Эврил Турон: Муҳаммад Бекжоннинг “Алвидо, Жаслиқ!” китобига сўзбоши

Эврил Турон: Муҳаммад Бекжоннинг “Алвидо, Жаслиқ!” китобига сўзбоши
75 views
27 June 2018 - 11:48

ЭВРИЛ ТУРОН: МУҲАММАД БЕКЖОННИНГ “АЛВИДО, ЖАСЛИҚ!” КИТОБИГА СЎЗБОШИ

ҚУТИЛИШ КУНИ

“Мустабид Каримовнинг ўлими билан халқ фожеаси ниҳоясига етди деб бўлмас экан.

Бизнинг шууримиздаги қўрқув ўлмагунча бизни бахтсизлик тарк этмайди. Буни тушунган кунимизни “Қутилиш Куни” деб аташимиз мумкин бўлади.

Шундай кун келишига ишонаман.

Муҳаммад Бекжон

 

Қисматдош, фикрдош дўстим, ўз эътиқодига собит инсон Муҳаммад Бекжоннинг “Ичкари” ҳаётига аянчли саёҳат” асарини қон ютиб ўқиб чиқдим. Ҳаётнинг оғир ташвиш – ғамлари билан унутилаётган қалб жароҳатларим қайта яллиғланди. “ Унутилаётган” дейману, аслида у даҳшатли кўргуликлар, хўрликлар, қийноқлар жон узулгинча унутилмайди.

Мисли кўрилмаган туҳмат билан Каримовнинг қонли қамоқҳоналарида ўтирган, ўтириб чиққан диний, сиёсий тутқинларнинг ҳеч бири буни ҳеч қачон унутмайдилар. Мен буни тўла ишонч билан айтаяпман.

Қисқа – қисқа жумлалар билан бир қўшимчасиз, содда тилда ёзилган хотираларни ўқиётганимда, биринчи галда одамийлик қиёфаларини йўқотган, паспортларида номлари қайд этилган оталаридан тонган, Каримовни “Чин отам” дегувчи жоҳил, тўнка, йиртқич ментларнинг (одамийлик фазилатларини йўқотмаган полислар бундан айро) олчоқ башаралари кўз олдимда гавдаланди. Бундан жиркандим, кўнглим айниди. Яширмайман, шунда минглаб ёзуқсиз ёшларнинг ўлимларига сабабчи бўлган жаллодларни дунёга келтирган Тангридан ҳам хафа бўлиб кетдим.

Минглаб ёзуқсиз ёшлар…
Шоврук Рўзимуродов,
Эмин Усмон,
Алижон Қўчқоров,
Иномжон Турсунов,
Мансур,
Ҳабибулло,
Ғофур,
Комил…

Ватан, миллат, дин, эрк, озодлик учун жонларини фидо этган бу ботирлар минглар, ўн минглар…

Ўз юксак курсиси-ю, кайф – сафосини ўйлаб уюштирилган бу қотилликларнинг боши ўлди. Бироқ унинг ўнг, сўл қўллари ва ижрочилари тирик. Улар халқаро жаҳон суди олдида жавоб беришлари шарт. Бунга эришиш учун куч ишлатар тизимлари, жиноятни ижро этиш бош бошқармаси, қамоқхоналар, радио , телевидение, матбуот, оммавий ахборот воситалари бошдан – оёқ ислоҳ этилиши лозим. Менимча, бу ҳақда юртда элга ёқар ўзгаришлар қилаётган президент Шавкат Мирзиёев ўйламоқда. Лекин айрим ёвуз кучлар бунга тўғоноқ бўлаётгандек. Фаҳмимча ,арқон узун ташланган.

Қутилгач, сўнг…

Уюштирилган қотилликлар…

Уюштирилган портлашлар…

Журналист, ёзар Муҳаммад Бекжон бу тўғрида қисқа, лўнда, аниқ ёзган:

“1999 йил 16 февралда Тошкентда содир этилган хунрезлик Каримов ҳукумати томонидан мухолифатга қарши уюштирилган энг тубан, энг разил фитналардан бири эди.

