Замондошларимга маддоҳликдан воз кечганим ҳақида – 11

Замондошларимга маддоҳликдан воз кечганим ҳақида – 11
62 views
30 June 2018 - 11:11

11. ЗАМОНДОШЛАРИМГА МАДДОҲЛИКДАН ВОЗ КЕЧГАНИМ ҲАҚИДА

Оиламизда мендан катта икки опам бор. Бири беш ёш, иккинчиси мендан уч ёш катта. Тўрт ёш пайтимда иккинчи опам биринчи синфга борган. Ана шу опам мактабдан келиб уй вазифаларини бажариб ўтирган пайтда мен унинг ёнига борар ва қалам, ручка ушлашни ўрганиб, эски дафтарларига ёзиб аста-секинлик билан ўқиш ва ёзишни ўргана бошлаганман. Беш ёшимда ўқиш ва ёзишни билиб отамни ҳайратга солганим эсимда. Олти ёшимда эса мактабнинг биринчи синфига ўқишга борганман. Ўзбек тилидаги мактабга боришдан аввал рус мактабига отам мени олиб борган, аммо, мактаб директори Ҳайтович деган аёл киши «болангиз ёш, кўниколмайди»-дея қабул қилмаган.

Биринчи синфни ота томондан қариндошимиз, Хуррам амакимнинг турмуш ўртоғи Назира Мамадалиева қўл остида бошлаганман. Ўн йил фақат «беш» баҳо учун талашиб-тортишиб ўқиб, мактабни олтин медал билан битирдим. Мендан кейинги укам ҳам олтин медаль билан битирган. Оиладаги етти нафар фарзанднинг олтитаси олий маълумотли. Кенжа укам даврида мактабларда медаль бериш тартиби йўқ эди. Лекин, у экстрен тартибда янги ташкил этилган физика-математика махсус мактабини биринчи бўлиб имтиёзли тугатиб, янги ташкил бўлган ҳали битирувчи чиқармаган мактабнинг дастлабки битирувчиси бўлган. Ана шу кенжа укам иккимиз ўн олти ёшимизда олийгоҳ талабаси бўлганмиз.

Тақдир тақозоси билан дуч бўлганим, турмуш ўртоғим Раъно ҳам мактабни олтин медаль билан битирган. Ўзаро турмушимиздан вояга етган икки қизимиз давлат гранти асосида ўқиб Олийгоҳларни қизил диплом билан битиришди. Ўғлим ҳуқуқшуносликни танлаганда, уни бу йўлдан қайтардим: – «ўғлим ҳуқуқшуносликдан ҳам яхши иш бор. Бу компьютер технологиялари соҳаси. Битта яхши дастур яратсанг, катта маблағ ишлаш мумкин, кел менинг гапимни ол». Гуманитар фанлар бўйича тайёрланган ўғлим, физика –математика бўйича қайтадан тайёргарлик кўришга тўғри келди ва ўғлим контракт асосида ўқиди. Бу ерда битта асосий важни айтиб ўтай. Фарзандларимнинг барчаси оилавий-бешовлоннинг таҳажжуд ибодати туфайли Аллоҳнинг қудрати билан Олийгоҳларга кирганлар, битирганлар. Рамазон ойида уйимиз нақ мачит бўлиб қоларди. Оғиз очгач таровеҳни уйда, оилавий ўқирдик.

Қизларимнинг ўқишга кириш даврида Тошкентда яшардик. Улар репититорга қатнардилар. Ўша ўқув марказида ҳар ой якунида имтиҳон қилинар, имтиҳондан биринчи ўринни олганлар тўловдан озод қилинарди. Қизларим эса ҳар ойда уч фандан ҳам ўз гуруҳларида биринчи ўринни олиб, репититорлик тўловидан озод бўлардилар.

Оиламизда фарзандларимга «яхши ўқи» деб насиҳат берганимни эслаёлмайман. Улар ўзлари интилиб Қаршидаям энг нуфузли мактабнинг илғор ўқувчилари эди. Тошкентдаям шундай бўлди. Қизларим ҳам ўғлим ҳам беш вақт ибодатни канда қилмасдан вояга етишди. Қизларим олийгоҳда бошларидан рўмолни олганлари йўқ. Шу билан бирга дунёвий илмларини ҳам ошириб бордилар.

Эсимда бор иккинчи қизим Тошкент Давлат Университети филология факультетига ҳужжат топширди. Мингга яқин талаба имтиҳонга киряпти. Уларнинг ярмидан кўпи қиз болалар. Шунча қизнинг ичида фақат менинг қизимнинг рўмоли бор. Фахр туйғусини туйганман ўшанда. Қизим имтиҳонга киргач талабалар телефон орқали фойдаланаётгани кўриниб турарди. Гуруҳ гуруҳ одамлар тўпланишиб саволларга жавоб берардилар. Биз эр-хотин эса Аллоҳга таваккул қилган ҳолда, Яратганга такбир айтиб болаларимиз ўқишга киришини сўраб айланардик. Натижа эса уч ҳолатдаям ижобий бўлганлигини юқорида айтдим.

