
Чопқиллаб кел менинг ёнимга
Унут ўзга яқинларингни.
Баҳонада сочларинг ўпсин
Муштоқ-муштоқ тақимларингни.
Ялтиллаган кумуш халхоллар
Айрилиқдан токай нолисин.
Шўх силкиниб турган зулфларинг
Улардан ҳам бўсалар олсин.
Кокилларинг тўпиқлар билан
Тотлиғ-тотлиғ суҳбат қурсинлар.
Оёғинг бош бармоғиндаги
Узукни ҳам ўпиб турсинлар».

* * *

«Ўлиб бўлдик гоҳ қоралана,
Ўлиб бўлдик гоҳи оқлана.
Қачон насиб этаркан яшаш
Одамларга ўхшаб — оқилона.
Кериламиз ўпкамиз шишиб,
Кибр-ҳавони иззат-нафс атаб.
Ўқчитади сўнгги йўқ ваъзлар,
Жонга тегар қуруқ сафсата.
Гоҳи ерга урамиз ўзни,
Чарчаб ғурур — зил юкимиздан.
Ўз бетимиз тўлиб кетгандир
Ўзимизнинг тупугимиздан».

(давоми бор)