1999 йилга келиб Ўзбекистон ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий- сиёсий, ҳам маънавий жиҳатлардан жар ёқасига келиб қолган эди. Оддий халқ ночор аҳволга тушиб, қандай йўл билан бўлмасин, бу мислсиз бўҳрондан омон қолиш тараддудига тушиб қолган ва унинг ҳукуматга бўлган нафрати кунма – кун ошиб борар эди.

Ислом Каримов бошчилигидаги ҳукумат бундай оғир вазиятдан чиқиб кетиш йўлларини ҳарчанд уринмасин, топишга ожизлик қилар эди. Энди Каримов учун охирги, ёлғиз йўл халқни қандай усул билан бўлмасин чалғитиш юзага келган тамаззулни бошқалар зиммасига ағдариш йўли қолган эди. Каримов ва унинг шотиру ҳамтавоқлари зудлик билан режа ишлаб чиқиш учун енг шимариб ишга тушдилар.

Бу режа “бир ўқ билан икки қуённи уриш” режаси. Бир томондан ғазаб отига минган халқни чалғитиб, унинг нафратидан қутилиш бўлса, иккинчи томондан мухолифатга тузатиб бўлмас зарба бериб, ундан биратўла йўқотиш эди.

1999 йил феврал воқеалари шу тариқа юзага келган”…

Муҳаммад Бекжон,
“Ичкари” ҳаётига анянчли саёҳат”,
28 – бет.

Бу қуёшдек ҳақиқат. Қамоқда қанча сиёсий, диний тутқин ўтирган бўлса, бари шу фикрда эди. Жумладан: мен ҳам. Йиртқичлар ҳаммамизнинг уй – жой, ишхона, машина ё кийим – кечакларимизга қурол, варақа, героин… тиқишган ва шу тубан йўл билан бизни қамоққа олишган эди. Ҳеч биримизнинг Тошкентдаги портлашларга заррача алоқамиз йўқ эди. Аксарият йўлдошлар даҳшатли қийноқлар остида қилмаган ишларини “қилдик” деб ёзиб беришга мажбур бўлишган. Бу ҳақда кўп ёзилган. Буни ҳозир дунё билади.

Портлашлардан бир зум ўтмай, портлаш содир бўлган ерга (вазирлар маҳкамаси биносига) Каримов ва унинг “ҳам фикр” чиновниклари етиб келишди.” Мунча тез…, деб ўйладим телевизорга ўта синчковлик билан тикиларканман, – худди олдиндан тайёр туришгандай тез… Ахир шунча амалдорни бир ерга тўплашга озмунча вақт кетадими? Қолаверса биронтасининг хати– ҳаракат , юз – кўзида саросима, ваҳм, ҳаяжон, хавотир ва ё ачиниш йўқ. Гўё ҳамма нарса…олдиндан режалаштирилгандай… балки, менга шундай туюлаётгандир?.. Каримовга қайта – қайта боқаман. Хотиржам. Ҳатто нимадандир мамнундай…

Муҳаммад Бекжон китобида бу манзарани шундай тасвирланган: “Биз автобусда телевизор томоша қилиб кетаётган эдик. Тўсатдан автобусимиз телевизори кўрсатмай қўйди ва орадан икки дақиқа ўтиб, қайта кўрсата бошлади.

Энди томоша қилиб кетаётганимиз – филм ўрнига экранда Ислом Каримов, Зокир Алматов ва бошқа одамларнинг бир жойга йиғилиб туришларини кўрсатиб қолди.

Телевизорда Ички ишлар вазири Зокир Алматов Тошкентнинг бир неча жойида портлашлар содир этилгани ҳақида гапириб, бир ой ичида бу жиноятни уюштирганларни таг – томирлари билан йўқ қилишини гапирди…”

“Ичкари “ ҳаётига аянчли саёҳат”,
140 – бет.