Отамнинг холаси ўғли, бутун умри чўпонликда ўтган, умри давомида вилоят маркази Қарши шаҳрига бир ёки икки марта борган, ёлғон гапни тушидаям гапирмаган Мусурмон бўла Қамаши тумани Учтепа қишлоғида оғир ётганини айтишди. Эр-хотин зиёратга бордик.

Мусурмон бўла менгаям, хотинимгаям пул йиғиб қўйишни бот-бот уқтирди. Бу одамнинг нега бундай деганини, депутатликдан бўшаб қолгач ўз теримда синаб кўргач, беихтиёр у кишининг авлиё эканликларини эътироф этдим.

«Элим деб, юртим деб ёниб яшаш керак» деган шиорнинг реал ҳаётда пуч чақириқ эканлигини 2010 йилда тан олдим. Беш йил давомида мамлакатимиз иқтисодиёти учун ёниб куйишларим эвазига бурро тилим орқали кўпгина душман орттириб олган эканман. Охирида кўчада қолдим. Аммо, руҳим тетик. Чунки, Мусо пайғамбар Фиръавн зулмидан қутулиб кимсасиз чўлда ёлғиз қолганида Аллоҳга нола қилади:

–Эй Аллоҳ, ночорман, беморман, ёлғизман!

Шунда Аллоҳ унга дейди:

–Ҳой Мусо, Мендек дўсти йўқ инсон ночор, Мендек дўсти йўқ инсон касал, Мендек дўсти йўқ инсон ёлғиз! Ўрнингдан тур ва булоқ бошига бор! Ёки Аюб пайғамбарнинг сабри олдида менинг қийинчиликларим нима бўпти?

Аллоҳнинг менга нисбатан меҳрибонлиги аломатлари ҳам кўриниб турарди. Шулардан биттасини айтай.

Ўзингизга маълум Республикамизда тўртта сиёсий партия бор. 2009 йил октябрь ойида Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи Парламенда ўтди. Жим ўтирганимда, кейинги муддатга сайланардим балким. Аммо, Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботини топширган Р.Азимовга жуда қалтис савол бердим.

Савол эса деярли шундай эди:

–Рустам Содиқович! Биз ривожланган мамлакатлар тажрибасини ўрганиб уни ҳаётимизга тадбиқ этиш бўйича ишлаяпмиз. Мана Конституция бўйича ҳокимият уч тоифага бўлинади. Қонун чиқарувчи, Ижро ва Суд ҳокимияти. Демак бу уч ҳокимият бир хилда, бир-бирига халақит қилмасдан ривожланиши учун улар ўртасидаги маблағ ҳам бир хил бўлиши керак эмасми? Мисол учун АҚШ, Германия, Франция, Англия каби мамлакатларда бу қандоқ йўлга қўйилган? Мисол учун уларда 100.000 кишига нечта депутат, сенатор, прокурор, милиция ходими, хавфсизлик ходими, судья тўғри келади, шу ҳақда Ҳукуматнинг фикри қандай?

Бу саволнинг нақадар даҳшатли эканлигини залда ўтирган 130 та депутат ҳам, 100 нафар сенатор ҳам, бздан ортиқ Вазир-вузаро ҳам тушуниб турарди.

Бадиий ўхшатиш қилсам. Катта майдонда уч ҳокимият эркин, бир-бирига халақит қилмасдан юриши керак. Аммо, бизда бу кенг майдонда фақат Ижро ҳокимияти «ўзи хон, кўланкаси майдон» сифатида юради. Ижро ҳокимияти майдонда юриб, ҳориб-чарчаб тунда дам олгани кетганида, майдонга тунги соат 2-00 ёки 3-00да Қонун чиқарувчи ва Суд ҳокимияти кўзларини аланг-жаланг қилиб юриб олади.

Қалтис савол беришни биринчи мен бошладим. Мендан ранг олган бошқалар ҳам Ҳукуматга қалтис саволлар беришди ва барчамизнинг номзодимиз кейинги муддатга қўйилмадик. Қўйилганлар эса сайловларда ютқаздилар.

Шунда Бош вазирнинг биринчи ўринбосари ўзини саволнинг маънисини тушунмаганга олиб «биз саволингизни ўрганиб чиқдик (бу саволни мен бир кун олдин партия фракцияси йиғилишида ҳам Молия Вазирлиги вакилига бергандим), бу борада бизнинг депутатларимиз бошқа мамлакатлар депутатларига нисбатан жуда камтар эканлар»-деганди.

