Бу миллат қачон бу даражага тушди? Бу миллатни кимлар бу аҳволга солди?

Бу миллат қачон бу даражага тушди? Бу миллатни кимлар бу аҳволга солди?
46 views
25 June 2018 - 16:19

Ижтимоий тармоқда янги тренд мавзу пайдо бўлди. Россиялик машҳур шарҳловчи Василий Уткинни Ўзбекистонлик ҳакам Равшан Эрматовни ҳақорат қилиб: “Ишачный сын“, дегани ортидан Ўзбеклар оёққа турди. Уткин “огородига“ минглаб лаънат ва ҳақоратлар ёғдирилди. Алал оқибат Уткин умрида ҳакамни сўкмаган мухлислардан узр сўради (Шундай мухлис бўлса агар).

Хуллас, икки мингдан зиёд фойдаланувчилар Уткинни “тавбасига таянтирди“. Уткин ва Эрматов можаросини кузатиб, бир нарсалар эсимга тушиб кетди.

Россияда минглаб, юз минглаб юртдошларимиз ҳар куни “ишачный сын, чурка, чорний“ каби атамалардан баҳраманд бўлиб ҳаёт кечиради. Бу ҳаётга улар маҳкум. Оила тебратиш, аёлини орзу-ҳавасларини қондириш, боласига поябзал, қизига кўйлак олиб бериш мақсадида шу хўрликларга чидаб яшайди. Шу камситиш ва ҳақоратлар эвазига кун кечиради.

Ҳар куни оғир меҳнат эвазига пул топади. Энг қийин ва энг паст ишларда ишлагани етмагандай, камига ҳақорат ҳам эшитади. Ҳар қадамида “чорний, чурка“, деб ҳақорат қилишларига кўникиб кетган. Эътибор ҳам бермайди. Тезроқ ишласа ва тезроқ пул топса-ю, уйига кетса.

Бир куни ҳақорат эшитган ўзбек инсонни тарафини олиб уришиб кетдим. Рус миллатига мансуб одам “сенга нима? Ўзи жим турибди. Нима учун сен у учун жавоб беряпсан?“, деди. Уни саволига эътибор бермай ўзбекчада бояги акага “сизни ҳақорат қилса нима учун жим турибсиз? Гапирсангиз бўлмайдими?“, дедим. “Ҳа, энди, ака, гапларига эътибор бермай, шундай қилиб пул топамизда. Нима ҳам қилардик. “Лўлини эшагини суғориб пулини ол“, дейишгану“, деди. “Ҳе, мақолинга…“, дедим аранг. На ўрисни, на Ўзбекни сўкишимни билмай тескари қараб кетдим.

Россияда Ўзбек Ўзбекдан қочади. Ўзбек ўзбек билан иложи бўлса сўрашмайди. Ўзбекман дегани одам уялади. Ўзбекни икки юзга яқин миллатлар ичида бегонаси эмас, ўзбеки тунайди. Милицияси ҳам Ўзбекни биттада танийди. Бизни Ўзбек йиллар давомида русчани ўрганмаган. Аммо ўрисни мелицияси “минг сўм бер“, деган гапни “без оксент“ гапиради.

Ўзбек Доғистон ва Чечен мусулмонлар олдида фахрланиб, мағрурланиб “мени ота-боболаримдан Бухорийлар чиққан“, дейди қўлидаги “Балтика 9“ дан симириб.

Бу миллат қачон бу даражага тушди? Бу миллатни кимлар бу аҳволга солди? Бугунги кунда “бу миллатдан Бухорий, Амир Темур, Ибн Сино чиққан“, деса шахсан мен ишонмайман.

Бир қурилиш “объектида“ Воҳа билан Водийликлар ўртасида уриш чиққан. Шу ишни рус инсон сенга айтиб берса, ўзингни қандай ҳис қиласан? Миллатни парча-парча бўлиб кетганини, маҳаллийчилик бу миллатни еб битираётганини қандай тушунтирасан?

Чўчқа гўштидан тайёрланган овқатдан воз кечсанг “Ўзбекни сала емайдигани ҳам борми? Мен Тожикларни емаганини кўп кўрганман. Шу заводдаги ўзбеклар ҳам ноз қилмайди“, деганида қай аҳволга тушасан?

Ўз юртида ҳам, ўзга юртларда ҳам ўзлигини топа олмай, нимани ҳимоя қилиш кераклигини, нима у учун муқаддас эканлигини ҳам тушунмай, Путинни расми бор футболкани кийиб олиб, “Россия перёд“ деган ўзбеклардан нафратланиб кетдим.

Эгасиз, бошсиз, ҳимоясиз миллатимга ачиниб кетдим. Эрматовни ҳимоя қилган халқимни суяйми, куяйми билмай қолдим. Мен учун ҳар-бир ўзбекни боласи Эрматов каби азиздир. Менга унинг номи эмас, милатдош, ватандош ва мусулмонлиги муҳимдир. Қани энди… Қани энди шу халқ ҳамма боласини мана шундай ҳимоя қила олганида… ҳақорат қилган ҳар қандай валломатни узр сўрата олса.

Саййид Ислом

facebook.com