Мен бу каби гап – сўзларни қамоқда диний, сиёсий маҳкумлардан такрор – такрор эшитганман.

Озодликка чиққанимдан сўнг ҳам тўғри сўз ойдинлар ва мухолифлар айни фикрни менга кўп бор айтганлар. Қинғир ошнинг қийиғи чиқмай қолмайди. Айниқса бундай қонли ишларни…

Отини очиқлашимни истамаган бир ёзарнинг сўзи: “Сталин халқ қўзғолонларини олдини олиш учун сунъий тарзда очарчилик ( бу ҳақда Муҳаммад Бекжон ҳам ёзган. Э.Т.) уюштирган. Бундан бир неча миллион киши нобуд бўлган. Сталин шу ва шунга ўхшаш разил “усул”лар билан тахт –тожи ва жонини сақлаб қолган. Узоқ йилларга.

Сталиннинг издоши ҳам ўз ҳукмронлигини узайтириш учун унинг ваҳший йўлини тутди. Фақат, бироз бошқача шакл, бошқача кўринишда . Аммо мазмунан бир. Исёнга чоғланаётган ишсиз, оч халқни қўрқув ва асоратда сақлаш учун мамлакатни портлатди. Бир эмас бир неча марта. Атайлаб- Андижон қирғинини келтириб чиқарди. Бу билан юзга айтар, тўғри сўз одамларни ҳамда ўз шахсий душманларини қамоққа олди, қувғин этди, ўлдирди. Бу қонли ишларни салла ўрнига калла олар каслар орқали амалга оширди… Бундай манқуртлар эса юзлаб эди…

1992 йил 16 январдаги студентлар шаҳарчасидаги қўзғолон ҳам ҳукумат сенарияси асосида вужудга келган. Мақсад: талабаларни пишиб келаётган исёндан қўрқутув йўли билан тийиш бўлган.

Вақти келиб бу жиноятлар туб – томири билан очилади. Ҳур фикрлар (улар ўн минглар) оқланадилар. Уларнинг ўрнига манқуртлар – асл террористлар ўтирадилар. Каримовнинг ювиндилари…”

Одил Ёқуб сўзи: “Каримов том маънодаги Эрк, Озодлик, қарамсизлик душмани. Бу йўл фидойиларини у, эл тили билан айтсам, кўрарга кўзи, отарга ўқи йўқ. Каримов Сталиндан ҳам хавфли. Ёвузликда у заҳҳокдан қолишмайди. Мамлакатни иқтисодий чўктириб бўлди. Халқни хонавайрон қилди. Каримов қон – қони билан СССР тарафдори эди…”

Адибнинг бу сўзлари Муҳаммад Бекжоннинг “Ичкари” ҳаётига аянчли саёҳат” китобида тўла ўз аксини топган. Асардан қисқа – қисқа узандилар: “Уюшманинг биринчи қаватидаги Эрк партияси штаби учун ажратилган катта залда ғиж – ғиж одам экан. Ҳамманинг оғзида “ГКЧП”, “Давлат тўнтариши”, “Горбачев қамалибди”, “Ўзбекистонга 250 минг жуфт кишан келтиришибди”, “демократман деганни қамармиш” ва ҳокозо гаплар.

Соат 2 нолларда ЭРК партияси Хайъати фавқулодда йиғилиши ўтказилди. Хайъат йиғилиши иштирокчилари ГКЧП га қарши норозилик баёноти ва ўзбек халқига мурожаатини қабул қилдилар…

“Эрк”нинг 1991 йил август сони биринчи саҳифасида юқорида келтириб ўтилган материаллардан ташқари Эркчиларнинг РСФСР президенти Б. Елсинни қўллаб ёзилган телеграмма ҳам киритилди.

