Мамадали Маҳмуд (Эврил Турон) Муҳаммад Солиҳ ҳакда

Мамадали Маҳмуд (Эврил Турон) Муҳаммад Солиҳ ҳакда
20 views
25 June 2018 - 7:00

МАМАДАЛИ МАҲМУД (ЭВРИЛ ТУРОН) МУҲАММАД СОЛИҲ ҲАКДА

Мен Муҳаммад Солиҳнинг ўз миллатини севиш туйғуси -Жалолиддин Мангубердининг ўз миллатини севиш туйғуси каби беғуборлиги ҳақида ёзган эдим. Бундан айрим дўстларим: “Солиҳни Мангубердига тенглаштираяпти”, деб мендан норози бўлишди.

Муҳаммад Солиҳнинг феълидаги яхши, ёмон томонлар ўз йўлига. Лекин мен унинг миллий ғурури Мангубердиники мисол юксак эканига шубҳа қилмайман. Муҳаммад Солиҳ энг сўнги дамигача бу туйғусига содиқ қолади.

Бошини болтада чопса ҳам содиқ қолади.

Муҳаммад Солиҳнинг хорижга кетишига мен сабабчи бўлганман. Кетиш режасини мен тузганман. У шу режа асосида Олмаотага, сўнг  Озарбайжонга, сўнг Туркияга кетган. Йўқса, уни Шовруқ Рўзимурод каби, Эмин Усмон каби жисмонан йўқ этардилар.

Буни менга И.К …билан бирга ишлайдиган дўстим айтган…

Буни менга куч ишлатар тизмларидаги хайрихоҳ полковниклар (икки полковник) айтишган. Ҳеч қачон номларини очиқламаслигим шарти ва онти билан.

Тангри шоҳид С… отли полковник (қамоқда ўтириб чиққан):- “ИК йўқ этилмаса, У ўзбекка қирғин келтиради” деган. “Бунинг учун бирлашиш ва миллионлар”… зарур деган.

Мен унга ёзувчиман, бу иш қўлимдан келмайди деганман.

Муҳаммад Солиҳ: – Ажал Tангридан, манглайимда борини кўраман, курашаман, деб оёқ тираб олган эди. Мен, Акиф Бағир (Ўзбекистон Фанлар академияси ходими эди. Ҳозир Бокуда, университетда ўқитувчи, профессор), полковник Ш. уни чет элга кетишга мажбур қилганмиз. Чет элда туриб ҳам ғанимга қарши курашиш мумкинлигини унга уқтирганмиз.

Муҳаммад Солиҳни мен иқтидор сифатида ҳам тан оламан.  У К.. даврида яйраб-яшнаган, “Халқ шоири”, палон-пистон…унвонларга сазавор бўлган сохта даҳолардан кўп бор устун туради.

Ўзбек адабиётидаги баъзи мақтанчоқ шоирлар шоирми?

Ёки уларда Солиҳдек жасорат борми? К..нинг бетига айтадиган, К..нинг кирдикорларини фош этадиган жасорат? Солиҳча жасорат?!

К…нинг олдида думларини ликиллатиб юрдилар. К…ни Худога чиқардилар. Шу сабабли Амал отига миндилар, Сохта унвонларга эга бўлдилар,

Қутуриб бойидилар.

Энди, кўриб турибсизлар, бошқача сайраяптилар…

Яхшими, ёмонми, Солиҳ ўз эътиқодида турибди.

Мен Солиҳни хато-камчиликлардан холи деёлмайман. Унда худбунлик қусури бор эди. Буни унинг юзига айтганман. Киевда.

У менга имонга киргани, беш вақт номоз ўқиётгани, гуноҳлари учун тавба-тазарру қилаётганини айтган.

Одам бировни айбситишда, ўз тор қараши ва ё шахсий адоватидан келиб чиқиб баҳо бермаслиги керак. Одам бировга баҳо беришда, унинг эл- юртига қилган, қилаётган хизматидан келиб чиқиб баҳо бериши керак.

Айбситувчи ўзини Муҳаммад Солиҳнинг ўрнига қўйиб кўрсин. Фақат холис. Ўзига нисбатан шафқат қилмай. Ўзи Солиҳ даражасига етолганми? Ё йўқми? Менинг назаримда, ҳар ҳолда, одам ўзини билгани яхши. Кўрпага қараб оёқ узатгани яхши.

И.К… ва унинг баъзи қўғирчоқлари, куч ишлатар тизмлардаги айрим дажжоллари Солиҳни давлат тўнтаришда айблашди. Халққа ёмон кўрсатиш учун. Атайлаб. Қасддан. Ватан хоини, “Халқ душмани” туҳмати билан унга нисбатан жиноий иш қўзғашди.

Аслида ким Ватан хоини?

Аслида ким Халқ душмани?

Ўзлари…

Замон келади. Оқни қора қилган бу олчоқлар хоҳ ўлик, хоҳ тирик бўлсинлар, қонун олдида жавоб берадилар.

(“ЎҒРИЛАР ТЎДАСИ…ТЎҒРИЛАР ҲОЛИ” мақоласидан қисқартириб олинди) 

http://www.dunyouzbeklari.com/?p=179737