МАХДУМҚУЛИ
ХАБАР БЕР
Дурди шоир:
У нимадир, яшил-қизил эсади?
У нимадир, оёғи йўқ кезади?
У нимадир, дарёларда сузади?
Шоир бўлсанг, шундан бизга хабар бер!
Махдумқули:
У экиндир, яшил-қизил эсади,
У илондир, оёғи йўқ кезади,
У балиқдир, дарёларда сузади,
Биздан салом бўлсин, жавобимиз, шул.
– У нимадир, ёқаси бор, ёни йўқ?
У нимадир, қаноти бор, қони йўқ?
У нимадир, одам ютар жони йўқ?
Шоир бўлсанг, шундан бизга хабар бер!
– У кафандир, ёқаси бор, ёни йўқ,
Капалакдир, қаноти бор, қони йўқ,
Қора ердир, одам ютар, жони йўқ,
Биздан салом бўлсин, жавобимиз, шул.
– У нимадир, дарвозасиз қалъадир?
У нимадир, деразасиз бинодир?
У нимадир, бир-бирини қувадир?
Шоир бўлсанг, шундан бизга хабар бер!
– У кўнгилдир, дарвозасиз қалъадир,
У қабрдир, деразасиз бинодир,
Ой билан кун бир-бирини қувадир,
Биздан салом бўлсин, жавобимиз, шул.
– У нимадир, емадилар, тўйдилар?
У нимадир, Қиёматга қўйдилар?
У ким эди, товонидан сўйдилар
Шоир бўлсанг, шундан бизга хабар бер!
– У дийдордир, емадилар, тўйдилар,
У намоздир, Қиёматга қўйдилар,
Насимийнинг товонидан сўйдилар,
Биздан салом бўлсин, жавобимиз, шул.
– У ким бўлди, етти ўлка кезади?
У нимадир дарахт белин эзади?
У нимадир, одам каби сезади,
Шоир бўлсанг, шундан бизга хабар бер!
– У чўпондир, етти ўлка кезади,
У қуюндир, дарахт белин эзади,
Бедов отлар одам каби сезади,
Биздан салом бўлсин, жавобимиз, шул.
– Анлар кимлар, хор-зор бўлиб суринмас?
У нимадир, инсонларга кўринмас?
У нимадир, ҳеч бир тўнга бурканмас?
Шоир бўлсанг, шундан бизга хабар бер!
– Эранлардир, хор-зор бўлиб суринмас,
Бало келса, ҳеч бир кўзга кўринмас,
Ёлғон суҳбат ҳеч бир тўнга бурканмас,
Биздан салом бўлсин, жавобимиз, шул.
*****
(давоми бор)
Туркманчадан Ислом Холбой ўзбекчалаштирди