Айни ўша дамларда Ҳиндистон сафаридан қайтаётган Ислом Каримов самалёт бортидан ГКЧП раҳбари Янаевга табрик телеграммаси жўнатган эди…”

“1991 йил 25 август.

Соат эрталабки ўнларда “Бизнес марказ” биносида Эрк қурилтойи бўлиб ўтди… ОАВ дан ҳам, жумладан, республика радио – телевиденияси ва ҳатто СССР телевидениясининг “Время” ахборот кўрсатувидан мухбирлар келишган.

Қуйида Эрк партияси раиси Муҳаммад Солиҳнинг ўша қурултойда ўқиган нутқининг қисқартирилган варианти:

20 август куни ҳукуматимиз ташкил қилган мажлисда Шайхов ва Ўразаев деган депутатлар чиқиб, Хунтанинг бошлиғи ҳақида: “Ўртоқ Янаев ҳам айтдилар: Ўзбекистонга қўшин киритишга ҳожат йўқ” деганларида ер ёрилиб, ерга кирмадим. Чунки бу вазиятда “қўшин кирмагани” биз учун шараф эмас эди. Чунки бу қўшин қонунни ҳимоя қилиш эмас, уни топташ учун керак эди. Бу қўшин демократияни тиклаш учун эмас, уни йўқ қилиш учун кирар эди…

Ҳар қандай “суверен” давлат” деб аталган субъектнинг ўзини ҳимоя қиладиган армияси бўлиши шарт. Акс ҳолда бу “суверенлик” сохтадир… Буни Ўзбекистон ҳукумати тушунмоғи лозим. Биз тўла мустақил бўлмас эканмиз, фақат иқтисодий эмас, сиёсий ҳам мустақил бўлмас эканмиз, ҳеч қандай “янгиланган федератсия” бизга нажот бўлолмайди. Чунки, бу система ҳамон бир шахс иродасига боғлиқ бўлган система бўлиб қолаяпти. Бугун Елсин бор, Горбачёв бор. Лекин эртага Янаев келмаслигига ҳеч ким кафолат беролмайди. Кафолат – ҳалқимизнинг тўла мустақиллигидир.

… Иттифоқ ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Биз зудлик билан Ўзбекистон олий Кенгашининг фавқулодда сессиясини чақирилишини талаб қиламиз. Унда бугунги сиёсий вазият очиқ таҳлил этилиши лозим.

Ўзбекистоннинг тўла мустақилликдан бошқа йўли йўқ. Бугунги тарихий имконни қўлдан бой бермаслигимиз керак”…

“Эрк партиясининг ушбу қурултойидан сўнг беш кун ўтиб, яъни 30 август куни Ўзбекистон Олий кенгаши фавқулодда сессияси чақирилади. Бу сессияда Ислом каримов “Нутқ” қиларкан, бундан 10 кун олдин давлат тўнтаришини амалга оширмоқчи бўлганларга (ГКЧП га) қарата бирон бир қарши сўз айтмайди. Ўша “нутқ”дан сўнг “Юртбоши” 1 – чи сентябрни мустақиллик куни деб белгилайди… Депутатлар гап нима ҳақда гап кетаётганлигини тушунмай жим қоладилар…

Депутатлар ичидан бир мард чиқиб каримовнинг бу буқаламунча қилиғини фош этувчи бир сўз демади!

Бугун ўша яловбордарларнинг кўпи 1990 йилга референдумда совет Иттифоқини сақлаб қолиш учун жон куйдириб елиб – югурган ашаддий коммунист Каримовни “Ўзбекистон мустақиллиги асосчиси” деб жаврашдан тўхтамаяптилар.

Бугун бу яловбардору ялоқхўрлар 1990 йил 20 июнда олий кенгаш томонидан қабул қилинган мустақиллик Деклорациясини инкор қилган ва куни кеча бор – йўғи уч кун СССР тепасида турган ГКЧП қарорларини беками Кўст бажариб хунтага етти букилиб таъзим қилган нусхани “Мустақиллик курашчиси” дея бонг урмоқдалар…”

“Ичкари “ ҳаётига аянчли саёҳати”.
10, 11, 12 – бетлар.

