Бу одам шер. Қафасдаги шер…

Бу одам шер. Қафасдаги шер…
63 views
18 July 2018 - 6:00

Матназар АБДУЛҲАКИМ

ТАНЛАНГАН АСАРЛАР
1 – жилд

«Кабутардек учиб келдинг сен,
Кийикчадек келдинг сен елиб.
Ва… термулдинг. Майин нигоҳинг
Юрагимга санчилди келиб.
Янглишмасдан урдинг ўқингни,
Ортиқча бир ҳунар — санъатсиз.
Ва — мен кетдим чалажон, беҳол,
Ва — мен кетдим мувозанатсиз.
Ғурур билан тикилиб қолдинг
Лаблари лаъл… лаблари ақиқ…
Бизда, ахир, хабаринг йўқми,
Арслон ови қилинган таъқиқ».

* * *

«Бу одам ер. Эксанг унмас ер.
Дарё. Лекин қақраган дарё.
Бу одам шер. Қафасдаги шер,
Фарёд. Лекин бўғиқ бир фарёд.
Бу одам — бахт. Лекин — қора бахт.
Бу одам — мушт. Лекин — чўнтакда.
Бу одам — шахд. Лекин сўнган шахд.
Доно. Ихтиёри — тентакда.
Жуда ҳушёр… сергакдир. Лекин
Ҳушёрлиги ўхшар мастликка.
Бети қалин. Лекин — уятчан.
Уялади уялмасликка.
Тўйдир. Лекин охири — аза.
Паймон. Ёлғон паймон бу одам.
Бир сўз билан не десам экан…
Одам. Лекин ҳайвон бу одам».

* * *

«Куну тун, шом, азон кетади,
Боғларингдан хазон кетади.
Лекин бахтинг — нозик бир меҳмон,
Қийин келиб, осон кетади».

* * *

«Қўнғироқдек жаранглаб куйлаб,
Торлар каби титраб рақс этдинг.
Гаров боғлаб булбул билан гоҳ,
Гоҳо товус билан баҳс этдинг,
Бир тикилдинг чала қайрилиб,
Қақраб-қақраб қуриди шўрим.
Гумдон бўлди сиполик, виқор,
Малайингга айландим, чўрим».

 

(давоми бор)