Олий Суд раиси Ўзбекистонда қийноқлар қўлланганини тан олди

Олий Суд раиси Ўзбекистонда қийноқлар қўлланганини тан олди
24 views
27 June 2018 - 16:35

Би-Би-Си радиосининг хабар беришича, маҳаллий ва Россия оммавий ахборот воситалари хабар тарқатишича, Ўзбекистон Олий Судининг раиси Козимжон Комилов узоқ йиллар мобайнида жиноят ишидаги исбот-далиллар ва айбдорлик иқрорлари инсонларга қийноқларни қўллаб олингани, Ўзбекистон Конституцияси ва қонунларига зид ушбу амалларга расмийлар эътибор қаратмай келганларини эътироф этган.

Жаноб Козимовнинг ушбу эътирофи Россияда, Россия Олий Суди раҳбарлари билан учрашувлар пайти янграган.

Олий Суди раиси нега Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев далилларни қўлга киритишда қийноқларга йўл қўйиб бўлмаслиги ҳақидаги қонунни имзолаганини шундай изоҳлаган:

“Ушбу қонун исбот-далилнинг рухсат берилганига тааллуқли. Чиндан ҳам биз кўп йиллар мобайнида ушбу нозик масалага кўз юмиб келдик. Айбловга асос қилиб қонун нормаларини бузиш йўли билан олинган исбот-далиллар олинган. Энди бунга чек қўйилди. Ҳар қандай исбот-далил одил судлов тўридан ўтказилади”, дея Ўзбекистон Олий Суди раисидан иқтибос келтирди gazeta.uz.

Ўзбекистон 1990 йиллар бошларидан инсон ҳуқуқларини қўпол поймол этадиган мамлакатларнинг рўйхатларига киритиб келинди.

Халқаро инсон ҳақлари ташкилотларининг ҳар йиллик ҳисоботларида Ўзбекистондаги қийноқлар вазиятига махсус бўлимлар ажратилди.

Ниҳоят, 2002 йили ноябрь-декабр ойларида Бирлашган Миллатлар ташкилотининг қийноқлар бўйича махсус маърузачисининг Ўзбекистонга киришига, мутасадди раҳбарлар, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари, қийноқлар қурбонларига айланган инсонлар ва уларнинг яқинлари билан учрашишига рухсат берилди.

2003 йили мартида эълон қилинган ўз ҳисоботида БМТнинг Қийноқлар бўйича махсус маърузачиси Тео ван Бовен, Ўзбекистонда қийноқлар мунтазам қўлланади, дея хулоса берди.

Бироқ Ўзбекистон ҳукумати қийноқларни тан олмай келди.

Бу борадаги вазият 2005 йилги Андижон қирғинидан кейин янада ёмонлашди.

Дастлабки тергов давомида чидаб бўлмас қийноқлар остида ўзининг айбдор экани ҳақидаги қоғозларга имзо чекишга мажбур бўлганини айтган тутқунларнинг суддаги кўрсатмалари инобатга олинмади.

Президент Шавкат Мирзиёев инсон қадрини топташ, Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ёки Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик хизмати терговчиларига кўрсатмаларни қўлга киритиш жараёнида ноинсоний муомалага йўл қўйиб бўлмаслигини қайта-қайта таъкидлади.

Қийноқларга қарши махсус қонун қабул қилинди.

Қийноқ қўлланиб қўлга киритилган исбот-далиллар рад этилган дастлабки маҳкама таниқли журналист Бобомурод Абдуллаев устидан суд бўлди.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди журналист Бобомурод Абдуллаев ва яна уч кишини суд залидан озод этди, ушбу ҳукм Ўзбекистонда адолатли судлар даврининг бошланиши деб ҳам тахмин қилинди.

Аммо Олий Суд раиси Козимжон Комилов тан олганидек, узоқ йиллар кўрсатмани фақат қийноқларни қўллаб қўлга киритиб келган ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг эски одатларидан воз кечишлари осон кечмаяпти.

Маҳаллий инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари жойларда ҳамон қийноқ ҳолатлари юз бераётгани ҳақида хабарлар тарқатмоқдалар.

ЎХҲ хабарлар бўлими