Шу асарнинг 110 – бетида (“Бўрилар галаси”, “Агония”, “Талваса”, “Бин Ладен изидан” каби китоблар ёзган) Олег Якубов билан кечган суҳбатдан бир парча:

… – Сиз Эрк ни конструктив партия деб ҳисоблайсизми? Агар “Ҳа” демоқчи бўлсангиз унинг ҳокимиятга нисбатан конструктивлигини нималарда исботлай оласиз?

Жаноб Якубов Эрк партиясининг Ўзбекистон ҳукуматига нисбатан конструктивлигини ўзингиз билмасмидингиз? 1990 йил 20 июнда ўзбекистон Республикаси парламентида Эрк партияси фракцияси тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси олий мажлисида Мустақиллик Декларацияси қабул қилинганидан хабарингиз йўқми? Ёки Эрк партияси Дастурида эълон қилинган ислоҳатлар дастурини Ислом Каримов ўзлаштириб олиб ўзиники қилиб кўрсатаётгандан ҳам хабарингиз йўқми?…”

Олег Якубовни ким деб ўйларсиз? Мана , “Ичкари” ҳаётига аянчли саёҳат” дан (102- бет) қисқа билдирма:

“Олег Якубов- “Правда Востока” газетасининг Афғонистондаги собиқ мухбири сифатида СССР нинг КГБси томонидан ёлланган журналист – жосус. Миллати – яҳудий. Исроил давлати фуқароси. Ислом Каримовнинг буюртмасига ишлайдиган “журналист”лардан бири. Баъзи манбаларнинг таъкидлашларича, Ислом Каримов ўзининг буюртмачи “журналист”ларига миллионлаб долларлар ($) тўлаб турган. Деярли барча буюртма “ журналист” лари яҳудий ёки тожик миллатига мансуб бўлган”…

Бу тўғрида профессор Ўрдабеклига айтган эдим, у тутоқиб кетди: – шундан ҳам билса бўлади, дўстим, диктатор ўзбек ёзувчиларига ишонмаган. Ёҳуд уларнинг ёзиш қобилиятларига шубҳа билан қараган. Балки, менсимаган бўлиши ҳам мумкин. Бу билан у ёт қонлигига ҳам борган. Ҳар ҳолда ўз қавми, ўз қавми – да. Уларга “миллионлаб доллар тўлаб турган” бўлса, танидан кетаяптими? Халқ пули- да. Диктатор учун халқ дегани нима? Сариқ чақа. Очдан ўлмайдими? Неча пуллик иши бор? Хотинию қизлари билан икки юз миллиард доллар ўмарган ўғрига “миллион” дегани нима? Бир сўмдек нарса – да. Аслида унга долларлар гапми? Йигирма беш йиллик юрт олтинини ямламай ютиб юборган… Сиз бўлсангиз: “миллионлаб доллар тўлаб турган” дейсиз. Бу диктатор учун проблемами? Бир қўнғироқ… Ҳоким, раис, министрлар шу заҳоти ўпкаларини қўлтиқлаб чопиб келишади. Ва “есть” қилишади. Сиз билан биз бўлсак, ўз юртимизда бир сўмга зор яшаяпмиз. Диктатор бўлса очунга ўзини оппоқ, душманларини қоп – қора қилиб кўрсатиш учун тонна – тонна олтинларни сочаяпти. Шаҳоншоҳлар ҳам бундоқ тошиб яшамаганлар. Отасининг гўрига!.. Бу билан бошимни оғритиб ётмайман. Отасининг гўрига!.. Худодан топди! Худо жазосини берди! Ҳар нарсанинг сўроғи бор. Жавоб бераётгандир? Тўнғич қизи зиндонда ётибди. Кенжасини ҳам шу қисмат кутади. Хотинини ҳам… Қилмиш – қидирмиш. Ҳар ким экканини ўради. Ўзбекни таладими, қонун олдида жавоб берсин! Бундоқларга умрбод қамоқ ҳам оз!..