Барибир объектив бўлиш керак. Менга қаршилик қилганлар билан биргаликда депутатлар ичида нуфузли, устоз депутатлар ичида менга хайрихоҳлар ҳам бор эди. Шулардан бири менга бир куни «Партиянг раҳбарига айтайми, номзодингни яна қўйсинми?»-деди. Мен у кишига «ҳозиргача Аллоҳдан бошқа бировдан мансаб сўрамаганман, бундан кейин ҳам сўрамасам керак»-дея ўз имкониятларимга ортиқча баҳо бердим.

Иккинчи хатойим кимларнингдир эътибори туфайли Олий Хўжалик Суди Раисининг ўзи менга телефон қилиб «Сурхондарё вилоят Хўжалик Суди Раиси бўласанми?»-деди. Мен «бу ҳақда ўйлаб кўрмагандим»-дея рад этдим. Кўп ўтмай Раис ўринбосари ҳам телефон қилди. Мен у кишига ҳам рад жавобини бердим.

Рад этишимнинг асосий сабаби – мен ибодатимни қизғанардим. Тасаввур қилинг даҳрийларга тўлган амалдорлар ичида вилоят Хўжалик Судининг раиси беш вақт ибодатни канда қилмай, жума ибодатларига бориб юрса, фисқ-фасод урчиб, мени ишга таклиф қилганлар азият чекишмайдими? Бир кунмас бир кун барибир аризамни ёзишга мажбур қилишади.

Бу пайтда мен «қора рўйхат»га тушганимни қаёқдан билай?

Орадан кўп ўтмай Ўзбекистон телевидениесига интервьюга чақиришди. У ерда истеъдодли болалар, иқтидорли кишиларни қўллаб-қувватлаш ҳақида роса сайрадим. Айни ўша куни партиянинг Пленуми бўлганди-ю, мен интервьюни афзал билгандим. Интервьюмда тагдор гаплар кўп эди. Лекин дадил фикрлар мўл эди.

Менинг интервьюмдан сўнг кўп ўтмай Мурод Муҳаммад Дўст интервью бериб, фикрлари билан мени ортда қолдирди. Кейинчалик мендан интервью олган журналист ҳам, Мурод Муҳаммад Дўстдан интервью олган журналист ҳам ўз дастурларидан четлатилди.

Менинг интервьюмда ҳеч қандай камчилик кўрмаган Олий Мажлис раҳбариятидаги депутатлар ҳам кейинги муддатга номзодлари қўйилмади.

Олий Мажлисга номзод кўрсатилишидан олдин, партия съезди бўлади. Ана шу съезддан олдин партия раҳбари мени ўз кабинетига чақириб «кейинги муддатга номзодингни қўёлмаймиз»-деди.

Бир оғиз «нега энди?»-деган саволни бермасдан яна «бундан олдин ҳам одамлардан мансаб сўрамаганман, бундан кейин ҳам сўрамасам керак»-дея янги нашрдан чиққан «Тракторчи Ўтаган» китобчамнинг фисқ-фасодларга берилиш ҳақидаги гаплари ёзилган жойини унга очиб, ўқишга тавсия қилиб чиқиб кетдим.

Партиянинг съезди бошланди. Қашқадарё делегацияси билан кўришдим. Уларнинг нигоҳларида менга нисбатан раҳм-шафқат, ачиниш асарларини кўрдим. Буни камситилган киши сифатида қабул қилдим. Тезда бу ерни тарк этишни ният қилдим. Съездга кирдик бир соатлардан кейин кичик танаффус эълон қилинди. Партия раҳбари мени қўли билан имлаб чақирди. Кўрмаганга олдим. Танаффус пайтида партиянинг энг обрўли аъзолари чироқлари ярақлаб турган жойда суратга тушишарди. Бир чеккада тургандим, қаёқдандир курсдошим Тўхтаой келиб қолди. Унинг номзоди депутатликка кўрсатилаётган экан. «Кел суратга тушамиз»-таклиф қилди у. Аёл кишига эътироз билдирмай бир қоронғуроқ жойда расмга тушдик. Ҳамма ичкарига киргач мен кўчага чиқиб уйга кетдим.

Эртаси куни партиямизнинг съезди ҳисоботи ҳақида уч бети тўла газетамиз нашрдан чиқди. Газетанинг бош варағида битта расм бор эди. Бу мен ва Тўхтаойнинг расми эди. Бу менга берилган маънавий мукофот эди. Бу Аллоҳимнинг менга нисбатан меҳрибончилиги исботи эди!

Давоми бор

Анвар Шукуров

facebook.com