Бу қандай гап бўлди?

Бу қандай гап бўлди?
34 views
13 July 2018 - 21:07

БУ ҚАНДАЙ ГАП БЎЛДИ?

“Болалар масжидга борса илмдан бебаҳра қолади”, дейиш… соғлом ақлга сиғадиган гап эмас.

Масжидга борган одам қанча вақтини йўқотади? Узоғи билан 10 минут масжидга кириб чиққан ўқувчи илмдан бебаҳра қоладими?

Юзлаб, минглаб мактаб ўқувчилари компьютерхоналарда ўйин ўйнаб ўтирибди. Ҳеч ким ҳеч нарса демайди.

Сўнгги пайтларда масжидлар атрофида 5-10 тагина бола пайдо бўлганди, дарров ҳушёр тортишди. Энг ёмони, биринчилардан бўлиб “дин пешволаримиз” ҳушёрлик қила бошлади. Бу қандай гап бўлди?

Кейинги пайтларда Диний қўмита номидан чиқиш қилаётган Нурииймон Абулхасандан шу пайтгача бир оғиз янги гап эшитмадик. 25 йилдан бери чайналиб келинаётган ўша гап: бизнинг аждодларимиз буюк инсонлар бўлган!!! Шу аждодларимизнинг руҳини ҳам чирқиратиб ташладик ўзи! Нима бўпти чиққан бўлса? Бунга 10 аср бўлди барака топгур! Бўлди, бас! Сиз айтаётган ўша улуғларнинг ҳаммаси айнан мактаб ёшида қори бўлган! Ибн Сино 10 ёшида Қуръонни ёд олган. Сизу биз уялмай оғиз кўпиртириб мақтаниб юрган Беруний, Улуғбек, Ал-Хоразмий, Навоийлар ақлларини аввалло илоҳий таълимот билан суғоргани учун шу мартабага эришганлар.

Ана шу илоҳий таълимот – нур, хайр, барака, файз – уларнинг бутун фаолиятини мувозанатга келтириб турган. Ахир бу сиз айтаётган шонли тарихнинг буюк ҳақиқати-ку! Нега биз тарихнинг бунақа жойларини айланиб ўтиб кетамиз? Яхшиям ўша пайтларда Диний Қўмита бўлмаган экан…

Бу гапларнинг тагида жуда ташвишланарли бир жойи бор. Буларга шунақа гапирасан деб кимдир кўрсатма беряптими ёки ўзлари ташаббускорми?

Миллат болаларининг келажаги ана шу саволнинг жавобига боғлиқ. Чунки Исломсиз ҳаёт йўқ! Исломсизлик инсонийлик чегарасини бузишдир!

Алишер Назар 

facebook.com