Ўртада жуҳудлар билан тайлар мазза қилиб қолишди… Отасининг гўрига!.. Ёлғон, туҳмат, бўхтонлардан иборат китоблари ёзилмаларда ётибди… Диктатор ва унинг ялоқларини ҳали бундан – да ёмон хорликлар кутади. Худодан шуни сўрайман. Илоҳий китобларда “Хор қилган, хор бўлади” деб бежиз ёзилмаган…”

Ёзар Шукур Холмирза сўзи: “Президентлик сайловларининг бари сохта ўтган. Яъни зўрлик, таъқиб, ғирромлик асосида. Юртимизда буни билмаган киши йўқ, деб ўйлайман. Виждон, инсоф, ор бўлмаган ерда ўпралиш, бузилиш, чўкиш бўлади.

Зўравонлик йўли билан диктатор кўп йиллардан бери давлат тепасида турибди. Халқни лақиллатиб. Йўқ, қўрқувда тутиб…”

Шукур Холмирза сўзи Муҳаммад Бекжон китобида ўз исботини топган:

“… Ислом Каримов ўз рақибини қўрқитиш йўллари билан сайловда иштирок этишдан воз кечтириб бўлмаслигини англаб етди чоғи, энди бошқа “Самарали” усуллар қўллаш изига тушди. Улар ичида энг самаралиси – сайлов (1991 йил) компанияси пайтида Эрк партияси номзодининг тарғибот – ташвиқот ишларига ҳамда халқ билан учрашувларига қандай йўл билан бўлмасин ғов бўлишдан иборат эди.

Бу борада Ислом Каримов номидан барча вилоят ҳокимларига, Республика радио – телевидение ва бошқа ахборот агентликлари раҳбариятига кўрсатмалар берилди. Шунингдек барча сайлов участкалари раислари, уларнинг ёрдамчилари ҳам олдиндан огоҳлантирилди...

Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистоннинг барча оммавий ахборот воситалари фақат Ислом Каримов номзодини тарғиб қилди дейилса, айни ҳақиқатдир. Шу билан бир қаторда Каримовчилар ҳамма жойда Муҳаммад Солиҳ номзодига қарши, гоҳида зимдан, гоҳида очиқчасига ғирром тарғибот олиб беришди.

1991 йилги президентлик сайловида шу нарса аниқ бўлдики, Ўзбекистон халқининг саксон фоизидан ортиғи мухолифатга хайрихоҳлигини билдирди! Агарда республиканинг барча вилоятларида сайловнинг “Хоразм услуби” қўлланилганда эди, Эрк партиясидан кўрсатилган номзод сўзсиз ғалаба қилгани очиқ – ойдин бўлар эди.

“Хоразм услуби” шуки, у ерда “ эрк” чилар вилоятнинг барча туман сайлов участкаларида навбатчилик қилишиб, сайлов тугагани эълон қилиниши билан сайлов қутиларини қўриқлаб вилоят марказий саноқ комиссияси биносигача боришган ва ҳар бир столда икки – учтадан “Эрк” чи саноқ жараёнини кузатиб турган. Натижада Хоразм вилояти бўйича Эрк номзодига берилган овозлар сони 80 % дан ошиб кетган. Вилоят ҳокими ва унинг ёрдамчисининг ялиниб – ёлворишлари натижасида Эрк номзодига 57 %, Каримов номзодига 43% овоз “ёзилди”.

Ушбу сайловлардан кейин Ислом Каримов ўз рақибининг қандай салоҳиятга, қандай кучга эга эканини билиб олди ва бу ёғига унга қарши қандай чоралар қўлланиши ҳақида ўйлай бошлади…”

“Ичкари ҳаётига аянчли саёҳат”, 15, 16, 17 бетлар.

