Менга савоб керак эмас…

Менга савоб керак эмас…
20 views
02 July 2018 - 11:26

Менга савоб керак эмас.

Ҳа, айнан шундай. Нафақат менга, балки, сизга ҳам савоб керак эмасдир, эҳтимол. Биз охиратдан кўнгли тўқ, жаннат билети чўнтагида бўлган одамлармиз. Энг оддий, қўлимиздан келадиган нарсалар ҳақида мисоллар келтираман:

Имрон бин Ҳусайндан (р.а.) ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳузурларига бир киши келди ва: “Ассаламу алайкум”, деди. У Зот (с.а.в.) саломига жавоб бердилар ва у одам ўтирди. «Ўнта савоб (олдинг)», деб илтифот қилдилар. Сарвари Коинот (с.а.в). Олдиларига бошқа бир киши келди ва: “Ассаламу алайкум ва раҳматуллоҳ”, деб салом берди. Расулуллоҳ (с.а.в.) саломига шундай жавоб қилдилар ва у одам ўтирди. Бу гал: «Йигирмата савоб (олдинг)», деб марҳамат қилдилар. Яна бир одам келди ва: “Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ”, деб салом берди. Набий (с.а.в.) худди шундай жавоб қайтардилар. У кимса ҳам ўтирди. Расулуллоҳ (с.а.в.): «Ўттизта савоб (олдинг)», деб марҳамат қилдилар” (Абу Довуд, 5195-ҳадис. Термизий 2690-ҳадис).

Энди менга айтинг! Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ деб саломлашасизми? Мен бу каби одамларга минг йилда бир марта дуч келаман. Ўзим шундай деб сўрашсам одамлар менга ажабланиб қарайди. Талмовсираб қарайди. Мен саломни тўлиқ бериш у ёқда турсин, ассаламу алайкум дейишга оғриниб “салом“, “қалайсиз“, деган гапларга кўп бора дучор бўламан. Ўттизта савоб ишлаш имконияти турганда ўнтаси етиб ортади. Бизга ўнтаси ҳам кифоя қилади. Чунки охиратдан кўнглимиз тўқ. Савобга ҳарислигимиз йўқ.

Саждада уч марта “субҳана роббиял аъла“, деймиз. Энг камини оламиз. Кўпида (беш ва етти) ажр бор. Аммо бизга ками кифоя қилади. Чунки савобларимиз етарли. Ортиғи ортиқ. Лекин давойимиз Жаннати наийм, жаннатул фирдавсдан кам эмас.

“Қуёш оғишидан то тун қоронғусигача намозни мукаммал адо қилинг ва тонгги ўқишни (бомдод намозини) ҳам (адо қилинг). Зеро, тонгги ўқиш (фаришталар) ҳозир бўладиган (намоз)дир. Тунда (бир қисмида) уйғониб ўзингиз учун таҳажжуд (нафл) намозини ўқинг! Шоядки, Раббингиз Сизни (Қиёмат кунида) мақтовли (шафоат қиладиган мақомда) тирилтирса” (Ал-Исро, 78­79).

Аллоҳ Қуронда таҳажжуд ҳақида гапирган. Росулуллоҳ кўплаб ҳадисларда таҳажжудга тарғиб қилишган. Жиҳод майдонида ҳам, касал бўлганларида ҳам таҳажжудни тарк қилмаганлар. Аллоҳ таҳажжуд ўқиган одамга мақтовли, шафоат қилинадиган мақомни инъом этяпти. Аммо савоб керак эмас бизга ўхшаган одамлар бу бахтдан воз кечамиз. Чунки биз Аллоҳ ваъда қилган мақомсиз ҳам ўзимизни нажот топган деб ҳисоблаймиз.

«Мунофиққа энг машаққатли бўлган намоз: хуфтон ва бомдод намозидир. Агар у иккисида кўплаб яхшиликлар борлигини билганида эди, судралиб бўлсада келган бўлар эди» (Имом Муслим ва Имом Термизий ривояти).

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадисда, «биз хуфтон ва бомдод намозида (жамоатда) кўринмаган кимса ҳақида ёмон гумонда бўлар эдик (яъни, уни мунофиқ деб ёмон гумон қилар эдик)» дейилган (Имом Табароний ривояти).

Биз учун энг машаққатли намозларни аранг ўқиб оламиз. Судралиб жамоатга чиқиш уёқда турсин, тайёр уловимизда ҳам бормаймиз. Чунки бизга кўплаб яхшиликлар ваъда қилинган савоблар керак эмас. Нажот нақд! Кўнглимиз тўқ. Эртанги кундан хотиржамлик ҳисси қалбимизни эгаллаб олган.

Саҳобалар бомдод ва хуфтонда масжидда кўринмаган одамга нисбатан яхши гумон қилмай, бу амални мунофиқлик аломати сифатида билишар экан. Бизи одамлар фақат рамазонда (чиқсак агар ўшанда ҳам) кўришади. Қолган ўн бир ой яхши гумонга асос қолдирмаймиз. Жамоат намозидаги мусулмонлар яхши гумон қилмаса ҳам, савобларим етарли. Уларга қараб қолган жойим йўқ.

Менга савоб керак эмаслиги ҳақида юзлаб мисоллар келтиришим мумкин. Жаннат башорати қилинган ўнта саҳоба ҳам менчалик хотиржам бўлмаган. Мен эса хотиржам футбол кўраман. Чойхонага бораман. Бу хотиржамлигим боиси савобларим кўплигиданми, ёки Нуҳ а.с га ўхшаб минг йил яшашга умидим борлигиданми… унисини билмадим. Лекин ишонинг! Менга савоб керак эмас.

P.S: Юқоридан ўзингизни топган бўлсангиз, демак, сизга ҳам савоб керак эмас. Биз сиз билан қондошмиз!

Саййид Ислом

facebook.com