Профессор Гого Ҳидоят сўзи:
“Зулм, зўрлик билан юртни ўз мулки қилиб олган, қўрқитув, қама – қама билан элни йўқлик, хўрликка тутқун этган бир золим сабабли ўзбекнинг ишга яроқли қисми дунёга сочилиб кетган. Агар шу ҳол юз бермаганда, агар онгли қисм (булар ўн минглар, жамланса миллионлар…) қамалмаганда, ўзбекистон бой давлатга айланарди, аҳоли сони қирқ миллионга яқинлашиб қоларди”…

Бу фикрга ким қўшилмайди? Кимлар?

Манқуртларми?

Ялтоқларми?

Мирзиёев сиёсатига қарши об – ҳаво қилаётган олчоқларми? Шуларнинг касофатлари билан ҳозир ҳам туман – туман элсевар ўғлонлар зиндонларда кузги япроқлардек хазон бўлаяптилар…

Зиндонлар…

Буларнинг олдида Сталин, Гитлер, Саддам қамоқҳоналари ҳолва. Уларда қанча ёшлар йўқ бўлган, холис ҳисобланса, туманларни ташкил қилади.

Муҳаммад Бекжон “Ичкари” ҳаётига аянчли саёҳат” хотира асарида қамоқхоналар ва ўлимга элтувчи режим ҳақида ўз кўзи билан кўрганларни, ўз бошидан кечирганларни қандоқ бўлса, шундоқ ёзган. Мутлоқ буёқсиз.

Мисоллар:
“2000 йилда 46 – зонада ҳақиқий очлик ҳукм сурарди. Бир буханка нонни беш кишига бўлиб берарди. Бу бир бўлак нон ҳам пишмаган, ярим хом ҳолатида бериларди. Ошхонадаги овқатга эса бир дона картошка тушса тушди, тушмаса у ҳам йўқ. Санчаст маҳкумларга тўлиб кетганидан, сиғмаганлари санчаст ташқарисида ҳам қалашиб ётарди. 700 нафар (етти юз) тутқун сиғадиган зонадан 5800 одам бор эди. Шпонкалар 3 қатли эди. Ҳар икки шпонкада 3 кишидан ётарди. Битламаган одам йўқ эди…”

“УЯ 64\ 71. Жаслик. 17- камера.

Оёғим тагига келиб тушган тўқмоқ оғриғи миямга чақмоқ каби урилди. Гўё бу чақмоқ чиқиб кетишга йўл тополмай миямнинг қоқ марказидан тешиб ўтгандай бўлди. Дафъатан “Воҳ!” деб юборган ҳайқириқ товушим бир неча сония самода муаллақ қолгандай туюлди.

Бундай азоблаш тури (12 та йиртқич ҳолат ва оёқ тагига дубинка, арматура билан уриш… 7.т.) олдида бошқа қийнаш усуллари (бошга елим қоп кийгазиш, тинчлантириш кийими кийгазиш, музлатгич ичига қамаш, думбага дубинка билан уриш, тепкилаш, муштлаш, ҳатто тирноқ қўпориш ва ҳ.к.лар) арзимасдек туюлади…”
“Ҳаммом…

-17 – чи камера! Ҳаммомга тайёрлан! – деган чақириқ янгради. Ҳамма қип – яланғоч бўлиб (коридорда) ечинди. Қўлига фақат сочиғини олиб камера эшиги олдида саф тортиб турилди. “Деворга бурил” деган буйруқ бўлиши билан деворга қараб яланғоч думбаларни дубинка учун “шайлади”

Ҳар ким думбасига 5 – 6 дубинкадан егандан сўнг, каридорнинг ўртасида бир қатор бўлиб сафланди ва “Баняга бегом!” деган буйруқни кута бошладик.

Буйруқ янгради ва камерамиз маҳкумлари узун коридорнинг охиридаги эшик томон чопишди.

Ҳар бир камера учун “Ҳаммом” вақти бор- йўғи 9 (тўққиз) сония. 16 (Ўн олти) киши ечиниш хонасига йиғилгандан сўнг, ҳаммомга жавобгар дубаклар олти киши аранг сиғадиган “Баня”га камерамизнинг ҳамма маҳкумини киритади. Дубаклардан бири “Баня бошланди” деб эълон қилади ва тўққизгача санайди.

Бу “баня” да учта душ бор, ким ўша душлар тагида туриб қолган бўлса шуларнинг баданига сув тегади, қолган 13 (ўн уч) киши қандай кирган бўлса, шундай қуп – қуруқ чиқади”…
(84, 85 – бетлар)

“… Солижон ( Наманганнинг Косонсой туманидан, 97 – модда билан 20 йилга қамалган) аханинг айтишича, Жасликка этап 1999 йил ноябрь ойида бўлган. Ўшанда маҳкумларнинг (81 та маҳкум) ғайраинсоний услубда, яъни ҳар бир тутқунни алоҳида матрас ичига ўраб, матрас устидан тиконли сим билан чандиб боғлаган ҳолда АН – 12 ҳарбий юк учоғига ортиб бу ерга олиб келишган. Унинг эшитишича, биздан олдин келган этапларда 50 кишидан ортиғини шахсан Каримовнинг буйруғига кўра Жасликда ўлдиришган”…
(75 – бет)

Мен бу ҳақда Жасликда, 19 – камерада бутун баданларим мамотолоқ ҳолда ўлим билан олишиб ётганимда эшитганман. Бир эмас, бир неча марта. Нима учун 50 дан ортиқ диний, сиёсий тутқун ўлдирилган? Маҳкумлар юрагига ғулғула ва қўрқув солиш учун.

Айрим дубак қутуриб кетганда, маҳкумга шу сўзни заҳарли ўқ қилиб отишдан ўзини тиёлмай қоларди: Бошингга элликтанинг кунини соламан!!! Мен бу гапни зона бошлиғи Бобожоновдан ҳам эшитганман. У ўз кабинетида менга оғзидан кўпик сачратиб ўшқирган:

-Бошингга элликтанинг кунини соламан!!! Отамга (Каримовга) таҳдид қилган террористни соғ қўймайман!!!
Ўз сўзига кўра майор Бобожонов Каримовдан туғилган. Фақат никоҳсиз. Эски – эскидан Турону Туркистонда бундоқлар “Ҳароми” дейилган.

Тошкентда портлаш юз берган заҳоти вазирлар маҳкамаси биноси қаршисида Каримов тошиб гапирган. Буни телевизорда эл кўрган. Жумладан, мен ҳам. Унинг айнан шу мазмундаги сўзи миямда муҳрланиб қолган:

-Шундай қамоқ очиш керакки, маҳкум ўз оёғи билан борсину, ўз оёғи билан қайтмасин!..

Каримов бу билан Жасликда ўлим лагери очишни кўзда тутган. Бу, меимча, ҳеч кимга сир эмас.

Ўзбекистондаги бошқа зоналар ҳам Жасликдан авломас.

“Ичкари” ҳаётига аянчли саёҳат”да бу нарса маълум маънода ўз аксини топган. Тўла бўлиши учун сиёсий, диний тутқунлар юзлаб асарлар ёзишлари керак.

Шунда ҳам, билмадим.

Муҳаммад инимнинг юрак бетлаб, юрак қони билан ёзган “Ичкари” Ҳаётига аянчли саёҳат” китоби ҳозирги ўзбек “ёзар”ларининг майда, мижғов, мижи – мижи “асар”ларидан кўп бор устундир. Элга фойдали ва келажакка сабоқ бўлиши билан аҳамиятлидир.

Эврил Турон

10. 2017 й.
“Дунё ўзбеклари” учун махсус

facebook.com